Исланд йўли ёхуд кичик давлатнинг катта ютуқлари ҳақида

1998 йилда Исландияда 16 ёшгача бўлган ўсмирларнинг деярли 50 фоизи алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилар, қарийб 25 фоизи тамаки чекар, шунингдек яна 20 фоизи ҳеч бўлмаса бир маротаба гиёҳванд модда татиб кўрган эди.

Исланд ҳукумати ёшларга ҳақиқий тўғри йўлни кўрсатиш учун баландпарвоз шиорлар, «қизил» ваъдалар ёки қуруқ панд-насиҳат йўлини тутмади, аксинча бор кучини спортга бўлган эътиборни давлат сиёсати даражасига кўтаришга сарфлади.

300 минг аҳоли яшайдиган давлатда 8 та йирик спорт комплекси барпо этилди. Хорижлик мутахассислар ёрдамида бутун мамлакат бўйлаб ёш футболчиларни саралаб олиш ва уларни тайёрлаш, истеъдодини оширишнинг кўпйиллик дастур ишлаб чиқилди. Ҳар йили бутун мамлакат бўйлаб ўнлаб майдонлар қурилиши анъанага айланди.

Бундан ташқари, исланд ҳукумати болаларни рағбатлантириб боришнинг ўзига хос, амалий усулини ўйлаб топди. Яъни, бу ерда ҳар бир мактаб ўқувчиси учун махсус карта очилган бўлиб, унда ўқувчининг таълим ва спортдаги ютуқлари учун тегишлича очко (балл) йиғиб борилади. Йил якунида эса болалар ўзлари тўплаган балларини, масалан, спорт анжомлари ёки бошқа қимматбаҳо маҳсулотга айирбошлаши мумкин бўлади. Бунинг учун давлат томонидан ҳар йили 3 миллион евро ажратилади.

Шундан бўлса керак, бу мамлакатда ҳар бир ёш ҳамма соҳада энг яхши бўлишга интилади.

Юқоридаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, 2017 йилда ўсмирлар ўртасида алкоголь маҳсулотлари истеъмоли — 2,5 фоизгача, тамаки ва гиёҳванд моддалар истеъмоли — 2 фоизгача қисқарди. Шунингдек, кейинги йилларда “Гейзерлар юрти” вакиллари томонидан спорт соҳасида эришилаётган ютуқларга ҳам фақат ҳавас қилиш мумкин. Биргина, ороллик гандболчилар Европада етакчилар қаторига қўшилгани, футбол бўйича Исландия миллий терма жамоасининг 2016 йилги Европа чемпионати кашфиётига айлангани, айни пайтда исландларнинг 2018 йилги Жаҳон биринчилигига ҳам биринчилардан бўлиб йўл олгани фикримиз далилидир.

Мана кўрасиз, Исландия Россиядаги мундиалда ҳам мўъжиза кўрсатиб қайтади!

P/S: “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”га ўхшаган ташкилотлар “ибодат”дан бош кўтариб, баландпарвоз шиорлар, енгил-елпи тадбирлардан воз кечиб — кўринадиган, натижа берадиган амалий ташаббусларни илгари суришни ўрганса, мана бу ёшлар эртага миллат қаҳрамонларига айланади. Ишонаверинг…

Ўткир Қаламтебратар

Биринчи изоҳ

  1. Хакикатда хисобот учун хамма учун мажбурий ва номига ўтказилаётган енгил елпи тадбирларни йўкотиш керак. ХАММАГА (хокимиятга хам, санъаткорларга хам, ўкувчи ва талабаларга хам хаттоки ташкилотчиларнинг ўзига хам) ЖУДА МАЛОЛ КЕЛЯПТИ.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *