Имомларни аввал таниб олинг

Кеча “Маданият ва маърифат” каналида бир кўрсатувни кўрдим. Унда элда Очил қори номи билан машҳур бўлган, мақом қўшиқларининг устаси Очилбек Матчонов машҳур “Чўли Ироқ” куйига солинган Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Эй насими субҳ, аҳволим дилоромимга айт” деб бошланувчи ғазални маромига етказиб ижро қилди. Устоз санъаткор Маҳмуджон Тожибоев бу қўшиқ сеҳридан, пурмаъно сўзлар таъсиридан йиғлаб юборгудек аҳволда ўтирган таниқли уламо, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновдан шу ғазални шарҳлаб беришни илтимос қилдилар.

Аввал бир нарсани айтиб ўтай, Қуръонни ёд билган, Нақшбандийлик тариқатининг Ҳиротдаги пири бўлган, ҳар бир сатри оят ва ҳидисларга пайровлик бўлган Ҳазрат Навоий ғазалларини шарҳлашга фақатгина Қуръонни яхши билган ва ҳадис илмидан хабардор кишиларгина ҳақли деб ҳисоблайман. Акс ҳолда, Ҳазрат Навоийнинг Аллоҳга ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳи алайҳи васалламга ёзган ғазалларини ҳам бир “қоши қаро” аёлга ёзилган деб шарҳловчилар, ёшларни йўлдан оздирувчилар кўпаяди. Масалан, Ҳусан Яҳё қори ёзганидек:

«Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб,
Хироми сураъатидин гул уза ҳайдин гулоб айлаб…»,

каби гўзал сатрларни “Оқшом тунда гул юзли бир аёл кулбамга шитоб билан кириб келди, юришининг тезлигидан гул юзидан терлар гулоб бўлиб қуйиларди”, қабилида шарҳлагувчилар оз эмас.

Албатта, Аллоҳга муҳаббати зиёдалигидан уйланмай ўтган Навоийдек зотнинг уйига кечаси бир аёл келиши ва буни Навоий ғазал қилиб элга жар солиши ақлга сиғмайдиган иш ва бундай шарҳ Ҳазрат Навоийга туҳмат бўлган бўларди. Аслида эса Ҳазрат Навоий бу байтда бундай мақсадни кўзлаганлар: “Ҳамма ёқни жаҳолат зулмати қоплаб турган бир пайтда қалбимда Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати юз берди ва бу мушоҳада шу қадар тез рўй бердики, унинг тезлигидан менда ғайбий илҳомлар пайдо бўлди”. (Шарҳ Ҳусанхон Яҳё қориники)

Энди яна бир нарсани айтайин, Ҳазрат Алишер Навоийдек тариқат пирини ҳалиям совет замонидан қолган фикрларга таяниб, атеистга чиқариб қўядиган олимлар, ҳеч бўлмаса, энди уялишсин, ирфоний ғазалларга дунёвий шарҳ ёзиб, Навоий бир “қоши қаронинг” дардида мановдай демоқчи бўлган”, дея ақли етмаган нарсага аралашиб қўйиб, Навоийга туҳмат қилиб, ўзларини ҳам уятга қолдириб юришмасин.

Хусусан, мақоламиз аввалида келтирилган “Эй насими субҳ, аҳволим дилоромимга айт” байти билан бошлангувчи ғазални ҳам “Эй тонг шамоли, ночор ҳолим ҳақидаги хабарни кўнгилга ором берувчи, гулдек юзини қора ва шикангажаклар беркитиб турган, қадди чечакларга бурканган, гул ифорли, сарв дарахтидек тик ва нозикқомат маҳбубамга етказ!” деб шарҳлагувчилар кам эмас. Шу ғазалнинг кейинги байтини эса мана бундай шарҳлаганлар: “Ёрнинг лаъл лаби иштиёқида ниҳоятда қийналдим, бу азобдар оқибатида лабдек қизил қон ютиш азобига мубтало бўлдим. Бу ҳолимдан ёрни огоҳ қилинг. Надомат-ки, у ёр тунлари айш-ишрат базмида май қуйилган лиммо-лим қадаҳларни ичиш билан машғул”. (Манба: http://muxlis.uz/uz/pages/ej-nasimi-sub)

Келинг, энди Ҳазрат Алишер Навоийнинг шу ғазалини бир ўқийлик:

ЭЙ НАСИМИ СУБҲ

Эй насими субҳ, аҳволим дилоромимга айт,
Зулфи сунбул, юзи гул, сарви гуландомимга айт.

Буки лаъли ҳасратидин қон ютармен дам-бадам,
Базми айш ичра лабо-лаб бодаошомимга айт.

Ком талху, бода заҳру, ашк рангин бўлганин,
Лаъли ширин, лафзи рангин, шўхи худкомимга айт.

Шоми ҳижрон рўзгоринг тийра нечун қилди, деб
Сўрмагил мендин бу сўзни, субҳи йўқ шомимга айт.

Ул пари ҳажрида нангу номким тарк айладим,
Кўнгил отлиғ ҳажр водийсида бадномимга айт.

Эй кароматгўй, ишим оғози худ исён эди,
Шамъи раҳмат партави еткайму анжомимга айт.

Йўқ Навоий бедил ороми ғам ичра, эй рафиқ,
Ҳолини, зинҳорким, кўрсанг дилоромимга айт.

Ана энди Анвар қори Турсунов бу ғазални қандай шарҳлаганларига диққат қилинг:

− Аввало Ҳазрат Алишер Навоийни тушуниш учун у кишининг шахсларини англаш керак бўлади. У киши катта уламо бўлганлар. Ғазалларини тушуниш учун эса покиза қалб ва у қалбда Аллоҳ ҳамда Унинг росули Муҳаммад алайҳиссаломга катта муҳаббат бўлиши керак. Ҳазратнинг ҳар бир байтларининг зимнида жуда чуқур маънолар бор. Буни тушуниш учун кишида мажоз илмидан хабардорлик талаб этилади. “Мажоз – ҳақиқат кўпригидир”, дейдилар.
“Чўли Ироқ” куйига солиб куйланган бу ғазал бевосита Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларига бағишланган. Алишер Навоийнинг Пайғамбар алайҳиссаломга муҳбатталари буюк бўлган. Ғазалда насим деган сўз бор. Бунинг тонгга шабада эканини кўпчилик билади, аммо бу шабаданинг асл роҳатини тонг отмасдан уйғонган, Бомдод намозига турган инсонларгина билишади. Қалбга роҳат бағишлайдиган бу фараҳбахш шабада куннинг бошқа пайтида бўлмайди. “Қасидаи Бурда”да бир байт бор: “Козима тарафдан эрта тонгда бир насим келди, эй, Пайғамбарга ошиқ зот, бу сабо Мадина тарафдан келди, Пайғамбар алайҳиссалом тарафдан келди. Бу жаннатнинг боғидан келди”. Ўша тоққа Пайғамбар алайҳиссалом кўп чиқар эканлар ва шу тоғда у зотнинг бўйлари сақланиб қолган экан. Муаллиф тонгги насим ана шу бўйни олиб келганини айтаяпти. Ана шу байтлар таъсирида Ҳазрат Навоий айтаяптилар:

Эй насими субҳ, аҳволим дилоромимга айт,
Зулфи сунбул, юзи гул, сарви гуландомимга айт.

Яъни, эй, тонгги насим, менинг саломимни, саловотларимни Мадинага, Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзаларига олиб боргин, деяптилар. Уламоларимиз “Тонгда айтилган саловатлар албатта Росулуллоҳ саллоллоҳи алайҳи васалламга етиб боради”, дейдилар. Ана шу саловат айтиб тургандаги аҳволларини дилоромимга айт, деяптилар. Бу ерда бир ҳадисни эслаш керак: “Менга саловат айтганларингда дилларингга бир ором киради”. Шунинг учун Навоий Пайғамбарни дилором деб тавсиф қилаяптилар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг сочлари елкаларига тушиб турган ва қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб, сумбулга ўхшаб тургани, сочларидан мушки анбар уфуриб тургани Имом Термизийнинг “Шамойили Муҳаммадия” асарида келтирилган. Худди шу китобда “Пайғамбар алайҳиссалом атиргулга ўхшардилар”, деган ривоят бор. Қизлари Фотимайи заҳро деб таърифланадилар, аслида, заҳро – атиргул дегани. Ривоятларда кўринишлари билан Фотима онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга жуда ўхшаганлари васф қилинган. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ўзлари оқ, юзлари қизил, жуда гўзал зот бўлганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бўйлари баланд ҳам, паст ҳам эмасди, қоматлари ҳам жуда мукаммал эди. Шунинг учун Ҳазрат Навоий у кишини сарви гуландом, яъни қадлари сарв, оғизлари гул, деб таъриф қилаяптилар. Сабаби, Пайғамбар алайҳиссалом асло қўпол гапирмаганлар, юмшоқ сўзли бўлганлар.

Буки лаъли ҳасратидин қон ютармен дам-бадам,
Базми айш ичра лабо-лаб бодаошомимга айт.

Пайғамбар алайҳиссалом бир оғиз сўз айтармиканлар менга, деяптилар Ҳазрат Навоий. Ҳатто тушларида бўлса-да, ўзларига айтиладиган шу сўз ҳасратида қон ютаман, интиқман, деяптилар. “Жаннатда менинг бир ҳовузим бўлади, ундан бир марта сув ичган киши қайтиб чанқамайди”, деганлар Пайғамбар алайҳиссалом. Менга ҳам ўша ҳовуз сувидан берармиканлар, буни у зотга айт, эй, насим, деяптилар.

Ком талху, бода заҳру, ашк рангин бўлганин,
Лаъли ширин, лафзи рангин, шўхи худкомимга айт.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг муҳббатларида, у кишининг дийдорига интиқликда еганим аччиқ, ичганим заҳар, кўз ёшим қон рангида бўлиб кетганини ширин сўзли ҳабибимга айтгин, эй, насим, деяптилар. Пайғамбар алайҳиссалом ўта ширин сўзли бўлганлари, гапираётганларида оғизларидан сўзлар худди дурдек тўкилиши “Шамойили Муҳаммадия”да келтирилган.

Шоми ҳижрон рўзгоринг тийра нечун қилди, деб
Сўрмагил мендин бу сўзни, субҳи йўқ шомимга айт.

Одатда, шом қоронғу тушишининг тимсоли, субҳ, яъни тонг ёруғлик тимсоли. Шомдан кейин тонг келиши муқаррар. Аммо Ҳазрат Навоий мен то Пайғамбар алайҳиссаломни кўрмагунимча мен учун тонг йўқ, деяптилар. Ҳижрон туни ҳаётингни нега қора қилди, деб сўрама, то Қиёмат кунигача, яъни Пайғамбар алайҳиссаломни кўрмагунимча бу тунимнинг тонги йўқ, ўша кунгача қалбимга бир ёруғлик кирмайди, деяптилар.

Ул пари ҳажрида нангу номким тарк айладим,
Кўнгил отлиғ ҳажр водийсида бадномимга айт.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳижронида кимлигимни ҳам, машҳурлигиму, мансабларимни ҳам унутдим, у кишига бўлган муҳаббатим туфайли ҳижрон водийсида кўнглим бадном, яъни ёмон отли бўлганини ҳам у зотга айтгин, эй, насим, дептилар Ҳазрат Навоий.

Эй кароматгўй, ишим оғози худ исён эди,
Шамъи раҳмат партави еткайму анжомимга айт.

Мана шу байт ғазалнинг шоҳ байти. Ҳазрат Навоий Пайғамбар алайҳиссаломни кароматгўй, деб таъриф қиладилар. Ўзларининг барча ишлари гуноҳ қилишдан иборат эканини айтиб, ўзларини маломат қиладилар. Маълумки, гуноҳкор умматлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатларига мушарраф бўлсалар, гуноҳлари кечирилиб, жаннатга дохил бўладилар. Шунинг учун кейинги байтда Ҳазрат Навоий ана шу шафоат менга ҳам насиб бўлармикан, деяптилар. Пайғамбар алайҳиссалом “Менинг шафоатим гуноҳкор умматимга”, деганлар. Ҳазрат Навоий “Менинг ҳамма ишим исён, мен аслида Пайғамбар алайҳиссалом шафаотига ҳам арзимайман, аммо умидим бор, раҳмат шамининг ёруғида мен ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиб, жаннатга кирармиканман”, шуни сўра, эй, насим, деяптилар.

Йўқ Навоий бедил ороми ғам ичра, эй рафиқ,
Ҳолини, зинҳорким, кўрсанг дилоромимга айт.

Ҳазрат Навоий Аллоҳга ва Пайғамбар алайҳиссаломга дил бериб, бедил бўлиб қолганлар, дилларини ўғирлатганлар. Энди бу бедил умматинг ғам ичра қолди, эй, дўст, деяптилар Ҳазрат Навоий. Эй, насим, ана шу зотни кўрсанг, у кишининг муҳаббатлари боис менинг қай аҳволда қолганимни у зотга, яъни дилимга ором берувчи дўстимга, дилоромимга айт, деяптилар.

 

Сўзимнинг охирида

Навоийшунос олимларимизни ҳурмат қилган ҳолда уларга бир нарсани айтмоқчиман: улар мен айтган шарҳ борасида баҳс қилмасинлар. Бу ғазални бошқача шарҳ қилмасинлар. Ҳазрат Навоий сўзларига бошқача таъвиллар бериб, бу ғазал бир гўзал аёлга айтилган, демасинлар. Бу Ҳазрат Навоийга туҳмат бўлади. Ҳазрат Навоийнинг ўз сўзлари бор: “Ўзингга бўлган ишқимни баланд қил, Ўзингдан бошқанинг муҳаббатини паст қил!”

Аллоҳ Пайғамбар алайҳиссаломни ҳам, Ҳазрат Навоийни ҳам раҳмат қилсин! Ҳазрат Навоий Аллоҳ ва Унинг расули ишқида ёзган ғазалларни тўғри англаб ўқишни, улардан ибрат олишни ҳаммамизга насиб қилсин!

Мақоламиз сўнгида сайтимиз ўқувчиларига мурожаат қиламиз: бошқа сайтларнинг ўқувчиларига ўхшаманг, имомлар ҳақида билиб-билмай, ўнг келган сўзларни айтишдан тийилинг! Улар таққан соатни, улар қурган уйни муҳокама қилишдан олдин улар бу мартабага қандай эришганларини, уларнинг диний билимдан ташқари дунёвий билимлардан, хусусан, адабиёт соҳасида ҳам қандай билимга эга эканликлари тўғрисида мушоҳада қилиб кўринг!

Уларнинг, хусусан, ҳаммамизга севимли бўлган Анвар қори Турсуновнинг минг-минг инсонларга устоз эканини ҳурмат қилайлик!

Бугун муборак жума.

Пойтахтдаги ўқувчиларимизга мурожаат қиламиз, бу табаррук инсоннинг дуосини олишга шошилинг!

Аллоҳ барчамизни ислоҳ қилсин ва Ўзи тўғри йўлдан адаштириб қўймасин!

 

Тўра Мурод

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *