Журналистик суриштирув: Қоғоз билан исиниб бўлмас ёхуд кўмирфурушларга ким кўмир беряпти?

Халқимизда “қиш ғамини ёзда е” деган пурмаъно ибора бор. Шуни инобатга олган Президентимиз 2017 йилнинг 22 июн куни “РЕСПУБЛИКА ИҚТИСОДИЁТИ ТАРМОҚЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ СОҲАЛАРИНИ 2017/2018 ЙИЛЛАР КУЗ-ҚИШ ДАВРИДА БАРҚАРОР ИШЛАШГА КОМПЛЕКС ТАЙЁРЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА” қарорини имзолади. Ушбу қарорнинг асосий мақсади — Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга ўз вақтида тайёрлашни таъминлаш, куз-қиш мавсумини талофатларсиз ўтказишдан иборат. Шубҳасиз, ҳукуматимиз тамонидан амалга ошириш кўзланган чора тадбирлар халқимиз тамонидан илиқ кутиб олинди. Энг юқори даражада берилаётган эътибор сабаб қишнинг изғирин кунларида хонадонларимизда иссиқликлик таъминлланишидан умидворлик туйғусини уйғотиб, кўнгилларни тўқ қилди. Аммо бугунги кунда мана шу кўнгил тўқлиги барча хонадонларда эмаслиги маълум бўлиб қолмоқда. Негаки, биздаги маълумотларга кўра, республикамизнинг турли аҳоли тарқоқ яшайдиган ва табиий газ билан таъминланмаган чекка қишлоқ ҳудудларидаги 2 миллион 348 минг 393 хонадонга кўмир етказиб берилиши назарда тутилган. Агар Мамлакатимиздаги энг йирик Ангрен кўмир конида жорий йил 3,7 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилганлигини инобатга олсак, ташқаридан қараганда муаммо бўлмаслиги лозимдай.

Кўмир билан Боғот туманидаги таъминот ёхуд 104% бажарилган режа

Юқорида айтганимиздек, расмий маълумотлардан келиб чиқадиган бўлсак, кўмир таъминоти билан муаммо умуман бўлиши мумкин эмас. Аммо таҳририятимизга Боғот туманидан жуда кўп қўнғироқлар бўлиб, бугунги кунда кўмир муаммоси биринчи даражали муаммога айланганидан нолинганлар кўпайиб кетганлиги боис муҳарриримиз топшириғи билан икки кун Боғот туманида бўлиб, туман аҳолисини қиш мавсумида кўмир билан таъминлаш масаласини ўрганиб чиқдик.

Боғот тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Матёқубов Улуғбекнинг берган маълумотларига кўра, туманда табиий газ билан таъминланмаган 15000 га яқин хонадон бўлиб, 2017-2018 куз-қиш мавсумида аҳолига режа бўйича етиштириб бериш 104 фоизга тўлиқ бажарилган экан. Фоизсиз аниқ рақамларда бу кўрсаткич 4750 тоннани ташкил қилганини эшитиб, бу 15 минг хонадон учун оз эмасми, ахир бу ҳар бир хонадонга бор йўғи 320 килограммдан тўғри келишини айтдик. Бизнинг бу мулоҳазамизга туман ҳокимининг ўринбосари, режани белгилаш “тепадаги” тамонидан ҳал этилишини, шунинг учун имкон даражада аҳолини ўтин билан ҳам таъминлаш йўлга қўйилганлиги айтиб ўтди. Ушбу маъсул ходимга биз туманда кўмирни айрим тадбиркорлар бир томонидан ўта қиммат нархларда сотилаётгани ҳақида хабарлар борлигини айтганимизда, у киши “бундай маълумотга эга эмаслиги”ни таъкидлади.

“Кўмирфуруш” лар кўмирни биржадан олиб сотадиларми?

Шундан кейин биз ҳоким ўринбосарига биргаликда маҳаллаларга бориб аҳволни ўрганиш тўрисидаги таклифимиз рад этилгандан сўнг ўзимиз йулга чиқдик. Боғот-Хозарасп йўналишидаги катта йўл бўйида кетаётган йўловчидан кўмир қаерда сотилишини сўрадик. “Одина эшон” қабристони олдидаги икки қаватли бино олдида қопланган кўмирга кўзимиз тушиб тўхтадик. У ерда ўзини Комилжон Эгамов деб таништирган акамиз Ангренда ишлаб чиқарилган кўмирнинг бир қопини 23000 сўмдан сотаётганини ва бу кўмир “Комил Ғайрат савдо” МЧЖга тегишли эканлигини билдирди. Улардан керакли ҳужжатларни сўраганимизда барча ҳужжатлар МЧЖ раҳбари Ғайрат Ражабовда эканлигини билдиришди.

Бир пас кутганимиздан кейин эса, корхона раҳбари етиб келди ва ушбу Ангренда ишлаб чиқарилган кўмирни қонуний асосда сотаётганини, бундан ҳокимиятдагилар, солиқ ва прокуратура органлари хабардорлигини айтиб, бизга ушбу кўмирни Фарғона вилояти Марғилон шаҳар Тошкент кўчаси 26 уйда жойлашган “Умид тэх плюс сервис” МЧЖдан 2017 йил 21 октябр кунги № 78 сонли “ҲИСОБ ВАРАҚ ФАКТУРА” расига кўра, 414 тонна миқдорида, жами бир юз ўн бир миллион еттиюз саксон минг (111 780 000) сўмга сотиб олгани ва ҳозирга 30 килограмдан қоплаб, 22 минг сўмдан сотаётганини билдирди.

Биз берилган изоҳлардан кўнгилимиз тўлмаса-да, ушбу тақдим қилинган ҳужжатнинг ҳақиқийлиги шубҳа уйғотган бўлса-да, йўлимизни давом қилдириб, “Қораёнтоқ” қишлоғидаги “Ўзбекистон” маҳалласига йўл олдик. Бу маҳаллада ўзини Очилбек деб таништирган фуқаро ҳам кўмир сотаётганини гувоҳи бўлдик.

«Ўзбекистон” маҳалласига тарқатилиши керак бўлган кўмир қаерга кетди?

Биз МФЙ идораси олдига борганимизда, МФЙ раисини кутиб турган бир нечта аёлларни учратиб, уларни суҳбатга тортдик. Ўзини Тожиева Наргиза дея таништирган фуқаронинг айтишича, турмуш ўртоғи вафот этганидан сўнг уч фарзанди билан ёлгиз қолгани, ўтган йили 500 кг кўмир текинга олгани, бу йил эса ҳалигача бир килограм ҳам кўмир ололмагани боис жуда қийналаётганидан шикоят қилди. Қозоқова Нодира исмли фуқаро ҳам ушбу куз-қиш мавсумида ҳалигача бир килограм ҳам кўмир ололмагани ва маҳалланинг ярмидан кўпида шу аҳвол эканлигини маълум қилди. Шундан кейин етиб келган МФЙ раиси Хударган Матмуратовнинг сўзларидан ушбу маҳаллада 691 хонадон бўлиб, шу пайтгача 100га яқин хонадон 500 кгдан, 200га яқин хонадон соҳиблари 250-50 кг дан кўмир олганларини қолган хонадонларга эса кўмир етмагани катта муаммо бўлиб турганини билиб олдик.

Бундай ҳолатларни биз “Деҳбонбозор”, “Қипчоқ” қишлоқларида ҳам кузатдик. Ё тавба, туман ҳоким ўринбосарининг: “Юз фоиз аҳолига тарқатдик!” деган гаплари қаерда қолди экан, деган саволнинг тагига етолмай биз туман ҳокимлигига қайтиб келдик.

Масъуллар қонунларни билмайдими ё бошқа гап борми?

У. Матёқубов ва “Маҳалла” хайрия фондини туман бўлими раҳбари — Эркин Рўзметовлар кимлардир бир тоннадан олганлиги сабабли кимларгадир етмай қолган бўлиши мумкин, кўмир сотаётган тадбиркорлар эса биржа савдолариданми ёки бошқа жойданми сотиб олиб, аҳолига сотаётган бўлишлари мумкин, деган изоҳ бергани бизни ниҳоятда ажаблантирди. Бизни журналистик суриштирувлар жараёнида аниқланган ҳолатлар бўйича берган саволларимизга Боғот туман прокурорининг биринчи ўринбосари Зарифбой Муродовнинг жавоби умуман ҳайратга солди. Бу прокурорнинг билдиришича, ушбу ҳолатларни ўрганиш учун биз расмий хат билан чиқсакгина асос бўлиши мумкин экан. Акс ҳолда, кўмир сотаётган тадбиркорларнинг хўжалик фаолиятига аралашиш қонунга хилоф эмиш. Кўмир етмай қолган хонадонларга эса, кўмир келганда навбат билан берилар эмиш.

Ажабо, наҳотки ушбу мутасаддилар  Ўзбекистон Республикаси ВМ нинг 2004 йил 5 февралдаги 57-қарорига асосан, хусусий тадбиркорлик субъектлари кўмир ёқилғисини қайта сотишлари мумкин эмаслигидан бехабар бўлсалар? Ахир, ушбу қарорнинг 4-бандида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўмир маҳсулоти фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланишлари ва уни қайта сотиш тақиқланиши аниқ кўрсатилган-ку!
Бундан ташқари ВМнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарорида белгиланадиган нархлар бўйича сотиб олинган ресурслар, шунингдек, ВМнинг 57-сонли қарорининг 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган, биржа савдоларида сотиб олинган қайта сотилиши тақиқланган ресурслар истеъмолчилар томонидан қайта сотилиши ҳоллари аниқланган тақдирда, қайта сотишдан олинган даромадлар назарда тутилган тартибга мувофиқ олиб қўйилиши аниқ кўрсатилганлигидан наҳотки Боғот туман прокурор ўринбосарининг ва туман ҳоким ўринбосарини ҳақиқатдан ҳам хабари йўқ бўлса? Ёки туманда бошқа, биз билмаган қонунлар ҳам мавжудми?

Кўмирфуруш кимнинг ҳимояси остида?

Қолаверса, қандайдир йўллар билан кўмирни қўлга киритиб, ўзи истаган нархда сотишни касб қилиб олган жойлардаги фақат чўнтагини ўйлайдиган баъзи “учар”ларни тадбиркор деб аташ тўғри бўлармикан? Тадбиркор билан қаллобни фарқига етиб бориш шунчалар қийинми?

Қизиқ, давлат белгилаган нархдан беш баробар қимматига сотаётган “уддабурон” ким ўзи? Олибсотарми ёки тадбиркор? Нима учун у қаттиқ ёқилғини истаган нархда эмин-эркин сотиб юрибди? Бу учарлар кўмирни қаердан олганини нега ҳеч қайси тегишли органлар текширмайди? Нега унга нисбатан Боғотда ҳеч қандай чора кўрилмаяпти? Балки, бу ерда биз билмайдиган бошқа бирор сабаблар бордир? Истаган одий фуқаро қаерда қўлда кўмир сотилаётганини билса-ю, тегишли органлар ва мутасаддиларнинг билмасликлари ва кўрмасликлари жуда қизиқ, аниқроғи — тушунарсиз ҳолат.

Оз лимит ажратилгани рўкач қилиб, кимлардир тонналаб олгани учун айримларга кўмир етмади, деб ўзгалардан айб қидиришдан аввал, бор маҳсулотни ижтимоий адолат тамойиллари асосида барчага тенг тақсимлаб, ундан кейин “тепадаги”лардан ажратилган лимитни етмаслигини аниқ далил ва асослар асосида талаб қилиш маҳаллий ҳокимият органларининг вазифаси эмасми? Қолаверса, аҳолига етказиб берилиши режалаштирилган кўмир ёқилғиси ҳажми, ҳар йили маҳалла фуқаролари кесимида, шаҳарлар, туманлар ва вилоятларнинг эҳтиёжига қараб, талабномаларига асосан шакллантирилишидан келиб чиқсак, лимитнинг етмаслигига ким айбдор?

Муаммони ўрганишга вақти йўқ раҳбарлар

Боғотлик амалдорларнинг гапларига қараганда, жойларда кўмир етказиб бериш ва унинг сотувини ташкил этишда бирор муаммо йўқдай. Аммо унда истеъмолчилар нимадан норози? Ахир ҳозирги даврнинг талаби уйма уй кириб, муаммони ўрганиш — бу сизнинг вазифангиз эмасми? Биргаликда муаммони уйма уй, маҳаллама маҳалла ўрганиш ҳақидаги таклифимизни жаноб туман ҳоким ўринбосари Улуғбек Матёқубов ва “Маҳалла” хайрия фондини туман бўлими раҳбари Эркин Рўзметов ўзларининг жуда ҳам бандлиги сабаб, туман прокурор ўринбосари Зарифбой Муродов ёзма равишда расмий хат билан чиқишимизни айтиб, рад этишлари президент томонидан олиб борилаётган сиёсатига тўғри келармикан?

Кўмир таъминоти масаласини ҳал этиш учун совуқ ўз ҳукмини ўтказаётган пайтда эмас, олдинроқ ҳаракат қилинса, ҳадеб мажлисбозлик ва қоғозбозлик қилавермасдан, юмшоққини оромкурсидан кўтарилиб, иссиққина кабинетдан чиқиб, оддий фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларнинг дардини ўрганиш керак бўлади.

Ҳурматли боғотлик ёшуллилар!#Унутманг, сизнинг силлиққина ҳисоботингиз езилган қоғоз ва чиройли сўзларингиз билан одамларнинг уйини иситиб бўлмайди!

Давлатназар Рўзметов

 

P.S. Журналистик суриштирувни давом қилдириб, бошқа туманларда, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларидаги ҳақиқий аҳволни ўрганишни давом қиламиз.

2 комментария

  1. Xozir ko’p raxbarlar faqat televizorga chiqib o’zlaricha qilayotgan ishlarini maddoxlarcha ko’z ko’z qilishyapti aslida esa hech nima qlishayotgani yo’q. Ozgina bo’lsa ham jon kuydirishganda xalq rozi bo’lardi

  2. Ушбу туман рахбарларига «дарс» бериш учун «буюртма» макола тайерланибди. Кўмир бизнесини устида жуда хам кучли унсурлар туради. Республикани барча худудларида шу ахвол-ку! Сифатсиз ёмон кўмир ахолига, яхшиси хеч кандай хужжатсиз тадбиркорларга етказиб берилади. Туман микёсидаги рахбарлар «Кўмир мафия»сига аралаша олмайди. Сизлар хам хамма холатни биласизлар. Агар бизнесимга 20 тонна яхши кўмир керак деб шу тадбиркорларга мурожаат килсангиз- ёнингизда кўнгирок килиб узоги билан 12 соат ичида айтган манзилингизга энг сарасини етказиб беришади. АВВАЛ КАТТАЛАРИГА ОСИЛИШ КЕРАК- шўрлик ўринбосарларга эмас!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *