Хусусий нашрлар, энди ўлдингиз!

“Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги” сайти Агентлик Бош директори Лазиз Тангриевнинг «Маънавиятга зарар етказганларни аямаймиз» номли мақоласини эълон қилибди. Мақола аввалидаёқ Бош директор ўз қуролини кимларга қарши ўнглаганини яшириб ўтирмабди: “Нега биз дўкондан сифатсиз, муддати ўтган маҳсулот олсак, сотувчи билан ёқа бўғишамизу маънавиятимизга зарба бераётган, саводсизликни урчитаётган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган хусусий оммавий ахборот воситалари ва нашриётларга миқ етмаймиз?”

Ана, Агентлик Бош директори маънавиятимизга зарба бераётган “халқ душманлари” кимлар эканини аниқ-тиниқ баён қилди: булар хусусий нашрлар ва ноширлар экан!

Муҳтарам Лазиз Хушбоқович биринчи чиқиши биланоқ “кимнинг аравасида” эканини, кимларнинг манфаатига хизмат қилишини фош қилиб қўйибди!

Хусусий ОАВ ва хусусий нашрларнинг маҳсулотлари дўкондаги сифатсиз, муддати ўтган маҳсулот, тушунарлироқ қилиб айтсак, палағда тухум, чириган картошка ёки ириган карам билан тенглаштирилди.

Хусусий ОАВ ва нашриётлар “Саводсизликни урчитаётганликда”, “Ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганликда”, энг ёмони, “Маънавиятимизга зарба бераётганликда” айбланди!

Бундай “Халқ душманлари”га қарши нима қилмоқ керак?

Лазиз Хушбоқович бунинг ҳам йўлини кўрсатибди:

“Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бундай «ишбилармонлар»га қарши аёвсиз кураш олиб боради. Энди уларни «қонунни бузманг» деган юмшоқ ва сип-силлиқ тақдимномалар юбориб, огоҳлантириш эмас, балки қилётган номаъқулликларини кўрсатиб, халқимиз, жамоатчилик олдида изза қилиш фурсати етди”.

Бир мулоҳаза туғилади: агар хусусий ОАВ ва хусусий нашриётлар ростдан ҳам “Саводсизликни урчитаётган”, “Ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган”, “Маънавиятимизга зарба бераётган” бўлса, уларни “қилётган номаъқулликларини кўрсатиб, халқимиз, жамоатчилик олдида изза қилиш” кам эмасми?

Шунча “жиноят” бўйнига илинган хусусий ОАВ ва хусусий нашриётларни “халқимиз ва жамоатчилик олдида” ОТИШ КЕРАК ЭМАСМИ?

Шунча “номаъқулчиликлар”ни қилаётган “хусусийлар”ни энг камида Сибирга сургун қилиб, уларни ГУЛАГ лагерларида чиритиш керак эмасми?

Ахир бор-йўғи уйидан “Ўткан кунлар” китоби чиққани учун қанча-қанча зиёлилар Сибирда бекафан кўмилиб кетди-ку? Уларни ҳам Сибирга жўнатган Сталин эмас эди! Берия эмас эди! Ўзимиздан чиққан “онги ва виждони уйғоқ, ҳушёр” ходимлар эди!

Уларнинг жиноятлари билан хусусий ОАВ ва нашриётлар бўйнига муҳтарам Тангриев илаётган жиноятлар таққосланса, “хусусий”ларни тўпга солиб отсанг ҳам кам эмасми?

“Юртбошимиз айтганларидек, бу балога қарши жамоатчиликни уйғотмасак, бир жаҳолатга ўн маърифат билан жавоб бермасак у кун сайин мадда бойлаб бораверади”, дебди Бош директор.

Президент хусусий ОАВ ва хусусий нашриётларга қарши шунақа гапни қачон, қаерда айтди? Ё биз бехабар қолдикми? Ўзбекистон МАА раҳбари билан алоҳида учрашувда айтдимикан? Бош директорга алоҳида кўрсатма берилдимикан?

Лекин биз бошқа нарсани кузатаяпмиз: Ўзбекистон президенти деярли барча учрашувларда депутатларга ҳам, катта-кичик раҳбарларга ҳам “Ижтимоий тармоқларга киринглар, у ерда ёзилаётган ҳақиқатларни ўқинглар”, деяпти. “Ўзларинг ҳам ижтимоий тармоқларда саҳифа очинглар ва ҳақ сўзни айтаётган фойдаланувчилар билан дўстлашинглар”, деяпти. Бу кўрсатмаларга амал қилган кўплаб депутатлар турли ижтимоий тармоқлар, хусусан, “Фейсбук” сайтида ўз саҳифаларини очиб, фаол фойдаланувчилар билан дўстлашмоқдалар ва улар билан фикр алмашмоқдалар. Эътибор беринг, “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги” сайтида эмас, “Фейсбук” сайтида.

Бир неча бор гувоҳи бўлдик, Ўзбекистон президенти хусусий ОАВ да чоп этилган мақолалардан иқтибос келтирди. Уларга бошқаларнинг эътиборини қаратди.

“Юртбошимиз айтганларидек…” дея ҳурматли Л.Тангриев мабодо юртбошининг қилаётган ишларига тескари иш қилиб қўймаяптимикан?

Мақола сўнгида Ўзбекистон МАА раҳбари хусусий ОАВ ва нашриётларга очиқчасига таҳдид қилибди:

“Шу кундан бошлаб Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги соҳа қонунларини менсимайдиган, миллий қадриятларимизни оёқ ости қиладиган, пул топаман деб журналистика шаънига доғ туширадиган қўштирноқ ичидаги «ҳамкасбларимиз»га қарши муросасиз кураш олиб боради”.

− Энди ўлдик! – дейди биз томоннинг оддий одамлари бунақа гапни эшитганда.

Хусусий ОАВ ва нашриётларнинг вакиллари ҳам оддий одамлар, ўз аравасини ўзи тортиб юрган, бировдан пул сўрамаган, бировдан ўз нашрларига мажбурий обуна қилиб беришини сўраб, пора бермаган ва ўз мухлислари ва ўз муштарийларини ўз меҳнатлари билан орттирган ижодкорлар.

Улар энди минг карра ҳушёр бўлишлари талаб этилади. Ахир уларга қарши қурол кўтарган одам андоғ-мундоғ одам эмас – Ўзбекистон МАА Бош директори! Давлатнинг одами! Арбоб!

“Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”, дейдилар. Арбобки, хусусий нашрлар ва ноширларга қарши қурол кўтардими, бундан яхшилик кутиб бўлмайди. Энди у “хусусийлар”ни ҳар боб билан уради. Пировард натижада давлат нашрларининг ҳукмронлигига эришади! (Агар унга қўйилган вазифа шу бўлса!)

Менинг шахсий хулосам, қайтариб айтаман, шахсий хулосам шу бўлдики, мамлакат раҳбари бошқа йўлда, мамлакатнинг матбуот ва ахборот агентлиги раҳбари бошқа йўлда!

Айтганча, хусусий ОАВ ва нашриётларни “саводсизликни урчитаётган”ликда айблаган Л.Тангриевга давлат ОАВ, давлат нашриётлари маҳсулотлари, ҳатто давлат телевидениеларида кетаётган саводсизлик намуналарини минглаб келтиришимиз мумкинлигини эслатиб қўймоқчи эдим.

Ўзбекистон МАА Бош директорининг мақоласи мана шундай оташин сўзлар билан якунланган:

“Маънавиятимизнинг дўсти киму душмани ким халқимиз очиқ билсин!”

Менимча, зукко ўқувчи аллақон тушуниб, билиб, таниб олди: “Маънавиятимизнинг дўсти киму душмани ким”.

Тўра Мурод

P.S.: Муаллифнинг давлат ОАВга ва нашриётларига хусумати бўлмаганидек, хусусий ОАВларига ҳам алоқаси йўқ. У Ўзбекистон МАА тақдимномасига асосан, хусусий газетадан ишдан ҳайдалган. Шунчаки, давлат нашрларидан кўра, кўпроқ хусусий нашрларни ўқийди, холос.

7 комментариев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *