«Ижтимоий тенглик» одам танлайдими?

Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда олий ва ўрта махсус ўқув муассасалари томонидан «ички тартиб-қоидалар» дея рўкач қилинаётган ҳужжат борлиги бот-бот таъкидланмоқда. Ўқувчи ва талабаларнинг ташқи кўринишини қолипга солувчи бу «ҳужжат» бутун ўқув муассасаси ходимларига асосий эътиборни ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига эмас, балки уларнинг кийиниш ва ташқи кўриниши билан шуғулланишга сафарбар этди. Натижада таълим сифати аввалгидан-да қуйи даражаларга тушиб кетмоқда.

Хўш, бу «ички тартиб-қоидалар» ҳамма учун баробарми?

Маълум бўлишича, ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида бир неча чет давлатларидан талабалар таҳсил олишмоқда. Хусусан, талабалар Туркманистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Покистон ва Россия каби давлатлардан ташриф буюришгани айтилган. Бу жуда яхши, албатта. Аммо бу ерда эътиборни тортадиган бошқа ҳолат бор.

Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалининг телеграм каналида чет эллик талабалар, жумладан, ҳиндистонлик талабалар ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилмоқда. Эътибор билан қаралса, ҳиндистонлик талабалар соқолда бемалол таълим олишаётганини кўриш мумкин (ҳатто формаси ҳам йўқ). Уларнинг соқоли на филиал маъмуриятининг, на ўқитувчи домлаларнинг, на ички ишлар ходимларининг «эътибор»ига тушмаган кўринади. Санитар-гигиеник қоидаларни ҳамда ўқув муассасаси «ички тартиб-қоидалар»ини бузаётган чет эллик талабаларга «чора» кўрилмаган.

Шунинг ўзиёқ бизда қонун ижролари бир томонлама амалга оширилишини кўрсатади. Бунақанги тартиб-қоидалар инсон ҳуқуқларига зид, ватандошларнинг конституциявий ҳуқуқларига тескари экани аниқ. Соқолини қирмагани учун дарвозадан киритилмаётган талаба ичкарида соқолли чет эллик ўқувчиларни кўрганида, ватанпарварлик ҳисси ошади деб ўйлайсизларми?! Ҳиндистонлик талабаларнинг билим олишларига халал бермаган ташқи кўриниш ўзимизнинг талабаларнинг билим олишларига тўсқинлик қилармиди? Ҳар қанақа қонун, ҳар қанақа тақиқ жаҳон стандартларига мос, ривожланган давлатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиши зарур. Шунда инсонлар ўртасида тенглик таъминланган бўлади.

Шаҳбоз Раҳмонов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.