Карим БАҲРИЕВ: «Пайпоғим йўқ, деманг — оёғи йўқ бор»

Ўртанади кўнгил ўртада,
Улгурмаймиз, иш чала ҳамон.
Қолдирамиз барин эртага…
Эртагача бормизми омон?!
*
Гоҳ олиб, гоҳ сотиб кетамиз,
Дийда қотар, қотиб кетамиз.
“Вақт ўтяпти”, — деймиз ўксиниб,
Вақт ўтмас, биз ўтиб кетамиз…

*
Кўп қайғурдим, озроқ бўлдим шод,
Ерга қараб кўзим ёшладим-
Ёки эрта тугади ҳаёт,
Ё мен кечроқ яшай бошладим….

*
Бу ҳаётда кўп ҳикмат – тилсим,
Юрак унсиз бўзлаб ётибди –
Тушунганлар ўтирибди жим,
Тушунмаслар сўзлаб ётибди…

*
Ҳамма йўллар гўрга оборар,
Одил бўлмоқ керак ҳар ишда.
Қандай йўлда юришда гапмас,
Бор гап йўлда қандай юришда…

*
Билмаганга ўргат билганинг,
Билганлардан ўрган, дил очгин.
Билишини билмаса – уйғот,
Билмаслигин билмаса… қочгин.
*
Инсон бўлиш асло кеч эмас,
Аямасанг бас ширин жонинг.
Ҳар кун эрта сен уйғонган тонг –
Янги ҳаёт бошлаш имконинг…
*
Ололмайсан – гар сўрамасанг,
Ҳаракат қил – кўраверасан.
Агар олға қадам қўймасанг,
Ўз жойингда тураверасан…

*
Ишлар қилдинг элдан панада,
Ишинг авжда, юриб турибди.
Қилмишингни билмас ҳеч банда,
Лекин Аллоҳ кўриб турибди…

*
Қуёш чиқди – мени уйғотди,
Дунё ётар қаршимда дуркун…
Юрдим, турдим, ёндим – кун ботди,
Ўтиб кетди умримдан бир кун.

*
Ёқтирса ким – бўлмагин хурсанд,
Ёқмай қолсанг – берилма оҳга…
Элга бирдай ёқмоқлик қийин,
Ишинг ёқса етар Аллоҳга.
*
Инсон зоти шундоқ азалдан,
Кўрмагунча асло ишонмас.
Аллоҳ эса иймондир буткул,
Ишонмаганингча кўринмас…
*
Мен кетар кун юртнинг сўнгги кунимас,
Аён бўлса эди элга мардумлик —
Юқорининг зулми қўрқинчли эмас,
Қўрқинчлидир жуда… пастдаги жимлик.

*
Учоқда қуш каби учмоқда инсон,
Балиқдай сузмоқни билди уммонда —
Фаннинг ривожи бу, ўрганса энди –
Заминда яшамоқ илмин инсондай…

*
Дунёни тушундим, энди шошмайман,
Тошмайман, урмайман бошимни дорга…
Секин эшитаман гўдак кулгусин,
Қарайман қуш каби қўнётган қорга.

*
Пайпоғим йўқ, деманг — оёғи йўқ бор,
Боладан нолиманг – бор боласизлар.
Ҳаётдан ўксинманг – ўлганлар қанча,
Тириксиз, шукр этиб – эл бўласизлар…
*
“Келажак” келмайди, дўстим ҳеч қачон,
Ухлайсан, уйғонсанг – бўлади “бугун”.
“Кеча” — йўқ, “эрта” — йўқ, ишинг қолдирма –
Ҳаёт бугун ўтар — умр ўтар, тушун…

*
Дунё – бир қўрғондир, инсон – бир меҳмон,
Абадий қолмоққа рухсатинг йўқдир.
“Кеча” – ўтди, “эрта”нг борми – ноаён,
“Бугун” айт, бошқа бир фурсатинг йўқдир…

*
Аллоҳ бериб турса – кўпайтир шукринг,
Бермай қўйса бир вақт – оширгин сабринг.
Шу тахлит яшасанг мўмин, хокисор –
Кенгайиб, гулларга тўлгайдир қабринг.

*
Кучли сабр этадир, заиф сабр этмас,
Бизга кўп синовлар берган ҳаётдир.
Сабр этиш – ҳеч замон енгилмоқ эмас,
Сабр этмоқ — аслида буюк жиҳоддир…

*
Дарвешга дедилар: “Устинга қара,
Йиртиқ-ямоқ кийим, жанда ҳирқатинг!”
Дарвеш деди: “Дилни поклаш-ла бандман,
Устимни безашга йўқдир фурсатим!”

*
Заиф ғазаб этар, жўмард қилар сабр,
Ўзин енгган киши енгар оламни.
Оламда ҳеч кимса қўрқита олмас,
Аллоҳдан қўрқувчи собир одамни…

*
“Кеча” “эрта” бўлган юз берди “бугун”,
“Кеча”га айланар бугунги иш ҳам.
Ҳаёт шу тахлитда этади давом,
Бу қадар ҳаяжон не керак, ошнам…

*
Хадикда боқамиз иш бошлай туриб:
“Одамлар бу ишга, эвоҳ, не деркин?!”
Асли ўйлашимиз керак қайғуриб:
“Барини кўрмоқда, Аллоҳ не деркин?!”

*
Бугун ўз юкини тортади ҳар ким,
Инсон дайр чўлида юрган тевадир.
Бандадан тиласанг — кўради ёмон,
Аллоҳдан тиласанг — кўпроқ севади…

*
Инсон зоти ҳамиша жумбоқ,
Билолмайсан ҳеч афзалини —
Бой оёғин эҳтиёт қилар,
Қашшоқ асрар пойафзалини…

*
Бандалик умрини яшасак мўъмин,
Керилмай кимсага ўз кучимиздан.
Ўйлаймизки, Аллоҳ тепадан кўрар,
Аллоҳ кўриб турар ич-ичимиздан…

*
Ҳаётнинг ҳикмати Тангрига аён,
Ўйлаб ҳеч тагига ета олмайсан.
Эмин-эркин яша, билки, Дунёдан…
Тирик ҳолда чиқиб кета олмайсан.

*
Роббим, дилдан йироқ кетсин ғам,
Иймон сари ҳидоят айла.
Мана шу сатрни ўқиётганнинг ҳам
Тилагини ижобат айла…

*
Ҳақгўй фанода — хор, бақода — азиз,
Ҳақ йўли аслида осоними- қийин?!
Ёлғон таскин бериб, охир ўлдирар,
Рост сўз оғритару, тузатар кейин…

*
Бу ҳаёт қонуни азалдан комил,
Адолат оқибат енгар беомон.
Аллоҳ дер: “Заифга жабр айлама,
У мендан тилайди – ёрдам бераман…”

*
Дунёда ҳар нарса ўткинчи, билгил,
Қувонч етган бўлса — шодлан, етади.
Ташвиш келган бўлса — ташвишланмагин,
У ҳам мангу эмас, у ҳам ўтади…

*
Яшамоқ санъати – чидамдир мудом,
Тўрт ёнда изғийди турли хил шарпа.
Оғриган жойингни кўрсатма, айтсанг –
Айнан шу жойингга берарлар зарба…

*
Бозорга айланди бугун ҳамма ёқ,
Биров олиб, биров сотаётгандир.
Шовқинда эшитмай қолдим, эҳтимол
Омад эшигимни чертаётгандир…

1984-2013

Биринчи изоҳ

  1. ХУРМАТЛИ ИСМАТТ ХУШЕВГА! Маддохлар сафида турмадингиз Сиз. Қуллуқ деб эгилмас бошингиз билан. Муроса йўлига юрмадингиз Сиз. Вулқондек бўйсунмас феълингиз билан. Тиз чўкиб яшашни ғурбат билдингиз. Елкага чопондек нусрат илдингиз. Вактида энг тўғри қарорни танлаб. Адолат йўлида хижрат қилдингиз. Олисда Сизда бир қудрат уйғониб. Ғанимга қақшатғич беряпсиз зарба. Золимлар ухламас тунда тўлғониб. Такрорлаб ётишар хисобсиз тавба. Билмайсиз кутганлар қанча бу ерда. Сезмайсиз қўрққанлар қанча бу ерда. Ташрифингиз қачон муддати келар. Ғойибдан дўст бўлган қанча бу ерда. Эхтимол мен Сиздай тополмасман дўст. Эхтимол кўришиб тополмасман сўз. Албатта тез кунда қайтишингиз хақ. Дийдорга тўйгунча — ёполмасман кўз.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *