Ижтимоий тармоқларда жанжал (интермедия)

Бошловчи:

— Тасаввур қилинг кўчада иккитаси жанжаллашиб кетди

1-одам: -Нима дединг! Ошиб қопсанми?

2-одам: -Тумшуғингни чўзма! Қимирлолмай қоласан!

Қий-чувлашиб ёқалашиб кетади. Калтакни кўпроқ еяётгани бақиради:

— Однода бўлганингда дабдалангни чиқарардим!

Бошловчи:

— Энди тасаввур қилинг, “Одноклассники” тармоғида тортишишяпти.

2та шортик, кепка кийган одам чиқиб стулда компютер қаршисида ўтириб ёзаётганини имитация қилишади.

1-одам: -Вуй саводсиз! Ў, ҳарфини олти сони билан ёзишини қара, хихихи, кулган смайлик.

2-одам: -Санга ўхшаб Ч ни тўрт, Ш ни даблю қиб ёзмасам бўлдими, тупойкалла!

1 -одам: -Ким тупойкалла?

2 — одам: -Ҳарҳолда мен эмас.

1 — одам: -Чиқ аднодан гаплашамиз, харрип!

2 –одам: -Телфонингни ёз, ҳа қўрқасанми? Қатликсан?

1 –одам: -Қатта кўришамиз, чумога ўхшамасдан ёз.

2 –одам: -Вей, люббой жойда, харрип, чумо, далб… (ту-ут, ту-у-ут деган музика қўйилади)

Бошловчи:

— Буёғига нималар ёзишганини келтириб ўтирмаймиз, қизиққанлар “одноклассники” тармоғига кириб ўзлари ўқиб олишлари мумкин. Энди тасаввур қилинг, азизлар, “Фейсбук” ижтимоий тармоғида тортишув.

2та костюм-шим кийган, галстукли одам чиқиб стулда компютер қаршисида ўтириб ёзаётганини имитация қилишади.

1-одам: -Дўстим, сизга шуни айтмоқчи эдимки, Алишер Навоий деганда Сиз Ш ҳарфини даблю билан ифодаладингиз ва алломамизга беҳурматлик қилдингиз. Катта афсус билан сизнинг тупойлингингизни айтиб қўйишни лозим топдим ва бунинг учун сиздан узр сўрайман

2-одам: -Йўқ, йўқ, асло хафа бўлмадим, дўст – дўстнинг ойнасидур, шу сабаб камина ўзларига ҳам ўзбек сўзида Ў ҳарфини олти рақами билан ёзганлари сизнинг чаласаводлигингиз тасдиғидир, десам хафа бўлмайдилар. Ҳақиқатни айтганим учун кечирасиз, дўстим.

1-одам: — Камина, ўтган куни “колбаса цех” деган ёзувни лотин алифбосида ўта хунук тарзда ёзганингизни ўқиб, гўштингизни бурдалаб колбаса чиқарсалар қандоқ бўлар экан, уни дайди итлар ермикан-емасмикан, деган номуносиб хаёлга бордим ва буни албатта афв этасиз, азизим. Қолаверса, дўст ачитиб гапиради, дейдилар алломалар.

2-одам: — Ҳечам, азиз биродарим, кечирим сўрашнинг ҳожати йўқ. Сиз эса доимо Ч ҳарфини тўрт рақами билан ёзганингизда бошингизга тўрт мушт тушириб бақа сингари мажақлаб ташлашни (қўлини мушт қилиб компютерга уради) жуда истардим, аммо бунинг иложиси йўқ, чунки биз фейсбукдамиз. Соғ ва саломат бўлинг мендек друзяларингизнинг бахтига. Сиздек меҳрибон дўстимни блоклайман.

Интермедия муаллифи Жулқунбойнинг жияни

Саҳналаштирганда муаллифни эслаб ўтинг

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *