Яшасин «ташаббускорлар»!

Ёшлигимда бир ташкилотга иш излаб борганимда, дарвоза қоровули:
– Каллангни хам қил, хўжайин келяптилар! – деди.
Унинг буйруғини тушунмаганимда, бояқиш энсамдан итариб, бошимни қуйига эгдирганди. Раҳбар виқор билан олдимиздан ўтиб кетгач:
– Энди каллангни кўтарсанг бўлади, – деганди.
Ўшанда 1962 йилнинг октябри эди. Орадан 55 йил ўтибди ҳамки, олдимда бошлиқ пайдо бўлса, бошим ўз-ўзидан қуйига эгилади…

Бизнинг «хўжайин» олдида эсанкирашимиз, «хўжайин»нинг «хўжайин»ига ялтоқланиши – қонимизга сингган иллатлар. Боши эгик фуқаро эса фуқаролик жамияти барпо этолмайди.

Таниқли ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамурод «Бекажон» газетасининг иккита сонини бериб:
– Мусо ва Исо алйҳиссаломлар ҳақларида Қуръони Каримда келтирилган ривоятларни мақола қилдим, ўқиб кўринг, – деди.
Мақолаларни ўқиб, муаллифга “Битикларингиздаги гаплар Қуръонда бундан қарийб бир ярим минг йил аввал баён этилган. Ҳозир цензор бўлганимда сизга миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни газетага эълон қилгансиз, дея айб қўярдим”, дедим.
Хайриятки, расмий идоралар К. Тўрамуродга бундай айбни қўймадилар. Аксинча, корхонаси раҳбарлари уни алқашди. Яқинда Каримберди:
– Мени табрикланг, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган йиғилишда «хўжайин» («Бекажон» газетаси эгаси) «Тўра Мурод газетамизга энг кўп даромад келтирувчи ходим», дея мақтади. Эртасига яна жамоани тўплаб, «Тўра Мурод газетамизнинг бош муҳаррири», деб эълон қилди, − деди.
– Табриклайман!
– Ҳали табриклашга шошманг, – эътироз билдирди. – Ўтган куни республика телеканалларидан бирида давлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган телекўрсатувда давлат газеталарига мажбурий обуна ташкил қилиб, тиражларининг кўплиги билан мақтанишаётганини айтганимдан кейин, «хўжайин» жамоани тўплаб, «Тўра Мурод газетамизнинг энг қўпорувчи ходими», деб ишдан бўшатди, – сўзига хотима ясади у киши.

Орадан яна бир неча кун ўтди. «Энг қўпорувчи ходим» билан тағин учрашдик.
– Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги «Бекажон» газетасида Исо алйҳиссалом ҳақида босилган мақолам учун менга нисбатан қандай чора кўрилганлигини расмий хат орқали сўрабди. Хўжайин «миллий, диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатганлиги учун ишдан олинди», дея жавоб қайтарибди, – деди.
Ваҳоланки, К. Тўрамурод телекўрсатувда айтган тўғри сўзи учун жамоа олдида айбланиб, ишдан ҳайдалган эди. Бироқ расман бундай «айб» билан уни ишдан олиб бўлмасди.  Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 16-моддасида: «Бош муҳаррир таҳририятга раҳбарлик қилади, оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг фаолияти учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади», дейилган.

Мабодо «Бекажон»да босилган мақола миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот бўлса, унинг чоп этилишига газетанинг оддий ходими К.Тўрамурод эмас, бош муҳаррир Тоҳир Малик жавоб бериши керак эди.

Юқорида номи келтирилган қонуннинг “5-моддасида: «Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир», дейилади. «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг 19-моддасида эса ҳар бир фуқаро ахборотни излаш, олиш, тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон мазкур декларацияга қўшилган. Демак, эркин фикрлаш К. Тўрамуроднинг туғма, ахборот йиғиш ва тарқатиш эса, фуқаро сифатидаги, қонуний ҳуқуқлари. Бунинг учун уни жазолаш инсон ҳуқуқини поймол қилиш, сўз эркинлиги, демократияга тош отиш билан тенг. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги раҳбарияти бу оддий ҳақиқатни тушунмаган, қонунни тан олмаган.

К. Тўрамуроднинг «фожиаси» шундаки, у киши республиканинг нуфузли нашри раҳбарига тик қараб, газетаси ҳақида бор ҳақиқатни очиқ гапирганлиги, бошқача айтганда, «хўжайин» олдида бошини қуйи эгмаганида.

Шу воқеалардан кейин К. Тўрамурод Самарқанд шаҳар ҳокимининг шаҳар кўчаларидаги бузилиши керак бўлган ҳовли-жойларни қулатишга таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларини жалб этиш тўғрисида берган расмий топшириғи тўғрисида интернетда чиқиш қилди.
Ҳаял ўтмай, шаҳар ҳокимлиги журналист чиқишига раддия бериб, муаллифни журналистлик одобини бузганликда айблади, «бузғунчи»ни тийиб қўйиш тўғрисида тегишли ташкилотларга оғзаки кўрсатмалар берилди. Кишини ажаблантирадиган жиҳати шундаки, уй-жойлар йиқитилиши хусусидаги шов-шувлар бошлангач, ўқитувчи ҳамда шифокорларнинг ўзлари бу ишларни бажариш учун ташаббус билан чиққанликлари тўғрисида ҳокимиятга тушунтириш хатлари бера бошлашди.

Фридрих Ницше «қулдорликни истовчи бўлса, қул, албатта, топилади», деган экан. Ўша «ташаббускор» ўқитувчи ва шифокорлар ҳаракатини қулликка интилиш дейишдан бошқа илож йўқ. Бошингни эгмасанг, энсангдан итариб, эгишади.

Бир ҳафта ичида «газетага энг кўп даромад келтирувчи ходим», кейин бош муҳаррир дея мақталиб, алал-оқибат «энг қўпорувчи ходим» тамғаси урилган ҳамда ишдан ҳайдалган Каримберди Тўрамуроднинг қадрдон жамоаси оғзига «сув олиб тургани», мазкур воқеалар интернетда кенг муҳокама қилингани-ю, бирорта босма ёки электрон оммавий ахборот воситаси бу хусусда миқ этмагани ҳам қароллик феъли ҳосиласи.

Дарвоқе, юқоридаги воқеалар юз берган кунларда Самарқандда «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунлар талаби қўпол тарзда бузилди. Таниқли журналист, блогер Тошпўлат Раҳматуллаев олий ўқув юртларида кечган тест синовларидан репортаж тайёрлаётганида ички ишлар хизмати подполковниги, журналистни айрим тартиббузарлар билан бирга, ички ишлар идорасига олиб кетишга буйруқ берган. Раҳматуллаев ҳужжат кўрсатганида «Биз сизни таниймиз, кимларга хизмат қилишингизни ҳам биламиз», дея қўполлик қилади. Журналист тайёрлаган материаллар, фотокамерасидаги хизмат ва шахсий хусусиятга эга фотосуратлар ўчириб ташланади.

Ички ишлар хизмати подполковниги журналистнинг кимларга хизмат қилаётганини билиши жуда қизиқ. Тошпўлат Раҳматуллаевни Ўзбекистондаги эркин фикрловчи ва бор ҳақиқатни очиқ ёза оладиган жасур журналист сифатида Америка Қўшма Штаталарининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва бошқа чет эл муассасалари турли матбуот анжуманлари, жиддий тадбирларга таклиф этиб туришади. Журналист, табиийки, ўша анжуманларда бўладиган гапларни интернетдаги ўз блогида очиқ-ойдин ёритади. Подполковник мана шу ҳолатни «душманларимизга хизмат қилиш» деб баҳолаган.

Ўзбекистон дунёдаги барча давлатлар, жумладан, АҚШ билан ҳам, дўстона ва ўзаро манфаатдорлик сиёсатини олиб боради. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расман фаолият кўрсатаётган бўлса, у ердаги воқеа-ҳодисалар ҳақида ўзбекистонлик журналист хабар тарқатса, нимаси ёмон? Подполковникнинг фикрича, Раҳматуллаев АҚШ айғоқчиси. Бу журналист шаънига қилинган очиқ ва оғир туҳматдир.

Т.Раҳматуллаев бу ҳақда Республика Ички ишлар вазирига очиқ хат ёзди. У киши подполковникни, туҳматчи сифатида, судга бериши мумкин. Туҳмат учун энг кам иш ҳақининг йигирма баробаридан юқори жарима қўлланади. Яъни, суд шу миқдордан кам жарима солишга ҳақли эмас. Ортиқ бўлиши мумкин. Подполковникка энг кам жарима солинганда ҳам у 3000000 (уч миллион) сўм тўлайди. Ўйламай айтилган бир оғиз гап шунчага тушса, ёмонми?

Бундан ташқари «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси», Ўзбекистоннинг журналистикага доир қонунлари талаби бузилгани, блогернинг эркин ишлашига тўсқинлик қилингани ва ҳоказолар учун жабрланувчи моддий ҳамда маънавий зиённи ундириш тўғрисида ҳам судга даъво аризаси бериши мумкин.

Шунча шов-шув бўса-ю, бор ҳақиқатни элга очиқ шойиъ қилиш даъвосида юрган Ўзбекистондаги газета, телеканал ёки радиостанциядан ақалли биттаси бу ҳақда бир оғиз фикр айтмаса, демократия, сўз эркинлиги тўғрисидаги ҳайқириқлар сафсаталигига ким ишонмайди? Лўттивоз «ташаббускорлар»дан ўзга ким ҳам ўз хоҳиши билан шундай газетага обуна бўлади?

Миршариф Хўжа

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *