Каримберди Тўрамурод: Фитналарни қумсаганларга

1 624 views

Кузатиб турганлар билиб турибди, кўриб турибди, мен фаол журналистик позициямдан чекиниб турибман. Бунинг учун сиз, “фейсбукчилар”дан таъна, маломатга тўла хатлар ҳам олаяпман, айрим доно “ФБчилар” шундай дашномга тўла постларини ҳам эълон қилишди.
Тўғри, блогерлар қамаб қўйилганда ҳам мен муносабат билдирмадим, бир мамлакат блогерлари, “ФБчилар” жам бўлиб, соқол ва рўмол ҳақида ёзганларида ҳам айтарли бир нима ёзмадим. Ҳаммангиз муфти Усмонхон Алимов ҳақида, диний идора, диний қумита, 666-қарор ва ҳоказолар ҳақида ёзганларингизда ҳам мен “пассив” кузатувчи бўлиб турдим, очиғи, кўпини ўқимадим ҳам. Хусусан, динга алоқаси бор нарсаларнининг бир жумласини ҳам ўқимайман.

Мен ўзимни оқламайман, ҳеч кимга ҳисоб беришга ҳам мажбур эмасман, сизларни кўп оташин қилган, сизлар баҳслашган ўша мавзуларнинг менга қизиғи ҳам йўқ. Масалан, кузатиб турганингиздек, қўшни мамлакатларга тинмай сафар қилаётган мендек жаҳонгашта мамлакатдан чиқмай, дунё шу экан, деб ўтирган одамларга қизиқ бўлган, баҳсли бўлган рўмол ва соқол масаласида талашиб-тортишиш ақлли одамларнинг иши эмас, деб ҳисоблайман. Рўмол ва соқол масаласи ҳукумат миқёсида муҳокама қилиниши, шунга оид қарор ё қонун қабул қилинишини мен бошқа иши қолмаган ё ўз ишини бажармаётган бекорчи “каттаконлар”нинг иши деб биламан.
“Қизларнинг этаги тиззасидан фалон сантиметрдан узун бўлмасин!”
Бунақа кўрсатмаларни берадиган одамлар ҳам соғ эмас, уни масала қилиб кўтариб юрганлар ҳам соғ эмас.

“Доимо ҳақиқат тарафда туриб, ҳақни ёзардингиз, нега бу мавзуда ёзмаяпсиз?” деб таънали мактуб юборди бир ватандошимиз. Мен унга “Мен аралашмаган, мен ёзмаган қизларнинг этаги қолувди ўзи”, деб жавоб ёздим. Ростдан ҳам бир ўйлаб кўринг, журналист аралашадиган, зиёлилар муҳокама қилиб, масала қиладиган гапларми шулар? Мен 10 йилдан бери соқолда юраман, узун этакли кўйлакда ҳам юраман, ҳали бир инсон келиб, соқолим, узун кўйлагим, оқ дўппим, оёғимдаги маҳсим ҳақида савол-жавоб қилмаган. Кимга ёқса, соқол қўйсин, кимга ёқса, узун кийинсин, уялмаса, иштонсиз юрсин, ахир бу ИНСОНнинг ўз хоҳиш-иродаси! Ўзбекистонда инсон эркинлиги конституция билан белгилаб қўйилган! Шунинг учун ҳам мен бунақа майда-чуйда масалалар билан ўралашишни ўзимга ор билдим! Зеро, бу нарсалар миллат равнақини, тараққиётини ҳал қиладиган масалалар эмас.

Блогерлар қамалиб қолишидан олдинроқ сафарга кетган эдим ва Ватанга қайтганимда улар ҳам бола-чақаси бағрига қайтишганини эшитдим. Ўзим тафсилини мукаммал билмай туриб, бир нима ёзишдан тийилдим.

Ёзган нарсаларим ёқмаётган уч-тўрт доноларга ҳам бугун ушбу чиқишим орқали жавоб бериб қўйгим келди: бир давлатдан иккинчи бир давлатга расман таклиф қилинган журналист сифатида Қирғизистонда туриб, у ерда ўтган Кўчманчиларнинг Халқаро Ўйинлари ҳақида ёзмасдан, иякларингдаги бир тутам жун ҳақида, бировингнинг аёлинг ўраган, бировингники ўрашдан ор қилган рўмол ҳақида ёзишим керакмиди?

Қирғизистон маданият вазирлиги мени расман таклиф қилиб, меҳмонхона бериб, хизматимга машина бериб, уч маҳал қорнимни тўқлаб, рўмол ва ёки соқол ҳақида ёзишим учун чақирганмиди?

Бир давлатнинг расмий идораси бутун бошли бошқа мамлакатдан мени чақириб, шароитларимни қилиб бериб, Қозоғистонда ўтган ўзбек тили ва адабиёти куни байрамидаги иштирокимни таъминлаб бериб турганида мен қизларнинг тиззасидан пасти ҳақида ёзишим керакмиди? Аёлларнинг этагига осилишим керакмиди?

Яхшигина хабарларингиз бор, мен анча олдин энди журналистикадан кетганимни, бундан кейин бир сатр ҳам ёзмаслигимни расман эълон қилган эдим. Афсуски, бир мазлума синглимизни бир қутурган ит талади-ю, ўша синглимизнинг ёнини олиб, бир-икки нарса ёзишдан ўзимни тия олмадим. Шу билан яна бир-икки нарса ёзилган бўлди.

Бугун кўпчилик иш қаёққа қараб бораётганини яхши тушуниб қолди. Охирги воқеалардан фаросатли одам ўзига тегишли хулоса чиқариб олди. Мен ана шу хулосага сизлардан олдинроқ келиб бўлганман, фарқимиз шу.

Юсуфбек ҳожининг ибораси билан айтадиган бўлсам, “Мен бу ишлардан этак силкидим”, қўлимни ювиб, қўлтиғимга урдим.

Айтиб қўяй, мен мамлакатда юз берган ўзгаришлардан жуда тез умидландим, ҳар бирингиздан кўпроқ умидландим, ҳар бирингиздан кўпроқ ишондим ўнгланишимизга. Мақтанаяпти, деманг-у, байроқни баланд кўтариб олиб, бошқалардан узилган ҳолда, анча олдинга ҳам кетиб қолдим… Энди ҳар бирингиздан тезроқ умидсизликка тушган бўлсам, нега мени айблайсиз?

Ёзиш ёки ёзмаслик менинг эркимда эмасми? Ёзиш эркинлиги берилган мамлкатда ЁЗМАСЛИК ЭРКИНЛИГИ ҳам берилган! Мен ана шу ҳуқуқимдан фойдаланиб, … ёзмаяпман! Бундан кейин ёзмоқчи ҳам эмасман!

Аммо ғаламислар ҳар доим бор ва улар йўқ бўлмас экан. Менгинанинг ҳам душманлари бор экан ва улар номимни қора қилиш пайига тушибдилар. Бир киши менга мана бу нарсани юборди. У “менинг ижодим”дан қанчалик ҳайратга тушган бўлса, мен бу мақолани кўриб, ундан кўпроқ ҳайратландим.

“Файзбоғ.уз” сайтида менинг номимдан кимдир бир мақола эълон қилган эмиш ва ёки шундай мақола эълон қилинганини иддао қилган эмиш. Мен ўша мақолани тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламан ва сиз унинг ёзилиш усулиданоқ менинг қаламимга мансуб эмаслигини биласиз. Шу мақолани ким менинг номимдан эълон қилган бўлса, билиб қўйсин, мен унақа бесавод эмасман. Мен «Х» ва «Ҳ» ҳарфларининг ишлатиш ўрнини билмайдиган “ижодкор”ларни саводсиз одамлар деб биламан ҳамда ундайлардан нафратланаман. Мен ёзган деб иддао қилинаётган мақолада эса, ақалли ана шунга эътибор қилинмаган. Демакки, бир ифлос, саводсиз қаллоб менинг бошимдан мағзава ағдармоқчи бўлибди.

Марҳамат, мақолани ўқиб, ўзингиз хулоса чиқаринг, мен шунақа гапларни ёзишим мумкинми? Шу йўйинда мақола ёзаманми?

«Ҳурлик куйчиси»ни қумсаганларга

Биз буюк миллатмиз, бизни аждодларимиз фалон ишларни қилган дея жар соламиз. Аслида эса Беруний, Форобий, Имом Исмоил Бухорий, Ат-Термизий, Навоий, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори сингари маълум ва машҳур алломаларни унитаётганимизни, уларнинг илмларини ўрганмаётганимизни тан олмаймиз. Ана шундай инсонларни яхши ўрганмаганимиз учун ҳам бугун бутун умрини ичкиликбозлик, хотинбозликка сарфлаган инсонларни қадрлаб уни ёдга олиш учун #Парфимания тадбирида кўр – кўрона иштирок этмаяпмизми?!
Ижтимоий тармоқларда шоир Руф Парфининг 75 йиллиги тадбирини ўтказмоқчи бўлишганлигини ўқиб тўғриси энсам қотди. Нега Рауф Парфи ўзбек миллати қахрамони бўлсин? Унинг ахлоқи, одоби ўзбек халқига ўрнак бўла олмаганлиги, жамиятимизга хос бўлмаган яшаш тарзи, халқ онгини фақатгина бузғунчилик ва исён кўтаришга ундайдиган шеърлари билан захарлаганлиги учун ҳам уни қадрлай олмаймиз!
Вафот этган инсон ортидан яхши гапларни гапириш керак дейишади. Лекин халқимизда “сен менга дўстинг кимлигини айт, мен сени кимлигингни айтаман” деган халқона гаплар ҳам бор. Мустақиллик йилларида Рауф Парфи айни вақтда ватан хойинига айланган Мухаммад Солихнинг энг яқин қадрдонларидан бирига айланган эди. Бир-биридан ажралмас икки “дўст” халқ онгини захарлаш билан машғул бўлган. Дурмонда маишатлар уюштирилиб, ёш-ёш жувонлар қучоғида ширакайф Рауф Парфи гўёки халқ дардини куйлагандек кўринсада, аслида «Эрк»чилар буюртмасини бажариб юрган.
Бугун ана шу ватан хойинлари аслида ишлатиб, кейин унутиб юборган ўз сафдошини халқ қахрамонига айлантиришга уринмоқда. Бизни хақиқий тан оладиган Алишер Навоий, Абдулла Авлоний, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча буюк ота-боболаримиз бор. Улар бизга ҳам ахлоқан, ҳам рухан ва маънавий бойликларини қолдирганлар. Биз ўргансак ана уларни ўрганайлик, уларни халқ қахрамонлари, ҳақиқий ўзбек аждодлари дея атайлик. Уларни улуғлаб, байрамлар қилайлик.
Каримберди Тўрамурод, Fayzbog.uz сайти махсус мухбири

Хулоса ўрнида

Мен “Рауф Парфи ёш-ёш жувонлар қучоғида ширакайф” бўлиб ётганини кўрмаганман ҳам, эшитмаганман ҳам. Аммо жувонларнинг қўйнида ётгани рост бўлса, у жувонлар ҳароми болаларни туққан бўлиши ҳам ҳақиқат! Бу мақолани эса ана шундай ҳаромилар ёзади ва бошқалар номидан эълон қилишга журъат қилади!

Хуллас, гап бундай: кимники қичиган бўлса, кетини бошқа ерга ишқаласин!

Рауф Парфига ҳам, қолганларга ҳам ҳурмат билан энди ҳеч бир нашрнинг мухбири бўлмаган

Каримберди Тўрамурод

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.