Эшмат

Американинг айрим штатларида ўлим жазоси бор. Кўпинча кино, сериалларда кўзим тушади, ўлимга ҳукм қилинган маҳбусларга қанақа муносабатда бўлишларига. 

Уларни бошқа маҳбуслардан алоҳида камерада ушлашади. Қолган маҳбусларга нисбатан яхшироқ шароит қилиб беришади. Сўнгги кунларида тавба қилиши учун руҳоний чақиришлари мумкин. Ўлими олдидан хоҳлаган овқатига буюртма бериши мумкин, олиб келишади. Ҳеч ким чертишгаям ҳаққи йўқ, ўлаётган пайтда ҳеч қанақа яра-чандиқлар бўлиши керакмас юзида. Энг қизиғи, деярли ҳар куни тиббий кўрикдан ўтқизилади. Бирон жойи оғрияптими, соғлиғидан шикояти йўқми, юрак уриши, қон босими жойидами… Хуллас, ҳамма-ҳаммасини текширишади.

Зўр-а? Эртага ўлдириш учун бугун соғлиғини стабил ҳолатда ушаб туриши керак. Лекин эртага шу соғлом одамни ўз қўллари билан ўлдиришади.

Эрталаб наҳорга ошга борасан. Университетнинг декани тўй қилаяпти. Сенинг «лапашанг» ўғлинг киролмаган университет декани. Бир йилда камида 10 тасининг пулини олиб, ўқишга киргизиб қўядиган университет декани.

«Шу иплоснинг тирикчилигини деб ўғлим ўқишга кира олмади, нега мен бу одамнинг тўйига боришим керак? Нега бу одам ҳар йили қайта-қайта шу ишини қилаверади? Нега бунақаларни ҳеч ким қамамайди?» – деган саволлар қийнамайди сени.

Сенингча, худди шундай бўлиши керак, шунақа бўлиб келган. «Эплаяптими ҳалоли бўлсин», деб қўясан ўзингча. Ўғлинг ўқишга кира олмагани учун эса, албатта, ўқитувчиси айбдор. Қучоқлашиб, кўришиб, қўлига тўёна бериб, тўйхонага кириб кетасан…

Ойлигинг тушди пластикка. Уйга бозор қилишинг керак. Деҳқон бозорида пластикка савдо қилишмайди. «Зато» эшигининг ёнида пластигингни «обнал» қилиб беришади, 20% га.

Нимаям қилардинг? Уйга картошка, пиёз оборишинг керак, мажбурсан. Йўқ! Жиннимассан-ку, 20% дан нақдлаштириб. Синфдошинг Холмирзанинг 5 та пайнети бор, 15% дан қилиб беради. «Танишинг кўп бўлса яхши-да», деб ўзингга-ўзинг гапириб, бозорга кириб кетасан.

«Нега мен пулимнинг 15%ини кимларгадир беришим керак? Наҳотки қанақадир ечим бўлмаса? Ниманинг ҳисобига бунақа нарсалар пайдо бўлади? Кимдир жавоб бериши керакмасми шу нарсалар учун?» – деб ўйланмайсан. Сенинг миянгда бошқа муҳим хаёл: «Эронда дурранг ўйнаб келсак, Корея ютқазса…»

Худо бериб, 1-2 сўм келиб қолди. Орзу-ҳавасинг бор, «Машина минаман», деган. Нархларни кўрасан: ҳаммаси долларда. Сенда эса сўм. Она юртингда ишлаб чиқарилган машинани она юртингда ҳайдаб юришинг учун она юртингнинг миллий валютаси ўтмаслигини билгач, сен уни айирбошлаш учун банкка йўл оласан. (Агар, албатта, ойдан тушган бўлсанг!) Банкда бу нарсанинг иложи йўқлигини билгач, ўйланиб қоласан.

Эврика! Бунда сенга яна бозорнинг олдидаги «валютчиклар» ёрдамга келади. Ну… нархи икки баробарданам қимматроқ-ку, лекин сенда бошқа вариант борми? Маҳаллангдаги Ботирбой ишончлироқ, ўшанга борасан. 3 қаватли уйининг тагига бориб, кутиб турасан. У жумага чиқиб кетган бўлади, кутасан озгина. Келади, ишингни ҳал қилиб беради.

«Нега мен икки баробар қимматига айирбошлашим керак пулимни? Нега ўзи долларда олишим керак, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машинани? Банкдан доллар олишнинг иложи бўлмаса мен қайси долларга машина оламан? Мантиқ қани? Ноқонуний йўлдан юришга мажбурманми?» – деб ўйламайсан. Сенинг хаёлинг бугунги Реал-Бавария ўйини билан банд.

Уёғига машинани тезроқ чиқариш учун 300-400$ берасан. Буям бировнинг тирикчилиги….»Нега?» – деб бошланадиган саволларга ҳар доимгидек вақтинг йўқ.

Хуллас, ҳаётинг шу зайлда давом этаверади. Сенга эса қачон валюта конвертация бўлишидан кўра Бабаённинг қачон кетиши қизиқроқ. Сени ўғлинг ҳақида «Ўз калласи билан ўқишга кириши мумкин эди-ку», деган савол эмас, «Ютаётган жойида нега Бабаян Гейнрихни туширгани» кўпроқ ўйлантиради. Сен ўша декан, валютчиклар билан битта маҳаллада турасан. Уларга бўлган муносабатинг ижобий, тўй-маъраканг битта, улар билан.

Лекин анави бурчакдаги, томи қийшиқ уйда турадиган қўшнингни кўришга кўзинг йўқ. Ўғли ўғлингнинг синфдоши, бемазароқ бола эди. Россияга кетиб у ердан Туркия, Туркиядан Суррияга ўтиб кетган. Террорист! Отаси – террористнинг отаси! Онаси – террористнинг онаси. Ака-ука, опа-сингиллари террористнинг жигарлари. Кўришга кўзинг йўқ. Отаси кўчага чиқолмайди, шу боласининг орқасидан…

Лекин сен фикрламайсан: «Шу бола ўғлим билан бирга ўқишга топширганди. Контрактга кирганди. Контрактни тўлолмагани учун ўқимади. Россияга кетворди, уйига 1-2 сўм жўнатиш учун. У ёқда нима жин урди, хуллас, террорист бўлиб кетди».

Агар декан қўшнинг 10 та «тупой»ни ўқишга киргизиб қўймаганида шу бола бюджетда ўқиб юрармиди… Отаси кўчага чиқа олармиди… Онаси хотин-халажга қўшила олармиди… Сингилларига совчи келармиди… Сен жирканмасдан қарармидинг…

Йўқ, сен бу нарсани ўйламайсан. Сенинг бузуқ хаёлинг «Ҳасанбой кейинги сафар юта олармикан?» – деган савол билан банд. Сенинг фикрлаш доиранг радиусининг ўзи Ҳасанбойнинг бўйидан катта эмас. Сен учун ўша, ўғлинг ўқишига кира олмаслигига сабабчи бўлган декандан кўра, кеча яқингача одамлар қаторида юрган, кейин ўғли «иш» қилиб қўйгандан кейин автоматик тарзда ёмонга айланган одам хавфлироқ.

Сен дарвозанга уйингнинг рақамини илиб кетишганига, светни ўтган йилгига қараганда 1-2 соат кўпроқ берилаётганига, банкирлар уйингни тақиллатиб келганига хурсандсан. Сен бахтиёрсан…

Сенинг юрак уришингни ўлчашяпти, қон босимингни текширишяпти, эртага «Қанақа овқат егинг келяпти?» – деб сўрашади… Охирги марта…

Манба: http://rokkker.blogspot.com/2017/04/blog-post.html?spref=tw&m=1

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *