Каримберди Тўрамурод: Сенга инсоф берсин, “учинчи одам”

Бугун сизга ташландиқ бир бино обод қилиниб, у ерда замонавий корхона яратилгач, йиллар давомида биров сўрамаган бинонинг “ошиғи” пайдо бўлгани ва тадбиркорликка тўсиқлар қўйилаётгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Вайронага эга йўқ

2009 йилда Самарқанд Агро иқтисодиёт коллежи бошқа бинога кўчгач, унинг Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Даҳбед қўрғонидаги биноси ташландиқ ҳолга келиб қолган. Бинонинг ўша пайтдаги суратларини кўрсангиз, беихтиёр «Бу ерда уруш бўлганми?» деган хаёлга борасиз. (Суратлар билан танишинг!)

Бинодан нимани бузиб, юлиб, суғуриб олиш мумкин бўлса, барини олишган. Бино ана шу ҳолатда йиллар давомида ётган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи бир қанча қарорлар қабул қилди. Бўш ва бекор ётган иншоотларни тадбиркорларга бериш тўғрисида фармонлар эълон қилди. Президентнинг 2017 йил 17 январдаги ПФ-4933-сонли «Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан, Оқдарё туман ҳокими 2017 йил 15 февралда «Даҳбед қўрғонида жойлашган эски коллеж биносини туман ҳокимлиги балансига олиш тўғрисида» 274-Қ сонли қарорини, 2017 йил 17 февралда эса, бинони «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ га тикувчилик фабрикаси очиш учун «нол» қийматда бериш тўғрисида»ги 287-Қ сонли карорини чиқарди.
Қарор асосида «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ томонидан икки миллиард сум миқдорида инвестиция киритилиб, қисқа муддат ичида бино тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва унинг ҳудуди ободонлаштирилди. Япония, Туркия, Хитой ва бошка чет эл давлатлардан 282.000 АҚШ доллари эвазига бичиш ва тикиш дастгоҳлари олиб келиниб, тикувчилик фабрикаси яратилди ва маҳаллий аҳоли вакилларидан 170 хотин-қиз ишга қабул қилинди. (Суратлар билан танишинг!)

Ишлаб чиқаришни янада кенгроқ ривожлантириш ва аҳолини кўпроқ иш билан таъминлаш мақсадида 2018-2020 йиллар мобайнида Япониядан олиб келиб ўрнатилиши режалаштирилаётган қиймати 600 000 АҚШ доллари бўлган замонавий мато тўқиш ускуналари, трикотаж тикув дастгоҳлари ва бошқа технологияларни ўрнатиш учун қўшимча биноларнинг қурилиши режалаштирилди. Умуман, «ASR IMKON TEXTILE» корхонаси 600 ишчи ўрни яратишни мақсад қилган.

Гулистонга эга кўп йиллар давомида талон-тарож қилиниб, ярим вайронага айланган бино таъмирдан чиқиб, атрофи чаманзор бўлиб, кўзни қувонтирадиган бўлганда …бинонинг эгаси чиқиб қолди.
Бу бино бир вақтлар ўзига тегишли экани Самарқанд Агро иқтисодиёт коллежи директори Олим Тўраевнинг эсига тушиб қолди. «Ахир энди бу бинодан яхшигина даромад қилиш мумкин-ку», деган ўй оромини ўғирлади. Зудлик билан Самарқанд вилояти «Давлат мулкини ижарага бериш маркази» унитар корхонаси директори Б.Пайшанов номига ариза ёзди: «2017 йилнинг 1-сентябридан «Асл имкон текстиль» МЧЖ билан ижара шартномаси тузилишида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман». (Директор корхона номини ҳам аниқ билмайди, аммо бу унга муҳим эмас!)
Зудлик билан Самарқанд вилояти «Давлат мулкини ижарага бериш маркази» унитар корхонасида комиссия ишчи гуруҳи «тузилиб», унинг санаси кўрсатилмаган кунда «ўтказилган» йиғилишнинг рақами кўрсатилмаган баённомаси комиссия раиси А.Узоқов ва уч нафар аъзолар ҳамда «балансда сақловчи» О.Тўраев томонидан имзоланиб, муҳр урилди. Унга кўра, комиссия бинодан тикувчилик фабрикаси Самарқанд Агро иқтисодиёт коллежи билан ижара шартномаси тузиб, фаолият юритиши лозим деб топилди.
О.Тўраев даъволарини асослаб олиш учун Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қумитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасига мурожаат қилди. Бошқарма бошлиғи С.Холматов «рақобатни ривожлантирди». Оқдарё тумани ҳокими П.Т.Ўсаровга 2017 йилнинг 20-апрелида ушбу хатни юборди:

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17-январдаги ПФ-4933-сонли Фармонининг 1-бандида давлат мулки бўлган ностратегик объектларни, шу жумладан, давлат кўчмас мулк объектларини инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда «ноль» харид қиймати бўйича сотиш ҳуқуқи вилоят ҳокимларига берилган. Оқдарё туман ҳокимининг 2017 йил 17-февралдаги туман ҳокимлиги балансида бўлган Даҳбед шаҳарчаси ҳудудида жойлашган, ҳозирги кунда фойдаланилмаётган коллеж биносидан «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ га тикувчилик фабрикаси очиш учун рухсат бериш тўғрисида»ги қарор ўрганилганда, мазкур қарор Президент Фармонига зид равишда қабул қилинганлиги ҳамда бино туман ҳокимлиги эмас, Самарқанд Агро иқтисодиёт коллежи балансида экани аниқланди.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, туман ҳокимлигидан туман ҳокимининг 2017 йил 17-февралда чиқарган қарорини бекор қилиш ва Агро иқтисодиёт коллежидан бинони «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ билан Вазирлар Маҳкамаси Низоми асосидаги ижара шартномасини расмийлаштириш сўралади».

Коллеж директори О.Тўраев зудлик билан шартнома ҳужжатларини «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖга тақдим қилди. Директор тақдим қилган бир ҳужжатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳужжат «Объектнинг таснифи» деб аталади ва унда ижарага топшираётган томон ижарага олаётган томонга тақдим қиладиган бино ва шароитларни кўрсатади. Рўйхатни айнан келтираман:

1. Номи: тикувчилик цехи;
2. Жойлашган манзили: Оқдарё тумани Даҳбед қўрғони;
3. Таркиби: ___________;
4. Қиймати ___________;
5. Қурилган вақти ____ йил, 2-қават;
6. Топширилган майдон: 2040,16 кв.м;
7. Коммуникациялар тармоғи:
7.1. Иссиқлик энергияси: йўқ;
7.2. Сув қувурлари: йўқ;
7.3. Совуқ сув йўқ;
7.4. Иссиқ сув йўқ;
7.5. Электр энергияси: бор;
7.6. Газ: йўқ;
7.7. Телефон: йўқ;
7.8. Лифт: йўқ.

Ҳалиям О.Тўраевнинг инсофи бор экан, йўқ нарсаларни йўқ, деб кўрсатибди. Аммо бир йил олдин шартнома тузганида нимани бор деб кўрсатарди? Ташландиқ бинода изғиб юрган ит ва ёввойи мушукларними? Ягона бор дейилган электр энергияси ҳам қандай аҳволда бор бўлгани суратларда кўринади. Битта савол туғилади-да: “Нуқул “йўқ-йўқ”дан иборат объектни ижарага олишга бирор тадбиркор рози бўлармиди?

Мақол ўлсин

«Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир», дейдилар. Коллеж директорининг «ўз мулки» хусусида ғайрати жўш уриб, «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ то ўзи билан ижара шартномасини имзоламагунча ўз фаолиятини давом эттириши ва ривожлантиришига тўсқинлик қила бошлади. Энди корхона ўз режаларини амалга ошириш учун банклардан кредит ҳам ололмай қолди. «Олдин можароларингизни ҳал қилинг», дейишмоқда банк раҳбарлари. Устига Самарқанд вилояти «Давлат мулкини ижарага бериш маркази» унитар корхонаси Худонинг берган куни келиб, тезроқ коллеж директори билан ижара шартномасини имзолашни талаб қилиб туриб олади.

«ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ раҳбари эса коллеж билан шартнома тузишни истамаяпти. У ўз ҳуқуқлари поймол қилинмоқда, деб ҳисоблайди. Туман ҳокими унга бинони фабрика очиш учун «ноль» қийматда берганини айтиб, бино унга берилмаган, вайрона ҳолатда бўлган чоғида шартнома тузиши мумкин эканини, таъкидлайди. «Ўша ҳолатда келишга, вайрона бинони ижарага беришга юзлари йўқ эди, энди, бинони ўзимиз обод қилганимиздан кейин ижара шартномасини тузгилари келиб қолдими?» дейди. «Икки йил олдинги ҳолатга келтириб қўйсам, кўрамиз, кимга ижарага беришни таклиф қилар экан?» дейди.

Ўзинг учун ўл, етим!

«ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ раҳбари адолатли ечим истаб, Оқдарё туман ҳокимига, Самарқанд вилоят ҳокимига, вилоят Адлия бошқармасига ва ниҳоят, Ўзбекистон Президенти виртуал қабулхонасига мурожаат қилди. Жавоблар билан танишамиз:

«Сизнинг Самарқанд вилоят ҳокимига ёзган 2017 йил 23-сентябрдаги хатингиз маълумот ва назоратга олиш учун қабул қилинди. Сиз кўрсатган ҳолатлар бирма-бир таҳлил қилиниб, тадбиркорлик фаолиятингизда юзага келаётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилишини маълум қиламиз. Оқдарё туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Э.Толлиев. 2017 йил 3-октябрь». (Ўн ой ўтибди, аммо ғовлар бартараф этилмади!)

«Фойдаланилмай ётган коллеж биносини «ноль» қийматда «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖга бериш ҳақида вилоят ҳокимлиги қарорини чиқаришда ёрдам сўраб Адлия вазири Оқдарё туманида ўтказган сайёр қабули давомида қилган мурожаатингиз вилоят адлия бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Бу борадаги Оқдарё тумани ҳокими қарорини қонун талабларига мувофиқлаштириш бўйича вилоят ҳокимининг тегишли қарорини қабул қилиш масаласини ваколат доирасида кўриб чиқиш учун вилоят ҳокимлигига хат киритилди. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви қарори билан тасдиқланган кичик тадбиркорлик субъектларини кредитлаш тўғрисидаги Низом талабларига асосан, тижорат банкларига мурожаат қилсангиз, банк кредит комиссияси томонидан сизга кредит ажратиш масаласи кўриб чиқилади. Самарқанд адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳ.Хўжамқулов. 2017 йил 13-октябрь». (Ўн ой ўтибди, аммо бирорта банк комиссияси тикувчилик фабрикасига кредит бермади!)

«Сизнинг Ўзбекистон Президенти виртуал қабулхонасига 2018 йил 22-январдаги мурожаатингиз Оқдарё туман ҳокимлиги томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Фойдаланилмай ётган коллеж биносини «ноль» қийматда «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖга бериш ҳақида вилоят ҳокимлигига таклиф киритилди. Туман ҳокими П.Ўсаров. 2018 йил 29-январь». (Олти ой ўтибди, таклиф нима бўлди?)

«Ўлганнинг устига тепган» бўлиб, бинога ўз мобил алоқа антеннасини ўрнатган «Ўзмобайл» алоқа компанияси ҳам бино ичидаги ўз жиҳозларини олиб чиқиб кетгиси келмаяпти. Бу эса ишлаб чиқаришга халақит бермоқда.

Вақтида тўғрими, нотўғрими қарор чиқариб, “Ука, фабрикани оч, иш ўрни ярат, сенга келган балога мен қалқон”, деган туман ҳокими ақалли ўзига қилинган мурожаатга ҳам жавоб бераётгани йўқ, тадбиркорнинг ёнини олиб, бирор ҳаракат ҳам қилаётгани йўқ. Энди корхона раҳбаридан ўзини олиб қочмоқда. “Ука, муаммонгни ўзинг ҳал қил, менинг кучим етмайди…”

Қизиқ, туман ва вилоят ҳокимлиги ҳам, турли ҳақ ундирар идоралар ҳам фуқаролардан ёки корхоналардан бир нима ундирмоқчи бўлсалар, бир пасда, нақд қилиб ундириб оладилар. Худди ЙПХ ходимлари ҳайдовчиларни ушлаганда, жаримани тез, жойида ундиргандай. Аммо фуқаро ёки тадбиркор бир нима сўраса, масалан, «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ раҳбарлардан ўз ишини ривожлантириш, кўпроқ одамга иш ўрни яратиш борасидаги тўсиқларни бартараф этишга ёрдам сўрса, бу ёғи «Отангга бор, онангга бор». Ойлар ўтади, йиллар ўтади, аммо бирортаси «Шу тадбиркорнинг ишини қонуний қилиб, тезроқ ҳал қилиб берайлик, ахир Президентимиз жон куйдириб, кўпроқ иш ўрни яратиш учун елиб-югуриб юрибди, «Иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтарман», деяпти. Манови тадбиркор 200 та хотин-қизни иш билан таъминлаб қўйибди, яна 400 иш ўрни яратаман, деб турибди. Биз ҳам салгина Президент сингари тадбиркорга жон куйдирайлик-эй», демайди-да.
Бирорта инсофли каттакон чиқиб, анови коллеж директорига «Ахир бинонгни хонавайрон қилиб ташлаб кетган эдинг. Бинонг ўғри урган кимсасиз чолдевор бўлиб қолувди. Ўшанда қаерда эдинг? Нега энди бир тадбиркор бу бинони «одам» қилганида пайдо бўлдинг? Бориб, дарсингни ўтсанг-чи? Ёки сенга бино етишмаяптими» демайди-да!

Коллеж директори нима дейди?

Қизиғи, Агроиқтисодиёт коллежи директори алмашиб кетибди. Янги директор ёш, ғайратли, энг муҳими, инсофли йигит экан.

− Биласизми, мен «ASR IMKON TEXTILE» корхонаси раҳбарларига миннатдорчилик билдираман, ҳалол тадбиркорлар экан, − деди янги директор Тўлқин Исломов. – Коллеж директори сифатида уларга менинг ҳеч қандай эътирозим йўқ, улардан на ижара ҳақи, на бошқа нарса талаб ҳам қилмайман, бунга маънан ҳақим ҳам йўқ. Хароба бинони таъмирлаб, шундай чиройли ҳолатга келтиришиб, ажойиб корхона яратишди, қандини уришсин! Бизга маъқул тарафи шуки, коллежимизда тикувчилик гуруҳи ҳам бўлиб, улар бемалаол амалиётларини «ASR IMKON TEXTILE» корхонасида ўташлари мумкин, шунга келишиб ҳам олганмиз. Бундан ташқари корхона айнан бизнинг битирувчиларимизни иш билан таъминламоқда. Мен уларнинг фаолиятини фақатгина олқишлайман!

Коллежлар бошқармасида

Ажаб, Агро иқтисодиёт коллежининг «ASR IMKON TEXTILE» корхонасига бирор даъвоси бўлмаса, унда корхонадан ижара ҳақи ундиришдан ким манфаатдор экан? Самарқанд вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасимикан?
Бшқармага йўл олдим. Бошқарма бошлиғи ҳам ёш, шижоатли, сермулоҳаза йигит экан.

− Очиғини айтаман, Агро иқтисодиёт коллежининг ўша, эски биноси ўн йил давомида қаровсиз, хароба ҳолида ётди ва, яширмайман, уни таъмирлаш, ундан фойдаланишга бизнинг кучимиз етмайди. Худди шундай фойдалана олмаётган биноларимизнинг айримларини туман ва вилоят ҳокимликлари ихтиёрига ўтказиб бердик. Ўша биноларни ҳокимликлар таъмирлаб, қайта реконструкция қилиб, муҳтожларга арзон уй қилиб бермоқда. Бекор турганидан кўра, ана шундай фойдалангани ҳам тўғри, ҳам савоб, − деди бошқарма бошлиғи Азиз Насимов. – Оқдарё туманининг Даҳбед қўрғонидаги Агро иқтисодиёт коллежининг собиқ биносига келсак, бу бино «ASR IMKON TEXTILE» корхонаси томонидан таъмирланиб, обод қилингач, харидори кўпайиб қолгани бизни ранжитади. Биз «ASR IMKON TEXTILE» корхонаси фаолиятини фақатгина олқишлаймиз ва улар билан амалий ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Уларга ҳеч қандай мулкий ёки молиявий даъвомиз йўқ. Мен 24 май куни Оқдарё тумани ҳокими П.Ўсаровга расмий хат юбориб, “Самарқанд вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги Самарқанд Агро иқтисодиётиёт касб-ҳунар коллежи балансида бўлган бино ва унга тегишли ер майдонидан мақсадли фойдаланиш учун Оқдарё туман ҳокимлиги балансига олинишига ҳеч қанақа эътироз билдирмаслигини” маълум қилдим. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман”, деб турганида 200 иш ўрни яратган «ASR IMKON TEXTILE» корхонаси фаолиятига заррача тўсқинлик қилиш жиноятдир. Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз.

Кутилмаганда Бошқарма бошлиғи можароли бинога қизиқиш ортгани борасида гапириб, бизга ғаройиб бир ҳужжат нусхасини тақдим қилди. Бу ҳужжат билан танишгач, бу ишлар ортида “учинчи одам” зимдан ҳаракат қилаётгани очиқланди.

Ким у “УЧИНЧИ ОДАМ”

Ҳужжатда шундай дейилади:

“Самарқанд вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 9-10 ноябрь кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни 19-бандига асосан, вилоят ҳудудида бўш турган объектлар бўйича хатлов ишларини якунлаш ва тегишли таклифлар тайёрлаш вазифаси топширилган.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳудудида хатлов ишлари ўтказилиб, Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасидаги Самарқанд Агро иқтисодиёт коллежи эски биноси фойдаланилмасдан бўш тургани аниқланган.
Сиздан мазкур объектни давлат эҳтиёжида қолдириш зарурати мавжудлиги тўғрисида асослантирилган хулоса ёки хусусийлаштириш дастурига киритиш бўйича таклифларни иловадаги шаклга мувофиқ бир кунлик муддатда ҳудудий бошқармага тақдим этишингиз сўралади.

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қумитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Хамраев”.

Қизиғи, “бир кунда” жавоб бериш талаб қилинган бу “ультиматум” 12 ноябрда ёзилиб, 22 ноябрда имзоланиб, 27 ноябрдагина А.Насимовга топширилган. Эътибор беринг, ўз ишлари ҳафталаб, ўн кунлаб чўзилса-да, бошқалардан “бир кунда” жавоб талаб қилишга уста “каттаконлар” ҳали орамизда кўп!
Энг қизиғи, ноябрда “бўш тургани” иддао қилинган бино Оқдарё туман ҳокимининг қарори билан 2017 йил 17 февралдаёқ «ASR IMKON TEXTILE» МЧЖ га берилгани, аллақачон у ерда тикувчилик фабрикаси очилиб, маҳсулотлари чет элга чиқарилаётганидан муҳтарам М.Хамраевнинг “хабари йўқ”. Корхона ишлаётган, шунинг орқасидан рўзғор тебратаётган 200 хотин-қиз ё “кўринмас одамлар” ё М.Хамраев уларни кўришни истамайди.

Албатта, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи А.Насимов уларга хуш келадиган хулосани бермади. Ноинсофлик қилиш суягига тўғри келмади. Жавоб ўрнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги қарорига асосан, бошқармага тегишли бинолар мактаблар, интернатларга берилиши шартлигини асослаб, қуйидаги мазмундаги хатни юборди:

“Оқдарёдаги Агро иқтисодиёт коллежи эски биносини балансдан балансга ўтказиш ёки “ноль” қийматда сотиш масаласи фақатгина вилоят ҳокимлигининг тегишли қарори ёки фармойиши билангина амалга оширилади”.

Журналистик суриштирув давомида бир нарсага амин бўлдим. Бу ерда “УЧИНЧИ ОДАМ” фаол ҳаракат олиб бораяпти ва у унча-бунча одам эмас. Унинг қўллари узун ва қудратли. Вилоят миқёсидаги идоралар раҳбарларининг калитини топган бу “УЧИНЧИ ОДАМ” ана шу идоралар орқали корхона очган, 200 га яқин иш ўрни яратган, чет элга маҳсулот чиқараётган Ватанимизга чет эл валютаси тушираётган, энг муҳими, яна 400 ишчи ўрни яратишга бел боғлаган «ASR IMKON TEXTILE» корхонасини синдирмоқчи. Туман ҳокимининг таги бўш қарорига ишониб, обод қилган биносини тортиб олмоқчи.

Ҳозирча “Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қумитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси” ва Самарқанд вилояти «Давлат мулкини ижарага бериш маркази» унитар корхонаси ўша, қудратли қўл соҳиби бўлган “УЧИНЧИ ОДАМ”нинг ноғорасига ўйнамоқда.
Албатта, сезиб турганингиздек, қуруққа эмас!
Бу ерда яхшигина коррупция ҳиди келмоқда!

“УЧИНЧИ ОДАМ” “бўш турган” деб кўрсатилган, “фойдаланилмай ётган” деб кўрсатилган бинони Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қумитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси кўмагида “Ноль” қийматда сотиб олмоқчи.
“УЧИНЧИ ОДАМ” кейин кимни қанақа қилиб, қайси қийматда “рози қилиши”ни бу дунёда аниқлашнинг иложи йўқ.

Фақат “УЧИНЧИ ОДАМ” охирги сўзни айтадиган, тегишли қарорни чиқариб бериш ваколатига эга бўлган Самарқанд вилоят ҳокимининг ҳам калитини топса, уни рози қилса бас! (Башарти энг аввал унинг фатвосини олмаган бўлса!)

Аммо “Бизни эртага тадбиркор боқади”, деб турган, “Иккита ишчи ўрни яратган тадбиркорнинг пешонасидан ўпаман”, деб турган Ўзбекистон Президенти қарорлари, фармонлари асосида адолат билан ишлайдиган, эл-юртга нафи тегиб турган «ASR IMKON TEXTILE» корхонаси тарафини ҳам оладиган, уни қўллаб-қувватлайдиган раҳбар топилади, деб умид қиламиз.
Шундай раҳбар Самарқандда топилмаса, Республикада топилади. Мақоламизга тегишли вазирликлар мутасаддилари бефарқ қарамайдилар, Президентимиз даъватларига лаббай дея жавоб бериб, ҳалол тадбиркорлик қилаётган, Туркиядан мутахассис чақириб, экспорт учун кийим-кечак тикаётган, йилига БИР МИЛЛИОН ДОЛЛАР чет эл валютасини киритиш режасини тузган тадбиркорга, албатта, ёрдам берадилар, қўллаб-қувватлайдилар. Бу муаммо адолат билан ҳал қилинишига ишонамиз.
Мақоламиз эълон қилингунча вилоятда анча ўзгаришлар бўлдиб, вилоят ҳокимлигига адолатли ишлари билан тилган тушган Эркинжон Турдимов келди. Биз умид қиламиз, Эркинжон Турдимовнинг ўзи бу масалани одиллик билан ҳал қилади. Зеро, Президент таъбири билан айтсак, “Ҳокимлар жойлардаги Президент вакилларидирлар”.
Охирида ҳозирча кўринмай турган, аммо эртага анови бино сотилганда қонуний ким ошди савдосида уни бир макиён товуқнинг пулига сотиб оладиган қудратли қўл соҳибига ҳам мурожаат қиламиз:

− Сенга инсоф берсин, иймон берсин, “УЧИНЧИ ОДАМ”!

Каримберди Тўрамурод, «Faybog.uz»нинг махсус мухбири.

Биринчи изоҳ

  1. ХУКУМАТ ТАРКИБИДА УЧИНЧИ ЕВУЗ КУЧЛАР БОРЛИГИНИ ХАР ДОИМ ТАЪКИДЛАЙМАН. ЭНДИ БИНО ХУСУСИДА МУЛОХАЗА КИЛСАК: 1. Бу бинонинг барча расмийлаштириш ишлари кандайлигидан катъий назар бошидан бошлаб гирром усулда амалга оширилган. 2 сутка ичида хам захирага олиниб хам ноль кийматида карор тайерланиши учун, (БУ МУДДАТ ИЧИДА ФАКАТ МАНФААТДОРЛАРГИНА 2 ТА БОГЛИК КАРОР ТАЙЕРЛАБ ИМЗОЛАТИБ ОЛИШ МУМКИН ХОЛОС) бу ерни захирага олинишини аввалдан келишинганлиги аникланади. АВВАЛГИ ЧИКАРИЛГАН ВА ТАСДИКЛАНГАН ХУЖЖАТЛАР ХАМ ТЕЗКОР ВА ЯШИРИН ИЖРО ЭТИЛГАН ЭКАН.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *