Янги флэш-моб — ўзимизга ойна…(ми?!)

Ишга олиш учун диплом шарт қилиб қўйилган. Бу муҳрли «ҳужжат» оддий картон қоғозлигини била туриб, бу 90% сифатсиз билим тасдиғи эканлигини била туриб, ўша ишнинг ўзи таги йўқлигини била туриб… Ёшлар буни мантиқан бўлмасаям, интуитив тушунади.

Бундай тизим аҳмоқлик эканини жамиятга кўрсатгиси келадими?

Ёшлар қандай кўрсатсин?

Мақола ёзсинми? – Гектар-гектар қоғозларга ёзилган мақолалар ҳожатхонага кетди-ку.

Петиция қилсинми, порталга ёзсинми? – Гигабайтлаб шикояту таклифлар «Корзина», «Архив.ZIP»га кетди-ку.

Ёшлар бундан бехабар, лекин бефойдалигига фаросати етади.

Кўча ёшлари «дуб» бўлса ҳам «лох» эмас. «Билгандик, кутгандик, гуллатамиз, ана яхши бўбкетади…» демайди, кулгига қолишини яхши билади.

Энг осон ва самарали йўл – бу ношуд ДАВЛАТнинг ЁЛҒОНДАКАМ дипломини гербию муҳри билан оёғи остига олиб тепкилаш. «Аҳмоқона тартибу қонунларингга тупурдим», дегани бу.

«Шу матоҳ учун бизларни хор қилдиларинг. Пулимизни, умримизни, энергиямизни ўғриладиларинг. Қаёқдаги порахўр масхарабозларга ялиниб олдик шу картонни… Энди хеч йўқ аламимизни шу матоҳдан оламиз», дегани бу.

Коллежу университетлар Фалончиевларнинг катта бизнесига айланганига балки уларнинг ақли етмас. Бу бизнесменлар фойдани максималлаш учун миллатнинг малакасини минималлашга тайёрлигини балки ёшлар тушунмас. Лекин қаердадир кимдир уларни едирганини тахминан сезади.

Ёшларга қойил! Ўзи билмасдан туриб «катталар»га ойна тутишган.

Ҳа, улар ғирт тентак. Лекин ойнадаги биз ҳам соғ эмасмиз.

Азамат Андреев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *