ИНСОН ТАҚДИРИНИ ҲАЛ ҚИЛАДИГАН СУДЬЯ АСЛО АТАЙДАН ЯНГЛИШМАСИН!

ёхуд прокуратура ва суд бош байроқ қилиб олган, яъни асос бўлмайдиган хомаки ҳужжатни тегишли давлат ташкилоти рад қилмоқда.

ЎҚУВЧИЛАР ҲАЁТИ ХАВФСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНИШИ ХОРАЗМДА ЖИНОЯТ ЭКАН!

(Ушбу мақолани биринчи қисми эълон қилинганидан сўнг яширин тел рақамида қўнғироқлар бўлиб турли пўписалар бўлди, асоссиз фикрларим учун кечирим сўрамасам кўзимга кўрсатишга ваъда беришди. Мен уларга жавоб сифатида ушбу мақола билан журналистик суриштирувга якун ясадим)

Урганч шаҳридаги “Ихтиро” илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш хусусий фирмаси томонидан Урганч туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабининг иккинчи қаватда жойлашган спорт залини мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди. Айнан ушбу лойиҳага биноан  Урганч туманидаги “Агро темир қурилиш сервис” хусусий корхонаси томонидан ўқувчилар ҳаётига хавф солиб турган, занглаб ётган, қулаб тушиши мумкин бўлган 3х12 метрлик оғир плиталар ўрнига енгил металл конструкция қилиб,  профнастил билан қоплади.

Занглаган, ҳар бири 7 тонналик оғир плиталар қулаб тушмайдиган бўлди. Ўқувчилар ҳаёти хавфсизлиги тўлиқ таъминланди.  Бундай типдаги плиталар хавфли бўлганлиги учун ишлаб чиқаришдан олиб ташланганлиги боис исталган тақдирда ҳам уларнинг фақатгина 4 донасини  алмаштириш имконияти йўқ. Иккинчидан, ПНКЛ типдаги плиталар устига шифер қилиш мумкин эмас, фақат юмшоқ қоплама (рубероид) билан ёпишга мўлжалланган. Учинчидан, эксперт-мутахассис А.Сухановнинг хулосасига кўра, ушбу мактаб спорт зали плитаси устига металл конструкцияли профнастил билан қопланса, плита қовурғасига меъёрдан 320 кг ортиқча юк тушиб, плитани кўтариш қобилияти таъминланмайди. Тўртинчидан, Тошкент шаҳридаги лицензияга эга “Замин пойдевор” МЧЖ ва “Турон стандарт сертификат” МЧЖлар лаборатория хулосаларига кўра, 65 фоиз эскирган ва ёмғир сувидан занглаган ушбу плиталарда бетоннинг ҳимоя қатлами қолмаганлиги сабабли ГОСТ талабларига жавоб бермайди ва 16 та плита ҳам яроқсиздир.

Бироқ махсус билимларга ва лицензияга эга мутахасисларни фикри Аммо жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман суди раиси Ў.Машарипов,  жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди  апелляция инстанциясининг У. Бекдурдиев раислигидаги судлов ҳайъатига бир тийинга қиммат. Шунинг учун ҳам улар номаълум сабаблар боис  тадбиркорларни айблаш учун асл нусха қолмаган, ваколатли давлат органларида рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатни асос қилиб олишлари ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

ТАДБИРКОРЛАР ПОРТАЛГА ЧИҚИШГАНИ УЧУН

ТЕРГОВЧИ ЯНА 5 ТА (!) МОДДА билан “СИЙЛАДИ”

“Агро темир қурилиш сервис” хусусий корхонаси раҳбари Ш.Ҳакимовга дастлаб Урганч тумани прокурори Д.Мадиримов томонидан тадбиркорларга ЖКнинг 205-моддасини қўллаб жиноят иши қўзғади. Қизиқ, прокурор жаноблари давлат органи мансабдор шахсига ўзлаштирганлик айби учун қўлланиладиган моддани тадбиркорларга нисбатан қўллаш мумкин эмаслигини наҳотки билмаса?!

Тадбиркорлар Президентимиз Виртуал қабулхонаси ва Омбудсманга тергов органи томонидан 4 та модда билан асоссиз гумон қилинаётганликлари ҳақида мурожаат қилишганида, ушбу мурожаат асоссиз айблаётган шахслар қўлига келиб тушди. “Ҳали ўз ҳуқуқингни талаб қилишни кўрсатиб қўяман, деб терговчи томонидан яна 2 та модда қўшиб берилди”.

“Натижада бизни  6 (олтита!) модда билан судлашди. Мақсад адолатни юзага чиқариш эмас, – қандай бўлмасин тадбиркорларни жазолаш, суд жараёнида 3-4 та модда исботланмаса, қолган моддалар билан барибир “қармоққа” илинтириш уринишга ўхшайди.”

ИНСОН ЯНГЛИШИШИ МУМКИН, ЛЕКИН ИНСОН ТАҚДИРИНИ ҲАЛ ҚИЛАДИГАН СУДЬЯЛАР АСЛО атайин  ЯНГЛИШМАСИН!

ЖИБ Янгиариқ туман судининг 2018 йил 28 февралдаги ҳукмига кўра  тадбиркорлар мактаб спортзали томини мукаммал таъмирлаш учун ажратилган 148 миллион сўмдан 146,4 миллион сўмини ўзлаштирган ва мақсадсиз сарфлаганликда айбдор деб топилганлиги ғоятда ҳайратланарли.  Негаки  1,6 миллион сўмга 589 квадрат метрлик мактаб спорт зал томи енгил металл конструкцияли профнастил билан ёпилган бўлиб чиқади!  Бу ерда ушбу қарорга келишган судъялар нимага асосланганини ўзлари ҳам тушунтириб беролмасалар керак. Айнан ушбу  ва бошқа саволлар билан  апелляция жараёнида маърузачи сифатида қатнашган вилоят суди судьяси Ш.Раззоқовга юзландик

— Бу том-том иш бўлса. Ажримда нима деган бўлсам, шундай деб ёзаверасиз.

-Ушбу жиноят ишини ўрганиш борасида олиб борган журналистик суриштирув натижаларига кўра тадбиркорларга ўзлаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш айблари қўйилишида нохолислик ва шошма шошарлик бор  деган фикр пайдо бўлди бизда…

— Менга қаранг,  бизлар бу ишни бир-бир ярим ой кўрдик. Синчиклаб ҳар бир нарсаси билан танишиб чиққанман бу ишни. Лекин балким… Мен ҳам инсонман, мен ҳам мукаммал эмасман. Мен ҳам янглишган бўлсам, юқори турувчи орган ўрганиб туриб тўғирлаши мумкин! Шунгача , шу ажрим тўғри, уч судья шундай хулосага келган. Тўғри-нотўғрилигини Олий суд ҳал қилади. Ёзсинлар-кўрсинлар.

Судъя жанобларининг  адолат,  ҳақиқат тамойилларига бўлган муносабатига изоҳ беришга ожизман.

“Хужжат сохталаштирилмаган, қурувчини ҳам лойиҳачини ҳам заррача айби йўқ”

Ушбу гапларни Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси Хоразм вилоят давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Шихназар Матёқубов  биз билан қилган суҳбат жараёнида алоҳида  таъкидлади. Унинг айтишига кўра Урганч туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабининг спорт залини мукаммал таъмирлаш ишлари икки босқичдан иборат молиялаштириш назарда тутилган бўлиб, биринчи босқичдаги ишларни амалга ошириш учун 2016 йил 10 октябрдаги  №1261-09-2016 рақамли эксперт хулосасига кўра 161808542 сўм, иккинчи босқичга 2017 йил 16 июндаги №1261-09-2016/2 рақамли эксперт хулосасига кўра 155061500 сўмлик маблағ ажратилиши тавсия этилган.  Суд, прокуратура нима учун ушбу тадбиркорларни айбдор деб топганини мен тушунмайман. Хужжатлар сохталаштирилмаган, томни ёпилишида камчилик йўқ, фақат охиригача етказиш лозим тасдиқланган смета лойиҳа экспертиза хулосасидан ўтган.

Энг қизиғи ушбу экспертиза хулосаларини олиш учун айнан буюртмачи, яъни 3-сонли умумтаълим мактаб “Давархитектқурилиш” қўмитаси Хоразм вилоят давлат экспертизаси ҳудудий бошқармасига хат билан мурожаат этиши лозим. Шунга қарамай, тергов ва суд жараёнларида мактаб директорининг “мукаммал таъмирлашдан, айниқса икки босқичли таъмирлашдан умуман бехабарлигини айтиб, тадбиркорларга қарши берган кўрсатмалари терговчи томонидан ҳам, судъя томонидан ҳам инобатга олинади. Бироқ тадбиркорлар томонидан тақдим қилган “Давархитектқурилиш” қўмитаси Хоразм вилоят давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси берилган ҳужжатлар номаълум сабабларга кўра рад этилади.

Ўйланиб қолдим, хоразмлик терговчи ва судъяларнинг бошқа ҳеч ким билмайдиган қонунлари, мантиқи борга ўхшайди. Акс ҳолда…

P.S.  ЖПКнинг 463-моддасига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги Фармонига асосан тахмин, фараз ёки миш-мишларга асосланган кўрсатувлардан олинган ҳамда  тегишли равишда юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Давлатназар  Рўзметов, журналист.

манба SARHAD.UZ сайти

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *