Яшашдан мақсад нима?

Бу дунёдаги барча хатти-ҳаракатларимизнинг ибтидоси яшашга бўлган интилишга бориб тақалади. Аслида эса яшаш учун унчалик кўп нарса зарур эмасдек гуё. Лекин инсон онгли мавжудот  бўлгани боис шунчаки яшаш, ҳаво, сув, озуқа, иссиқлик, ёруғликка бўлган эҳтиёжларини қондириш билангина кифоялана олмайди. У яхши яшашга интилади, эҳтиёжларини имкон қадар тўлиқроқ қондириш пайида бўлади. Хуллас, инсон айнан шу майли – яхши яшашга  интилиш туйғуси билан бошқа мавжудот ва махлуқотлардан фарқланади.

Одамзод дунёга келибдики, яхши яшаш йўлларини излайди. Бу эса унда оламни билишга, ўзлигини анг­лашга интилиш, қавмдошлари билан ўзаро мулоқотда бўлиш ва маълумот алмашиш каби маънавий эҳти­ёжларни ҳам вужудга келтирадики, бугун энди айнан шу эҳтиёжлар қай даражада қондирилаётгани фаровон яшаш шарти, тўкин-сочинликнинг асосий омили ҳисобланмоқда.

Хўш, инсон яшамоқда, борингки бекаму кўст яхши яшамоқда. Лекин бундан мақсад борми ўзи деган савол барчамизни мушоҳадага чорлайди. Дарҳақиқат, инсон бутун ҳаётини, умрини еб-ичишга, кийинишга, молу дунё тўплашга, фарзандлар тарбиясига, тўю маърака қилишга, ҳордиқ чиқаришга, сайру саёҳат қилишга ва бошқа ишларга сарфлайди. Ва кейин умр йўлимизнинг нечоғлик мазмунли ўтган, ўтмаганлигини сарҳисоб қила бошлаймиз. Кундалик юмушлардан ҳам ташқари пичоққа илинадиган бирон бир иш қилдимми ўзи деган савол кўпчиликни ўйлантириши табиий ҳол, албатта.

Келинг, яхшиси умримиз сарҳисобини бугундан бошлайлик. Кун бўйи қилган ишларимизни икки бўлакка ажратайлик: хайрли ва бефойда амалларга. Шунда умримизнинг бир куни мазмунининг формуласи келиб чиқади. Натижа сизни қониқтирмаса, демак, мақсадсиз яшамоқдасиз.

Аслида эса яшашдан мақсад нима? Нима қилсак биз босиб ўтган умр йўлимиздан мамнун бўламиз, ҳаётимиздан қониқиш ҳосил қиламиз. Қандай йўл тутсак икки дунёмиз обод бўлади. Охиратда яратган ҳузурига қай аҳволда борамиз.

Шу тахлит ўй-хаёллар гирдобида юриб бехосдан савобли ишларни кўпроқ қилишга киришиб кетамиз. Қилган яхшиликларингиз эвазига ёмонлик кўрганингизда, савоб умидида бажарган амалингиз ортидан таънаю дашномлар эшитганингизда яна бошингиз қотади. Нима қилиш керак ўзи? Одамларга нима керак ўзи? Ҳатто саломингга алик ҳам олгиси келмайди-я. Яна бошингиз қотган.

Атрофингиздаги одамлар билан илиқ самимий муносабатлар, тинчлик-тотувлик алоқаларини ўрнатишни истасангиз, унда энг аввало кучингиз ўзингизга етсин! Бошқалардан ранжу алам кўрсангиз ҳам сиз уларга фақат яхшилик, эзгулик билан жавоб қайтаринг. Ўқрайганга жилмайинг, мушт кўтарганга таъзим қилинг, сўкканга сукут қилинг, бирортаси сиздан ноўрин ранжиган бўлса узр сўрашдан орланманг.

Халқимизда «Савобнинг таги тешик» деган ибора мавжуд. Ҳақиқатан бировга яхшилик қиласиз, аммо ундан жавоб қайтмайди, келса ҳам яхшилигингиз эвазига ёмонлик кўрасиз. Бировга раҳм қилиб қарз берасиз, ололмай қийналасиз, ҳатто унга душманга айланасиз. Бировга ёрдам қилиш учун битмаётган ишига елка қўйиб юборасиз, эвазига  кинояли «миннатдорчилик» ила сийланасиз.

Юқоридаги каби ҳолатлар сизни асло чиройли ишларни тарк этишга, бошқаларга яхшилик ва ёрдам қилмасликка даъват бўлиб туюлмасин. Яхшиликларингиз барбод бўлиб, иродангиз чилпарчининганида эвазига хазинаси тугамайдиган Зот томонидан савоб, яъни мукофотлар берилишини ўйланг-да, қилган ишингиздан фахрланиб, хурсанд бўлиб юраверинг.

Агар сизда ғам-алам пайдо бўлиб қолса ўзингиздан бошқаларга яхшилик қилинг ва гўзалликни ҳадя этинг, шунда қийинчилик ва машаққатни унутасиз ва ажойиб роҳатни ҳис этасиз. Демак, маҳрумларга нарса улашинг, мазлумларга ёрдам беринг, қийинчиликка тушиб қолганни қутқаринг, очни тўйдиринг, касални бориб кўринг, жабрланганларга ёрдам қўлини чўзинг, шунда сизни ҳамма томонингиздан бахт-саодат ва хотиржамлик ўраб олади.

Аслида ҳам яшашдан мақсад шу эмасми.

Яхшиликларни бажариб юриш худди хушбўй бир нарсага ўхшайдики, унинг кўтариб юрувчиси, сотувчиси, сотиб олувчиси, қўйингки барча  ундан наф олади.

Гоҳида муаммолар гирдобидан ҳориб-чарчаб, ёлғизликни истаб қоламиз, тоғу тошларга чиқиб, узлатга чекиниб кетгимиз келади. Аслида эса одамлар билан муносабатда узлатга чекиниш ҳам инсонга руҳий хотиржамлик бахш этади. Бу нарсани таркидунёчилик, ҳаммадан узилиб, бир уйда биқиниб яшаш, деб тушунмаслик керак. Узлат дегани ёмонликлардан, ёмон одамлардан ўзни тортиш, узоқлашишдир. Бекорчи билан қўшилсангиз, унинг бемаъниларча вақтни совуришига шерик бўласиз. Безорига яқинлашсангиз, бир куни унинг «қораси» албатта сизга ҳам юқади, жиноятига тортади, жазони ҳам бирга ўташга тўғри келади. Қиморбоз билан улфат бўлсангиз, яна ҳаётингиздан файз, фароғат кетди, деяверинг. Ичкиликбоз ёки гиёҳванд кимса билан ошно тутинсангиз-ку, умуман турмушингиз заҳар-заққумга айланади, ўзингиз хароб­лик чоҳига қараб йўл оласиз. Яшашдан мақсадингиз қолмайди.

Ана шундай кишилардан йироқлашгандагина фик­­рингиз тинчиб, хотирингиз роҳатланади, зеҳнингиз ҳик­мат дурлари билан жилоланиб, кўзингиз маърифат бўстонида сайр қилиб юради.

Оқил, заковатли инсонлар кулфат ва зиённи фойдага йўналтиради. Ҳар бир ёмонлик гўзал бир интиҳога олиб бориши мумкин. Бир фалокат эзгу, хайрли оқибат олиб келиши мумкин.

Оқил ва доно инсонлар ҳар бир бало-мусибатдан, бошларига тушган мушкулотдан ҳикмат излашади, йўқчилик ва йўқотишлардан ибратланишади. Замонамизнинг етук алломаси Садриддин Салим Бухорий дом­ланинг “Қалб гавҳари” аталмиш

 

Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё – тўртлигини мутолаа қилар эканмиз, бу мисралар замирида буюк кашфиётлар зоҳир эканлигига гувоҳ бўламиз.

Бу дунёда яхшилигу ёмонликдан, бахту кулфатдан, соғлик ва хасталикдан, бойлик ва фақирликдан, хуллас барча амаллардан ҳикмат излаган  ва уни топган кишигина ҳаётнинг асл моҳиятини англаб, умрининг мазмунини чақа бошлайди ва шу тахлит яшашидан маъно ва мақсад топади.

Қалбимиздаги эзгулик ва чин эътиқодимиз барчамизни юксак мақсадлар сари етакласин. Зеро ана шу юксак мақсад ва унга интилиб яшаш махлуқотлар ичра азизу мукаррам саналган инсон аталмиш хилқатга яратган томонидан ато этилган буюк бир неъматдир.

Акбархон МАГДИЕВ

 

“Ёшлик” журнали, 2011 йил 5-сон

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *