Иброҳим НОРМАТОВ: МЕНИНГ АЙТАР СЎЗИМ БОР!

(очиқ хат-памфлет)

«Озодлик» радиоси ўзбек хизматининг раҳбари Алишер Сиддиқ Ўзбекистонда пахта терими мавсумини инсон ҳуқуқларининг бузилиши нуқтаи назаридан ёритганлиги, террорчилар орасида ўзбекларнинг ҳам борлигини «исботлаганлиги» ҳамда Ўзбекистондаги ўзбекларга демократиядан «дарс» берганлиги учун ўз раҳбариятининг «юксак» мукофотига сазовор бўлди. Яқинда унга бу мукофот тантанали равишда топширилди. У ўта ҳаяжонланган ҳолда бошқа бир радионинг ходимига интервью берди. Мен бу интервьюни интернетда кўрдим ва ўқидим. Шундан келиб чиқиб, унга айтадиган сўзларим бор.

Алишер, аввало, мукофот муборак бўлсин! Жаҳондаги энг катта телерадио тармоқларидан бирининг мукофотини олиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Фахрлансангиз арзийди. Билмадим, қувончли ҳиссиётданми ёки ҳаяжонданми, қаршингизда ўтирган журналист қизнинг саволларига негадир аниқ ва лўнда жавоб бера олмадингиз. Нуқул дудуқландингиз, иккиландингиз, русча-ўзбекча сўзларни аралаштириб гапирдингиз. Чамамда, Москвада ўқиганмисиз, дейман. Совет даврини қайта-қайта эсладингиз, ахир у пайтда сиз чақалоқ бўлгансиз-ку, бизга сотқин ва Ватан хоини сифатида тамға босишади, деб довдирадингиз. Ҳечқиси йўқ, баъзан одам «ютуқлар»дан эсанкираганда шундай ҳолатга тушади.

Бироқ айрим гапларингиз мени ва бутун ўзбек халқини хафа қилди. Яъни Вашингтондагилар катта-катта биноларда, кошоналарда ўтириб фикрлайдилар, Ўзбекистондагилар эса подвалларда ва қамоқхоналарда ўтириб фикрлайдилар, дедингиз. Сал пастга тушинг, уят бўлади-я!.. Масалан, мен подвалда эмас, туппа-тузук тўрт қаватли бинонинг учинчи қаватида, қуёш нури тушиб турадиган ёруғ хонада ўтириб фикрлайман. Хоҳласангиз, келинг, кўринг, чой ичиб биргаликда фикрлашамиз.

Сиз савол берган қизга катта-катта биноларда ўтириб фикрлайдиганлар ақллироқ ва донороқ бўлишади, демоқчи бўлдингиз. Афтидан, кошоналарда ўтирганларга қуллуқ қилавериб, кичик ҳужраларда яшаб ҳам фикрлашда донолик мақомига эришган улуғларимизни унутиб қўйган кўринасиз. Эҳ, аттанг!.. Наҳотки, ертўлада яшаб ҳам ҳикмат яратган Аҳмад Яссавий бобомизни билмасангиз?!

Эҳтимол, сиз ғарблашган замонавий ўзбеклардандирсиз?.. Айтгандай, ҳозирги замонда подваллар ва қамоқхоналарда яшаб ҳам мўъжиза яратганлар кўп. Эсдан чиқарманг, Сахаров подвалда сўроқ бериб бомба, Королёв қамоқда қийналиб ракета, Солженицин сургунда яшаб, китоб яратди. Уларни сиз айтган ўша кошоналарда ўтирган «ақллилар» шу аҳволга солди.

Тўғриси, ҳуқуқ-тартибот идораларимизда ишлайдиган баъзи ходимларнинг қўполлиги ва дағаллиги, шунингдек, биздаги айрим қонунбузарлик ҳолатлари, жумладан, порахўрлик иллатлари ҳақидаги гапларингизни инкор этолмайман. Булар ҳақида Ўзбекистоннинг ўзида ҳам гапирилмаётган, муҳокама этилмаётган ёки қарор қабул қилинмаётган куннинг ўзи йўқ. Бироқ бизда одамларни тана терисининг рангига қараб оқ танли, малларанг, буғдойранг, қора танли деб ажратиш ва уларни шунга қараб жазолаш йўқ. Биздаги ички ишлар ходимлари қайтага қора танлини аяб, буғдой ранглиларга қаттиқ туришади. Энг муҳими, бизда қўлида ўйинчоқ-тўппонча ушлаган гўдак болаларни ҳамда сал шубҳали кўринган қора танлиларни дарҳол отиб ташлаш ҳолатлари йўқ.

Кейин бизда жиноят қилган мусулмон жиноятчига дарҳол террорчи тамғаси босилиб, агар жиноятчи яҳудий ёки насроний бўлса унга нисбатан, «ҳа, энди бироз эс-ҳушини йўқотибди-да», деб қўя қолинмайди. Алишер, сиз ҳеч уялмасдан, тортинмасдан, андиша қилмасдан жиноятчиларга нисбатан бундай ёндашувни Ўзбекистонга ёпиштиришга роса уриниб кўрдингиз. Биз ҳам бутун жаҳонни кўриб, билиб ва кузатиб турибмиз. Ўз миллатига туҳмат қилиш эвазига мукофот олиш йигит кишига ярашмайди. Мен кейинги икки йилда худди мана шу мавзуда «Ватанпарвар» газетасида ўндан ортиқ чиқишлар қилдим. Уларда бу борада жуда кўплаб аниқ мисоллар келтирилган. Прагадаги шоҳона бинода ишлаб ўтириб, телеканаллар ва радиотўлқинларни кузатганда тўғри фикрлаб, холис хулоса чиқаришни ҳам ўрганинг-да!..

Ўша кунги суҳбат-интервью пайтида миллатдош­ларингизга бирорта ҳам илиқ сўз айтмадингиз. Демократия ҳақида кўп гапирдингиз, аммо демократиянинг асл моҳиятини ўзингиз англаб етмадингиз. Демократ деган улуғ номга эга бўлган давлат ва халқ бошқа бировга зулм қилмаслиги керак. Инсонпарварлик ғояси – демократиянинг асоси. Ҳозир жаҳонда бунинг акси бўляпти-ку!..

Нима, сизнингча, тинч аҳолини бомбалаб ўлдираётган, бошқа бировларга зўрлик ва зўравонлик қилаётган, менинг йўриғимга юрасан, деб таъсир ўтказаётган, турли ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этиб, геосиёсий ўйинларда қатнашаётган Ўзбекистонми?! Биринчи Президентимиз озодлигимизнинг дастлабки йиллариданоқ «Йигит йиқилмасин, она йиғламасин», деган шиорни ўртага ташлаб, бирон-бир ҳарбийни четга чиқармаганидан хабарингиз йўқми? Биз бундан кейин ҳам шу йўлдан борамиз. Биз оғизда демократия ҳақида сафсата сотиб, амалда бировларнинг ноғорасига ўйнайдиган номардлардан эмасмиз!

Энди сизнинг: «Ўзбекистонлик ўзбеклар ўзларига ўзлари ақл ўргата олишмайди-да, нуқул қийин аҳволда қолишади, шундай пайтда улар бизни дўхтир сифатида ёрдамга чақиришади ва биз уларга йўл кўрсатамиз», деган гапларингиз биз учун ҳақорат бўлди. Сизнинг «дўхтирларингиз» тинчлантириш ўрнига нуқул жазавани қўзғайдиган «укол» қилишади-да, оқибати нима бўлар экан, деб томоша қилиб туришади. Сизларга шу керак. Шундагина эшиттиришларингиз шов-шувли бўлиб, рейтингларингиз ошади. Сизларни ёрдам сўраб мурожаат қилган мижознинг тақдири мутлақо қизиқтирмайди. Ўн йиллар мобайнида сизлардан умидвор бўлиб, ҳеч қандай натижа чиқмагач, ҳафсалалари пир бўлиб, дунё бўйлаб дайдиб юрган собиқ мижозларингиздан бир нечтасини яхши биламан. Алишер, инсонларнинг тақдири билан ўйнашманглар, қўлларингиздан келса ёрдам беринглар, бўлмаса уларни сарсон-саргардон қилманглар! Бюрократия деган иллат бор экан, жаҳонда инсон ҳуқуқлари бузилмайдиган давлатнинг ўзи йўқ. Бундай иллатга мен ҳам дуч келиб тураман. Бироқ ҳар сафар ҳар қандай муаммони сизларнинг жазава қўзғайдиган «уколингларсиз» ҳал қиламан.

«Ҳақиқатни тиклашда Ўзбекистондаги маҳаллий матбуотга ёрдам беряпмиз», деб керилганингиздан кўриниб турибдики, сиздаги такаббурлик анчагина. Атиги 10-11 нафар ходимингиз билан бутун бир давлатда ҳақиқатни қандай қилиб тиклайсиз?.. Сиздан интервью олаётган қиз: «Ходимларингиз сони қанча?» деб сўраганида дастлаб: «Минглаб!..» дея кулдингиз. Демак, минглаб айғоқчиларингиз бор. Иғвогарлар, миш-мишчилар, аразчилар, ғаразчилар ва бузғунчилар ҳамиша ҳам тўғри маълумот беради, деб ўйлайсизми?! Оқибатда битта жабрланувчининг аҳволидан ўнлаб аламзадалар фойдаланиб қолишади ва кимлардандир ўч олишади. Прокуратура, тергов ва судлов органлари ойлаб, йиллаб ҳал қила олмаган масалани сизлар битта танқидий чиқиш билан ҳал қилмоқчи бўласизлар. Бундай ҳолатларга, яхшиси, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг малакали адлия мутахассислари аралашгани маъқул эмасми? Айтгандай, қўлида ўйинчоқ-тўппонча ушлаган 6 яшар болани отиб ўлдирган полиция ходими тегишли жазосини олдими?! Лас-Вегасда 58 одамни ўлдирган «жинни»нинг иши нима бўлди? Техасдаги черковда насронийларни отиб ўлдирган «жинни» яхшиямки мусулмон эмас экан, бўлмаса жаҳон миқёсида фуқаролар уруши бошланиб кетарди.

Алишер, охирги фикрни бекорга айтганим йўқ. Сиз Ўзбекистонда мусулмонларни ҳимоя қилиб гапиришлари ва ёзишлари ҳақида ёқтирмай луқма ташладингиз. Бу Прагадан ташқарига чиқмаганингизни ёки жаҳон сиёсат оламида мусулмонларга нисбатан бўлаётган хуружларни англаб етмаётганингизни, мабодо англаб етсангиз ҳам бошқа диндаги бошлиқларингизга ёмон кўриниб қолишдан қўрқаётганингизни ёхуд барча динларга нисбатан бирдай бағрикенгликда дунёда Ўзбекистондай давлат йўқлигини билмаслигингизни кўрсатади. Биз бу масалада жуда холисмиз. Жумладан, сизнинг католик ва протестант раҳбарларингизни ҳам ҳурмат қиламиз. Агар мусулмон бўлсангиз, мусулмонларни ёмонотлиқ қилишга ҳисса қўшманг. Агар Ўзбекистонга ва ўзбек миллатига тош отишда ва туҳмат уюштиришда ҳаддингиздан ошмасангиз ҳамда ўзбекистонлик ва ўзбек эканлигингиздан номус қилмасангиз, сизни ҳеч ким сотқин ҳам, хоин ҳам, ватангадо ҳам демайди. Бундай номлар сизларга нисбатан совет пропагандаси даврида айтилар эди. Ҳозир ундай эмас. Бу ҳолатга мукаммал тўхталганимга сабаб шуки, сиз интервью бериш пайтида, «бизни СССР даврида хоин дейишарди. Ҳозир ҳам сотқин дейишлари мумкин», деб кўп марта такрорладингиз. Шубҳа-гумондан йироқ бўлайлик десангиз, Ўзбекистондаги ҳаётни ёритишда имкон қадар одил ва холис бўлинглар.

Эсимда бор, СССР парчаланганидан кейин «Озодлик» радиосидаги ҳамкасблар, «бунга биз ҳам ҳисса қўшдик», дея мағрурланишди. Йўқ, 1991 йилда эришилган Озодлик ўзбек халқининг ғалабаси эди. Аксинча, мустақилликнинг дастлабки йилларида «Озодлик» радиоси Ўзбекистондаги митингбозликларни, ўзларини демократ деб атай бошлаган бақироқларнинг бузғунчилик хатти-ҳаракатларини, жамиятдаги қарама-қаршиликларни қўллади. Бу жараёнларни мен ўзбек матбуотида мукаммал ёритганман.

Энди бизга ўша пайтдагидай олатасир ҳаёт керакмас. Бугунги кунда бизга АҚШ ва Европа давлатларидаги яхши ҳаётнинг фақат ўз миллий, маънавий ва диний менталитетимизга мос ва хос жиҳатларигина ибрат бўлиши мумкин. Бошқа сунъий ва ёт қадриятларни қабул қила олмаймиз. Бунга бизни нафақат «Озодлик», «БИ-БИ-СИ» каби ўнлаб, юзлаб телерадиоканаллар, балки бошқа катта кучлар ҳам мажбур қила олмайди. Энди инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва бошқа қонунсизлик ҳолатларига келсак, буни жаҳон миқёсида ноғора қоқмасдан Ўзбекистондаги адлия идоралари билан биргаликда жабрланувчининг фойдасига ҳал қилса бўлади.

Афтидан, укамиз Алишер Сиддиқ мавзу танлашда бироз қийналаётган кўринади. Чамамда, у Ўзбекистонда яшаб кўрмаган. Бизда одамларни пахта теримига – ҳашарга жалб этиш миллий қадрият ҳисобланади. Қадимдан шундай бўлиб келган. Буни мажбурий меҳнат деб уч ой ваҳима кўтаришга ҳеч қандай асос йўқ эди. Шунга қарамасдан «Озодлик» радиосининг ўзбек хизмати тақдирланибди – мамнунмиз! Фақат огоҳлантириб айтмоқчимизки, эрта-индин одамлар ҳашар йўли билан қор курашга ёки ободонлаштириш ишларига жалб этилиши мумкин. Шунда «Озодлик»даги йигитлар шошиб қолишмасин, дейман-да!…

Агар демократия ва эркинлик ҳақида бемалол мунозара қилишни исташса, марҳамат, келиб менга учрашишсин, бир пиёла чой устида тортишмай-талашмай тонг оттирамиз.

Ҳозирча менинг айтар сўзларим шу. Омон бўлсак, қолган сўзларни кейин гаплашармиз.

Иброҳим НОРМАТОВ,

сиёсий шарҳловчи
http://mv-vatanparvar.uz/

6 комментариев

  1. Зур йозипти укиб мазза килдим рахмат сизга бу гаплар шу озодлик учун кузгудай бупти ишкилиб бу кузгуда узларини куриб куркиб кетишмасинда сиздан оллох рози бусин омин

  2. «Бизда одамларни пахта теримига — хашарга жалб этиш МИЛЛИЙ КАДРИЯТ хисобланади» …… БУ АКЛИ РАСО ОДАМНИНГ ФИКРИ ЭМАС. БИЗ БУНИ МАЖБУРИЙ ВА НОКОНУНИЙ МЕХНАТ КИЛДИРИШ ДЕЙМИЗ. Сиз сингари хоким ва амалдорларнинг МАДДОХлари мукофотланиб унвонга эга булиб юришибди.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *