Эркинжон Турдимов қандай раҳбар, қандай инсон?

Самарқандга янги ҳоким тайинланди. Эркинжон Турдимов. Асли самарқандлик. 1969 йилда Қўшробот туманининг Жўш қишлоғида туғилган. 1991 йилда Тошкент xалқ xўжалиги институтини тамомлаган. Иқтисодчи.
1991-1993 йилларда “Ўзсаноатқурилишбанки”нинг Сирдарё филиалида;
1993-1995 йилларда “Ўзсаноатқурилишбанки”нинг Зарафшон шаҳар бўлимида;
1995-1996 йилларда Зарафшон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт масалалар бўйича ўринбосари лавозимида;
1996-2000 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Навоий вилоят бўлими бошқарувчиси лавозимида;
2000-2008 йилларда Xатирчи тумани ҳокими лавозимида;
2008 йилда бир муддат Қишлок ва сув xўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимида;
2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими лавозимида;
2016-2018 йилларда Сурxондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаган.
2018 йил 13 июлдан бошлаб Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи.
2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Булар таржимаи ҳолдан. Аммо янги ҳокимни яқинроқ танишни истасангиз, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаевнинг Эркинжон Турдимов билан суҳбатини ўқиб кўринг.
− Сиз олдин Навоий вилоятига ҳоким бўлгансиз. Шу боисдан ҳам икки вилоят ҳаётини, аҳоли яшаш шароитини сиздан яхши биладиган мутахассисни топиш қийин. Нима деб ўйлайсиз, икки вилоятни бир биридан ажратиб турадиган жиҳатлари нимада?
− Навоий билан Сурхондарёни таққослаш жуда мушкул. Чунки Навоий саноатлашган ҳудуд ва у мамлакатнинг донори ҳамдир. Бу ҳудуд тушаётган тушумининг 65 фоизини Республика бюджетига беради. Сурхондарё эса 33-35 фоиз маблағни субвенсия ҳисобидан марказий бюджетдан олади. Сурхондарёда 5 та туман ва Термиз шаҳри субвенсиядан чиқган бўлса, 8 та туман субвенсиядан фойдаланмоқда. Шу боисдан, ҳоким сифатидаги асосий мақсадим, Сурхондарёни субвенсиядан чиқаришдир.
− Халқ билан мулоқот йилида Турдимовнинг ўзига хос технологияси қанақа?
− Ҳар битта раҳбарнинг ўз иш режаси бўлиши керак. Акс ҳолда калаванинг учини йўқотиб қўямиз. Масалан, мен ҳоким сифатида ҳар ҳафталик иш режамни белгилаб оламан ва ҳар шанба куни битта туманда, жойига бориб мулоқот қиламан. Чунки, ҳудуднинг ўзига бориб муаммони эшитишнинг натижаси кўп бўлади ва халқ муаммосини ҳис қилиш имкони бўлади. Ҳатто баъзида уларни эшитиб хўрлигингиз келади, афсуски, айрим холларда қўлимдан келмайдиган вазиятлар ҳам бўлиб қолади.
− Ҳар якшанба куни телемулоқот ўтказар экансиз. Шу ҳақида гапириб берсангиз.
− Биз бу технологияни Навоийда қўллаганмиз ва илк маротаба Сурхондарёда ҳам қўлладик. Охирги мулоқотимизда 420 та мурожаат бўлди. Бундан ташқари туман ҳокимлари, корхона раҳбарлари, таълим, солиқ ва бошқа соҳа вакиллари ҳам тўғридан тўғри мулоқотга чиқадилар. Кўтарилган масалаларнинг ечилганини эса ҳар жума куни видеоселлекторда назорат қиламиз.
− Баъзи ҳокимлар мажлис ўтказишни яхши кўради. Сиз-чи?
− Ўзим мажлисда ўтиришни ёмон кўраман. Шу боис ҳам кўп мажлис ўтказавермайман. Албатта, самарасиз мажлиснинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ундан кўра жойига бориб, аниқ тадбирлар билан ишлаган яхши. Ушбу қоидага амал қилган раҳбар ўз-ўзидан муваффақиятга эришади. Халқи ҳам бу ҳокимни ҳурмат қилади. Ахир, муҳтарам Президентимиз, бежиз, “Асл баҳони халқ беради” демайдилар.
− Сурхондарё ҳокими учун адолат муҳимми ёки инсонийлик?
− Иккаласи ҳам муҳим. Уларни бир биридан ажратиб бўлмайди.
− Сурхондарёдаги энг яхши кўрган кўчангиз, қишлоғингиз ва нима сабабдан айнан улар?
− Сурхондарёда яхши кўчалар жуда кўп. Мисол учун, Ислом Каримов номидаги кўча, Ибн Сино кўчаси, Алишер Навоий кўчалари жуда чиройли. Лекин менга энг ёқадигани, Термиз шаҳридаги Ат-Термизий кўчасидир. Қишлоқларни айтадиган бўлсам, Узун туманидаги қишлоқлар кўпроқ ёқади. Чунки, бу ерда ҳамма жой ям-яшил, шинам. Асосийси, кўчаларга сув сепиб, супурилган бўлади ва йўллар четидаги узумзорлар киши кайфиятини кўтаради.
− Ҳудуднинг маънавий соҳадаги ислоҳотларига қанчалик ўз ҳиссангизни қўшяпсиз?
− Айни вақтда, Сурхондарё маданияти ҳақида алоҳида китоб чиқаряпмиз. Сурхондарё рақси ва археологияси ҳақида ҳам китоб тайёрланмоқда.

− Фарзандларингиз нечта ва уларнинг тарбиясига қанчалик эътибор қаратасиз?
− Фарзандларим учта. Инсон аввало ўз оиласини тарбиялаши керак. Агар оилада яхши муҳит бўлмаса, ишда барака бўлмайди. Ишда қанча обрўга эришсангиз ҳам оилада яхши тарбия бермаган бўлсангиз, ҳамма меҳнат йўққа чиқади. Ҳамиша оиламни муқаддас биламан.
− Қандай китоблар ўқишни яхши кўрасиз ва вақтингиз бўлганда қандай филмлар кўрасиз?
− Сурхондарёга келганимдан бери бирорта кино кўрмадим. Китобларга келадиган бўлсак, Сурхондарё тарихи, адиблари ҳақидаги китобларни ўқияпман.
− Қайси сайтларга кўпроқ кирасиз?
− Барчага маълум ва машҳур Кун.уз, газета.уз, дарё.уз сайтларини кўпроқ ўқийман.
− Турдимовнинг ҳаётий формуласи?
− Фақат олдинга!

 

Эркинжон Турдимовнинг Сурхандарёдаги фаолиятидан келиб чиқадиган айрим хулосалари:
• Мен тақдиримдан хурсандман. Чунки авлиёлар юртига раҳбар этиб тайинландим.
• Сурхондарёнинг ижтимоий муаммолари бошқа вилоятларникига қараганда кўпроқ. Бунинг ечимларини топишимиз керак.
• Раҳбарлик бу роҳат эмас. Балки азоб-уқубатдир. Чунки, ҳар бир фуқаронинг дарди, муаммоси билан яшашга мажбур бўласиз.
• Сурхондарёнинг иқлими қишлоқ хўжалигига жуда мос иқлимдир. Уч маҳал экин экиб, фойдаланиш имкони бор.
• Раҳбар ҳеч нарсадан чўчимасдан, масалани, масъулятни ўз бўйнига олиши керак. Бу ҳар бир раҳбарнинг вазифаси.

*****

Эркинжон Турдимов Самарқандда қандай ишлайди? Эркинжон Турдимов Самарқандда ишни нимадан бошлайди? Эркинжон Турдимов Самарқандда асосий эътиборни нималарга қаратади?
Эркинжон Турдимов Самарқандда томир отиб кетган порахўрликка қарши нима қила олади?
Эркинжон Турдимов Самарқандда анъанага айланиб улгурган маддоҳликни бошқа ҳокимлардек яйраб қабул қиладими ёки рад қиладими? Эркинжон Турдимов ҳам Самарқандни соғин сигир деб биладими ёки унинг қадим шуҳратини тиклайдими? Эркинжон Турдимов Самарқандда бошқалардек “қўниб ўтмоқчими” ёки томир отмоқчими?

Бу ва бошқа саволларга Эркинжон Турдимовнинг Каримберди Тўрамурод билан қиладиган суҳбатидан жавоб топасиз!
Эркинжон Турдимов маддоҳлар эмас, унга ҳақ сўзни айта оладиган журналистлар билан очиқчасига ишлайдиган бўлса, албатта, бу суҳбат яқин-орада бўлиб ўтади.
Умид қиламанки, Эркинжон Турдимов фақатгина мени эмас, устозимиз Тошпўлат Раҳматуллаевни ҳам, ҳамкасбимиз, “Кун.уз” мухбири Шуҳрат Шокиржоновни ҳам тез кунлар ичида суҳбатга чақиради.
Бунга ишонамиз. Чунки Эркинжон Турдимовнинг Сурхандарёда қандай ишлаганини биламиз.

Охирида битта гап: янги ҳоким келиши билан уни мақтаб мақола эълон қилганликда айблашга шошилманг! Биз инсоннинг боласига пахта қўймаймиз ва бунақа ниятимиз ҳам йўқ. Хато қилса, худди олдингилари каби аямай танқид ҳам қилаверамиз!

Аммо бир нарсани унутманг, ҳали бирор ҳоким ишдан кетганида Сурхандарё халқидек, “Ҳокимимизни олиб кетманг!” дея мамлакат раҳбарига мурожаат қилган эмас. Ҳар сафар ишдан кетган ҳоким ортидан “Э, Худога шукур”, деган. Сурхандарёликларнинг “Ҳокимимизни олиб кетиб қолманг!” деб Президентга мурожаат қилишлари Ҳокимга Халқ берган ҳақиқий баҳодир!

Эркинжон Турдимов Самарқандда ҳам шундай ишласа, биз уни ҳеч кимга бермаймиз! Ёнида камарбаста бўлиб, эл, юрт, қадим Самарқанд равнақи учун жонимиз борича унга мададкор бўламиз. Эркинжон Турдимов Самарқандга Жума куни тайинланганида ҳам бир ҳикмат, ишора бордир.

Самарқанддаги “айнитувчи компонентлар” Эркинжон Турдимовни ҳам “айнитса” (бунга улар уста) Самарқанднинг чиқиш кўчалари кам эмас. Аммо асл айнимас, дейдилар, Эркинжон Турдимов айнимаслигидан умид қиламиз. Қолаверса, ҳар олти ой, бир йилда янги ҳокимдан яхшиликлар умид қилавериш, янги ҳокимни осмонга чиқариб мақтайвериш ўзимизни ҳам чарчатди.

Кутинг, Эркинжон Турдимов билан яқин орада эксклюзив суҳбатимизни ўқийсиз, инша Аллоҳ!

Каримберди Тўрамурод, “Хабар.уз” ва “Файзбоғ.уз” сайтларининг Самарқанддаги махсус мухбири.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *