Каримберди Тўрамурод: Аниқ ахборотни кимдан оламиз?

Ахборот замонида яшаяпмиз. Ахборотнинг энг муҳим жиҳати эса тезкорлик. Ахборотлар бир ҳафта ёки бир кунда эмас, бир соатда, ҳатто дақиқалар ичида эскиради.

Ўзларига “миллий” деган номни тиркаб олган ОАВ миллат учун муҳим ахборотларни эса миллатга тезкорлик билан етказиб туришлари керак бўлади. Ҳатто муҳим воқеа, ҳодиса рўй берганида воқеа жойидан жонли тарзда хабарлар бериб турилиши шарт. Бу борада Ўзбекистон ОАВ чет эл ОАВга, хусусан, “Озодлик” радиосига жуда катта фарқ билан ютқазишмоқда.
Эсингизда бўлса, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ўлим тўшагида ётганида мен Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисига очиқ хат билан мурожаат қилиб, бутун бошли миллат ўз президенти тақдиридан таҳликага тушиб турганида радиода байрам, телевидениеда ўйин-кулгу, корейс сериаллари авжида эканини айтиб, “Қачонгача миллатни ташвишлантирган муҳим масалаларга доир ахборотларни ҳам “Озодлик”дан эшитамиз, миллий телерадио сизларникими ёки “Озодлик”никими?” деган эдим.
Диана Енекева фожиасини ҳам биринчи бўлиб хабар қилган “Озодлик” бўлмадими? Каттақўрғонда ички ишлар ходими ялонғочлаган аёл ҳақида биринчи бўлиб бонг урган ҳам “Озодлик” бўлмадими?

Энди Самарқандда бўлган воқеаларга қаранг: Самарқандда нималар бўлаётганини биз фақат ва фақат “Озодлик”дан билиб турдик!
Мен Самарқанд вилоят ҳокимининг матбуот котибини шахсан таниганим учун ундан тез-тез “Нима гап, ҳокимиятда тинчликми?” деб сўраб турдим. Қизиғи, Самарқанд вилоят ҳокими қамоққа олиниб бўлганда ҳам ҳокимнинг матбуот котиби “Ҳеч гап йўқ, ҳаммаси жойида, хотиржам бўлинглар, бирор янгилик бўлса, айтаман”, деди. Айрим ҳамкасбларимизга ҳатто “Ҳоким ишда, ҳамма иш жадвал бўйича кетаяпти”, ҳам деган эмиш.
Энг қизиғи, биз “Озодлик”нинг шарофати билан вилоят ҳокими Туробжон Жўраев қамоққа олинганини ҳам, унинг ишдан олинганини ҳам, ҳатто ўрнига ким тайинланишини ҳам олдиндан билиб бўлдик.

Ниҳоят, Самарқандда Бош вазир иштирокида навбатдан ташқари сессия бўлиб ўтгандан кейингина Ўзбекистон телерадиокомпанияси бу сессия ҳақида ахборот бериб, вилоят ҳокими ишдан олингани, унинг порахўрликда айбланиб, қамалганини эълон қилди, бир сўз билан айтганда “Озодлик” тарқатган хабарлар тўғри эканини тасдиқлади.
Ана шундан кейингина Самарқанд вилоят ҳокимининг матбуот котиби ижтимоий тармоқда Самарқандда сессия бўлгани, ҳоким ишдан олингани, унинг ўрнига Эркинжон Турдимов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида хабар тарқатди. Бонус тариқасида Э.Турдимовнинг таржимаи ҳолини ҳам илова қилди.

Аммо жуда кеч. Жудаям кеч. Бу хабарни биз аллақачон “Озодлик”дан эшитиб бўлган, “Ўзбекистон 24” телеканилидан томоша ҳам қилиб бўлган эдик. “Озодлик” ҳали сессия бўлмай туриб, Э.Турдимовнинг таржимаи ҳоли билан ҳам, ҳатто унинг Сурхандарё халқи билан хайрлашув хати билан ҳам таништириб бўлган эди.

Савол туғилади: Самарқанд вилоят ҳокимининг матбуот котиби жамиятдан 2-3 кун кейин юрадими ёки унинг вилоят ҳокимиятида бўлаётган ишлар ҳақида халққа ўз вақтида ҳаққоний маълумотни бериш ваколати йўқми? Унда нима қилади вилоят ҳокимига матбуот котиби бўлиб? Ёки матбуот котиби ҳокимиятда бўлаётган “сарой фитналари”ни элдан яшириб турмоқчи бўлдими? Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейдилар, матбуот котиби маҳкам сир сақлагани билан ҳаммаси элга ошкор бўлди-ку?

Эл билса, ҳокимиятга бостириб келармиди? Икки дунёда! Халқимиз қўйдай юввош, бошига кимни қўйсанг, итоат қилиб кетаверади. Порахўрлиги учун қамалган собиқ вилоят ҳокимини яна олиб келиб ҳоким қилиб қўйсалар ҳам “Хўп. Катталар билади-да”, деб кетаверади. Яна порахўрлик қилгани учун энди қамасалар ҳам, “Майли-да, янаям шу катталар билади-да”, деб кетаверади. Бирор бандитни бошига раҳбар қилиб қўйса, халқимиз шунгаям итоат қилиб кетаверади: “Катталар билади-да”.

Аммо мени битта савол қийнайди: Бизнинг ахборот оладиган ишончли манбамиз қаерда ўзи?

Каттаконларнинг матубот котиблари ҳақиқий аҳволни бутун дунё билиб бўлгандан кейин ҳам яшириб ўтирса, ўз радиоларимиз куй-қўшиқдан ортмаса, миллий телевидениемиз нима бўлаётганини доимо камида уч кун ўтказиб айтса, наҳотки, Ўзбекистонда бўлаётган воқеа, ҳодисаларнинг ҳаққоний тафсилотидан энг олдин “Озодлик” орқали хабардор бўлсак?! Қачонгача бўлиб турган воқеа, ҳодисаларнинг таҳлилини ҳам “Озодлик”дан, “Бибиси”дан эшитамиз? Балки “Озодлик” радиосини Ўзбекистон телерадиоканали ўзига қўшиб олар? Балки “Озодлик” мухбирларини каттаконларга матбуот котиби қилиб ишга олиш керакдир? Балки ўзимизнинг ОАВни “Озодлик”дан ҳам чаққонроқ ишлайдиган, “Озодлик”дан ҳам ҳаққонийроқ ёритадиган, “Озодлик”дан ҳам кўра батафсил, ҳар томонлама таҳлил қилиб бера оладиган ОАВ га айлантириш керакдир?

Бу қийинми? Ўзбекистонда ҳар йили нечта йигит-қиз ЖУРНАЛИСТ деган диплом олади? Адашмасам, жўн журналистика тугул ҳатто кўплаб ёшларимиз “Халқаро журналистика” деган факультетларни битириб чиқишади. Радио, тележурналистлар диплом олишаяпти. Наҳотки Ўзбекистонда “Озодлик” даражасида тезкор ишлай оладиган битта радио ташкил қила олишмайди улар?
Ёки барча умид энди Шерзод Қудратхўжаевданми? Унинг университети етиштириб берадиган журналистлар ҲАҚҚОНИЙ СЎЗ айта оладиган журналист бўлгунларича яна “Озодлик”ни эшитиб турамизми?
Аниқ ва тезкор ахборотни кимдан оламиз?

Каримберди Тўрамурод

Биринчи изоҳ

  1. Бизга нима фарқи бор, Кимни ҳоким бўлишини? Телевизоримиз кўрсатиб турса бўлдида. Ҳар куни байрам, ҳар куни серял, ҳар куни бир хил яхшидан-яхши хабарлар бўлса бўлдида. Хуллас катталар билади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *