Каримберди Тўрамурод: Адолат бор экан дунёда!

Судья билан суҳбат:

− Битта адолатли суд қилиб беринг, Самарқандда куч ишлатар тизим тазйиқи остида ноҳақ ҳукм чиқарилди.
− Сиз сўраган адолатли суд бўлади, Самарқанднинг куч ишлатар тизимларидан ҳайиқмайман, адолат қарор топишига ваъда бераман!
− Шундай бўлса, бу ҳақда Президент ўқийдиган мақола ёзишга ваъда бераман ва унда номингиз тилга олинади.

Судья ваъдасида турди, адолатли суд қилди, айбсиз йигит озод бўлди.
Мен ҳам ваъдамда турай, судья исми тилга олинган ва Президент ўқийдиган бир мақола ёзай!

Ўзбекистон Президентига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Судларга қилган бир неча мурожаатингизни телевидениедан кўрганман. “Қани, қайсинг одил судлов қилиб, “деди-деди” билан ноҳақ қамалган инсонга нисбатан оқлов эълон қилдинг?” деган сўзларингизни ҳам эшитганман. Бугун сиз бошлаган ислоҳотлар натижа бераётганига гувоҳ бўлдим.
Ўзбекистонда одиллик билан суд қилаётган судьялар бор экан. Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди судьяси Ўткир Жумаев ана шундай одил судья экан!

Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчилари ва вилоят МХХ ходими шафқатсиз таҳқирлаб тергов қилиш оқибатида ўзлари истаган кўрсатмани олиб, 6,5 йилга қамалган йигит ишини қайта кўрган Ўткир Жумаев уни суд залидан озод этди. ИИБ ва МХХ каби таҳдид ҳамда қўрқитув “машинаси”нинг Самарқандда томир отган ҳамласидан ҳайиқмади, улар тазйиқини писанд қилмади.

Биринчи инстанция ҳукмни бекор қила олган судьяни энди кўрдим! Бир журналист сифатида бундай довюрак ва одил судьяга ҳурматим беқиёс!
Мана шундай адолатпарвар судьялар бор экан, одамлар мамлакатда қонун устуворлигига, Сиз олиб бораётган ислоҳотларга, энг муҳими, Ватан келажагига ишонади.

Нима бўлган эди?

Самарқанднинг чекка қишлоғида яшайдиган бир йигит ўзи ишлайдиган корхонада ўғрилик қилган. Арзимаган ўғрилик фош бўлади. Айбдорни корхона раҳбари ишдан ҳайдаган. Бироқ МХХ ходими бунақа ўғри қамалиши шарт, аммо бир ўзини қамаш ҳеч нарса бермайди, бу уюшган гуруҳ содир қилган жиноят даражасига олиб чиқилса, ўзи сийлов олишини ўйлаган бўлса керак, анча тиришиб иш кўради.

МХХ ходими ўғрилик қилган йигитни Самарқанд шаҳар ИИБга олиб боришга, уни ўзи истагандек тергов қилдиришга бош-қош бўлади. Ўзи ва топшириғи билан тайинлаган ИИБ терговчилари ўғрилик қилган йигитни уриб-сўкиб, ёнида ишлайдиган иккита йигит ҳам шериги бўлгани ҳақида кўрсатма олишади. Кейин учала йигитни “зўрлаб”, биз ҳимоясига ёрдам бераётган тўртинчи кишига қарши кўрсатма олинади ва у ҳам қамалади.

Айбланувчилардан бирининг кетига резина таёқ (сўйил) тиқиб, шунақа таёқ билан товонига тўхтовсиз урилади. Йигитлардан бири ҳали уйланмаган. Терговчилар: “Уйланишни орзу ҳам қилмайсан”, дея совуқ ҳавода бочкадаги муздек сувга белигача солиб қўйишади. Бу ҳам етмагандек, эркаклик жинсий аъзосига икки литрлик “Кока Кола” ичимлиги осиб қўйилади.

− Ҳозир эркаклигимини ҳис қилмаяпман, − деди йигит суд жараёнида. – Олатим шишиб кетган, грижа бўлиб қолди.

Қийновнинг яна бир усулини ёзсам, терговчиларимизнинг айримлари бизни бир пайтлар даҳшатга солган Гдлянчиларнинг шогирдлари эканига амин бўласиз. Тергов қилинаётган йигитни ашаддий каллакесар ётган камерага киргизишади ва у икки кун бу шўрликнинг орқасига зўрлайди.
Шундан сўнг, учинчи кунда, у биз ҳимоя қилган йигитга қарши кўрсатмага беради.

Судья талаби билан терговчилар ва Жаслиқдаги жазони ўташ маҳкамасида ётган маҳбуслар суд жараёнида юзлаштирилди. Йигитлар ҳаммасини очиқ-ойдин айтишди. Терговчиларнинг кўзларига қараб, нима деб, нима билан қўрқитганигача айтилди…

Судья Ўткир Жумаев биз айбсизлигига амин бўлган йигитни суд залидан озод қилди.

Бу иш Ўзбекистондаги суд тизимида мен илк бор кўрган инқилоб бўлди. Жиноий ишлар бўйича Жиззах вилоят суди судьяси биз ҳимоя қилган киши ишини илгари кўрган ва 6,5 йилга “кесиб юборган” суднинг, инсон қадрини топтаб кўрсатма олган терговчиларнинг ишини йўққа чиқарди.

Энди “зўравон”ларга чора кўрилиши аниқ. Аммо бу судда мағлуб бўлганлар ўзларини ердаги Худолар санаб юргани суд жараёнида аниқ кўриниб турди. Улар осонликча “жон” бермайдилар. Олий судгача чиқиб, қандай бўлмасин, биринчи ҳукм кучида қолишига эришиш учун БОРИНИ ТИКАДИЛАР. Олий Суд мазкур иш катта шов-шувга айланишини, тизимдаги ЯРАЛАР очилиб кетишини истамаса, шўрлик жабрдийдани яна қамоққа қайтариши ҲЕЧ ГАП ЭМАС…

Аслида Олий Суд бу хусусдаги қарорини эълон қилгунча мақолани эълон қилмай турмоқчи эдим. Республика ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Самарқандда ички ишлар идоралари нопок ходимларини лавозимларидан четлатаётган пайтда Жиззах вилоят судининг бу қарори ўзи хон, кўланкаси майдонларни тириклай гўрга тиқиши аниқ. Шу боис Олий Суд орқали Жиззах вилоят суди қарорини йўққа чиқартириш улар учун ҳаёт-мамот масаласи.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирига

Ҳурматли вазир!

Каттақўрғон туман ИИБда бир аёлни таҳқирлаган ходимнинг хатти-ҳаракати туфайли Самарқанд вилояти ИИБда текширув ишларини шахсан кузатиб бораётганингизни биламан. Мақоламда тилга олинган Самарқанд шаҳар ИИБ терговчилари ҳам ўғрилик билан қўлга олинган йигитни ва бу ишга мутлақо алоқаси бўлмаганларни шафқатсизларча тергов қилганига, инсоний шаънини ерга уришганига эътибор қаратишингизни сўрайман.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига

Ҳурматли Бош прокурор!

Мақолада тилга олинган йигитларга нисбатан НОИНСОНИЙ муносабатда бўлган, уларни таҳқирлаган ички ишлар бошқармаси ходимлари, уларга бош бўлиб, ишни ЖПКнинг қайси моддасига тўғрилашларигача кўрсатма бериб турган, ҳатто йигитлар Каттақўрғон жазони ўташ муассасасида сақланганда, ўша ерга бориб, тергов ишларига аралашган ДХХ вилоят бошқармаси ходимига нисбатан жиноий иш очишингизни сўрайман.

Мақолани Олий Суд қароридан кейин ёзмоқчи эдим. Бу ишга Олий Суд аралашиши аниқ. Аммо воқеалар ривожи шу бугуноқ мақолани эълон қилишга мажбур этди. Чунки атрофимда содир бўлаётган шубҳали ишлар мени хавотирга соляпти.

Журналист сифатида мен жамиятдаги қонун бузилишларига лоқайд бўлолмайман, бунга ҳақим йўқ. Журналистик фаолиятимда қўлимдан келганча адолат тантанаси учун курашдим, мазлумлар томонида бўлдим. Шунинг учун бу ишларни “қўзғаган”, уч ойдирки, Жиззахда ўтган барча суд мажлисларида фаол иштирок этган, судьянинг АЛОМАТЛИГИ боис судланувчига ҳам, гувоҳларга ҳам, ҳатто терговчиларга ҳам берган қалтис саволларим терговчиларга ёқмагани аниқ. Ўша кундан бери шубҳали кишилар келиб, қўни-қўшниларимдан “Каримберди Тўрамурод қачондан бери бу ерда яшайди?” “У қачондан бери соқол қўйган?”, “Унинг уйига кимлар кириб-чиқади?” “У билан бирор низо чиқарган киши борми?”, ҳатто “Миниб юрган машинасини қаердан олган?” деган бемаъни саволларига жавоблар йиға бошлашди. Уйим атрофида шубҳали кимсалар ғимирлаб қолди. Яхшиям қўни-қўшниларим мени яхши билишади. Шунинг учун қайсиларидан шубҳали шахслар мен ҳақимда сўрашса, ўша куниёқ менга айтишади. Афсуски, бунақа ишлар деярли ҳар куни такрорланмоқда. Бугун маҳалла оқсоқоли келиб, “Ука, тинчликми? Бир кунда етти гуруҳ келиб, “Биз анови идораданмиз”, дея икки панжасини елкасига тегизиб, сиз ҳақингизда камида элликта савол берди. Бир гуруҳи кетиб улгурмай, иккинчиси келади, уларга бирон нима деб қўйдингизми?” деди.
Шуларни эътиборга олиб, менинг ҳам хавфсизлигимни таъминлашингизни сўрайман!

Аслида, журналистни бир нима қилиш бу “уюшган жиноятчи” терговчиларни муқаррар жазодан сақлаб қололмаслигига ишонаман.

Ўзбекистон Олий Суди раисига

Жиноий ишлар бўйича Жиззах вилоят суди адолатли қарор чиқариб, суд залидан озод қилган бегуноҳ йигитни нотўғри суд қилган биринчи инстанция судининг ва унинг ҳукмини тасдиқлашга имкони борича ҳаракат қилган жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилади деган умиддаман.

Ўғрилик қилган йигитнинг ва шафқатсизлик остида “ишга жалб этилган” бошқа йигитларнинг ишини ҳам қайтадан кўрилишини назоратга олишингизни сўрайман. Чунки, ўша йигитлар суд жараёнида бу ишга алоқалари йўқлигини, ҳатто айримлари ўша куни ишда ҳам бўлмаганини айтишди. Хусусан, мақола қаҳрамони бўлган йигит ҳам ўғрилик содир этилган куни ишга бормаган. Афсуски, калтакларнинг зарбидан, таҳқирлашларнинг зўридан улар дастлабки терговда терговчилар нима деган бўлса, шуни айтишган, нимани ёзишган бўлса, қўл қўйиб беришган. Зулм, ҳақсизлик, ғирромлик ғалаба қозонган.

Энди адолат танатана қилиши шарт!

Каримберди Тўрамурод, Fayzbog.uz сайти махсус мухбири

Биринчи изоҳ

  1. Инсоният кадр кимматини тахкирлаган, жинсий кулликка солган Самарканд вилоят ДХХ ходими ва Самарканд вилоят ИИБ Терговчилари агарда У’збекистон Республикасида конун устувор бу’лса удар албатта килмишларига яраша жавоб бериши шарт.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *