Яккаланган қариндош ёки ҳақ излаганлар хўрланиб, сохта дипломлилар ҳурматланган мактаб ҳаётига бир назар

Ўнлаб сериаллардан иборат «Жиловланмаган Африка» ҳужжатли фильмини такроран қанча томоша қилманг, ¬барибир, меъдангизга тегмайди. Нималаридир, қай манзаралари биландир йигирма биринчи асрга келиб ҳам шафқатсиз чангалзор қавмига хос ўлжа талашиб яшаётган ёввойи одамларни эслатиб юборадиган йиртқичлар турмушини кўз ўнгингизда аслича намойиш этувчи ушбу сериал кишини ҳаёт ҳақида теран тафаккур қилишга ундайди. Кийикми, тўнғизми — ўлжани-ку аҳиллик билан овлайдилар. Бироқ, тақсимлашга келганда салмоқли улуш тиш-тирноқлари кучлиларга насиб этади. Заиф ва ¬касалманд бўрига суягу тери ё ичак-чавоқ тегади. Мана шу тақсимотга кўнмагани боис, қариндошлари томонидан ёлғизланган бўрига янги жамоа ¬топиш ё насиб этади, ё ундан омад буткул юз ўгириб, дарбадарликда ҳалок бў¬лади. Қизиқ томони, йирт¬қичларнинг шафқатсиз қонуни ҳукм сурган бундай манзарага Шўро даврини кўрган авлод ҳам бевосита гувоҳ бўлди. Айниқса, 90 йилларда давлатни комфирқа даҳоларидан ҳам кўра, (Б)Ў(ғ)рилар қонуни — «Вор закон» ¬асосида уюшган жиноятчилар мафияси бош¬қаргани кўпчиликка яхши маълум. Бозордами, гавжум чорраҳадами, ¬хуллас, кўпчиликнинг кўз ўнгида бир ҳимоясиз мўминни уюшган тўда ўласи қилиб калтаклаётган бўлса ҳам одамлар ¬худди биттасини йиртқичлар бўғизлаётганига ожизларча қараб турган кийиклар тўдаси каби қўрқиб томоша қилиб турардилар. Лоқайдлик ҳукм сурган бундай манзарани сиё¬сатчи файласуфлар «Оломон психологияси муҳити» деб атайдилар. Уюшган манфаатпарастлар ўзига ёқмаган ¬кимнидир ёлғизлатмоқчи бўлишса, худди ана шундай муҳит яратиб, сўнг ундан унумли фойдаланадилар. Энг ёмони, орадан ¬чорак аср вақт ўтса-да, ўша ҳадик, ўша қўрқув айримларимизнинг фитратимизда ҳануз сақланиб қолмоқда.

Бир неча йилдирки, Балиқчи туман халқ таълими муас¬сасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли 15-умумий ўрта таълим мактабида кечаётган нохуш ҳолатлар тафаккури соғлом ¬кишига юқорида келтирилган манзараларни эслатади. Мазкур таълим-тарбия ўчоғида ишлаб келаётган 27 нафар муаллимнинг тенг ярми Раҳмонов фамилиясида. Яхшилаб -суриштирсангиз, ота-боболарининг исм-шарифлари ¬бошқачароқлари ҳам бегона эмас. Аёллари эрининг ¬фамилиясида, ё бўлмаса, раҳмоновларга келин, куёв, қуда-анда бўлиб чиқади. Орада бирор бегона бўлмаса ҳам ёмон экан. Ағёр излаб, охири бирор ношудроқ қариндошни яккалашар экан. Обдон «чегарадан ўтиб кетиб» ёлғизлатилган қариндош гарчи бўш-баёв, ношудроқ бўлса-да, пичоқ суякка етгач, туппа-тузук рақибга айланаркан.
Худди шу жамоада ўттиз етти йил жуғрофия муаллими бўлиб ишлаб келган Исматулла домла мактаб директори Неъматилла Раҳмоновга туғишган ука бўлади. Донишманд ота-боболаримиз, ака-укаларни қуда-анда бўлмоқ уёқда турсин, бир-бирига яқин қўшни бўлиб яшашдан ҳам қайтарганлар. Эҳтимол, битта мактабда, бири бирининг қўл остида ишламаганида бир қоринга сиғишган ака-укаларга бугун кенг мактаб торлик қилиб қолмасмиди? Хўш, мактаб директори Неъматулла Раҳмоновни туғишган укаси Исматуллани тирсаклашига, укани ўз акаси устидан турли идораларга ¬ариза ёзишга нима мажбур этди? Агар томонларнинг фикрига қулоқ тутсангиз, калаванинг учи баттар чувалашади. ¬Мактаб директори курсисини учқур улоқчи от каби галма¬-гал алмашиб минишни одат қилган амаки-жиян Неъматилла ва Дилшодбек Раҳмоновлар муаллим Исматиллани нонкўрдан олиб, туҳматчию фитначига солади. -Муаллим Исматилла эса, акаси директор Неъматиллани нафсингир, ноинсоф раҳбар, Дилшодбекни эса дипломфуруш, сохта дипломли гумашталарининг ҳомийси сифатида таърифлайди.

— Акам Неъматилла нафс йўлида беш эмас, ўн бармоғини оғзига тиққанларни ҳам чангида қолдириб кетди, — дея ҳасратланди Исматилла, — инсофга чақирганларни эса, ашаддий душман ўрнида кўради. Мактаб мол-мулки ва маблағларини ўзига ҳамтовоқ, гумашта бўлган қариндошлари билан хомталаш қилиб келмоқда.
— Ахир, ўзингиз ҳам энг яқин қариндоши — ¬укасисиз-ку?
— Тўғри, бироқ, мен ва мактабда ишлайдиган ўғлим ҳамда келиним унинг назарида ашаддий ғанимларга айлан¬ганмиз. Гўё аҳил жамоани пароканда қилаётган ¬ичиқора душманлармиз… Аслида эса, отамерос мол ¬талашиб эмас, уни Яратганнинг ғазаби келадиган жиноят¬лардан, гуноҳ ва иснодли ишлардан қайтараман деб -яккаланиб қолдим, биродар.
— «Яратганнинг ғазаби келадиган ишлар» деганингиз нимаси, Исматилла ака?
— Қайси бирини гапирсам экан? Масалан, кам таъминланган оилаларнинг болаларига давлат томонидан бериладиган мактаб ёки спорт формасини олайлик. Болалик давримда ҳатто ғирт етим бўлган синфдошларимиз ҳам бундай эҳсонни олишга уялар, кўпчилик ўртасида берсалар, олмасдан, йиғлаб синфхонадан қочиб чиқиб кетишарди. Ҳар ҳолда бизнинг авлод ана шундай ор-¬номусли қилиб тарбияланган. Етимларга садақа, эҳсон тарзида берилажак нарсаларни у кийим-кечакми, егулик ё пулми чала етимлар тугул, ғирт етимлар ҳам қабул қилишга орланарди. Ҳайронман, битта ота-онадан туғилганмиз. Неъматулла акамга ҳам, менга ҳам ота-онамиз нафақат етимларнинг, умуман, ўзгаларнинг ҳақидан қўрқиш кераклигини уқтириб келишган. Неъматулла акам билан Дилшодбек амакиваччамни нима жин урдики, ўшандай сағирлару камбағалларга аталган кийим-бошларни бемалол олиб, фарзанду невараларига беришаяпти. Дарс соатларию устамалар, директор фондидан берилажак ¬молиявий кўмакларни одам ажратиб, ўз гумашталари -билан бўлишиб олаяптилар. Тағин денг, қалбаки диплом сотадиган манбани топиб олиб, кўплаб гумашталарини ўз жиноятига шерик қилиб, ҳатто бунинг учун тергов бериб, суд залидан авф этилган амакиваччам Дилшодбек билан директорлик вазифасини галма-гал алмашиб эгаллаб келишмоқда? Бундай қинғир ишларнинг пайини -қирқиш асосий вазифаси бўлган ҳуқуқ-тартибот идораларининг мутасаддилари эса, бир асос ўйлаб топиб, уларнинг ишини ёпиб, мендан жиноятчи ясамоқчи бўладилар. Ҳайронман, биргина бизнинг мактабимизми десам, бутун бошли Балиқчида мазлумларнинг додига етадиган мардлар топилмаяпти? Туман прокуратураси томонидан текширишга юборилган Молия бўлимининг бош ҳуқуқшунос маслаҳатчиси Мухторжон Туробжонов холислик ¬мезонини мутлақо унутиб, акам Неъматулло ва унинг ¬тарафдорларининг кирдикорларини ёпиш пайида бўлди. Дейлик, баъзи бир масалаларда ишни пухта қилмагандирман. Айрим масалаларни далиллар билан асослаш қийин бўлгандир. Аммо, чора кўришга келганда 2016 йилнинг 14 май куни ёзилган текшириш далолатномасига яққол исботи билан киритилган жумлалар ҳам адолат¬пешаларнинг назаридан четда қолиб кетди. Масалан (И.Раҳмонов қуйидаги фактни ўқиб беради):
«…Мактабнинг собиқ директори Раҳмонов Неъматжон ўғли Раҳмонов Хуршидга 2002 йил коллеж дипломини сотиб олиб 15-мактабда жисмоний тарбия дарсини берганлиги юзасидан ўрганилганда қуйидагилар аниқланди… коллежга алоқа хати орқали мурожаат қилинганда Раҳмонов Хуршидга тегишли бўлган 205609 рақамли ҳамда 209569 рўйхатга олиш рақами 2486 сонли диплом бланкаси Бўз педагогика касб-ҳунар коллежига тегишли эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилди… 2007 йил июль ойидан 2012 йил апрель ойига қадар 9 658,0 минг сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган иш ҳақидан ажратма учун 2 414,5 минг сўм жами 12 072,0 минг сўм иш ҳақлари ҳисоблаб тўлаб юборилишига йўл қўйилган…»
Тасаввур қилинг, бир замонлар ҳатто ўғриларда ҳам уят бўлган экан-да. Отам раҳматли айтиб берардилар, қўй тугул, битта товуқ ўғирлагани элга ошкор бўлган эркак «Энди бу ерларда бош кўтариб юришим ҳаром» дея ярим тунда кўч-кўронини аравага ортиб ҳамқишлоқлари тополмайдиган олис-олисларга кўчиб кетар экан. Бугунга келиб эса, бегона эмас, ўз ўғлига сохта диплом сотиб олиб бериб, яъни жигарбандини шундай ҳаром ишларга ўргатиб, тағин уни покиза ва беғубор болаларимизга устоз этиб тайинлаб қўйган акам Неъматулла ҳам, уюшган жиноий гуруҳ бўлиб, минг долларга диплом сотган амакиваччам Дилшодбек Раҳмонов ҳам, гоҳ мактаб -директори, гоҳ унга маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосар бўлволиб: «Устоз деган номга нолойиқ, бундайларга мўътабар даргоҳимизда ўрин йўқ» дея менга ўхшаган ҳимоясизларга қўлларини бигиз қилишмоқда. Қилдан қийиқ ахтариб, қаллобларни ҳимоя қилиб, мени судлашгача бораётган ҳуқуқ посбонларининг устидан кимга дод дейин, ахир?

Изоҳ: махсус мухбиримиз холислик нуқтаи назаридан ҳар икки тарафнинг ҳам фикрига қулоқ тутиш мақсадида мансабдор раҳмоновлар билан ҳам суҳбатлашмоқчи бўлганида, «Мана далолатномалар, унинг аризасини йигирма бешта жойдан келиб текширишди. Нима, силар улардан ҳам зўрмисилар?» деган қўрс муомалага дуч келди. Яратганнинг олдида ҳам, конституциямизда ҳам одамлар мансаб-мартабасига қараб «зўр» ё «ким зўр?»га ажратилмайди. Буни англаш учун эса, соғлом тафаккур керак, холос.

Икки тараф ҳам бир-бирларини зўр бериб ёмонласа, унда ҳужжату далиллар нима дейди?

Дарвоқе, ҳужжатлар… яхшиямки дунёда ҳужжатлар деган тушунча ¬мавжуд. Акс ҳолда, «Ҳужжатсиз гапирди» деган айблов билан қанча бечоралар тил-забонсиз қилинган бўлур эди. Айтайлик, бехосданми, қасдданми «қовун тушириб» ўзгаларга моддий ё маънавий зарар ¬етказиб қўйганларга жазо муқаррар. Дейлик, арпами буғдойни хом ўрдирган фермер буюртмачи(давлат)га режадаги хирмон салмоғидан-да катта товон тўлайди. Шунингдек, боғбон мевани пишмасидан бозорга олиб -чиқса, куяди. Боғ бировники бўлса зарарини тўлайди. Аммо мана шундай мезон Исматилла домла каби ҳузурига ҳимоя сўраб келганларни адолат қалқони билан уриб гангиратган, ҳамкасбларини уятга қолдириб юрган миршаб тўраларга қачон тааллуқли бўлади?

Балиқчи туман ИИБ Тергов бўлинмаси терговчиси ¬капитан Э.Х.Мирзааҳмедовнинг «андак барвақтроқ» қабул қилган қарори асосида йўллаган (андак бадхатроқ) ¬жавоб хатидан:
«…терговолди текшириш ҳаракатлари як(е)унига кўра, М. Мирзаева ва бошқаларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли, 2016 йилнинг 05 ноябрь куни жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.»
Ана энди «андак барвақтроқ» деган иборамизни ¬жаноб Э.Х.Мирзааҳмедовдан юқори тургувчи мансабдорнинг ¬жавоб хати орқали изоҳлаймиз:

«…аризангиз туман ИИБ ТБ (терговчиси, капитан Э.Х. Мирзааҳмедов — Б.О, О.Ж)томонидан текширилиб, 05.11.2016 йилда жиноят аломатлари йўқлиги асоси ¬билан қарор қабул қилинган. Қарорни қонунийлиги туман ¬прокуратураси томонидан ўрганилганда барвақт қабул қилинганлиги аниқланиб, 24.03.2017 йилда бекор ¬қилинган ва қўшимча текширув ўтказиш туман ИИБ ТБга топширилган…
Вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси М. Э. Эгамбердиев».

Бизнингча, капитан Э. Х. Мирзааҳмедовга ўхшаган ¬тўралар мансаб ваколати ўзиникидан пастроқ ё умуман ваколати бўлмаган оддий одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини сариқ чақага олишмайди шекилли, ҳис-ҳаяжон ила ¬барвақт чиқарган қарорлари сўнгида ҳеч иккиланмай: «…норози бўлган тақдирингда истаган жойингга шикоят қилавер!..» деган нописанд жумлани ҳам қатъий ишонч билан тиркаб қўяверадилар. Таажжубли томони, бундай димоғдор тўралар ҳар қанча хато, ҳар қанча дилозорлик қилсалар ҳам гуркираб униб-ўсаверадилар. Элёрбекни ҳам ҳадемай майор унвони ё юқорироқ лавозим билан қутлашга тўғри келиб қолар, балким. Улардан адолат сўраганларнинг эса, кўнгиллари синиб, чилпарчин бўлиб қолаверади.

Кўнглимизда тағин бир оғриқли савол кўндаланг туриб қолмоқда. Яккаланган қариндош Исматулла Неъматов шу йилнинг 29 майи санаси билан Балиқчи туман прокурори А.Турғунбоев ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи А. Назаров номига ариза ёзиб, директор ¬Раҳмонов Неъматулла ва унинг дипломфуруш ўринбосари Дилшод Раҳмоновларнинг директор жамғармасидан берилажак мукофот пулларни ўзларича тасарруф этиб, бегона эмас, яқин қариндошдан-да яқин бўлган хотини Эргашева Фазилат, синглиси Турғунова Нодира, келинлари Назира, Сабоҳат, Дилноза, Сожида Раҳмоноваларга, ¬илмий бўлим мудири Мухтасар Раҳмонованинг қизи Нурхон Имомалиеваларга тақсимлаб бераётганлари, шунингдек, икковлон ўзларига отнинг калласидек мукофот пуллари ёзиб ўзлаштираётганлари, ўзларига ёқмаганларнинг дарс соатларини қисқартириб, синфларини коллеж маълумотига эга келини Ҳуснидага олиб бергани, ¬қолаверса, минг АҚШ долларига диплом сотиб суднинг қора курсисига ўтирган Дилшод Раҳмоновни мактабдек мўътабар маскандан четлатиш ва бошқа масалаларда тезкор ёрдам сўраганди. Аммо жаноб прокурор ҳам бошқарма бошлиғи ҳам негадир оғизларига талқон солиб олгандек жим-житлар. Орадан уч ой вақт ўтган бўлса-да, ақалли қонун ҳурмати Исматилла Раҳмоновга бир парча жавоб хати йўллашмаган.
Тўпланган ҳужжатларни кўздан кечираётиб, мактаб директори Неъмат Раҳмонов имзоси билан «…Садоқат Отахонова ҳамда Баргида Отахоновалар 1997 йили мактабнинг биринчи синфига ўқишга қабул қилиниб, 2005 йилда 9 синфни тамомлашган» деган маълумотномага дуч келдик. Ваҳоланки, Бўз педагогика коллежи директори Раъно Содиқова берган маълумотномада эса: «Садоқат Отахонова ҳамда Баргида Отахоновалар Бўз педагогика коллежига 2004 йилда ўқишга кириб, 2007 йилда ўқишни тамомлашган…» дейилмоқда. Қизиқ-да, мактаб илмий бўлими мудири Мухтасар Раҳмонованинг қизи Садоқат Отахонова ҳамда жияни Баргида Отахоновалар бир вақтнинг ўзида ҳам мактабда, ҳам коллежда ўқишганми?

Демак, бу ерда ҳам аллақандай мансаб ваколатидан паст ва ғараз мақсадларда фойдаланган ҳолда фирибгарликми, ҳужжат сохталаштириш эвазигами манфаат кўриш сингари бир талай жиноятларнинг ҳиди анқимоқда. Бу ҳақда ариза ёзиб, натижасини суриштирган Исматулла муаллимни эса Балиқчи туман ички ишлар бўлими, туман прокуратурасида ваколатли вазифаларни эгаллаб турган бемалолхўжа терговчилару молия бўлими ҳуқуқ маслаҳатчилари «Сенга ҳисоб беришга мажбур эмасмиз, истаган жойингга арз қилавер!» дея жеркиб ташлаяптилар. Улар ҳатто Президентимизнинг виртуал қабулхонасига ёзилган аризаларга ҳам беписанд¬лик билан ёлғон-яшиқ жавоб бераяптиларки, бунинг оқибатида, етим-есирлар, камбағалларга хайр-эҳсон сифа¬тида берилажак либосларни, дарс соатлари, ¬директор фондидан ажратилаётган мукофот пулларини ўзлари ва қуда-андалари билан талон-тарож қилиш, ҳамтовоқларию ҳатто ўз фарзандларини сохта дипломлар ¬билан таъминлаб, уларга отнинг калласидек маошлар -бериш сингари ўта иснодли ҳаром-хариш ишларни ҳеч бир ҳадиксиз амалга ошираяптилар.

Мактабнинг собиқ директори Дилшод Раҳмонов «минг «кўки»га диплом сотиб, бағрикенг ҳукуматимиз томонидан авф этилган, «шовқин-суронлар тингунча» вақтинча мансаб эгарига амакиси Неъматулла Раҳмоновни миндириб, ўзи айни пайтда унга маънавий-маърифий ишлар бўйича муовин бўлиб турган (Тавба дегинг келади. Балиқчининг каттаконлари «маънавий-маърифий ишлар» деган сўзнинг маъносини билишармикан? Билишса, бундай мўътабар ишни бир дипломфурушнинг зиммасига юклаб қўйишармиди? — Б.О, О.Ж ) бўлса;

Дипломларининг қалбаки эканлиги фош бўлганидан сўнг ҳам бир тўда уруғ-аймоғу келин-кепчик, қуда-анда, куёвтўраю қиёматли жўралардан ҳануз қалбаки диплом орқасидан давлатнинг кўзини боғлаб йиллар мобайнида олиб келган маошлари хазинага қайтариб тўлатилмай, аксинча, бу эркатойлар айни чоғда ҳам муқаддаслиги масжидга тенглаштирилган мактабдек покиза даргоҳни оёқости қилиб юришган бўлса;

Диплом сотган, сотиб олганларнинг «Жиноий ишлари»ни бир амаллаб амнистияга қадар олиб борган адолатпешалар, ушбу сохта дипломлар кимлар томонидан тайёрлангану, бу жиноий хатти-ҳаракатлар қачондан бошлангану бошу адоғида кимлар тургани, қанча даромад кўрилгани, айни чоғ ҳам бу ҳаром-ҳариш ишлар давом этаяптими-йўқми каби саволларнинг тагига етиш ҳақида ўйлашмаса;

Нима учун сохта дипломлар можаросининг калаваси ҳар сафар Бўз педагогика коллежига думалаб бораяпти, деб ўзларига ўзлари савол беришмаётган бўлса;

Раҳмоновлар сулоласининг 15-мактабни «Маҳобхорат» майдонига айлантириб юборганини Балиқчи тумани ҳамда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда элнинг маънавий оталари бўлмиш катта-кичик ҳокимлар кўриб, томоша қилиб ўтирган бўлсалар…

Ҳақли савол туғиларкан:

Балиқчида ва умуман Андижон томонларда маорифнинг эгалари борми, ўзи? Улар қачон ғафлат уйқусини тарк этадилар?..

Бахтиёр ОЛЛОМУРОД,
Одилжон ЖЎРАЕВ,
«Муштум»нинг махсус мухбирлари

«Муштум» журналининг 2017 йил 9-сонидан олинди.

4 комментария

  1. Халқ таълими соҳасида бу каби ишлар кўпайиб кетди. Эҳтимол боғча, мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари хусусийлаштирилига йўл очилса, қайсидир маънода юқоридаги каби ҳаром-хариш ишларинг олди олинган бўлармиди?

    1. Узи институтларда хам бир кафедрада агайнчлик, ака-ука, опа сингилкар, куда-андалар, она-угил кабилар окулай булади экан. Жуда купайиб кетди. Булар на куонкурс бор на танлов. Институтга камида 3-5 йил мактабда стаж орттириб келишсин, кейин олишсин.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *