Янги йилни ким қандай кутиб олади?

Янги йил байрамини жаҳон халқлари ғоят хилма-хил равишда нишонлайди. Айтайлик, ҳамма жойда Янги йил 1 январь куни бошланмайди. Ҳатто, Россияда ҳам дастлаб Янги йил 1 март куни, кейинчалик эса 1 сентябрда, яъни ҳосил йиғим-терим бошланган пайтда нишонланган. Фақат Пётр I подшолиги даврига келиб у ерда худди Европадагидек, 1 январь куни йил боши дея эълон қилинган. Ҳар бир жойнинг ўзига хос урф-одати Янги йил байрамини нишонлашда яққол акс этади.
Мьянмада Янги йил 12 ва 17 апрель кунлари оралиғида кутиб олинади. Иқлимшуносларнинг кўп йиллик кузатишлари шуни кўрсатадики, айнан шу вақтда мамлакатда энг кучли жазирама бўлар экан. Маҳаллий халқ ушбу байрамни ёвуз руҳларни қувиб, қурғоқчиликдан қақраган ерларга ёмғир ёғдириш маросимига айлантирган. Шу куни одамлар бир-бирига сув сепиб, ялқов руҳларни уйғотиб ёмғир чақиришади.
Бразилияликлар Янги йил оқшомида океан қирғоғига чиқиб, денгиз илоҳларидан юртига тинчлик ато этишни илтимос қиладилар. Улар шу мақсадда илоҳ Йеменжага ҳадя сифатида гуллар, кўзгу ва тақинчоқлар ортилган қайиқларни океан оқимларига қўйиб юборишади. Бу ўтган яхши йил учун миннатдорлик ва янги йилдаги тинчлик учун умидворлик белгиси ҳисобланади.
Вьетнамда Янги йилни ой календари бўйича 21 январь билан 19 февраль оралиғида кутиб олишади. Кўҳна ақидага кўра, ҳар бир хонадоннинг ўз худоси бор. Эмишки, у фалакка кўтарилиб, ҳар бир оила аъзоларининг ишларини овоза қилармиш. Бу худолар карп балиғининг елкасида яшар эмиш. Шу боис вьетнамликлар ҳар Янги йилда тирик карп балиғи харид қилиб, уни бирор ҳовуз ёки дарёга қўйиб юборадилар.
Ҳиндистон турфа маданиятлар мамлакати бўлганлиги туфайли, у ердаги одатлар бир-биридан катта фарқ қилади. Айрим жойларда Янги йил осмонга учирилган варракни ўқ-ёй ёрдамида уриб туширишдан бошланади. Шимолий ҳиндистонликлар шу куни ўзларини қизил, бинафша, оқ рангдаги гулчамбарлар билан безайдилар. Жанубдагилар эса ширинликлар билан тўлдирилган патнисларни болаларга ҳадя этишади. Бироқ, тонгда барвақт уйғонган кичкинтойлар кўзларини юмиб туришлари лозим бўлади. Патнис келтирилгач, улар гўё совғаларни миннатдорлик билан қабул қиладилар. Марказий Ҳиндистонда байрам куни бино пештоқларига зарғалдоқ байроқлар илиш анъанаси ҳозиргача сақланиб қолган.
Хитойда одамлар Янги йил кечаси кўчаларга чиқиб, ранг-баранг чироқлар ёруғида сайл қиладилар. Ёвуз руҳлар Янги йилда безовта қилмасликлари учун уларни ялтироқ мушак ва пақилдоқлар билан қўрқитадилар.
Куба аҳолиси Янги йилга ёруғ ва равон йўл тилайди, бунинг учун қоқ ярим кечада идишларни тиниқ, тоза сув билан тўлғазиб, уни деразалар орқали тўкиб ташлайди.
Непалда эса Янги йилда тонг отиши билан одамлар кўчаларда катта гулхан ёқиб, кераксиз эски-туски нарсалардан қутулиш учун оловга ташлайдилар.
Японлар эса ушбу байрамдан иложи борича фойда чиқаришга уринадилар. Уларнинг удумига кўра, Янги йил оқшомида қўнғироқ 108 марта чалиниш керак экан. Унинг ҳар бир жаранги инсондаги битта камчилик ва иллатни йўқотиши лозим.
Францияда Янги йил оқшомида тўйимли овқатлар пиширилади. Мусаллас ясовчилар шу куни соат занг ургач, вино тўла бочка билан қадаҳ уриштириб ичишади. Бу гўё уларни янги йилда юқори ҳосил олишларига кафолат берар эмиш.
Янги йил, айниқса, Россияда ғоят тантанали нишонланади. Халқ ўн кун давомида ишга чиқмай, байрам қилади. Чунки, уларда 1 январь – Янги йилдан етти кун ўтгач, эски янги йил ҳам кириб келади. Юлиан календари бўйича 7 январь янги йилнинг биринчи куни ҳисобланади. Дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин, Янги йилнинг кириб келиши одамларга чексиз қувонч ва шодлик бахш этади.
Тўпловчи:
Худойберди КОМИЛОВ.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *