Интизомсиз раҳбар — ҳаммага бошоғриқ

Афсуски, интизомсизлик фақат одамнинг ўзига зарар келтирадиган иллат эмас, кўпинча бундан атрофдагилар, жамият зарар кўради. Жамоат ташкилотларидан бири ҳар сафар тадбир ташкил қилса таклифномада кўрсатилган вақтдан бир соат кейин бошланади. Кутиб ўтирганларнинг айримлари кетиб қолса, қолганларнинг асаби қақшайди. Тадбирни шунча вақт кеч бошлаган корхона раҳбари ҳам ҳеч қандай изоҳ бериб ўтирмай, маърузани бошлайди. (Умуман, бизда кечикиб келадиган раҳбарларнинг озчилиги кутиб ўтирганлардан узр сўрайди).

Ҳар сафар ўзимнинг ҳам, таклиф этилган шунча одамнинг ҳам зое кетган вақтига ачинсам-да, ўша ташкилот раҳбарига эътироз билдирмадим. Шунчаки, кейинги тадбирларига таклифномадан кўрсатилган вақтдан бир соат кейин борадиган бўлдим. Қолганлар ҳам буни одат қилишган бўлса, ажаб эмас.

Бир куни катта бир тадбир олдидан вилоят раҳбарларининг йиғилиши бўлди. Йиғилишнинг ўртасига келиб, кечикиб келган кимдир ҳамманинг эътиборини тортди. Мен ҳам беихтиёр ўша томонга бурилдим. Эшик олдида айнан ўша – белгиланган вақтга амал қилмайдиган корхона раҳбари турибди.

Худди шундай корхоналардан бирининг ходимидан нима учун бирор марта тадбирингиз белгиланган вақтда бошланмайди, деб сўрадим. Унинг берган жавобига эса кулишниям, йиғлашниям билмайсиз: «Аслида биз тадбирни ўзимиз белгилаган вақтда бошлаймиз. Одамлар барибир кечикиб келишини ҳисобга олиб, таклифномадаги вақтни бир соат ёки ярим соат олдин дея кўрсатамиз».

Демак, бизга расмий корхоналардан таклифнома келса, кўрсатилган вақтга ишонмаслигимиз керак экан-да? Мулоҳазага айрим тадбирларни мисол қилиб кўрсатган бўлсам-да, интизомсизликнинг чегараси анча кенг ва хатарлироқ. Ўйлаб кўринг, интизомсиз киши қонунларни ҳурмат қиладими? Ўзига бириктирилган вазифаларни виждонан бажарадими? Йўқ, чунки у бунга ўрганмаган. Қонунларни ҳурмат қиладиган киши эса барча қоидаларга ҳам амал қилади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *