Камбағал касал бўлмасин

Собиқ давлат раҳбари даврида Ўзбекистондаги расмий ОАВларда дунё тажрибасида учрамайдиган ғаройиб “анъана” шаклланди. Яъни, қайсидир нашр муайян соҳа, масалан соғлиқни сақлаш тизими тўғрисида ёзмоқчи бўлса, мақолага албатта — “Президентимиз раҳнамолигида саломатликни асрашнинг миллий модели яратилди” қабилидаги жумла киритилиши лозим эди. “Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, деган нақлни ҳеч ким икки пулга олмади. Мана энди бунинг жабрини сиз билан мен — халқ тортаяпмиз…

Ҳозир Ўзбекистонда, давлат ишида ишлаб, куни сариқ чақалик маошга қолган ўртаҳол одам оғриб қолди, дегани — “Бечоранинг уйи куйди”, деган гап билан баробар. Масалан, Тошкентдаги давлатга қарашли шифохоналарга, дейлик, лабингиздан мунтазам учуқ чиқаётганидан шикоят қилиб бордингиз. Шаксиз, сизга — камида 10 хилдаги қон таҳлили олиш, яна МРТ, УЗИ, ЭКГ каби алламбало тиббий кўриклардан ўтиш учун, албатта, қайсидир шахсий клиникага патта ёзиб беришади.

“Дўхтир, ўзи ўлолмай ётибман, ўша жин ургур анализларни шу ерда топширсам ҳам бўлади-ку”, — десангиз, шубҳасиз қопиш эшитасиз! “Бе, каллангиз жойидами, уларнинг технологияси яхши, янги. Соғлиғингиз бизга эмас, сизга керак”,- деган жавобни оласиз камида.

Ўша “шифокор” қўлингизга тутқазган “расмий” паттани кўтариб, айтилган “замонавий” клиникага борсангиз, кассирчи қиз сизга “яхшилаб” ҳисоблаб беради, неча пул тўлашингиз кераклигини. Мана, кўрасиз, кўзларингиз мошдек очилиб кетади! Учуқ-пучуқни унутасиз! Албатта, бу истиқлол йилларида шаклланган тиббиётнинг замонавий “Ўзбек модели”: Давлат шифохонаси — Бемор — Хусусий клиника учлиги тизими “самараси”дир!

***
Яқин танишимнинг аёли Геппатит-Б юқтириб олган. “Пешанам қурсин, топган пулим хотиннинг дори-дармонига кетаяпти. Жавобини берай десам, учта болам бор…”. Айтишича, бу касалга йўлиққанлар “Бараклюд” деган дорини мунтазам ичиб юрмаса, вирус организмни хонавайрон қиларкан. “Аптекаларда бор, таблеткаси ҳар жойда ҳар хил — 900 мингдан – 1 миллион 200 минг сўмгача сотиларкан. Уйимиз яқинида жойлашган дорихоналарнинг бирига телефон қилдим. “Қачон келасиз, буюртма бериб қўямиз”, — деб жавоб берди. Келишилган вақтда бордим. Фақат дорини олиш учун ярим-бир соат кутишга тўғри келди. Буюртма берилган одам кечикди, шекилли”, — дейди у.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабар беришича, бугунги кунда дунё бўйича икки миллиарддан кўпроқ ёки ҳар уч нафар аҳолидан бири Геппатит-Б га чалинган, ўз навбатида мазкур вирус ҳар йили 500 минг беморни умрига зомин бўлар экан. Чунки, ҳамманинг ҳам, айниқса аксарият ўзбекистонликларнинг “Бараклюд”га ўхшаган “ноёб” препаратларни мунтазам сотиб олишга қурби етмайди.

Айтганча, яна бир гап. 2017 йил 5 январда Республикаси хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида эълон қилган “арзонлаштирилган” нархдаги дори-дармонлар орасида “осмондан келадиган” препаратларни излаб ўтирманг. Тополмайсиз.

Бундан ташқари, “Фейсбук” тармоғидаги йирик, қарийб 150 минг аъзога эга “Потребитель.Уз” гуруҳида қолдирилган изоҳлардан маълум бўлишича, юқоридаги рўйхатнинг кучга кириши билан дорихоналарда нархлар — рўйхатга киритилмаган дори-дармонлар ҳисобига 3-4 баробар кўтарилиб кетган.

— Бу иқтисодиёт эмас, — деб ёзади Анжела Ковалева номи билан рўйхатдан ўтган фойдаланувчи. — Ҳукумат нархлар устидан назорат ўрнатиши, шунингдек коррупция ва ўзибилармонликка қарши курашиши керак. Ғарб мамлакатларида ҳаётий муҳим препаратлар учун одамларга Давлат томонидан қўшимча пул тўланади. Нега энди бизда шунга ўхшаган чоралар кўрилмайди?

— Фармацевтика — Ўзбекистондаги энг оғриқли соҳалардан бири, — деб ёзади Вера Федорова. — Чақалоғимиз учун жуда кўп дориларни Қозоғистон ва Россиядаги танишларимизга буюртма берамиз. Аввалги ҳукумат даврида ҳам аҳвол шундай эди. Уч йил олдин оддий “Хлорфилипт” препаратини 100 АҚШ доллари эвазига, шунда ҳам 10 та қўлдан ўтгач, сотиб олгандик. Аслида, бу дорининг баҳоси — 6 АҚШ доллари экан…

***
Отам бир неча йиллардан бери “Қандли диабет” билан курашади. Қанд моддасини бир меъёрда сақлаб туриш учун ойига жами 1 миллион 600 минг сўмлик дори-дармон қабул қилади. Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи миқдори — 149775, ўртача ойлик эса, боринг ана — 1 миллион 500 минг сўм. Энди ўзингиз хулоса қилаверинг, мен эса кетдим, аптекага…

Ўткир Қаламтебратар

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *