Исмоил Оллаберганов: «МЕҲМОН БЎЛГИМ КЕЛАДИ»


Исмоил Оллаберганов 1957 йилда Хоразм вилояти Хонқа туманидаги Қорақош қишлоғида туғилган. 1981 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика Университетининг фиолология факультетини сиртдан битказган.Иш фаолиятини 1975 йилда Хонқа туман “Шонли меҳнат” газетасида адабий ходимликдан бошлаган. Сўнгра “Хоразм ҳақиқати” газетасида мухбир, “Хоразм” нашриётида директор бўлиб ишлаган. “Хоразм зиёкори” газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“ҲЎКИЗИНГНИ БЕРИБ ТУР!”

-Оила иқтисодини кўтараман, десанг ҳўкиз боқ!
-Ҳўкиз боқишнинг ўзи бўладими? Хунини ейди жонивор.
-Аслида товуқ асрашдан яхшиси йўқ. Нега десанг, 150-200 та товуғинг бўлса, ўн-ўн бир ойда битта ҳўкизнинг пулига тухум сотасан. Дон-дуннинг пулини ҳам ўзи кўтаради.
-Товуқни шунинг учун ҳам етти хазинанинг бири дейдилар-да! Каллангга қойилман, каллангга!
-Тўғри-да, ҳўкизни ҳўкиз қилгунча кўзинг оқариб, суягинг супурги бўлади…
Хуллас, биров у дейди, биров бу. Менга деса ҳўкиз асраган маъқул. Нега бўларди, ҳўкиз кўзга ёқимли бўлиб семиргач, ўзини ўзи боқар экан.
Кўримсизгина буқачамиз бор эди. Ўйин-ўйиндан икки йилда бинойидек новвос бўлди қўйди. Юввошлигини айтмайсизми. Ўт-емини егач, таппа ерга ташлаб дам олади. Терилари ялтираб: 250-300 килограмм гўшт берадиган қиёфага етди.
Ана энди бундан хабар топган қассобларнинг илтимосини кўрсангиз.
-Ўтган бозор арзон гаровга ўрта-миёнагина бир сигир олгандим. Шуни гўштини ўтказмасам бўлмайди. Икки кунга ҳўкизингни бериб тур, жон ука!
-Ие бунга ҳўкизнинг нима алоқаси бор?
Қассоб у ёқ, бу ёққа аланглаб қулоғимга шипшийди:
-Гўштни сотиб бўлгунча ҳўкизингни гўшт дўкони олдига боғлаб қўяман. Буям бир реклама-да!
Хуллас, у ҳўкизни олиб кетди. Ҳўкиз жонивор ҳам беозоргина бўлиб изидан эргашди.
Эртасига йўлим тушиб гўшт дўкони ёнидан ўтдим. Дўкон олдида бизнинг новвос кўрган кўзни қувонтириб боғлоғлиқ турибди.
Дўконга кирсам, қассоб харидорларга гап уқтиряпти:
-Кеча бозордан иккита новвос олгандим. Шуни бирини сўйдим. Мана гўштини кўриб турибсиз. Иккинчиси ана, ташқарида боғлаб қўйибман. Худо хоҳласа бугун бу гўштни сотиб бўлсам, эртага анави ҳўкизни сўяман.
-Гап йўқ, ҳўкизнинг роса семизини топибсиз, -дея харидорлар гўшт олиб дўкондан мамнун қиёфада чиқишди.
Қассоб улардан-да мамнунроқ алфозда менга кўз қисиб қўйди.
-Ўн беш – йигирма килоча гўшт қолди. Ҳўкизингни кечқурун олиб бораман. Албатта қуруқ бўлмайди, -деди қассоб.
Хуллас, кечқурун ҳўкизим қайтиб келди. Қассоб ҳўкизга қўшиб бир қоп кепак, икки килоча гўшт ташлаб кетди.
Индинга бошқа қассоб ташриф буюрди:
Ҳўкиз икки кундан кейин ўз насибаси билан қайтди. Бу гал ҳўкизимга қўшни қишлоқлардан ҳам илтимослар туша бошлади. Ҳали-вери йўқотиш ниятим йўқ. Менга оғирлиги тушмаганидан кейин сотиб нима қиламан, тўғрими?!
Ие эшик тақилладими? Яна бирор қассоб келди шекилли? Мен қараб боқай-чи

КАСАЛХОНА ТАОМИЛИ

Қишлоқ касалхонасининг туғруқхона бўлимига ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги аёлни келтиришди. Уни тинмай тўлғоқ тутарди. Туғишдан олдин унга карта тўлдириш керак экан. Рўйхатхонадаги қиз “Бунингсиз мумкин эмас!” –деб туриб олди икки оёғини бир этикка суқиб. Таомил шунақа эмиш. Ҳомиладор аёл бояқиш зўрға тишини тишига қўйиб турибди.
-Биз фарзанд кутяпмиз. Бу расмиятчиликни қўйсангиз-чи! –деди ҳалиги аёлнинг эри рўйхатхонадаги қизга.
-Биз эса комиссия кутяпмиз! Беморнинг картаси тахт бўлиб туриши керак! –дея ғудранди қиз.
-Ахир у бемор эмас-ку. Ҳеч қандай касали йўқ, -дея туриб олди ҳалиги аёлнинг эри.
Ниҳоят қизнинг ўжарлиги ғолиб чиқди. У бамайлихотир картани тўлдира бошлади:
-Исми-фамилиянгиз?
Ҳомиладор аёл зўрға инқиллаб-синқиллаб айтди.
-Нечта болангиз бор?
-У… уу…увв…учта-а!
-Нечанчи туғишингиз?
-Тўртинчи-иии!
-Касбингиз?
-Ойи! Вой, ойижон!!! –дея қичқирди ҳомиладор аёл.
Қиз эса “касби” деган графага “ойи”, деб ёзиб қўйди.
Хуллас, қизи тушмагур ўз ишига тоза пухта чиқди. У роса йигирма минут карта тўлдирди. Бу орада аёлнинг кўзи ёридию шошиб қолган энагалар уни туғруқхонага олиб кетиш тараддудини кўра бошладилар.
-Тўхтанглар-ов, -деди рўйхатхонадаги қиз, -мен картани энди бошқатдан тўлдиришим керак. “Нечта боласи бор?” деган жойга “учта” деб ёзган эдим. Мана энди тўртта бўлди.
Қиз бошқа бир карта олиб янгидан бошлади.

ИЗЗАТЛИ ОДАМ

Эрталаб ишга отланар эканман, хотиним қайта-қайта тайинлайди:
-Қайтишда гўшт олиб келинг, дадаси. Меҳмон келиб қолса, уялиб ўтирмайлик!
Албатта, кечқурун гўшт харид қилиб келаман. Хотиннинг топшириғи ўз йўлига-ку, аммо меҳмоннинг ҳурмати бор, ахир. Кутилмаганда меҳмон келиб қолса, унинг иззатини жойига қўйиш керак.
Ишдан чарчаб келдим. Бунинг устига қорин ҳам таъмагирлик қиляпти.
-Бор, уч-тўрттагина тухум қовуриб чиқ! –дейман хотинга.
-Хўжайин, мана шу дастурхондаги егуликлар билан амаллаб тураверинг, тухумни ҳар эҳтимолга қарши йиғиб юрибман. Шошилинч меҳмон келиб қолса, гўшт билан қовуриб чиқсак, юзимиз ёруғ бўлади, дея юпатди хотиним. Ичимдан ижирғансамда ноилож хотиннинг фикрига қўшиламан.
Хуллас, боғимиздаги меваларнинг энг сархилини ҳам меҳмонларга асраймиз. Ўзимизга сал мундайроғи ҳам бўлаверади. Қанд-қурс ҳамда пистаю бодомнинг яхши хили ҳам меҳмонларга мунтазир.
Яқинда поездда сафарга отланадиган бўлдим.
-Йўлда ейишга анави хўрозлардан биттасини сўйиб берсам, қовурардинг, -дедим хотинга.
-Қўйинг, хўрозга тегманг, жон хўжайин. Меҳмон келса, бирор кунимизга ярайди. Яхшиси, йўлга колбасами, ул-бул олақолинг! –дея маслаҳат беради хотиним.
Мен ҳам оғриниб бўлсада кўнаман. Илож қанча, бир қарасанг, хотиннинг гапида ҳам жон борга ўхшайди.
Хотиним, келинларим, қизларим ҳали кечқурун келадиган меҳмонларга кеч пешиндан бошлаб, ҳовлиқиб, елиб-югуриб дастурхон безайдилар. Хотиним набираларимга қайта-қайта қаттиқ тайинлайди:
-Бирортанг мана бу егуликларга қўл тегизманглар. Меҳмондорчиликни омон-эсон ўрнига қўяйлик. Меҳмонлар кетгач, кейин еяверасизлар. Тағин меҳмонлар ёнида дастурхонга қўл чўзиб, уялтириб қўйманглар, -дея таъкидлайди у набираларга.
Оиламизнинг бирон яхши куни яқинлашса, типирчилаб қоламиз. Меҳмонлар келишидан олдин уйни енгилроқ таъмирлаймиз. Гиламу палосларнинг чангини қоқамиз. Эшигу деразаларнинг пардаларини янгилаш тараддудига тушамиз. Меҳмонлар келса, ўтириш-туришимизга гап топиб кетмасин, деймиз. Ҳижолат бўлишдан қўрқамиз. Дарров набираларни ювинтириб, уст-бошига қараймиз.
Албатта, уйимизнинг шинам ва безатилган хонасини меҳмонларга атаймиз. Меҳмонхона деб номлаб, ўзимиз ҳам бу хонага оёқ учида эҳтиёт бўлиб кириб-чиқамиз.
Хўш шундай экан, бу дунёда энг иззатли инсон ким? Албатта, меҳмон-да! Уни очиқ чеҳра билан қучоқ очиб кутиб оламиз. Меҳмондорчиликни ўрнига қўйиб, кузатиб қолар эканмиз, анча енгил тортамиз. Ҳа, ана шунақа. Бундай ўйлаб қаралса бутун югур-югурларимизнинг асосий қисми меҳмонлар учун экан. Шундай экан, менинг ҳам меҳмон бўлгим келяпти. Дарвоқеа, кечқурун уйдамисиз? Сизникига ўтсакми девдим, нима дедингиз?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *