Иқтисодиётни ривожлантириш учун Ўзбекистонда нима ишлаб чиқарган маъқул?

“Kommersant.uz” нашри Беҳзод Ҳошимовнинг Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш учун Ўзбекистонда нима ишлаб чиқарган маъқул номли таҳлилий мақоласини чоп этди.

Беҳзод Ҳошимов– иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ)даги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти. 2016 йил май ойидан Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Сингапурдаги Нанянг технология университети математика бакалаври даражаларига эга. Висконсин университети жамоаси вакили сифатида Федерал захира тизими томонидан 2015 ва 2016 йилларда ўтказилган монетар сиёсат соҳасидаги энг яхши таклифлар танловида қатнашган.

Аксарият ривожланган мамлакатлар жаҳон бозорига чиқарадиган ўз товар ва хизматлари билан машҳурдирлар: Швейцария банк хизматлари, япон автомобиллари, Италия кийим-кечаги, Сингапур молиявий хизматлари. Бошқача қилиб айтганда, муайян мамлакатлар (ёки жамиятлар) муайян товарлар ишлаб чиқаришда ёки хизматларни кўрсатишда бошқаларга нисбатан афзалроқдирлар. XIX бошларида юзага келган нисбий афзалликлар назарияси асосчиси, инглиз иқтисодчиси Дэвид Рикардо сўз юритган халқаро меҳнат тақсимотидаги нисбий ва мутлақ афзалликлар – булар анчайин ҳиссий англашиладиган ва муомалада кўп қўлланиладиган тушунчалардир.

Foto: “Kommersant.uz”

Савол туғилиши табиий: мамлакатимизнинг рақобат афзаллиги нимада ва уни ким белгилайди? Бу масалада давлатнинг функцияси нималардан иборат?

Бу борада маданий антропологлар жуда қизиқарли изоҳ берадилар. Масалан, автомобиллар ишлаб чиқариш ва гуруч ишлаб чиқариш – бир-бирига ўхшаш жараён. Униси ҳам, буниси ҳам юқори даражада кооперация (жамоада ишлаш, жамоавийлик)ни ва муайян алгоритмни – қоидалар ва ҳаракатлар кетма-кетлигига риоя этишни талаб қилади. “Гуруч назария”сини илгари сурувчи олимлар таъкидлашларича, Шарқий Осиёда автомобилсозлик деҳқонларга автомобиль ишлаб чиқариш ҳам гуруч етиштиришдек гаплигини, фақат кетма-кетлик бошқачароқ қурилганлигини тушунтирганларидан сўнг муваффақиятга эриша бошлаган.

Бу тушунтириш қизиқарли кўринса-да, бизнинг рақобат афзаллигимизни маданий антропология ёки тарихий анъаналар призмаси орқали излаш унчалик самарали машғулот эмас. Бунинг сабабларидан бири – “гуруч назария”си Япония ва Корея автомобилларни муваффақиятли ишлаб чиқара бошлаганларидан кейин юзага келганлигидир. Сабаб-оқибат алоқасини инкор қилувчи қарама-қарши мисолларни топиш қийин эмас: умуман гуруч етиштирмаган атомобилсозлик мамлакатларини, гуруч етиштирилса ҳам, автомобиль ишлаб чиқарилмайдиган қатор мамлакатларни санаб ўтиш мумкин.

Демак, гап одамлар менталитетида, уларнинг одатларида ёки темпераментларида эмас, балки бошқа нарсада экан. Шу сабабли бу масаланинг муҳокамасини мен социология (менталитет), тарих ёки антропология доирасидан ташқарига олиб чиқиб, замонавий иқтисодий илм-фан қандай жавоб бериши ҳақида сўзламоқчиман.

Иқтисодий мураккаблик назарияси

Иқтисодиётга математикадаги мураккаб тизимлар назариясидан ўтган мураккаблик конепциясини қўллаган ҳолда, Рикардо Хаусманн (Гарвард университети) ва Сезар Идальго (MIT) иқтисодиётнинг ривожланиши муаммоларига оригинал ёндашувларни таклиф қилади, у ҳам бўлса, иқтисодий мураккаблик назариясидир. Математикада туб тизимлар ҳаракатини олдиндан билиш мумкин бўлган ҳолда, тизимнинг ҳаракатланишини олдиндан билиб бўлмайдиган бўлса, у мураккаб тизим деб номланади. Бу тўлиқ таъриф бўлмаса-да, мураккаб тизимнинг бизга керакли моҳиятини тушуниб олиш учун етарлидир.

“Иқтисодий мураккаблик индекси”ни ҳисоблаб чиқишда тадқиқотчилар қуйидаги ғояга таянганлар: мамлакатлар бойлиги ва салоҳияти самарадор билимдан келиб чиқади. Мамлакатлар у ёки бу товар ва хизматларни қандай ишлаб чиқариш ҳақидаги билимлар асосида равнақ топадилар. Мамлакат иқтисодиётига жорий этилган билимларнинг умумий қиймати “иқтисодий мураккаблик” (economic complexity) деб аталувчи омил билан ўлчанади.

Тадқиқотчилар мамлакатлардаги жамоавий билимни уларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турлари атамаларида ўлчаб кўришди. Фақат бир нечта мамлакат тайёрлай оладиган маҳсулотлар (масалан, юксак технологик тиббий жиҳозлар, реактив двигателлар) ишлаб чиқарадиган мамлакатлар нисбатан соддароқ (пахта, нефть каби) товарлар ишлаб чиқарувчи мамлакатларга қараганда каттароқ жамоавий самарадор билимга эга бўладилар.

Иқтисодий бутлик индекси ва мамлакат ЯИМнинг амалдаги салмоқли ва барқарор корреляцияси самарадор билим тўпланиши жараёни билан изоҳланади. Фақат ўта илғор технологияларга ихтисослашувгина барқарор, юқори даражадаги фаровонликка эришиш имконини бериши мумкин. Ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида аҳоли билим захиралари қанчалик кўп бўлса, мамлакат шунчалик кўп маҳсулот ярата олади ва маҳсулот шунчалик мураккаброқ бўлади.

Foto: “Kommersant.uz”

Графикда аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси ва Иқтисодий мураккаблик индекси ўртасидаги боғлиқлик намоён бўлади. Табиий ресурслар экспортининг улуши 10 фоиздан юқори бўлган мамлакатлар қизил рангда, табиий ресурслар экспорти улуши 10 фоиздан кам бўлган мамлакатлар эса, кўк рангда кўрсатилган. Табиий ресурслар экспорти улуши нисбатан юқори мамлакатлар, уларнинг иқтисодий мураккаблиги даражасидан кутилганига қараганда бадавлатроқдир. Шундай бўлса-да, барибир, мураккаблик даражаси ва ЯИМ бу гуруҳ учун ҳам кучли алоқага эга. “Кўк” мамлакатлар учун индекс вариациянинг 75 фоизини “изоҳлайди”

Афтидан, глобаллашув ва коммуникациялар ривожланиши асрида камбағал мамлакатлар ривожланган мамлакатлар технологияларидан нусха олишлари етарли, мана шу – тараққиётга етиб олиш стратегияси демакдир! Бироқ, ушбу тадқиқотлар муаллифлари келтиришича, юзаки таълимни (муаллифлар уни “эксплицит” билим дейдилар) таклиф этишнинг ўзи етарли эмас.

Самарадор билимлар ноаниқ (имплицит) қисмга ҳам эга. Имплицит билимни ўргатиш қийинроқ, у бировга ўргатилиши оғир билим концепциясига эга. Буларга технолог кўникмалари, менежерларнинг бизнес юритиш тажрибалари ва ҳатто бош ошпазнинг интуицияси ҳам киради. Шу сабабли мамлакатлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган маҳсулотлардан ўхшаш қобилият ва билимлар талаб қиладиган бошқа маҳсулотларга ўтиш ҳисобига қобилиятларини кенгайтириш тенденциясига эгалар.

Содда қилиб айтганда, агар мамлакатда мобил телефонлар учун микросхемалар ишлаб чиқарувчи кўплаб компаниялар бўлса, планшетлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган компаниянинг юзага келиши эҳтимоли катта бўлади. Аксинча, агар мамлакатда бирор товар умуман ишлаб чиқарилмаса, мамлакат уларни ишлаб чиқара бошлаши иконияти кам. Малакали инсонлар, ресурслар, қувватлар етишмайди.

Шу тариқа, иқтисодий мураккаблик индекси (ECI) мураккаб иқтисодий тузилмага эга (энг кўп диверсификацияланган товар ва хизматлар ишлаб чиқарадиган) мамлакатлар, одатда, энг бадавлат мамлакатлар бўлади (фақат нефть қазиб чиқарувчи мамлакатлар бундан мустасно).

Москвадаги “Сколково” бошқарув мактаби ректори Марат Атнашев иқтисодиёт тузилмаси ва скраббл (“сўзни топ”) ўйини тузилмасида қизиқ ўхшашликни кўради:

“Иқтисодий мураккаблик назариясида иқтисодиёт – бу глобал скраббл ўйини, унда технологиялар – ҳарфлар, товарлар эса, сўз вазифасини бажаради. Ҳарфларингиз қанча кўп бўлса, шунча кўп кўз туза оласиз. Агар сиз камбағал, қолоқ мамлакат бўлсангиз, ҳатто энг янги технологияларни ўзлаштириш ҳам нисбатан кам ишлаб чиқариш имкониятларини беради. Ривожланган иқтисодиётда янги технология бир вақтнинг ўзида кўплаб ёндош тармоқларда мультипликатив самарани беради”.

Дунёнинг технологик харитаси

Хаусманн қаламига мансуб бу мавзудаги илк нашрлардан бири жаҳон технологик макони (product space) харитасини ишлаб чиқиш бўлган. Мураккаб алоқалар (network science) назарияси асосида бу харита турли маҳсулотлар ўртасидаги технологик алоқани намойиш этади. Глобал технологик макон харитаси мана шундай кўринади:

Foto: “Kommersant.uz”

Картадаги ҳар бир ранг иқтисодиётнинг турли тармоқларини англатади: енгил саноат (яшил), қишлоқ хўжалиги (сариқ), машинасозлик (кўк), электроника (фируза), кимё ва фармацевтика (бинафшаранг).

Ўнгдан чапга ва четдан марказга қараб маҳсулотларнинг мураккаблиги изчил орта боради. Доира ўлчами – бу мазкур маҳсулотнинг халқаро бозордаги савдо ҳажми. Маҳсулотларни боғловчи чизиқлар узунлиги бир технология мавжудлигида бошқасини ўзлаштириш қанчалик осонлигини кўрсатади. Ўз-ўзидан тушунарлики, картошка етиштириш ва автомобиль ишлаб чиқаришни боғловчи чизиқ планшет ва смартфонларни боғлаган чизиқдан узунроқ бўлади. Асосий кластерлар марказидаги кучли мавқе қўшни технологияларни тез ўзлаштириш имконини беради. Технологик макондаги ҳолат иқтисодиёт амалда эриша оладиган технологиялар доирасини белгилайди ва, шу тариқа, иқтисодиётнинг ўсиш салоҳиятини намоён этади. Фақат чекка технологик ҳудудларда мавжуд бўлиш иқтисодий ривожланишни секинлаштиради.

Масалан, технологик маконда Япония ва Германиянинг ривожланган иқтисодиётлари (ECI = 2.46 ва ECI = 2.15, мураккаблик бўйича дунёдаги биринчи ва учинчи иқтисодиёт) ва енгил саноатга таянувчи Камбоджа иқтисодиёти (ECI = -0,69, рейтингда 89- ўрин) мана бундай кўринишга эга.

Япония

Foto: “Kommersant.uz”

Германия

Foto: “Kommersant.uz”

Камбожа

Foto: “Kommersant.uz”

Бизнинг харитамиз

Глобал меҳнат тақсимотидаги Ўзбекистон харитаси мана шундай, анчайин хира кўринишга эга. Бизнинг кўрсаткичимиз: ECI = -0.89. Иқтисодиётнинг мураккаблиги бўйича дунёда 97- ўринда турамиз (қиёслаш учун: 1995 йилда биз 88- ўринда бўлганмиз).

Foto: “Kommersant.uz”

Жигарранг йирик доғлар – бу газ, мис ва бошқа металлар. Чап томондаги пушти доғ – уран ва радиоактив кимёвий элементлар. Яшил нуқталар – енгил ва тўқимачилик саноати. Маиший техника, автомобиль, машинасозлик, қурилиш материаллари, мебель саноати ва бошқа “иқтисодиёт локомотивлари”ни оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Хаританинг пастки томонидаги мевалар ва сабзавотлар ҳам нисбатан кичик. Кўриниб турибдики, бизда жаҳон бозорида рақобат афзаллигини таъминлай оладиган тармоқлар кам. Имкониятларимиз чекка жойларда жойлашган ва технологик маконнинг “содда” қисмига тўпланган, марказий тармоқларда рақобатбардош соҳалар мавжуд эмас.

Қўлимиздан нима келади?

Ўзбекистоннинг мавжуд технологик мавқеи биз ўзимиз янги технологиялар яратишимиз учун заифлик қилади. Бизда меҳнат ресурсларининг сифати паст ва капитал жалб қилиш жуда қиммат. Реал қўлимиздан келадигани – енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги каби чекка тармоқларимизни ривожлантириш ва аста-секин технологик макон ичкарисига қараб интилишдир. Фақат мавжуд рақобат мавқеларини уйғунликда ривожлантириш ва технологик боғлиқликдаги ёндош тармоқларни ўзлаштиришгина кутилган натижаларга эришиш имконини беради. Янги технологиялар ва инновациялар мамлакатнинг технологик карта марказий тугунларида мустаҳкам мавқега эга бўлишининг сабаб бўлмайди, балки бунинг натижаси ўлароқ юзага келади.

Хўп денг, мамлакатнинг ривожланиш истиқболида пайпоқ тўқиш ёки сабзавот консерваларини тайёрлашдан кўра, технологик жиҳатдан “содда” иқтисодиётимизнинг минтақа инновациявий марказига айланиши жозибалироқ эшитилади. Лекин, афсуски (балки бахтимизгадир?), бу биз учун мураккаброқ ва рангоранг тузилмали иқтисодиётга эга мамлакат бўлишимиз учун ягона имкониятдир. Аслида бу йўл ўйлаганимиздек узоқ эмас – Малайзия ва Туркия иқтисодиётлари бунга мисол. Бу мамлакатлар содда товарлар ишлаб чиқаришдан тобора мураккаброқ технологиялар сари шошилмай борганлар ва бугунги кунга келиб ёрқин, диверсификацияланган иқтисодиётга эга мамлакатларга айландилар. Бу йўлга қадам қўйганларига унчалик ўкп бўлмади, натижалар эса, кишини ҳайратга солади.

Туркия

Foto: “Kommersant.uz”

Малайзия

Foto: “Kommersant.uz”

Жанубий Корея, Мексика, Польша, Тайвань ва Хитой ҳам худди шу тариқа ривожланган.

Индекс муаллифлари содда иқтисодиётга эга мамлакатлар илғор технологияларни ўзлаштира бошлашлари жараёнига ўзига хос изоҳ берадилар. Муаллифлар товарларни жунглидаги дарахтларга ўхшатиб, корхоналарни маймунлар дея тасаввур қилишни тавсия қиладилар. Кўз олдингизга келтиринг, жунглининг камҳосил ва серҳосил қисмлари мавжуд, биз маймунлар камҳосил дарахтлар (паст қўшимча қиймат)дан ҳосилга бой дарахтлар (юқори қўшимча қиймат)га сакраб ўтиб олишларини истаймиз. Баъзи жойларда дарахтлар бир-бирига яқин жойлашган, маймунлар бемалол сакраб ўта оладилар (масалан, смартфонлар ва уларнинг микроэлектроникаси). Бошқа жойларда эса, дарахтлар ораси узоқ. Бу бир турдаги маҳсулот тайёрлаш технологиялари бошқа маҳсулот тайёрлашда ёрдам бермадиган ҳолатлардир (масалан, тўқимачилик толалари ва ракета двигателлари). Технологик макон харитасида машинасозлик, кимё саноати, электроника ва тўқимачилик каби капиталталаб тармоқлар атрофида гавжумлик кузатилади.  Бироқ, баъзида мамлакатлар қопқонга тушиб қолишлари мумкин: жунглининг камҳосил қисмида туриб, марказдан йироқ тармоқларни ривожлантиришга уринадилар.

Агар давлат юқори қўшимча қийматли тармоқни молиялаштирса ёки субсидиялар ажратса (истеъмолчи ҳисобидан, субсидиялар ёки протекционизм – бари истеъмолчи ҳисобидан бўлади) нима бўлади? Айтайлик, давлат электроника ишлаб чиқаришни истеъмолчилардан ишлаб чиқарувчиларга қарата қайта тақсимлаш йўли билан (имтиёзлар, субсидиялар, божхона тарифлари ёрдамида) қўллаб-қувватлайди. Муваффақиятга эришилганда ҳам (бу эҳтимолдан йироқ), бу ҳеч қандай ижобий экстерналиялар бермайди (яъни, ушбу жараёндан четда бўлганларга ижобий таъсир кўрсатмайди – тарж.) ва мультипликатив самарага эришилмайди, чунки жунглидаги бошқа “маймунлар” у ерга кўчиб ўта олмайди.

Бу ҳол чекланган ресурсларимизни самарадорроқ тармоқлардан самараси пастроқ корхоналарга кўчириб ўтиш билан якун топади. Оқибатда, у ёки бу турдаги давлат дотациялари ёки солиқ имтиёзлари эвазига кун кўрадиган тармоқлар қолади, улар доимий қўллаб-қувватлаш ва рақобатдан ҳимоя муҳтож бўлиб қолаверадилар. Бу дотациядаги корхоналарнинг бизнес модели ишлаб чиқариш самарадорликни ошириш эмас, балки яна ҳам кўпроқ имтиёзлар ва дотацияларни ундириш бўлиб қолади. Бир нечта маймунларни ўта серҳосил дарахтларга ўтқазиб қўйиб, қолганларини у ерга кўчиб ўтиш имконидан буткул маҳрум этиш иқтисодиёт ва технология ривожланишини узоқ йилларга чўзиб юборади.

Давлатнинг ўрни

Албатта, давлатнинг бу борадаги роли минимал даражада бўлиши керак, идеал ҳолатда давлат ҳеч қандай саноат, хизмат кўрсатиш ёки қишлоқ хўжалиги соҳаларини (имтиёзлар ва субсидиялар билан) қўллаб-қувватламаслиги керак. Бунинг ўрнига бизнесга янги технологик ишлаб чиқаришлар очишда нималар тўсқинлик қилишини англаш лозим: бизнес билан шуғулланишдаги юқори тузилмавий хатарларми, инвестициялар ҳимояланиши даражасининг пастлиги, монополиялар, коррупция ёки катта солиқ юкими? Кейин эса, бу муаммони ҳал этиш йўлларини кўриш керак.

Шу тариқа, иқтисодий агентлар энг кам қаршилик йўлидан борадилар ва юқорида келтирилган умумий мувозанатга келадилар. Фақат шу тариқа узоқ йиллардан буён меҳнатнинг ўта чуқур тақсимланиши шароитида яшаб келаётган халқаро бозорда мутаҳкамланиб олиш мумкин. Иқтисодий салоҳиятимизни амалга ошириш учун бизнеснинг уйғунликда ривожланишига тўсқинлик қилаётган бир қатор тўсиқларни бартараф этиш лозим.

Нима қилиш керак?

Иқтисодий тараққиёт ҳақида сўз кетганда, илм-фанда шундай баҳсли масала кўтарилади: қолоқ мамлакатлар ривожланган мамлакатларга етиб олиши учун етарли шарт-шароитлар қандай бўлиши лозим? Таъкидлаб ўтаман, зарурий шарт-шароитлар узоқ вақтдан буён умумий (илмий) келишув нуқтаси саналади. Барча зарурий талабларнинг қондирилиши, табиийки, юз фоизлик муваффақиятни кафолатламайди, улар “зарурий” деб бежиз номланмаган. Аксинча, бу шартларнинг бажарилмаслиги инқирозга учрашни кафолатлайди.

Ўз дарвида Арасту Никомах этикасида ёзганди: “Айб ишни турлича қилиш мумкин, тўғри йўл эса, фақат бир хил бўлади”. Толстой фикрича барча бахтли оилалар ўхшаш бўлганидек, ривожланишга муваффақ бўлган барча мамлакатлар ҳам истисносиз барча шартларни бажаришган. Иқтисодий мураккаблик назарияси – эски ғояга батафсилроқ ва синчков назар ташлаш, холос.

divider 01Иқтисодий очиқлик

Юксак ривожланган иқтисодиётга олиб борувчи йўл халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиш ва дунё билан жадал мулоқот орқали ётади. Товарлар ишлаб чиқариш-логистика занжири доирасида яратилади, шу арзонга тушади.

Аксарият ишлаб чиқариш жараёнларида харажатлар ишлаб чиқариш ҳажми ортгани боис тушади. Халқаро савдода фаол қатнашиш орқали катта бозорларга кира олиш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардош бўлиш учун ягона чорасидир. Шу сабабли, савдо учун тўсиқларни камайтириш зарур: божхона таомилларини соддалаштириш, ставкаларни пасайтириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва эркин савдо тўғрисида шартномаларни имзолаш. Шунда биз мўъжизага эмас, ўз кучимизга ишонган ҳолда, халқаро меҳнат тақсимотида ўз ўрнимиз учун курашишимиз мумкин бўлади.

divider 02Рақобат

Ҳар қандай тармоқни ривожлантириш учун ички бозорларда бозор иштирокчилар бир вақтнинг ўзида ҳам рақобат, ҳам ҳамкорлик қиладиган рақобат муҳитини яратиш талаб этилади. Давлат ёки давлататрофи монополияларини бартараф этиш, имтиёзлар, преференциялар, дотациялар ва протекционистик чораларни йўқотиш рақобатни оширади ва бозордаги самарали тармоқларни белгилаш имконини беради. Барча тармоқларга кириб бориш учун биз тўсиқларни йўқотишимиз ниҳоятда муҳим, шундагина соғлом рақобатни таъминлаб, корхоналар унумдорлигини оширишимиз мумкин.

Бунинг учун солиқ тизимини бирхиллаштириш ва соддалаштириш лозим, токи барча иштирокчилар бир хил қоидаларга амал қилсинлар ва афзаллик берилган солиқ тўловчилар бўлмасин. Банк тизимини тартибга солишни қайта кўриб чиқиш ва қисман бўлса-да, хусусийлаштириш зарур. Бизда давлат банкларининг улуши ниҳоятда катта, бу уларнинг рақобатдан кучли ҳимояланганлигини англатади ва бу бозорда рақобатнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Паст рақобат капиталнинг нисбатан юқори нархда бўлишини англатади – паст рақобатда нархни туширишга рағбат йўқ.

divider 03

Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, самарали суд тизими

Суд механизмлари орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олишга бўлган ишонч тадбиркорлик ва инвестициялар киритишга рағбатни оширади. Бизнинг ҳолатимизда чет эл инвесторлари – бу фақат иқтисодиётга киритилаётган маблағ эмас, балки технологиялар ва бизнес-жараёнларга оид билимлар ўзлаштирилиши ҳамдир, зотан, фақат ишлаб чиқариш билимларигина бизнинг тараққий этишимизга кўмак беради.

divider 04

Макроиқтисодий барқарорлик

Аввало, мустақил ва салоҳиятли, бозор ва аҳолида ишонч уйғота олувчи Марказий банк мавжудлиги. Валютанинг ўта волатиллиги (ўзгарувчанлиги), капиталнинг эркин айлануви олдидаги тўсиқлар ва инфляция келажагининг ноаниқлиги иқтисодиётдаги тузилмавий хатарларда акс этади. Бу режалаштиришнинг қисқа даврга эга бўлишига ва капиталнинг қимматлашувига олиб келади. Капиталнинг нархи юқори бўлганда технологик юксалишни кутиш иложсиздир.

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *