Юлий Юсупов: Нақд валютанинг эркин сотувда йўқлиги — вақтинчалик қадам

Марказий банк 4 сентябрь куни АҚШ долларининг бозор механизмларига мувофиқ шаклланган расмий курсини белгилади. Бу қадам кўплаб гумонлар, хавотир, изоҳ ва башоратларни юзага келтирди. Биз бу борада эксперт фикрини эшитиш учун «Kommersant.uz» нашри иқтисодчи Юлий Юсуповга мурожаат қилди.

— Марказий банк томонидан ўрнатилган курсга қандай баҳо берасиз? У бозор курсига мос келадими?

— Бозор курси талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб юзага келади, шунинг учун бозор курси қандай бўлишини бозор тўлақонли ишга тушгандан кейин аниқлаш мумкин. Курс валюта биржасида белгиланиши тахмин қилинмоқда. Жараён ҳозирча энди бошланди. Бозор курси анча кучли ўзгариб туриши мумкин, чунки талаб ва таклиф кўп сонли омиллар таъсири остида ўзгариши мумкин. Бу курс ўзгариб туриши мумкин бўлган оралиқ бор, албатта. Мен уни 7000—8000 даражасида бўлишини тахмин қилгандим. Марказий банк курсни ушбу оралиқнинг энг юқори планкасида белгилаб, мутлақо тўғри йўл тутди, деб ҳисоблайман. Бу билан долларга нисбатан шов-шувли талабнинг олди олинди.

— Яқин вақт ичида АҚШ доллари курсининг сезиларли даражада ошишини кутиш мумкинми?

— Курс бундан кейин талаб ва таклиф ўзаро нисбати қандай ўзгариб боришига қараб ўзгариб туради. Марказий банк фақат кучли ўзгариш бўлмаслиги учун аралашиб туришини маълум қилди. Ҳозир одамлар долларни алмаштириш учун банкларга бормоқда, уларни белгиланган курс қаноатлантирмоқда. Бунинг натижасида тижорат банкларида доллар сероблиги юзага келиши мумкин ва курс бироз пасайиши мумкин. Масалан, 7500 сўмгача. Бироқ дастлабки пайтларда шов-шувли талаб юзага келиши ва курс бироз кўтарилиши (масалан, 8 300 гача) мумкинлигини ҳам истисно этиб бўлмайди. Бироқ яқин вақт ичида долларнинг кескин, масалан 9000 гача ошиб кетиши учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман. Қисқа муддатли келажакда курс ўзгариб туришининг энг эҳтимоли катта оралиғи: 7 500 — 8 300.

— Истеъмол товарлари ва хизматлари нархларининг ўсиши борасида нима дея оласиз? Уларнинг ошишини кутиш мумкинми?

— Истеъмол товарлари ва хизматлари нархларининг ошиши қачон юзага келиши мумкин? Импорт қимматлашганда, яъни импорт товарлари ва хизматлари олиб кириладиган курс девальвацияси юз берганда. Икки-уч ой аввал бизда расмий курс (1 доллар 4 000 сўм атрофида), қора бозор курси (1 доллар 8 000 сўмга яқин) ва биржа курси (1 доллар 10 минг сўм атрофида) бор эди. Импорт истеъмол товарларининг нархлари икки курс: нақдсиз ҳисоб-китобда — биржа курсидан келиб чиқиб, нақд ҳисоб-китобда эса — бозор курсидан келиб чиқиб шаклланар эди. Импортчи валютани ҳатто расмий курс бўйича алмаштириш имконига эга бўлса ҳам, у товарларни 8 000— 12 000 сўмлик курсга боғлиқ нархлар бўйича сотар эди. Шунга мувофиқ, импорт товарларининг аксарияти янги курсда ошмаслиги лозим. Баъзилари ҳатто арзонлашиши ҳам мумкин, ҳеч бўлмаганда, уларнинг нархи анча вақт давомида ошмайди. Бу инфляция юз бермаслигини англатмайди. Унинг давом этиши эҳтимоли юқори, чунки инфляция сабаблари ҳали бартараф этилгани йўқ. Бироқ инфляция валюта бозори либерализацияга боғлиқ бўлмаган равишда юз беради.

— Мобил операторлар, провайдерлар, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ва GM Uzbekistan эски курс бўйича нархларни белгилади. Бу қадам долларлашувга қарши курашишда самаралими? Улар бу нархларни қанча вақт давомида шу даражада ушлаб туриши мумкин, деб ҳисоблайсиз?

— Бу товар ва хизматлар сўмда сотилса ҳам, тарификация расмий курс бўйича долларда белгиланар эди. Компаниялар сўмдаги тарификацияга ўтди. Нархлар девальвациягача бўлган курс бўйича белгиланганлиги жуда оқилона ечим, акс ҳолда сўм расмий курси девальвацияси туфайли одамларнинг икки баробар кўп тўлашига тўғри келар эди. Шунинг учун нархлар белгилаб қўйилди деганда, уларнинг расмий курс билан бирга ошмаслигини тушуниш лозим. Бироқ бу ушбу товар ва хизматлар нархлари умуман ўзгармаслигини англатмайди. Улар талаб ва таклиф ўзгариши, шунингдек, умумий инфляцияга боғлиқ равишда ўзгариб туради.

— Божхона божларига янги курс ва сўм девальвацияси қандай таъсир кўрсатади?

— Божхона божлари ва бошқа божхона тўловлари расмий курс бўйича сўмда тўланади. Яъни улар билан ҳам алоқа операторлари ва провайдерлари каби вазият — сўмдаги ифодаси икки баробар ошиши юзага келиши мумкин эди. Бу эса импорт товарларининг нархлари ошишини англатар эди. Бироқ президент фармонида ҳукумат бир ҳафта муддатда божхона тўловлари оптимизацияси бўйича таклиф тайёрлаши лозимлиги маълум қилинган. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳукумат божхона тўловларини қайта кўриб чиқиш жараёнини либерализациясига қадар бошлаган эди: улар пасайтирилган ёки бир қатор истеъмол товарлари бўйича ҳатто бекор қилинган эди. Яқин кунларда бошқа божхона тўловларининг пасайтирилиши бўйича қарорлар қабул қилинишини кутиш мумкин.

— Эркин конвертацияга ўтиш самарали ва оғриқсиз ўтиши учун яна қандай жиҳатларни эътиборга олиш лозим? Бизда расмий бозор курси бор, конвертация очиқ. Кейинги қадам қандай бўлиши лозим?

— Расмийлар либерализация давомида юзага келиши мумкин бўлган асосий оғриқли лаҳзалар: божхона божлари сўмдаги тўловларининг ошиши, тарификацияси долларда амалга оширилган товар ва хизматлар нархларининг ошишини эътиборга олишга уринди. Буларнинг барчаси тўғри. Бироқ яна бир муаммо бор: бир қатор импорт товарларини етказиб бериш монополлашган. Бу монополияларнинг катта қисми имтиёзлар: расмий курс бўйича конвертация имконияти, солиқ тўловларидан озод қилиш туфайли шаклланган. Ёки бунга маъмурий ресурс иштироки сабаб бўлган. Алмашув курсларини бир хиллаштириш ва божхона тўловларининг кескин қисқартирилиши баъзи ана шундай соҳаларда монополияни қулатиши керак. Бироқ бу тезкор жараён эмас. Монополиялар барбод бўлмасдан туриб, монополиячилар ўз бозорларида нархларни кўтаришга уриниши мумкин. Бу каби сунъий монополия юзага келган соҳа ва бозорларда рақобатни кучайтириш учун бу масалани ўйлаб чиқиш керак. Бу инфляцияни тўхтатиб туриш нуқтаи назаридан ҳам, рақобатни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.

— Қора бозор бунга қандай жавоб қайтаради? Валютафурушлар курсни расмий курсдан баландроқ ушлаб тура оладими?

— Бугун тадбиркорлар муайян мақсадлар: импорт учун, валюта қарзини тўлаш учун (масалан, қурилма харид қилиш учун кредит) банклар орқали валютани эркин сотиш ва харид қилиши мумкин. Буларнинг барчаси жорий операциялар бўйича конвертация деб номланади. Аҳоли валютани сотиши мумкин, бироқ ҳозирча нақд чет эл валютасини харид қила олмайди — фақат карточкага. Нақд валютани харид қилишни чеклашга келсак, ўйлашимча, бу вақтинчалик қадам.

Шу тариқа, бозорнинг асосий иштирокчилари валюта сотиш ва харид қилиш бўйича эҳтиёжларини банклар орқали қаноатлантириши мумкин. Фақат аҳолининг нақд валютага бўлган талаби қаноатлантирилмаяпти. Шунинг учун нақд валюта керак бўлганлар қора бозорга боради.

Қора бозор сақланиб қолади, бироқ расмий курс ва қора курс ўртасидаги фарқ минимал бўлади.

— Қора бозорга барҳам бериш ва валюта бозорини тўлиқ қонунийлаштириш учун нима қилиш керак?

— Бу фарқни минимумга етказиш учун аҳолининг ҳам нақд доллар харид қилиш имкониятини таъминлаш керак. Ўйлашимча, бироз вақтдан сўнг бу амалга ошади. Марказий банк шунчаки эҳтиёткорлик қилиб, аҳоли учун эркин конвертацияни босқичма-босқич жорий этишга қарор қилди. Қора бозорга келсак, у яна узоқ вақт амал қилади, бироқ анча кичик кўлам ва алмашув курсидаги минимал фарқ билан.

— Муштарийлар саволидан: «Валютани юридик шахслар, мижозлар ва жисмоний шахсларга сотиш учун банкларни валюта билан молиялаштириш механизми қандай ишлайди? Банкларга ликвидлик берувчи ишчи бозорсиз банклар етарлича валюта имкониятига эга бўлмаслиги хавфи мавжуд».

— Агар фармонда ва Марказий банк баёнотида қайд этилганидек амалга оширилса, валюта етишмовчилиги билан боғлиқ ҳеч қандай хавф йўқ. Бу ерда ҳам бошқа бозорлардаги каби талаб ва таклиф қонунлари амал қилади. Валютани бозорга ким етказиб беради? Биринчи навбатда экспортчилар. Улар ишчиларга маошларни сўмда тўлаш, хом ашё харид қилиш, электр энергияни тўлаш ва бошқа хизматлар, даромаддан Ўзбекистонда фойдаланиш учун валютани сотиши керак. Иккинчидан, бу ишчи мигрантлар. Учинчидан, бу ерда заводлар қурувчи, ходимлар ёлловчи ва қурилмалар харид қилувчи чел эллик инвесторлардир. Улар ҳам валютани сўмга айлантиради. Валютани таклиф қилувчи асосий манбалар шулар.

Валютага талаб бор. У кимга керак? Импортчиларга. Четга дам олиш учун бормоқчи бўлган кишиларга. Ўз жамғармаларини чет эл валютасида сақловчиларга, чунки миллий валютага биз ҳали камроқ ишонамиз.

Талаб ҳам, таклиф ҳам алмашув курсига боғлиқ: доллар қимматлашса, валюта таклифи ошади, талаб эса тушади. Ва аксинча. Алмашув курси талаб ва таклиф ўртасида мувозанат ўрнатилгунга қадар ўзгариб туради. Бошқа ҳар қандай бозорда бўлгани каби (картошка, оёқ кийим, сартарош хизмати ва бошқалар). Талаб таклифга тенг бўлган тақдирда, валюта қандай етишмаслиги мумкин?

— Конвертация жорий этилганлиги туфайли иқтисодиётнинг долларлашуви кучаймайдими?

— Иқтисодиётимиз айнан конвертация йўқлиги ва доимий валюта етишмовчилиги туфайли долларлашган. Квартиралар харид қилиш каби кўплаб битимлар ҳамон долларда амалга оширилади. Кўплаб товарлар расман долларларда сотилган: авиачипталар, пахта, ип-газлама ва бошқалар. Мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари тарификациясининг долларда эканлиги ҳам долларлашувнинг юқори даражада эканлиги белгиси. Қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонда мобил ва интернет алоқаси миллий валютада тарификация қилинади. Долларлашувнинг юқори даражаси айнан валюта тақчиллиги ва уни харид қилиш қийинчиликлари билан боғлиқ эди. Эркин конвертация долларлашувнинг кўплаб сабабларини бартараф этади. Бироқ ҳаммасини эмас.

Жамғариш воситаси сифатида долларларнинг фаол қўлланилишининг асосий сабаби — нисбатан юқори инфляция ва банк соҳасининг заиф тижоратлашганлиги. Нархларнинг ошиши миллий валютани қадрсизлантиради ва аҳоли жамғармасини чет эл валютасида сақлашни афзал кўради. Банклар эса миллий валютадаги омонатларнинг манфаатли вариантларини таклиф этмайди. Ўйлашимча, яқинлашиб келаётган банк ислоҳоти (у яқин вақт ичида бошланишини башорат қиламан) банклар имкониятларини кенгайтиради, банк соҳасидаги рақобатни кучайтиради ва банкларни аҳоли ва бизнесга молиявий сўм воситаларини таклиф қилишга мажбур қилади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *