Ижтимоий эркинлик

Тасаввур қилинг, Сизни қўшма корхона раҳбари этиб тайинлашди. Ишчиларнинг асосий қисми ўзбеклар, қолгани бошқа миллатга мансуб мутахассислар.
Кунларнинг бирида катта лойиҳани муваффақитяли якунлаганингиз муносабати билан барча ишчиларни энг кўркам ресторанлардан бирига кечки овқатга таклиф қилдингиз.
Официант буюртма олгани келди. Дастлаб ҳамма ўз таъбига кўра, овқат айтишни бошлади: кимдир мастава, кимдир норин, кимдир кабоб ва ҳ.к.
5 нафар ўзга миллат вакиллари эса чўчқа гўштидан стейк буюртма қилишди.

Шу пайт бирдан ўйлаб қолдингиз, чўчқа гўшти еяётган кам сонли ишчиларингиз қолганлар орасида ўзини ноқулай ҳис қилиши мумкин-ку! Шу хаёллар билан тезда қарор қабул қилдингиз – официантни ёнингизга чақириб, барчага чўчқа гўштидан таом буюртма бердингиз. Барчага! Бир хил! Бу қарорингизга “ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида” дея изоҳ бердингиз.

Шу тўғри қарорми? Ҳаммага ўзи хоҳламаган овқатни ейишга мажбур қилиб ижтимоий адолатни таъминламоқчимисиз? Бу шунчаки таом эмас, балки диний эътиқод билан боғлиқ эканлигини била туриб ҳам Сиз шу антиқа қарорингиздан хурсанд бўласизми?

Ҳақиқий эркинлик бу ўзинг хоҳлаган таомни буюртма қила олишинг ёки умуман овқат емаслигингдир, лекин эътиқодинга тўғри келмайдиган таомни мажбуран ейишинг зинҳор эркинлик эмас. Ишчиларингизга хоҳласа товуқ, хоҳласа мол, хоҳласа чўчқа гўштидан таом ейишга шароит яратиб бериш ва уларга қарши чиқмаслигингиз Сизнинг ижтимоий адолатингиздир. Фақат шу, тамом.

Ўзгаларнинг ҳуқуқини чеклаш асосида қолганларга ҳуқуқ яратиб бериш билан иш битмайди. Чунки ҳуқуқи чекланганлар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлиги унутмаслик керак.

Мактабларда бош кийим билан боғлиқ ҳолатда ҳам менинг позициям шундай – бош кийим кийиш ёки киймаслик бу эркин танлов бўлиши лозим. Барчага дўппи кийишни мажбурий қилиш қай даражада мантиқсиз қарор бўлса, барчадан бош яланг юришни талаб қилиш ҳам шундай мантиқсиз.

Бош кийимнинг ҳижоб каби диний эътиқод билан чамбарчас боғлиқ қисмини бир четга қўя турайлик. Майли, кимлардир диний либос дея маъмурий жавобгарлик ҳақида оғзидан тупугини сочгани билан, аслида ҳижоб диний либос эмаслигини кўпчилигимиз яхши биламиз.

Умуман мазкур масалага диний бағрикенглик ва эътиқод эркинлиги ракурси билан қарамаганда ҳам мантиқсиз эканлигини кўриш мумкин.

Масалан, мактаб давримизни яхши эслайман, 5 ёки 6-синфлигимизда уйида қурилиш бўлаётган синфдош қизимизнинг бошига бўёқ тўкилиб кетган ва сочини тагидан қириб олиб ташлашга мажбур бўлганди. Ўшанда токи сочи қайта ўсиб чиққунгача рўмол ўраб келган. Рўмол ўраб келувчи бошқа қизлар ҳам бўлгани учун эътибор қилмаганмиз, лекин бир марта нимадир бўлиб бошидан рўмоли тушиб кетганда каллигини кўриб роса устидан кулганимиз эсимда. Энди ҳозирги қарор бўйича шунақа вазиятларда ўша қиз ҳар куни кулгу бўлиши керакми ёки 2-3 ой мактабга келмаслигини хоҳлаяпсизми?

Тўғри юртимизда ҳамма аҳоли ҳам кундалик дўппи киймаслиги, рўмол ўрамайди, лекин бирор яқини вафот этса, бизда деярли ҳамма эркаклар дўппи кияди, аёллар эса рўмол ўрайди. Айтайлик, ота-онаси вафот этган мактаб ўқувчиси ўрнатилиши таклиф қилинган янги тартиб туфайли шу ишни қила олмайдими энди?

Фақатгина биргина ҳолатда мен бундай тақиқ қўйилишига розиман, у ҳам бўлса ўзгаларга ҳалақит берувчи, ўзгаларнинг диққатини тортиб, чалғитувчи «модный» бош кийимлар, масалан, катта самбреро, жимжимадор ялтироқ шляпалар, цилиндр, йиртиқ-ямоқ кепка ва бейсболкалар, чўгирма телпаклар ва ҳ.к.ларни кийишга рухсат берилмаслигини тушунса бўлади. Ўзи шундоқ ҳам мактабларда бунга рухсат йўқ ва ҳеч ким бунга эркинликларнинг бузилиши сифатида қарамайди, ҳамма нормал қабул қилади. Лекин рўмол, ҳижоб, дўппи кабиларни ҳам умумий рўйхатга қўшиб юбориш нима учун норозиликларга сабаб бўлаётганини жуда яхши билиб турибмизку.

Хуллас, гапирса гап кўп. Динга бўлган муносабатингиз ўз йўлига, шунчаки дунёвий, ҳуқуқий ва мантиқий томондан ўйлаганда ҳам мазкур тақиқ нотўғри эканлигини тушуниб олсангиз бўлди.

 

Хушнудбек Худайбердиев

Биринчи изоҳ

  1. Ассалому алайкум хурматли Хушнудбек Худайбердиев. Маколангиз менга жуда ёкди, факат ич кийим куринадиган дараждаги мини кора юбкани ва ич кийими куринадиган дараждаги ок кофтани мактаб формаси деб кийиб келишлари ва улар хамма катори дарсда утришларига тухтилиб утсакмикан.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *