Инсон ҳуқуқлари миллий маркази инсон ҳуқуқларидан хабардорми?

4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Қонун устуворлиги ва дин» мавзусида халқаро семинар иш бошлади. Семинарнинг очилиш маросимида минбарга чиққан Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид томонидан берилган 52та тавсиянинг 51таси бажарилгани ҳақида маълум қилди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбарининг ушбу гаплари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, таниқли блогер Мусанниф Адҳам фейсбук тармоғидаги саҳифасида Акмал Саидов ҳақида қуйидагича муносабат билдирган:

«Номи улуғ, супраси қуруқ, шу пайтгача бирон кишининг ҳуқуқини ҳимоя қилмаган ёки ҳуқуқ бузилишлари ҳақида сўз айтмаган «Инсон ҳуқуқлари миллий маркази» раҳбари Акмал Саидов ўтган куни шундай дебди:

«БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид Ўзбекистонга ташриф буюрганида истаган жойга бориши, ўз кўзлари билан кўриши учун етарлича шароит яратиб бердик. Ҳатто кўпчилик ёмонлаган «Жаслиқ» колониясини ҳам шахсан кириб кўрди. Хабарингиз бор, президент ташаббуси билан бу қамоқхона ҳозир ёпилган. 

Аҳмед Шаҳид жаноблари биздаги ҳолатни ўрганиб берган 52 тавсиясининг 51тасини бажардик. Фақат биттаси қолди. Бу ҳам бўлса «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири. Аммо бу борада шошиб бўлмайди, чунки бу қонун, хато қилишга ҳаққимиз йўқ».

Нимагадир шу Акмал Саидовни ҳуқуқшунос деб билмайман. Аммо замонга қараб турланувчи шахс эканлиги аниқ: 2013 йилда Ўзбекистон ҳукумати номидан Женевада, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасида ҳисобот бераётиб, саволга жавоб бериш ўрнига столни муштлаган ва қамоқхоналардаги қийноқларни инкор этган Акмал Саидов «Жаслиқ» ёпилиши ҳақида президент қарори чиққандан 4 кун ўтиб, «Жаслиқда қийноқлар бўлмаган деб айта олмайман» дея баёнот берди. Иккиюзламачиликми? – Бундай бўлмаса, бошқа нима?!

Кечаги гапи ҳам тумтароқ: аслида Ўзбекистон фуқароларининг фундаментал ҳаққи бўлган диний эркинликлар 1998 йилда қабул қилинган мана шу машъум «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун билан поймол қилиб келиняпти. Конституция фуқароларга ҳеч қандай истисносиз диний эркинликларни кафолатлаган бир вақтда бу бузуқ қонун ундан ҳам устун келиб «ибодат либоси» деган тушунча билан юз минглаб, миллионлаб муслималарнинг рўмолига тўсиқ қўйяпти, динни Дин ишлари бўйича қўмита деган монопол ташкилот назоратига топширяпти. Аминманки, бундай кераксиз қонун дунёнинг биронта ўзини ҳурмат қилган давлатида йўқ. Динни чекловчи, уни давлатнинг хоҳишига бўйсундирувчи бундай қонунлар фақат пост-совет мамлакатлар, ёхуд Шимолий Корея каби тоталитар ва фикрий қолоқ давлатлардагина бўлиши мумкин. 

Шу вазиятда ҳақиқий ҳуқуқшунос «Фалон қонуннинг уёқ-буёғини ямашимиз керак» дейиш ўрнига «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига зид бу қонунни бекор қилишимиз керак», деб айтарди. Чунки БМТ вакили берган мана шу 52 та тавсияга сабаб бўлган муаммо ҳам аслида шу биргина қонун. Буни ҳуқуқшунос бўлмаганлар ҳам яхши билади: бошқаларда қонун билан фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланса, бизда қонун билан ҳуқуқ ва эркинликлар чекланади.

Акмал Саидов ҳуқуқшунос сифатида кўрсатган қандайдир хизмати билан эмас,  2017 йил июлда Олий Мажлисда Шавкат Мирзиёевга қараб «Сиз менинг кўзимни очдингиз, мастер-класс ўтдингиз» деган хушомади, лаганбардорлиги билан тарихда қолса керак…»

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.