“Ёшлар тарбиясида Диний маърифат” мавзусидаги ёшлар пресс клуби ҳақида мулоҳазалар…

 

Икки кун олдин бўлган ёшлар пресс-клубининг баёнини (баъзи мулоҳазалар билан) ёзиб чиқишибди.

————————————

2018 йил 9 март куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида имзоланган меморандум юзасидан ўтказилган “Ёшлар тарбиясида Диний маърифат” мавзусидаги ёшлар пресс клуби ҳақида.

Тадбирда қуйидагилар иштирок этишди:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Ҳомид Ишматбеков.

2. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директои Шоазим Миноваров.

3. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси хотин-қизлар бўлими мутахассиси Ф.Ҳақбердиева.

4. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими М.Йўлдошев.

5. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг 1-ўринбосари О.Таджиев.

Меморандум бўйича Ёшлар марказларида “Диний маърифат” тўгараклари ташкил этилиб, у ерда имом-хатиблар иштирокида тўгарак аъзоларига Ислом асослари, одоб-ахлоқ тўғрисида маърузалар қилинади. Хуллас, бу – ёшлар хорижга борганда ёт ғояларга учраб қолмаслиги учун Ислом дини, унинг таълимоти, ҳукмлари ҳақида чуқур маълумотлар бериладиган тўгарак эканлиги айтилди. Бир инсонни ёт ғоядан сақлаш, онгида Ислом дини ҳақида чуқур маълумот ҳосил бўлиши учун, табиийки, унга бу борада чуқур билим берилади.

Суҳбат шу ҳақда бораётганда Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими М.Йўлдошев қуйидаги гап билан орага қўшилди:
Шуни айтиб ўтиш керакки, диний маърифат тўгараги дейиляпти, бу яхши. Лекин диний таълим фақатгина ўрта махсус ислом билим юртларида берилади. Бу нарса қонун билан белгилаб қўйилган. Шунинг учун сизлар ташкил қилган тўгаракларда дарслар “Савол-жавоб” шаклида олиб борилади”.

● Хўш, бу гапи билан у нима демоқчи? Нега тўгаракнинг қандай шаклда олиб борилишини чегаралаб қўйяпти? Мақсад – ёшларнинг қалбида Ислом динига муҳаббат, ҳукмларга амал қилишга рағбат уйғотиш. Зеро, Ислом дини ҳақида чуқур маълумотга эга бўлган кишигина ёт ғояларга қарши тура олади. Йўлдошев мазкур гапи билан «Тўгараклар юзаки, назарий маълумотларни тақдим қилиш билангина ўтказилиши керак», демоқчими?! У ҳолда ёшлар ёт ғояларга қарши тура оладиган илмли бўладими?!

Тадбирда қатнашаётган Ш.Миноваров мазкур масалага қуйидагича ёндашди:

Диний маърифат” тўгараги дейиляпти. Бу нима дегани? Бу тўгаракларда Исломнинг асл моҳияти – тинчлик, яхшилик, ҳалол меҳнат экани тушунтирилади”.

● Хўш, Миноваров бу билан Ислом фақатгина одамларга яхшилик қилиш, уруш-жанжал қилмай тинч яшаш ва ҳалол меҳнат қилишдан иборат демоқчими? Бу гапи билан Исломнинг асослари бўлган тавҳид, намоз, рўза, закот, ҳаж масалаларини айланиб ўтмоқчими? Бутун бошли Ислом цивилизацияси маркази раҳбарининг мақсади нима ўзи? Тўгаракка келган ёшларга намозни, тавҳидни эмас, тинчлик ва ҳалолликнигина ўргатиш керак, холос демоқчими?

Бошловчи томонидан мухлислардан келган саволлар ўқий бошланди:

Мактаб дарсликларида биология фанида инсоннинг пайдо бўлиши ҳақида гапирилганда питекантроп, синантроп, неандертал каби атамалар ишлатилади. Ваҳоланки, динимизда инсоният Одам алайҳиссаломдан тарқалгани айтилган. Нега ҳалиям дарсликлар тузатилмаган? Ёшлар қачонгача бу каби нотўғри маълумотларни ўқийди? Мактабларга имом-домлаларни таклиф этсак, улар ўқувчиларга инсоннинг яратилиши, тарқалиши ҳақида энг тўғри маълумотларни бериб борсалар яхши бўларди”.

Бу саволга биринчи бўлиб Миноваров қуйидагича жавоб берди:

Мактабларимизда диншунослик фанлари бор. Мана бу диний маърифат тўгаракларининг йўлга қўйилгани жуда яхши бўлибди. Албатта, у ерда тушунтирилади. Инсон Одам Ато ва Момо Ҳавводан тарқалгани, қон тўкилиши, Нуҳ алайҳиссалом пайтидаги тўфон ҳақида. Аллоҳ юборган Китобларга кўра дунёнинг яратилиш тарихини албатта билишимиз керак. Лекин замонавий жамият, дунёвий жамият қураётган, илмий ютуқларни эгаллаб туриб, олға қараб боришни олдига мақсад қилиб қўйган жамият дунёвий фанлар, Менделеев жадвали ёки Дарвиннинг эволюция назариясини ҳам билиши керак ва ҳеч қачон зарар қилмайди. Ёшларимиз чет давлатларга, халқаро майдонга чиқишяпти. Бирон давлатда инсоннинг тузилиши бўйича конференция бўлса-да, ёшларимиз унда иштирок этиб, фақат диний нуқтаи назардан тушунтириб бериб, бошқа назариядан бехабар қолиш, фақатгина ўзини бир томонлама таъминлаган бўлади. Ҳар томонлама ривожланиш учун ҳам диний, ҳам дунёвий томонни билиш керак”.

● У бу гапи билан нимани мақсад қилган?! Нега «Дарвиннинг назариясини билиш зарар қилмайди», демоқда?! Ахир у мутлақо ёлғондан иборат-ку! Ёшларимиз онгини ёлғон маълумот билан тўлдириш зарар қилмайдими? Нега инсоннинг яратилиши ҳақида диний маълумотларни фақатгина тўгаракда берилиши керак? Мактабларда-чи? Бу маълумотларни беришни тўгаракка суриш билан мактабларга имомлар келишининг олди олинмоқчими? Ахир, энг тўғри маълумотларни ўқитувчилар беролмаса, имомлар берса, нега бунга имкон бермаслик керак? Мустақил бўлганимизга 27 йил бўлди. Ҳар соҳада ислоҳотлар бўляпти. Нега ҳанузгача мактабларда энг муҳим ҳақиқатлардан бири бўлган Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари, инсониятнинг отаси эканликлари гапирилмайди. Ёлғонлигини бутун дунё аҳли билиб бўлган эволюция назарияси ўқитилади? Бундан қандай мақсадлар кўзланган?! Ислом цивилизацияси маркази раҳбаридек одам бу муаммони тезроқ йўқотиш кераклиги ҳақида гапириш ўрнига, «Зарари йўқ», деб турса, «Ривожланаётган давлатга бу керак», деб турса, буни нима деб тушуниш керак?! Ҳеч замонда ёлғон билан тараққиётга эришилганми?! Динлар тарихи дарсида инсониятнинг яратилиши ва тарқалиши ҳақида гапириладими? Бу фан шу ҳақидами? Наҳот масалани шундай айлантиришдан фойда бўлса?!

М.Йўлдошев жавоб беришни бошлади:
Эсимиздан чиқармайликки, бу мактаб. Бу дунёвий давлат. Ислом динимиз ҳам илмга чорлайди”.

● Тушунмадим! Мактаб бўлса нима бўлибди?! Мактабда асл ҳақиқатлар айтилса, бунинг нимаси ёмон?! Нега Дин ишлари бўйича қўмита ходими диний маълумотларни мактабларда берилишидан бунчалик қўрқади?! Дунёвий давлат дегани мактабларида ёлғонлар ўқитилади деганими?! Ислом динимиз фойдали, ҳақиқий, дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаат берадиган илмга чақиради. Ёлғон маълумотларни, Ислом таълимотига зид маълумотларни ўрганишга эмас! Дин ишлари бўйича қўмита ходими охирги гапи билан динимизга туҳмат қиляпти. Динимиз фойдали, тўғри маълумотлардан иборат илмга чорлайди, уйдирма, сафсатадан ташкил топган нарсаларга эмас!
Йўлдошев ҳам, Миноваров ҳам илмни диний ва дунёвий деб иккига бўлди. Қачонгача илм диний ва дунёвийга ажраб қолди?! Ахир ҳамма илм ҳам Аллоҳни танишга олиб боради-ку!

Мактабларда, боғчаларда диний таълим ўргатилса” деган савол бўлди.

Саволга ҳамма жим. Фақатгина Ҳомид Ишматбеков: «Бу борада ишлар, ислоҳотлар, жараёнлар кетяпти«, дея вазиятдан чиқишга уринди.

Мактаб ва олийгоҳларга рўмолда бориш масаласи” ҳақида савол бўлди.

Ҳомид Ишматбеков яна: «Жараёнлар кетяпти, балки бу борадаги айрим қонунларга ҳам ўзгартириш киритилар, раҳбарларимиз бу жараёнларда иштирок этишмоқда, бу масалалар ўз ўрнида ҳам бўлади, буни динга тазйиқ дея сиёсийлаштириш нотўғри ташвиқот бўлиб қолади«, дея сўзини якунлади.

Миноваров гапга қўшилди:

Ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, аёлларимиз кўчаларда рўмол ўраб юришибди. Шу ҳолатда автомашина бошқаришяпти. Рўмол миллий кийимимиз. Уни ўраш-ўрамаслик опа сингилларимизнинг шахсий ҳуқуқлари. Бу масала ижобий ҳал бўлади. Чунки ҳамма нарса инсон манфаатларига қаратилган”.

Йўлдошев ҳам қуйидагича жавоб берди:

Савол берувчилар ҳижоб сўзини ишлатяпти. Бунинг маъноси тўсилиш, ўзини яшириб юриш. Ваҳоланки, Имоми Аъзам мазҳабларида аёл кишининг юзлари очиқ бўлиши керак. Қўли очиқ бўлиши керак. Тўғри, виждон эркинлиги қонунида ибодат либосида жамоат жойларида юриш тақиқланади. Мусулмоннинг кийими ибодат либоси ҳисобланмайди. Бу бизнинг миллий кийимимиз. Ибодат либоси деганда биз эсимиздан чиқармайлик, халқимиз кўп миллатли. Юртимизда бошқа дин вакиллари ҳам яшайди. ана ўшаларни назарда тутилганки, жамоат жойларида ибодат либосида юрмасин. Халқимизда эса махсус ибодат кийими йўқ. Ҳаж сафарига илк борила бошланганда, ўша тарафдан кўчиб келди тақлидлар. Қора либослар. Ниқоблар. Бундай кийимлар ҳатто дин арбобларини ҳам бироз ўйлантириб қўйди. Ғазабини чиқарди. Ўзимизнинг миллий атлас, адрасларимиз турганда, ўшандай кийимларни кийиб юришади. Қўлқоплар кийишади. Ана шуни ҳижоб дейилади. Бу нарсага дин арбоблари ҳам қўшилмайди. Ўшандай қора либосларга биз ўзимизнинг муносабатимизни салбий билдирамиз”.

● Бу гапларнинг нечоғли қўрқинчлилигини ўзингиз ҳам билишингиз мумкин. Шу гапларни гапирган одам ўзини дин арбоби деб даъво қиляпти. Наҳотки, диннинг муҳим таълимотига, ҳукмига, фарзига қарши бўла туриб яна ўзини дин арбоби дейишдан уялмаса?! Либос рангининг нима аҳамияти бор?! Авратини тўсиб турса, номаҳрамнинг эътиборини тортмаса бўлди-да! Шунга ҳам аралашиш керакми? Қолаверса, ҳижобнинг маъноси қачондан бери «қора рангли кўйлак», «юзни беркитадиган либос» маъносини ифода қила бошлади. Ахир ҳижоб авратни тўсиш дегани эмасми?! Қора киядими, гулли киядими, атлас киядими? Агар авратини яшириб турса, шу ҳижоб ҳисобланади-ку!

Фаррух Абдусатторов ҳижоб ҳақидаги «Нур» сурасининг 31-оятини ўқиб, “Сиз айтгандек, миллий рўмол ўраш ҳақида гап кетмаяпти, балки, муслима аёлларимиз рўмоллари билан қулоқларини, томоқларини ўраб, юзлари очиқ ҳолатда юришларини Аллоҳ Таоло барчамиздан талаб қиляпти«, деб студияда ўтирган Фотима опани барчага ўрнак қилиб, “Аллоҳ Таоло муслима аёллардан худди шундай юришни талаб қиляпти! Қизларимиз шундай ҳолда олий ўқув юртларига боришларига расман таъқиқ қўйилган. Ташкилотларнинг ички низомларида айнан шундай рўмол ўраган аёлларимизга таъқиқ қўйилган. «Бундай ҳолда ташкилотга, ўқув юртига кириш мумкин эмас», деб ёзиб қўйилган. Бу билан нима демоқчи бу?! Ўз динига амал қилмоқчи бўлган муслима аёллар илм ололмайдими ёки давлат ташкилотларида ишлай олмайдими?” – деб савол берди.

Бу саволга Ишматбеков жавоб берди:

Муаммони ҳал қилиш жараёни кетяпти. Давлат мурожаатни эшитяпти. Диний Идора эшитяпти. Ўша ташкилотлар ҳам низомига қарши боролмайди. Раҳбариятимиз бу борада таклифларни беряпти. Масжидларимиз очиляпти. Қуръон мусобақалари бўляпти. Бу масала ҳам ҳал этилади”.

Фаррух яна савол берди:

Сиз саволимга тўлиқ жавоб бермадингиз. Демак, бу қонун ишлаб чиқилгунча шундай рўмол ўраб юрган аёлларимиз таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўладими?!

Жавоб беришни Миноваров бошлади:

Сиз ҳамма аёллар шундай ўраб юрсин, дейишга ҳаққингиз йўқ. Уйланганингизда аёлингиз, қизларингизга ўшандай қилиб ўргатасиз. Гапингизни ҳамма эшитди. Ким шу нарсани ўзига қабул қилса, албатта, ўрайверади. Мана қаранглар, опага ўхшаб ҳамма кийиниши керак дейишга сизнинг ҳеч қанақа ҳаққингиз йўқ”.

Фаррух эътироз билдириб шундай деди:

Сиз саволни озгина нотўғри тушунибсиз. Мана шундай рўмол ўраб юрган аёлларни дарсларга қўйишмаяпти. Бунга ким жавоб беради?!

Миноваров жавоб берди:

Савол берилди. Муаммо қўйилди. Муаммо албатта ҳал қилинади”.

Диний маърифат” тўгаракларида нималар ўқитилади? Намоз сабоқларидан дарслар бериладими? Мафкуравий полигон, иммунитет ҳақида эмас, айнан, намоз, ибодат ҳақида бўладими? Яна шундай муаммо борки, ёшлар намоз ўқишни, Қуръон ўқишни билмагани сабабли ҳар хил оқимларга қўшилиб кетяпти. Шунинг олдини олиш учун диний таълимни мактабларда, коллеж ва лицейларда, боғчаларда бошласак, Инша Аллоҳ, яхши бўлади деган умиддамиз», деб савол берилди.

Бунга жавобни Миноваров берди:

Албатта, Ислом цивилизация марказимиз фаолиятида Қуръон ва Ҳадисга суянилади. Малайзиядаги Ислом цивилизациясининг концепцияси бизникига жуда мос келади”.

Демак, ахлоқсизликнинг олдини олиш учун илмий, маърифий, ахлоқий тарбиявий тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак. Бу ишни фақат масжидларда имомлар, ота-оналаргина эмас, барча қилиши керак. Ёшларда намоз ўқишни, Қуръон ўқишни ўрганишга талаб юқори. Энди сизга савол, Ислом цивилизацияси марказига бориб намоз ўқишни, Қуръон ўқишни ўргансак бўлади, тўғрими?

Миноваров жавоб беради:
Масжидлар бор-ку”.

Савол берувчи:

Масжидларда ҳозир ўргатилмайди”.

Миноваров:

Ҳамма жойда китоблар сотиляпти. Саволинглар бўлса, мана, уламоларимиз бор. Мусулмонлар идорасидан одам узилмайди. Фатво бўлими раҳбари айтсинлар, доим келиб мурожаат қилишади”.

Савол:

Вояга етмаганларнинг масжидларга боришларига нима дейсиз?

Йўлдошев жавоб берди:

Ўзингиз саволда айтяпсизки, вояга етмаганлар деб. Улар оқ-қорани ажратолмайди. Дўст душманни ажратолмайди. Масжидга кириб намоз ўқишига келсак, масжид муқаддас даргоҳ. Масжидга келишда етмишга етган ва ундан катталар ҳам аввало ўзини поклайди. Баданини, кийимини поклаб, кейин боради. Ёшларнинг масжидга кириши шариатда ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларида, ҳадисларида ҳам қайтарилган, бу гапни ҳурматли Ҳомиджон домла ҳам тасдиқлайди, “Жаннибу сибянакумул масажида” (Барака топгурлар, вояга етмаган фарзандларингизни масжиддан йироқлантиринглар). Яъни вояга етмаганларни масжидга киришдан қайтаринглар дегани. Мустақилликнинг илк йилларида масжидлар кўплаб очилганда, ўзим гувоҳман, ёш болалар масжидларга покланиб келиши у ёқда турсин, у ерда жуда беодоблик қилишди. Овоз чиқариш бўлсин, ўша ерда таҳорат бузиши бўлсин. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ёдимга келди ва ўз аксини топди. Бунда дин арбоблари ҳам вояга етмаганларни масжидга киришдан таъқиқлаб қўйди. Албатта, бола балоғат ёшига етсин, оқ қорани ажратсин, покизаликни, таҳоратни тушуниб етсин. Унгача кириши таъқиқланади”.

● Дин арбобиман деган одамнинг гапини эшитяпсизми? Келтираётган ҳадиси заиф ҳадис. (Аксар олимлар мавзуъ – тўқима дейишган.) Заиф ҳадислар фақатгина фазилатли амалларни қилишда далил қилиб келтирилади. Болани масжиддан қайтариш фазилатли амалми?! Қолаверса, ҳадис ноўрин далил қилиняпти! Ҳадисда «сибянакум» дейилган экан. Араб тилида бу сўз гўдак болани, ақли етмайдиган, тўрт, беш, олти ёшлар атрофидаги болага ишлатилади. Ўн икки ёшга етган болани араблар «сабий», «сибян» демайди. Чиндан ҳам тўрт, беш ёш бола масжидда кулиши, бақириши, ўйинқароқлик қилиши, масжид гиламига бавл қилиб қўйиши, намозхонларнинг намозини бузиб қўйиши, уларни кулдириб юбориши, намозхонларнинг олдига ўтиб кетиши мумкин. Аммо ўн икки ёшга етган бола бундай қилмайди. Нега дин арбобиман деган одам ҳадисни бузиб талқин қиляпти?! Нега ўшандай мансабдаги одам келажагимиз пойдевори бўлган ёшларни масжидлардан тўсяпти?!

Юртбошимиз ёшларимизни ёт оқимлар таъсиридан қайтариш мақсадида турли ишларни амалга ошириб келаётган, бунинг учун Қуръон мусобақалари, оммавий китобхонлик тадбирлари олиб борилаётган бир пайтда тарбиянинг энг муҳим ўчоғи бўлган масжидлар фарзандларимиз учун ёпиқ бўлса! Буни ҳам бировлар эмас, айнан «Дин арбобиман», деб кўкрак керадиган кимсалар амалга оширса! Буларга чора кўрадиган, миллат келажагига болта уришга уринаётган бундай шахсларнинг танобини тўғрилаб қўядиган вақт келмадими?! Ўша болалар дискотейкага, компютер ўйинлари ўйнаш учун мактаб дарсларидан қочиб бўлса ҳам кирса, уларни нега таъқиқламайдию, Аллоҳнинг Уйига кирган болаларга нега таъқиқ қўяди?!

Савол бўлди: “Отаси билан борсачи?

Йўлдошев жавоб берди:

Отаси билан борса ҳам шу. У балоғат ёшига етмаган экан, демак, фарз эмас”.

● Нега дин арбобиман деган кимса шариатга зид гапни айтяпти?! Нега бундай мансабларда номуносиб кимсалар ўтирибди?! Дин арбоби эканини эслатишдан чарчамаётган бу кимса нега ўзи динга қарши гапиряпти?!

Иштирокчилар тарафидан эътироз бўлди:

Қуръонда бундай дейилмаган. Шариатда ҳам бунақа гап йўқ”

————————————
Бу конференция видеосини кўрмадим. (Ҳали ТВдан қўйишгани ҳам йўқ). Лекин юқоридаги воқеалар баёни ва кўрган кишиларни хулосасига таянсам кап-катта, ўзини «уламо» санайдиган корчалонлар ҳақиқий цирк қўйиб берибди. Саволлар қаерда-ю, жавоблар қаерда? Агар билмаса, «Билмайман» дейиши бу одамларнинг обрўсини туширмас эди. Аксинча, қанчалик «муҳим вазифада» эканлигини биз содда, авом халққа кўрсатиб қўйиш учун роса ўтлашибди…

Мусанниф Адҳам саҳифасидан

3 комментария

  1. Файзбог бу кетишда 404 буласизлар чамамда. Бу албатта хазил. Лекин савол жавоб узига хос-оригинал рухда утипти. Буни кутлаш керак. Ва нихоят давлат хизматчилари саллани ол деса каллани олмай, аввал ахоли билан сухбатлар утказиш кераклигини англаб етибдилар. Минг бор шукур. Узи хакикатдан хам одамларга давлат нима учун керак?
    Уларни ички ва ташки хуружлардан химоя килиш учун. Минг шукур ки чегараларимиз мустахкам. Харбий салохиятимизга Марказий осиё давлатлари хавас билан карайдилар. Ички холат эса очигини айтиш керак танназул холатида эди. Сабаби конунлар одамларга эмас, одамлар конунларга хизмат килганлиги мана бу кунларда аник намоён булмокда. Ахир телевидения 20 йил давомида баралла жар солган олтин давр каёкка йуколди? Улар Президентимизни олиб борган адолатли сиёсатлари окибатида ёлгон ва купик эканлиги аник булди. Молия секторини 8 фоиз ютуклари аслида бадиий асар эканлигини хисобга олсак, бошка секторлар хам мана шундай асар ёзишда Нобель мукофотига тавсия килинса булаверадиган китоблар билан лик тулганлиги бугун хеч кимга сир эмас.
    Давлатимиз рахбарига камарбаста булиш учун хакикий ижтимоий холатни руйи рост ёзаётган «Файзбог» ва «Кун.уз» тахририятига барча укувчилар номидан миннатдорчилик билдириб коламан! Маддох, лаганбардор ва луттибоз журналистика бутун ер юзидан шу жумладан бизнинг Ватанимиздан хам даф булсин! Газеталарини пистачилар ва кассоблардан бошкага утказа олмай, банкрот булиб кетишсин, илойим!

  2. Маколада ёзилган савол-жавоблар рост бўлса, ушбу мутасаддилар АЛЛОХДАН КўРКМАЙ давлат идоралари рахбарларидан кўркиб мулохаза килиб жавоб беришган. Бундай одамлар жамиятимизнинг дунёвий ва диний равнаки йўлидаги энг саводсиз бўлган тўсиклар деб хисоблайман. ИЛМИГА КАРАМАЙ КАРИНДОШ- ТАНИШ -КУДАЧИЛИК килиб амалга тайинланаверишган эканда. АФСУС. БУНДАЙ ИЛЛАТЛАР БАРЧА СОХАНИ КАМРАБ ОЛГАН.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *