Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида ёлғиз Ислом Тўлаганов айбдорми? (суд залидан айрим тафсилотлар)

Ислом Тўлаганов: Жасурни ўлдирмаганман

Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида айбланаётган Исломбек Тўлаганов ўз курсдошини урганини тан олди. Мен Жасурни урганман, лекин ўлдирмаганман, деб ўзига қўйилаётган айбловни инкор этди Тўлаганов
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Бугун Миробод туман судида шафқатсизларча калтакланган ва кўп вақт ўтмай олинган жароҳатлар туфайли касалхонада оламдан ўтган Жасурбек Иброҳимов иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.

Суд ҳалок бўлган йигитни калтаклаганликда айбланаётган Исломбек Тўлагановнинг далилларини тинглади. Тергов томонидан келтирилаётган барча исбот-далилларга қарамасдан, Тўлаганов ўзини айбдор деб билмаяпти. Тўлаганов жабрдийда ва ўзи ўртасида можаро юз берганини, бунинг оқибатида Жасур жиддий жароҳатлар олганини инкор этгани йўқ. Исломбекнинг сўзларига кўра, улар ўртасидаги можаро иккиси таҳсил олган Боровский номидаги тиббиёт коллежи ҳудудидаёқ бошланган. Исломнинг сўзларига кўра, уруш Жасурнинг айби билан рўй берган. «Мен бужанжалдан ўзимни олиб қочишга уринганман», — деб таъкидлаган суд залида Тўлаганов.
«Коллежда мен ўртоғим Дилшод ва Жасур нима ҳақдадир суришишаётганини кўриб қолдим. Уларнинг ёнига бориб, нима гаплигига қизиқдим. Дилшод эса менга Жасур унинг синглисига СМСлар юборганини, ва бу нарса унга ёқмаганини айтди. Мен дўстимга Жасур лат еганини айтиб, у билан тенглашиб ўтирмасликни ва уришмасликни маслаҳат бердим. Жасурга мен бу ҳақда Дилшодга айтганим ёқмади. У менга буни билдириб иддао қилди ва ҳатто мушт туширди», — деб ҳикоя қилган суд залида айбланувчи.Айбланувчининг сўзларига кўра, шундан сўнг йигитлар коллежнинг бошқа талабалари билан ўқув муассасаси ҳудудидан ташқарига отланишган ва ўзаро муносабатларга яккама-якка тўқнашувда ойдинлик киритганлар.
Ислом Тўлагановнинг айтишича, Жасур биринчи бўлиб ҳамла қилган ва у ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлган.
Айбланувчининг таъкидига кўра, ҳодисанинг қолган барча иштирокчилари у ерда томошабин бўлишган, холос.
Уруш бошлангач, қайсидир онда Жасур ва Ислом ерга йиқилишган, бунда Ислом курсдошининг устига тушган, шу боис ҳам у рақибидан фарқли ўлароқ деярли жароҳат олмаган.

Суд томонидан берилган «Жасурнинг қорин қисмига берилган кучли зарбаларни қандай изоҳлайсиз?», деган саволига Тўлаганов рақибининг ўзи жанг давомида унга қараб югурганини ва у Жасурни тўхтатиш, яъни ўзини ҳимоя қилиш мақсадида оёғини кўтарганини айтган. Мана шу зарба натижасида, дейилади тергов материалларида, жабрланувчининг ички органлари жиддий лат еган, хусусан, талоқ ёрилиши қайд этилган.Суд музокаралари чоғида, прокурор ва Иброҳимовлар оиласи ёллаган адвокат саволларига жавоб берар экан, Тўлаганов бир неча бор кўрсатмаларида адашган ва ҳатто ёлғонлар фош этилган.
Хусусан, мисол учун у бошида ўсмирлар урушган жой қисман ўт билан қопланган деган бўлса, кейин эса у ерда шоғол тўкилганини айтган.
Шу билан бирга, у можаро бўлиб ўтгандан сўнг Жасурни қўллаб-қувватлаш ва унинг даволанишида қисман бўлса ҳам ёрдам бериш учун отаси больницага келганини ва тиббиёт ходимлари билан суҳбат давомида Жасурни МРТга етказиши лозим бўлган касалхона машинаси бузилиб қолгани ҳақида сўзлаб берди.
«Отам Жасурни ўзининг машинасида олиб боришга қарор қилди. У Жасурни қўлидан ушлаб, автомобилга ўтқазди. Биз ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қилдик», — деган судга Ислом Тўлаганов.
Аммо суд изоҳ сўраб ҳалок бўлган йигитнинг онаси Нилуфар Алиевага мурожаат қилганида, Жасур умуман мустақил ҳаракатлана олмаслиги, барча муолажаларга уни беморлар олиб юриладиган носилкаларда олиб боришгани ва охирги, Ислом сўзлаб берган ҳолатда ҳам, носилка ишлатилгани маълум бўлди.
«Бир томондан у олган оғир жароҳатлари туфайли ўзини ўта ёмон ҳис қиларди, иккинчи томондан — унга бу вақт оралиғида тинмай кучли оғриқ қолдирувчи уколлар қўйилгани боис, бу ҳам унинг мустақил ҳаракатланишини қийинлаштириб қўйган эди», — деб ҳикоя қилган марҳумнинг онаси.Бу ишда, яъни айбланувчининг кўрсатмаларида яна бир ғалати ҳолат кузатилган. Тўлагановнинг сўзларига кўра, Жасур билан тўқнашувдан сўнг у мия чайқалиши ва ўнг қўли бармоғи синиши каби жароҳатларни олган.
Аммо буларнинг барчасига қарамай, ҳодисадан сўнг у дарсларда қатнашишда давом этган ва милиция, ҳамда коллеж раҳбариятига бир нечта тушунтириш хатларини ёзиб берган. Эслатиб ўтамиз, ҳодиса 2017 йилнинг 3 май санасида рўй берган, Ислом Тўлаганов эса юқорида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан арз қилиб, тиббий муассасаларга орадан беш кун ўтгач — 8 май куни мурожаат қилган.
Суд Тўлагановга «Бундай жароҳатлар билан узоқ муддат давомида қандай қилиб коллежга бора олдингиз?», деб савол берганида, Ислом, ҳаммасига чидашга мажбур бўлганини, тушунтириш хатларини эса шахсан ёзмаганини, фақат уларга имзо чекканини айтган.
«Мен ота-онамдан жароҳат олганимни яширган эдим, аммо кейинчалик улар бундан хабар топишди ва мени даволанишга жўнатишди. Мен касалхонада 8-дан-20(май, таҳр.)гача ётдим», — деб тушунтирган судланувчи.
Ислом Тўлаганов ўз кўрсатмаларида Жасур билан фақат ўзи урушганини, можарога бошқа ҳеч ким аралашмаганини таъкидлаган. Аммо Иброҳимов биргина Ислом томонидан етказилган жароҳатлар оқибатида вафот этганига ҳеч ким ишонгани йўқ. Чунки Жасурбек, бўлиб ўтган ҳодисадан сўнг ўзини нормал ҳис қилган ва ҳодиса жойидан уйигача ўзи етиб борган.
Эслатиб ўтамиз, уриб ўлдирилган ўсмир иши бўйича бошланган суднинг биринчи мажлисида судья жабрдийданинг оиласи ва адвокати келтирган далилларни тинглаган эди. Боланинг ота-онаси Жасурбек бир гуруҳ ўсмирлар томонидан калтакланганини, демакки бу ишда бир киши жазоланмаслиги керак, деган фикрни билдиришмоқда.
СУД ЭКСПЕРТИНИНГ КЎРСАТМАЛАРИ
Жасур Иброҳимов ўлими юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича суд мажлиси давом этмоқда. Бу сафар марҳумни бевосита ёриб кўрган ва тиббий хулоса ёзган суд эксперти кўрсатмалари тингланди
ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Миробод туман жиноий ишлар судида Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабаси Жасур Иброҳимовнинг ўлими юзасидан олтинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд тиббий экспертиза Бош бюроси эксперти Лочинов Фарҳод Назарович сўроқ қилинди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Лочинов ўз кўрсатмалари аввалида эксперт хулосаси 2017 йил 1 июнда амалдаги қонунчилик асосида тузилганлигини маълум қилди.
Иброҳимов ўлими сабаблари
Эксперт сўзларига кўра, Иброҳимовнинг ўлими сабаблари «3 май куни олган тан жароҳатлари асорати билан боғлиқ бўлиб, ушбу тан жароҳатлари ташқи таъсир (жисмоний таъсир) туфайли юзага келган». Марҳумни бевосита ёриб кўрган экспертнинг айтишича, Иброҳимовда ҳеч қандай сурункали касаллик аниқланмаган, яъни у соғлом бўлган.
Жароҳатлар келиб чиқиши сабаблари
«Тан жароҳатлари ўша жойларга ўтмас қаттиқ жисм(инсон қўл ва оёқлари)нинг бир неча марта таъсири натижасида юзага келган бўлиши мумкин», — деди эксперт.
«Ўн икки бармоқли ичакнинг ёрилиши соҳасида бошқа тан жароҳатларининг мавжудлиги, яъни кўндаланг чамбаричак гематомаси, ошқозон безининг лат ейишидан хулоса қилиш мумкин-ки, ушбу жароҳатлар — қориннинг олди томонидан етказилган зарба натижаси бўлиши мумкин», — таъкидлади эксперт.
Лочиновнинг сўзларига кўра, Ж. Иброҳимов олган тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича, тиббий ёрдам кўрсатилишидан қатъий назар, ҳаёт учун хавфли тан жароҳати белгиларига эга.
Лочинов, шунингдек, судланувчи курсисида ўтирган Исломбек Тўлагановнинг «Ушбу жароҳатларни олган Жасур ўз оёқлари билан уйигача юриб бориши мумкинмиди?» деган мазмундаги саволига «Ҳа, бу бирданига ўлимга олиб келадиган жароҳат эмас», дея жавоб берди.
2-сонли шаҳар болалар жарроҳлик шифохонаси бош врач ёрдамчиси Тоҳир Ҳасанов 3 май куни тунги навбатчиликда бўлганида касалхонага оғир аҳволда олиб келинган Жасур Иброҳимовни кўрикдан ўтказганини ва унга қўшма жароҳат — бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши ташхиси қўйганини айтган эди.
Бундан ташқари Иброҳимовнинг пешона соҳасида кўкариш, бўйни, кўкрак қафасининг олд қисми, қорнининг олд томонида қизаришлар, юмшоқ тўқималарнинг эзилиши, тери ости гематомалари ва қонталашлар, шилинишлар, киндикнинг юқори қисмида туфли изига ўхшаш узунчоқ шаклда из борлиги кузатилган
«Мен ўлдирилган ўғлим ҳимояси учун сўзга чиқдим»
Жабрланувчи Нилуфар Алиева ўз сўзи аввалида инсон ҳаётига суъиқасд қилиш энг оғир жиноятлардан бирилигини эслатиб ўтди. Сўнгра давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни бирма-бир санади. Алиевага кўра, аввал бошданоқ йўл қўйилган қонунбузарлик — бу жиноий ишнинг 28 кун кечикиш билан қўзғатилгани бўлган.
«Шунингдек, тергов ҳам сифатсиз ва ғалати тартибда ўтказилган: гувоҳларнинг сўроққа тутилиши нохолис кечган, ушбу фактни судда иштирок этган гувоҳ Малика Сиддиқова тасдиқлади, суд тиббий экспертизаси вақтида ўтказилмади, ҳаттоки, айбланувчининг пойабзали ва ўғлимнинг қорнидаги из мос тушиш-тушмаслигини исботловчи тергов эксперименти ўтказилмаган. Қолаверса, ҳаётлигида ўғлимни сўроқ қилишмади…
Суд иши шу қадар тез ва шошилинч ўтказилди-ки, жабрланувчи томондан иштирок этган бирорта гувоҳ кўрсатмалари муносиб тарзда ҳисобга олинмади, шунингдек, «гувоҳ» деб аталганларнинг кўрсатмалари бир-бирига ҳамда аввалги берган кўрсатмаларига зид бўлгани, 6 кишининг 1 кишига ёрдам кўрсатмаслиги ҳолатлари ҳам ҳисобга олинмади», — деди Алиева.


Жабрланувчи, суд тиббий экспертизасининг Жасур бир эмас, бир неча киши томонидан калтакланганини тасдиқлаган хулосаси прокурор томонидан инобатга олинмагани, «қўнғироқларга жавоб бермаяпти» деган важ билан коллеж педагог жамоасига нисбатан ҳеч қандай чора қўлланилмаганини қўшимча қилди.
Ушбу жиноий иш «бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган ўта оғир жиноят» тарзида таснифланиши керак эди, деди аёл.
«Суд жараёни тарбиявий аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизнинг кўп миллионли аҳолиси, шу жумладан, ўсмирлар айни вақтда ушбу жараённи кузатиб боришмоқда. Ушбу ҳолатда жазодан қутулиб қолиш янги жиноятларни ва янги жиноятчиларни дунёга келтириши мумкин.
Давлат айбловчиси нега айбланувчига нисбатан атиги 6 йил колония жазосини сўради? Бу ҳолатга аниқлик киритишини сўрайман. Мен учун нутқ сўзлаш қанчалик оғирлигини билсангиз эди. Бутун ҳаётим дўзахга айланди, айни вақтда менга далда бериб турган ягона илинж — бу оилам. Бошига улкан мусибат тушган, жуда катта йўқотишни бошдан кечирган бир она сифатида мени тушунинг, ўтиниб сўрайман. Мен кўп нарса талаб қилмаяпман. Ўғлимнинг қотилларини Қонун ва Адолат бўйича жазолашларингизни сўрайман», — деди сўзи якунида жабрланувчи.

Адвокат Лола Исмаилова: Исломбек ўз қилмиши учун жавоб бериши шарт
Жабрланувчи томоннинг адвокати Лола Исмаилова Исломбек Тўлаганов аввал бошданоқ тиббиёт муассасаларини чалғитгани ёки бўлмаса улар ёрдамида ёлғон кўрсатмалар беришга муваффақ бўлганлигини айтиб ўтди. Адвокат судья эътиборини жиноят ишига бириктирилган тиббий маълумотномаларга қаратди ҳамда улар ёрдамида Тўлаганов нафақат айбни ўз бўйнидан соқит қилмоқчи бўлганини, балки «Жасур Иброҳимов томонидан калтакланган», деган мазмундаги хулосани берувчи бу ҳужжатлар ёрдамида бор айбни марҳумнинг ўзига ағдаришга уринганини таъкидлади.
«Ислом Тўлаганов ўз айбини қатъиян тан олмаяпти, у ўз қилмишидан пушаймон эмас, Жасур Иброҳимовнинг ота-онасидан кечирим ҳам сўрагани йўқ, ўзини кеккайган ҳолда тутди ва бу билан фақат ўзига зиён қилди», — деди адвокат Исмаилова.
Адвокат Исмаилова Тўлагановнинг шахсини тавсифлар экан, судьяга ўзга инсоннинг саломатлиги ва ҳаёти Ислом учун сариқ чақачалик эмаслигини, тиббиёт коллежи талабаси ўзга инсоннинг аъзои-баданига ҳаёт учун хавфли зарбаларни бераётганида, оқибати қандай бўлишини билмаслиги мумкинмаслигини қўшимча қилди.
«Содир этган жинояти учун у ҳозир муносиб жазо олмас экан, кейинчалик жамоатчилик учун хавфли шахсга айланиши турган гап. Лекин жабрланувчи томон унга яна бир имконият тақдим этади. Тўлаганов сўнгги сўзида содир этган жиноятини тан олиб, ўз қилмишидан пушаймонлигини айтиши мумкин», — деди адвокат ҳамда раислиқ қилувчидан айбланувчининг ота-онасига нисбатан ҳам чоралар кўрилиш кераклигини, ишни бир киши эмас, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган дея қайта квалификациялаш лозимлигини айтдиб ўтди.
«Ҳурматли раислик қилувчи, Ислом Тўлагановга, у содир этган жиноят бўйича адолатли жазо берилишини сўрайман», — деди ўз нутқи якунида адвокат Исмаилова.

Айбланувчининг адвокатлари: вазифамиз адолатни қарор топтиришдан иборат
Адвокат Фарҳод Тоҳировга сўз берилганида, у марҳум Жасурбек Иброҳимовнинг ота-онасига сабр тилади.
Сўнгра, ўз нутқи кириш қисмида «жиноят қонунида бир хил содир этилган жиноятларга, ҳаттоки, одам ўлганлиги жинояти бўйича ҳам ҳар хил жазо берилиши, оғир жиноят содир этилганлиги факти бўйича ҳам айрим ҳолатларда жазодан озод этилиш мумкинлигини» эслатиб ўтди. Тоҳиров суд мажлисида ўтирганларга вазифаси фақатгина судланувчини ҳимоя қилишдан иборат эмаслигини тушунтирди. «Тергов ва суд органлари томонидан жиноят ва жиноят процессуал қонунларидан ташқарига чиқмасдан адолатли ҳукм чиқаришга ёрдамлашиш вазифасини адо этамиз», — деди у.
Ҳуқуқ ҳимоячиси, шунингдек, Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими — бу врачларнинг Гиппократ қасамёдига амал қилмасликлари натижаси бўлган, деган фикрни айтди. «Марҳумнинг онаси тез тиббий ёрдам чақиртирганида, воқеа жойига малакали ходим ўрнига фельдшер юборилиши, зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган операция орадан 2 суткадан кўп вақт ўтганидан кейин ўтказилгани бунинг яққол исботи», — деди Тоҳиров.
Адвокат Исломбекнинг Жасурбекка тан жароҳати етказиш ёки уни қасддан ўлдириш нияти бўлмагани, жиноятнинг келиб чиқиш сабаби, аслида, марҳум Иброҳимовнинг безорилик ҳаракатлари бўлгани, ички ишлар тергов бошқармаси томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ўлими сабабли бекор қилинганлиги — буларнинг барчаси суд томонидан инобатга олиниши кераклигини айтиб ўтди.
Адвокат айблов ҳукми тахминларга асосланиши мумкин эмаслигини қатъий таъкидлади. «Ҳимоямдаги шахс учун энди 18 ёшни қаршилаганда ушбу панжара ортида ўтиришнинг ўзи етарли дарс бўлган бўлса ажабмас» деди ва судьядан Исломбек Тўлагановнинг ҳаракатларига оқилона баҳо беришни сўради.
Нутқи якунида Тоҳиров Исломбек Тўлаганов ушбу жиноятни жабрланувчининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида содир этганлигини эътиборга олиб, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104 моддаси, 3 қисм «д» бандида кўрсатилган жиноят аломатлари йўқлиги, ва, Жасур томонидан унинг ҳаёти ва соғлигига тажовуз қилинганлиги боис, унга нисбатан ҳимоя матнида келтирилган «у ўзини ҳимоя қилган» дея оқлов ҳукмини чиқаришни сўради. Яъни судьяни Тўлагановни жазодан озод қилишга чақирди.
Тўлаганов сўнгги сўзида судья адолатли ҳукм чиқаришига ишонишини айтди
Судья айбланувчи Исломбек Тўлагановга сўнгги сўзни айтишни таклиф қилганида, айбланувчи рози бўлди. Тўлаганов Жасурнинг онасига юзланиб, бўлиб ўтган воқеадан жуда ҳам пушаймон эканлигини, афсусдалигини айтди ҳамда ўз адвокатлари томонидан айтилган фикрларга тўлиқ қўшилишини маълум қилди.
Тўлаганов Жасурнинг ўлимида ўзини эмас, балки шифокорларни айблади.
«Бўлиб ўтган воқеадан қаттиқ пушаймонман, афсусдаман. Ўзимни ҳеч ҳам кечиролмайман.
Ҳурматли раислик этувчи, ҳурматли халқ маслаҳатчилари!
Иккинчи сонли касалхона врачлари тўғри ташхис қўйиб, сифатли тиббий ёрдам кўрсатганида, Жасурбек вафот этмаган бўларди», — деди Тўлаганов.

Сўнгсўз ўрнида ҳукм олдидан журналист мулоҳазалари
Мана, бир жиноят иши бўйича бошланган суд ҳам якунланиш нуқтасига келиб қолди. Суд ҳукми душанба, 30 октябр куни ўқиб эшиттирилади. Шу пайтга қадар тергов материаллари, гувоҳлар кўрсатмалари, эксперт хулосаси, прокурор ва адвокатлар чиқиши, жабрдийда она нутқи ҳамда айбланувчининг сўнгги сўзини эътиборингизга ҳавола қилдик.
Эътибор берган бўлсангиз, ушбу суд жараёнини кузатиб борган сизу-биздан ташқари, иштирокчи томонлар ҳам ўз нутқларида суд жараёни сўнгида АДОЛАТ сўзини такрор ва такрор тилга олдилар, судьядан адолатли қарор чиқарилишини сўрадилар.
Адолат нима? Ким айбдор ва нима қилмоқ керак, деган саволларга бехато, аниқ жавоб бериш учун нимага асосланишимиз керак?
Шу кечаю-кундузда ижтимоий тармоқларда Жасур Иброҳимов иши бўйича интернет фойдаланувчилари орасида қизғин баҳс ҳали-ҳануз тўхтагани йўқ. Кимдир адолат қарор топишига ишонч билдирса, кимдир «адолат йўқ», деган фикрни билдирмоқда.
Ваҳоланки, суд ҳукми ўқиб эшиттирилмагунига қадар «айбсизлик презумпцияси» деган тушунча амал қилишини, шу боис, ҳеч бир шахсни у содир этган жинояти исботланмагунга қадар аввал бошдан жиноятчи деб атаб бўлмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Албатта, адолат қарор топиши учун ҳақиқатни юзага чиқариш лозим.
…Австрия ва британиялик файласуф Карл Попперга «Ҳақиқат нима ўзи?», — деб савол беришганида, у, «Қўлимда турган ручкани айни пайтда қўлимда йўқлигини исботлаб беролсам, бу ҳақиқат», — деб жавоб қайтарган ва «ҳақиқат кучлилар томонда бўлади», дея қўшимча қилган экан.
Поппернинг фалсафасига чуқур ҳурмат билдирган ҳолда, айни жараёнга буюк файласуф айтган ҳақиқатдан кўра, айбланувчи Исломбек Тўлагановнинг адвокати Юсуф Ибрагимов томонидан айтилган бир жумла жуда мос тушишини таъкидлаб, адвокат фикрини эътиборингизга ҳавола қиламан:
«Одамлар адолатни қарор топтириш учун қонунни ижод қилган. Қонун адолатли бўлиши учун эса унга ҳамма амал қилиши керак. Ана шундагина адолат юзага келади».
Бугун Миробод туман судида Жасур Иброҳимов ўлимида айбланаётган Исломбек Тўлаганов устидан суд ҳукми эълон қилинди
ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. 2017 йил 3 май куни Боровский тиббиёт коллежи талабалари ўртасида рўй бериб, нафақат Ўзбекистон, балки хорижий ОАВлар томонидан кенг ёритиб келинган, фожиани келтириб чиқарган муштлашув юзасидан бошланган суд ўз ниҳоясига етди. Жасурбек Иброҳимов ўлимида айбланиб келаётган Ислобек Тўлаганов суд ҳукми билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар қилди суд залидан Sputnik мухбири.
Қуйида судья М. Матжонов томонидан ўқиб эшиттирилган ҳукмни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Судья жабрланувчи томон — Жасур Иброҳимовнинг онаси Нилуфар Алиева томонидан — ўғлим биргина Ислом Тўлаганов эмас, балки судда муштлашув гувоҳлари сифатида кўрсатма берган Боровский коллежи талабалари томонидан калтакланган деган тахминларни кескин рад этди ва қуйидаги хулосани билдирди:
«Суд жиноят содир бўлган жойда шахсан иштирок этмаган, бундан ташқари Алиева атрофидаги баъзи шахсларнинг ўйлаб топган мавҳум важлар асосида унинг ўғли бир гуруҳ шахслар томонидан дўппосланган деган турғун фикр пайдо бўлган деган хулосага келади.
Суд ҳамшира Сиддиқованинг жабрланувчи Жасур Иброҳимов билан 2017 йил 3 майдан 18 май кунлари касалхонанинг реанимация бўлимида навбатчи бўлганида ҳамда соғлиғи бир мунча яхшиланган пайтда Жасур билан унинг муносабатлари ишончли бўлиб қолганида, Жасурни гуёки ҳамма болалар бирма — бир кўпчилик бўлиб урганлигини айтганлигига баҳо бериб, ҳамшира Сиддиқова судда ушбу кўрсатмалардан раислик қилувчи ва процесс иштирокчиларининг саволларига, яъни айнан кимлар томонидан тан жароҳат етказганлиги ҳақидаги саволларга жавоб бера олмаган», — деб айтди судья.
Бинобарин Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг пленумининг «Даллиллар мақбуллигига оид жиноият-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 2004 йил 24 сентябрдаги қарорининг биринчи бандида, Жиноят-процессуал кодекссининг 11-моддасида мустаҳкамланган қонунийлик принципига мувофиқ, ҳар бир жиноят иши бўйича иш юритиш жиноят-процессуал қонунида белгиланган тартибга қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши шарт деган судларга тушунча берилган.
Суд ҳамшира Сиддиқованинг ушбу кўрсатмаларини дастлабки тергов жараёнида, яъни воқеа содир бўлгандан кўп вақт ўтмасдан бермай, айнан ҳозир берганини судни чалғитиш мақсадида берилган деган хулосага келади.
Суд судланувчи Тулагановга жазони тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2006 йил 6 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорининг 3-бандидаги Жиноят кодексининг 8, 54 — моддалар мазмунига кўра жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлийлик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳоллатларга мувофиқ бўлиши керак деган кўрсатмаларига амал қилиб, жазонинг тури ва миқдорини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55 ва 56 — моддаларида назарда тутилган жавобгарликнинг енгилаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни, яъни судланувчи муқаддам судланмаганлиги, ёшлигини, жиноят содир этган вақтда вояга етмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини енгилаштирувчи ҳолат деб топиб, шу билан бирга содир этилган жиноят ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда Тулягановнинг жиноятни содир этиш пайтда вояга етмаганлигини эътиборга олиб Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 85-моддасини қўллаган ҳолда озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллаш лозим деб топади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 211-моддасига асосан суд жиноят ишидаги далилий ашёлар масаласини муҳокама қилиб, жабрланувчи Иброҳимовнинг оқ рангли майкаси ва ҳаво ранг жинси шимини жабрланувчи вакили Алиевага қайтаришни;
Жабрланувчига кўрсатилган тиббий муложала кўрсатилган 7 — сонли, 1 — сонли, 2 — сонли шифохоналар ҳамда республика шошилинч тез ёрдам миллий марказ томонидан юритилган касаллик тарих ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларини жиноят ишида қолдиришликни лозим дебтопади.
Шу билан бирга, суд жабрланувчига қонуний вакили Алиевага бошқа қизиқувчи тарафларга жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласи ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқларини тушунтиришликни лозим деб топади.
Ўзбекистон Республикаси жиноят процессуал кодексининг 454, 457, 460, 463, 465, 468, 471, 473-моддалари амал қилиб, суд ҳукм қилади:
Туляганов Исломбек Абдужалилович Ўзбекистон Республикаси 104 — моддаси 3 қисми «д» банди назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилсин ва унга Жиноят кодексининг 104 — моддаси 3 қисми «д» банди билан Жиноят кодексининг 85-моддаси қўллаган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Тайинланган жазо умумий тартибда колонияларда ўттатирилсин. Жазо муддати 2017 йил 5 июндан бошлаб ҳисоблансин. Тулаганов Исломбек Абдужалиловичга нисбатан қўлланилган «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилсин.
Жиноят иши бўйича далилий ашё деб топилган жабрланувчи Иброҳимовнинг оқ рангли майкаси ва ҳаво ранг жинси шими жабрланувчи вакили Алиевага қайтарилсин.
Жабрланувчига тиббий муложала кўрсатилган касалхоналарда юритилган касаллик тарих ҳужжатлари ва бошқа тиббий ҳужжатларни жиноят ишида қолдирилсин.
Жабрланувчи марҳумнинг қонуний вакили Алиева ва бошқа қизиқувчи тарафларга мазкур жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилсин.
Ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида маҳкум ва жабрланувчи вакиллари ҳукм нусхаси олган кундан бошлаб 10 сутка ичида мазкур суд орқали жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди аппеляция судлов инстанциясига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ҳукм устидан агар иш аппеляция тартибида кўрилилмаган бўлса, жиноят ишлари бўйича Тошкент суди кассация судлов ҳайъатига шикоят берилиши ёки протест келтиришга ҳақлидирлар».
(спутник.uz сайтидан олинди)

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *