Жанозага келмайдиган дўстлар

«Дўст оғир кунда билинар» деган нақл бор халқимизда. Бу айни ҳақиқатдир. Яхши кунда улфатлар, ошнолар, таниш-билишлар, ҳатто душманлар ҳам ёнимизда бўлиши мумкин. Аммо оғир кунда фақат чин дўстларгина ёнимизда бўлади. Бу нарса кўпчиликнинг аччиқ тажрибасидан ўтгани шубҳасиздир.

Бир-икки маротаба ички ишларга ишим тушиб қолди. Шунда билдим нечта дўстим борлигини. Эҳ, тў-ю базмларда бирга ошхўрлик қилган, кўрганда қўлини кўксига қўйиб «Акажон» деган дўстлар қани дейсиз шу вақт! Тутдек тўкилиб кетди! «Ҳозир сизга яқинлашиб бўлмайди», дейдиганлар бўлди, «Телефонингиз эшитувда экан, менда гапингиз бўлса қўнғироқ қилмай СМС ёзинг», деганлар бўлди. Интернет орқали орттирган «ака»ларимдан юз ўгириб кетганлари бўлди… Мен одам ўлдирмаган эдим ё қонунга хилоф бирор иш қилмаган эдим. Шунинг учун ҳам озодликда бемалол юрган эдим… Майли, қанча оғир бўлмасин у кунлар ўтиб кетди…

Лекин инсон ҳаётидаги энг оғир кун ҳаёти тугаган кундир. Яъни вафот қилган кунидир. Ҳаётлигимда мендан юз ўгириб кетган «дўстларим» ўлсам жанозамда ҳозир бўлармиди?! Майли, жанозамни-ку ўқишга тўртта одам топилар, аммо мен улардан абадий узилиб кетган кунда яқинларимга қайси дўстим келиб тасалли беради? Ўша – ҳаётлигимда юз ўгириб кетган дўстларимми? Улар келишса ҳам хўжакўрсинга келиши мумкин, «Шу бир ошномиз ўлибди, кел шуни тупроққа қўйиб келайлик» деб келар балки. Лекин ким келиб менинг болаларимни бағрига босиб, «Йиғлама, болам. Отанг билан биз бир тан-у бир жондек дўст эдик, отанг бўлмаса мана мен борман! Ўксима, мен ҳам сенга отадекман!» дейди. Ким келиб тасалли бериб мушфиқ онамнинг кўзларидаги ёшларни тўхтатади? «Қўнғироқ қилмай туринг» деган «дўстим»ми? Ё «Сизга яқинлашиб бўлмайди» деганими? Балки интернетдаги «акалар»имдир…

Бир вақтлар интернетда бир ажойиб гап ўқиган эдим. Маъноси шундай: твиттерда унча дўстинг бор, фейсбукда бунча дўстинг бор… Нечтаси жанозангда ҳозир бўлади?

Дарҳақиқат, интернет орқали «дўст» орттириш муаммо бўлмай қолди. Фейсбукнинг ўзида ҳар бир киши 5000 та киши билан дўстлашиши мумкин. Лекин аксари «жанозага келмайдиган дўстлар». Яъни, шунчаки таниш-билиш, улфат, ошнолардек.

Уч-тўрт йил бурун дўстларимни синовдан ўтказадиган бир ҳол юз берди: оёғим жиддий синди – дарахтнинг шохи сингани каби синиб кетди. Натижада беш-олти ой даволандим. Бу муддатнинг дастлабки йигирма кунида ҳатто ўрнимдан ҳам тура олмадим. Доим ёнимда китоб, компьютер, телефон каби овунчоқларим бўлгани билан бир дўстнинг ҳол сўрашига муштоқ эдим. Шу вақтда фейсбукда 300 та атрофида «дўстим», қўл телефонимда ҳам шу адад атрофидаги кишиларнинг телефон рақами бор эди, яна қанча ёр-у дўстлар… Лекин бармоқ билан санарли кишиларгина ҳол сўради…

Оғиз кўпиртириб «дўстим, дўстим» дейишлик осон(дир). Лекин дўстлик шартларини бажариш, дўстнинг ҳақларини адо қилиш осон эмас. Каминанинг дўстлари кўп эмас, борларининг ҳаққини баҳоли қудрат адо қилиш ҳаракатидаман.

Баъзилар «Дўст бўламизми?», «Аллоҳ учун дўст бўламизми?» деб жўшиб гапиради. Лекин бундай кишиларнинг аксари билан дўст бўлсангиз дўстлик сўзда қолиб кетади. Ҳаққи адо қилинмайди. Шунинг учун камина бундай таклиф билдиришга ҳам, уни қабул қилишга ҳам ҳаргиз шошилмайман. Менга юз ўгириб кетадиган юзта дўстдан кўра ҳақиқий дўст бўла оладиган битта дўст афзал! Ўзим ҳам дўстман дейдиган бўлсам шундай дўст бўлишни истайман, йўқса шунчаки таниш-билиш, улфатмиз.

Мен мени мендек азизлай оладиган киши билан дўст бўлсам, ўлсам ҳам яшайвераман! «Жанозамга келмайдиган дўстлар»дан Худо асрасин!

Блогерлар мусобақаси учун Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф юборди.

4 комментария

  1. Juda ham ta’sirli post bo’libdi. Odamni o’ylashga, fikr yuritishga, atrofidagi odamlarga nisbatan teran boqishga va o’zining do’stlik deb yurgan tushunchasini taftish qilishga undaydigan bir ajoyib post bo’libdi. Post muallifiga cheksiz hurmatlar! Sizga mana shu tanlovda g’olib bo’lishingizni tilab qolaman. Ovozga qo’yilsa shu postga ovoz beraman.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *