ЯНА ҚАНЧА ҚУРБОН КЕРАК сизга АМАЛДОРЛАР?

Ёзайми ёзмайми кўп ўйландим. Кейинги пайтларда айрим таниш билишлар теварак атрофингга боққанингда “қора кўзойнаксиз” ҳам қарашни ўрганиш керак, дегувчилар ҳам топилди. Шу боисдан бундан буён фақат ҳамду санолардан иборат нарсалар ёзсаммикан деган хаёлгача бордим. Аммо 52 нафар ВАТАНДОШИМнинг жумбоқларга тўла фожиали ўлими мени кўпчилик қатори чуқур қайғуга солгани сабаб ўз мулоҳазаларимни сиз билан ўртоқлашишга туртки бўлди. Мен мусофирчиликнинг нонини еб кўрганман. Ўша тамонлардан минг афсусларким ўз акамни тобутини олиб келишимга тўғри келган. Икки нафар ҳамюртимнинг тобутини Ватанга юборилишида иштирок этишим пешонамга ёзилган экан. Шу боис мусофирчиликнинг нонини қандай қаттиқлиги, нима сабабдан шундай жаннат макон юртимизни ташлаб, ўзга юртларда мардикорчилик қилишга мажбур бўлганларнинг аҳволини мен жуда яхши биламан. Шу кунга қадар Ўзбекистонда ўзга юртларга пул топиш илинжида кетиб тобутда қайтганлар ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо шундай тобут келмаган биронта маҳаллани топиб бўлмаса керак. Менимча Афғондаги уруш чоғида ҳам бунчалик кўп “груз 200” юртимизга келмаган. Ачинарлиси шундаки, ўз эрини, акасини, отасини ўзга юртлардан жасади келган беваси, укаси, фарзанди яна барибир тирикчилик учун бегона юртларга кетишга мажбур бўлмоқдалар. Ҳалқимизда “кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деган гап бор, аммо ўз яқинидан айрилган юртдошларимизни яна нега хорижга мардикорчиликка кетишдан бошқа иложи йўқлиги ҳақида ҳеч уйлаб кўрганмисиз.
Ўз Ватанининг пойтахтида мардикорчилик қилишнинг азоби, ўзга юртлардагидан ўн чандон ортиқ бўлса, Тошкентга иш излаб келган вилоятликлар иккинчи сорт одамга айланиб қолса, аламидан ўзга юртга кетишдан ўзга чора бўлмаса, нима қилсин бу бечоралар?
Яқин яқингача муҳожирликдаги мардикорларнинг маоммолари юртимизда энг беэътибор ва ўта ёпиқ муаммолардан бири эди. Ҳолбуки ўша даврда ҳам Ватанининг расмий ҳимоясидан мосуво бўлсаларда, ўз юртига жарақ жарақ долларларни олиб келиб, республикамизни иқтисодий юксалишига ўз ҳиссаларини қўшишдан чарчамадилар.Фақатгина Россия Федерациясидан меҳнат муҳожирларимизнинг ўзлари 2011—2016 йиллар давомида 28 милларддан ортиқ АҚШ долларини банклар орқали Ўзбекистонга жўнатганларини инобатга олсак, меҳнат муҳожирларининг иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссаларининг нақадар катта эканлигини тан олиш лозим. Шу боисдан ҳам кейиги пайтларда президентимиз Ш. Мирзиёев тамонидан меҳнат мигрантларини ҳақ ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек хорижга ишга кетаётганларни сафини камайтириш учун мақсадида алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги бўлаётган ўзгаришларни халқимиз бугун ҳис қилишлари лозимлиги тўғрисидаги амалий кўрсатмалари бўлишига қарамасдан жойлардаги маҳаллий раҳбарлар замон билан ҳамнафас бўлиб фаолият кўрсатмаётганликлари оқибатида мана шундай фожиалар содир бўлаётганлиги учун амалдорларнинг виждони қийналмасмикан?
Бир ҳоким мактаб директорларини калтакласа, яна биттаси ўқитувчиларни куракда турмайдиган сўзлар билан ўқитувчиларни ҳақоратласа, учинчи бир ҳоким давлат маслаҳатчи олдида ёлгон ваъдалар бериб, ҳалқни алдаса, бу президент сиёсатини атайин саботаж қилиш эмасми? Жойлардаги баъзи ҳокимларнинг ҳатти ҳаракатлари менинг назаримда фақат кўзбўямачиликдан, ҳўжакўрсинчиликлардан иборат бўлиб қолганликлари ҳам 52 нафар ҳамюртимизнинг фожиали ўлимига сабаб бўлмадими?
Катта умидлар билан ташкил этилган Ёшлар Иттифоқи эътиборини керак нокерак тадбирларни сал камайтириб ёшларни бандлик масаласини, ёшлар орасидаги тадбиркорликни фақат қоғозда эмас амалда қўллаб қувватлашга кўпроқ қаратганда қаҳратон қиш тугамай тирикчилик илинжида ўзга юртга мардикорликка йўл олмасдику?
Маҳалла фаоллари ўз ҳудудидаги ҳар бир оилани аҳволини ўрганиб, реал кўмакка муҳтожларга амалий ёрдам бериш чораларини маъсул раҳбарлар олдига кўнгдаланг қўйганларида, бу йигитлар ҳозир ота онасининг, бола чақасининг олдида ўтирган бўлмасмиди? Афсуски маҳалла раисларининг кўпчилиги ўз вазифасига ўта совуққонлик билан қараётгани, қайғуси фақат тўй ҳашамларда “улуш” олишдан бўшамаётгани ҳам афсуски бор гап!
Россия йўналишидаги поездларга чиқиб кўрганингизда эди, нима учун бу одамлар тинчгина поезда кетишдан қозоқларнинг шалдироқ автобусида манзилига етишни афзал кўришини билардингиз. Йўқ сиз ўйламанг автобусда йўл ҳақининг арзонлиги асосий сабаб эмас. Поездга фалон пулга билет олиб чиққанингиздан проводник ёнингизга келиб “тинч кетишни истасангиз ака фалон рублдан берасиз акс ҳолда қозоқни мелисасига жавоб беролмайман” дея очиқчасига талончилик қилишларидан безганлар, қўрққанлар одатда шалдироқ автобус ёки енгил машина танлайди.
Ватанимиз ўзининг яна 52 паҳловонидан айрилди. Фарзандидан айрилган Оналарнинг, бева қолган сингилларимизнинг фарёди оламни босди. Вояга етиб энди суянчиқ бўлган ўғилларидан жудо бўлган оталарнинг бир кечада сочлари оқариб, бели букилди. “Отам қачон келади” дея савол бераётган болажонларнинг сўровларига ким нима деб жавоб беради.
“Умр оқар дарё” дейдилар, вақт ўтиб сал ўзига келиб олган она, ота, бева аел, ўғил, ака, ёки ука оилам, болам чақам деб тирикчилик илинжида яна хорижга мардикорчиликка отланаверади. Улар шундай қилишга мажбурлар! Лекин нега, уларнинг айби нима? Жаноб Ҳокимлар, катта кичик амалдорлар, БИТТА ПРЕЗИДЕНТНИНГ ЎЗИ ҲЕЧ ҚАЧОН БУТУН РЕСПУБЛИКАДАГИ АҲВОЛНИ ЯХШИЛАШГА ҚУРБИ ЕТМАЙДИ! ПРЕЗИДЕНТ СИЗЛАРГА ИШОНИБ МАНСАБ БЕРИБ ҚЎЙИБДИ! ҲАЛҚ СИЗГА МАОШ ТЎЛАБ, БОЛА ЧАҚАНГИЗНИ БЕКАМИ КЎСТ БОҚИШ ИМКОНИНИ БЕРИБ ҚЎЙИБДИ! Агар салгина бўлсада виждонингиз қолган бўлса, ўз вазифангизга ВАТАН, ХАЛҚ ОЛДИДАГА маъсулият ҳис қилиб ёндашинг. Ишонаверинг Президентимизнинг фармону қарорлари, Давлатимизнинг қонунлари, Хукуматимизнинг дастурларини ижроси жойларда ҳеч бўлмаса 70 фоизга таъминланса фарзандларимиз ўзга юртларда дарбадар бўлиб юрмайдилар! Оналар фарзанд доғида куймайдилар! Қизларимиз бева қолмайдилар! Болаларимиз етим бўлмайдилар! Қачонки сиз амалдорлар баланд минбарларда айтилган гапларни худудларда хўжакўрсинга фақат қоғозда эмас, реал ҳаётга амалга оширсангиз, шундагина Юртимизда тадбиркорлик ривожланади, иқтисодиётимиз юксалади, маънавиятимиз ошади, халқимиз сиздан рози бўлади, болаларимиз чинакам бахтли бўлади! Кўзингизни очинг амалдорлар, шунча бегуноҳларнинг ўлими сизни мудраган кўзларингизни очилиши учун етмайдими?

Давлат Назар

2 комментария

  1. Табиб табиб эмас,бошдан ўтган табиб,дейишади.Бу инсон акасини,икки юртдошимизни маййитини мусофир юртлардан олиб келган экан.Осонмас! Ҳамма гаплари,эътирозлари тўғри! Гап ўшаларга таъсир қилиш қилмаслигида қолибди

  2. Хар кандай фалокат хеч бир сабабсиз юз бермайди. Бир нарса сабаб килиб курсатилади. Фалокат келганда инсон айбни бошкалардан эмас, узидан излаш керак. Бе айб Парвардигор!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *