Электрдан 48,4 минг, газдан 22,1 минг истеъмолчи тармоқдан узилди

Ўзбекистонда электр энергиясидан қарздор бўлган 48 минг 376, табиий газдан қарздор бўлган 22 минг 146 истеъмолчи тармоқдан узилди. Энергоресурслардан ва суд ҳужжатлари бўйича қарздорларнинг электрон базаси шакллантирилиб, таҳлил қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси директори Ботиржон Қудратхўжаев ЎзАга берган интервьюсида маълум қилган.

Бюро раҳбарининг маълум қилишича, суд ижрочилари иш юритувидаги ижро ҳужжатлари билан бирга судларнинг 1991 йилдан ҳозирга қадар бўлган ижро ҳужжатлари хатловдан ўтказилмоқда. Хатлов натижасида фақатгина 18 кун ичида судлар томонидан 48 минг 239 (41,7 миллиард сўмлик) ижро ҳужжати мажбурий ижрога қаратилмаганлиги аниқланди.

Энергия ресурслари билан боғлиқ барча ҳолатларни тизимли ўрганиш давомида (фармон қабул қилингандан кейинги 40 кунда) 432 қонунбузарлик аниқланди. Улар юзасидан 67 жиноят иши, 365 маъмурий иш қўзғатилди.

Назорат тадбирлари давомида асосий эътибор электр энергияси ва табиий газ етказиб берувчи корхоналарнинг ўз вазифаларига совуққонлик билан қараган, ваколатини суиистеъмол қилган мансабдор шахслари фаолиятига қаратилмоқда. Уларнинг дебиторлик қарздорликни қисқартириш бўйича лозим даражада чора кўрмай қилган масъулиятсизлигига қонуний баҳо берилади. Чунки ўтган даврда улар томонидан бу борада 44,8 миллиард сўм қарздорлик вужудга келишига йўл қўйилган. (Бунинг 40,4 миллиард сўми электр энергияси бўйича, қолгани табиий газ бўйича). Бундай ҳолатлар бўйича 12 жиноят иши қўзғатилди.

Мисол учун, Оқ олтин тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари олдиндан эллик фоиз тўловни тўламаган 186 юридик шахсга 286,6 миллион сўмлик электр энергияси етказиб берган. Бу йўналишда 888 миллион сўм қарздорлик вужудга келган бўлса ҳам, уни ундириш чораларини кўрмаган.

Энергия ресурсларини етказиб бериш соҳасида суиистеъмолчиликка йўл қўйилиши оқибатида сунъий қарздорлик вужудга келтирилган. Аниқроқ айтганда, турли йўллар билан ишлатилган, базага киритилган бундай қарздорликни “ёпиш” учун улар аҳолига тақсимланган. Мисол учун, «Юнусободтумангаз» ва «Шайхонтоҳуртумангаз» корхоналари масъул шахслари газ истеъмоли бўйича белгиланган тартибда ҳисоб-китоб ва назорат ишларини етарли даражада амалга оширмагани туфайли 3,4 миллиард сўм қарздорлик вужудга келган. Бу борадаги камомадни қоплаш учун улар бу суммани аҳолига “юклаган”.

Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг Чимбой филиали масъул шахслари ўзлари учун жиноий схема ишлаб чиққан. Унга кўра, юзага келган 1 миллиард сўм қарздорлик 118 фуқарога “тақсимланган”. Уларни ундириш бўйича тегишли даъволар қўзғатилган. Лекин ижро ҳужжатлари ижроси таъминланмаган.

Бу соҳада йўл қўйилган жиноий хатти-ҳаракатларнинг айримларини таъмагирлик, порахўрлик ҳамда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўланган маблағларни талон-тарож қилиш кабилар ташкил этган.

Алоҳида қайд этиш керакки, бундай жиноятларнинг асосий қисми энергия ресурслари учун тўловларни ундиришга масъул бўлган назоратчилар томонидан амалга оширилган. Бу йўналишда 40 жиноят иши қўзғатилган бўлса, шундан 18 жиноий иш 20 назоратчига (электр бўйича – 5, газ бўйича – 15) тааллуқли. 13 ҳолатда қарздорликни йўқотиб бериш учун истеъмолчилардан ноқонуний равишда пул олинган. Масалан, “Бухоротумангаз” филиали назоратчиларидан бири икки мижоздан 4,6 миллион сўм бўлган қарзларини “қоплаб” бериш учун 400 АҚШ доллари ва 2 миллион сўм олган. Уларга тўлов тўлангани ҳақида ноқонуний ҳужжат берган.

Мирзаобод тумани электр тармоқлари корхонаси ходимларидан бири 1,2 миллион сўмлик қарзни “ёпиш” эвазига истеъмолчидан 700 минг сўм олган. Текшириш давомида бу шахс ана шундай йўл билан 417 ноқонуний ҳолатга йўл қўйгани ва давлатга 31,3 миллион сўм зарар етказгани маълум бўлди.

Яшнобод тумани электр тармоқлари корхонаси ходимларидан бири қарздорликни сунъий равишда камайтириб бериш эвазига истеъмолчидан 200 АҚШ доллари олаётган пайтда қўлга олинди.

Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси ўз жамоадошлари билан тил бириктириб, “Элсус” корхонасига қиймати 1,1 миллиард сўмлик трансформаторни 754,8 миллион сўмга пуллаган. Оқибатда давлатга 331,2 миллион сўм зарар келтирилган. Минг афсуски, бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.

Назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига ҳам йўл қўйилгани маълум бўлди. Бу борада электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланган 15 ҳолат аниқланди. Мисол учун, чинозлик У.Абдуллаев ўз уйида яширин 159 квадрат метрли музлатгич ташкил этган ва уни ишлатиш учун электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Натижада 290,3 миллион сўм зиён келтирган.

Косонсой тумани “Сувоқова” корхонаси масъул шахслари насосларни ишлатиш учун электр энергиясидан икки йил давомида ноқонуний фойдаланган ва етказган зарари 223 миллион сўмни ташкил этган.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *