Хуршид НУРУЛЛАЕВ: МУТАХАССИС ФИКРИ

(ҳажвия)

–Илгари биноларни оққа бўяшарди. Ҳозир кулранг мода бўлган, – тумандаги филиалига ташриф буюрган шаҳар корхонасининг раҳбари янги тайинланган директорга маслаҳат берди. – Ишни ободонлаштиришдан бошлаганингиз яхши, албатта, лекин бинони кулрангга бўяган маъқулроқ, чангни сездирмайди.
Филиалнинг янги директори бинони яқинда таъмирлатган эди. Ёллаган устаси узоқ бир жойдан махсус ранг олиб келганди. Бино оппоқ кўриниши билан кўчадаги бошқа иморатлардан ажралиб турарди.
Шаҳардан келган бошлиқ бинони кулрангга бўянг деб айтмади. Лекин гапининг оҳангидан унинг шу рангга мойиллиги сезилиб турарди.
Директор ўйга ботди. Бино рангини шу кўринишда қолдирса, раҳбар хафа бўлиши мумкин. Шу боис, ортиқча харажат бўлса-да, бир ҳафта ичида бинони кулрангга бўятди.
Бироз вақт ўтиб, филиалга ташриф буюрган корхоналар уюшмасининг раиси илк эътирозини бино кўринишидан бошлади.
– Бинони ҳам ҳеч вақт кулрангга бўяйдиларми?
Корхона раҳбари ўзининг бошлиғи ҳисобланган уюшма раиси билан бирга келганди. Филиал директори унга нажот кутиб қаради. Лекин, турган гап, у кулрангга бўяш фикри ўзидан чиққанини айтиб ўтирмади. Аксинча, раиснинг гапини маъқуллаб, бош қимирлатди.
– Ҳозир яшил ранг расм бўлган, – эътирозини давом эттирди уюшма раиси. – Ўйлаб кўринглар.
Корхона раҳбари филиал директорига аста шипшиди:
– Бинони дарҳол яшилга бўятинг.
Филиал директори ўйланиб қолди. Бир ой ичида бинони уч марта бўяш қандай бўларкин? Харажат-чи? Йўқ, нима бўлса ҳам раҳбарнинг гапини эътиборсиз қолдириш мумкин эмас.
Қуйи корхоналар фаолияти билан танишиб юрган бирлашма бошлиғи филиал биносини кўздан кечира туриб, таассуротини яшириб ўтирмади.
– Ким бинони яшилга бўяйди, дид борми ўзи?
У шундай дея уюшма раисига намойишкорона қовоқ уйди. Уюшма раиси ўз нав­батида корхона раҳбарига хўмрайди. Филиал директорининг айби бўлмаса-да, у гуноҳкорлик билан бошини эгди.
– Бизнинг ташкилот ёнида қўшма корхонанинг биноси бор, – сўзини давом эттирди бирлашма бошлиғи. – Бинони қизғиш рангга бўяшган. Антиқа кўринишга эга. Маблағ бўлганда биз ҳам биномизни шу рангга бўярдик.
Филиал директорининг энсаси қотди. Чунки катталарнинг ташрифидан бир кун ўтиб корхона раҳбари ундан бирлашма бошлиғи берган топшириқ қандай бажарилаётганини сўради. Ҳатто уюшма раиси бинони қизғиш рангга бўяшни бошладингизми, дея сим қоқиб, танбеҳ берди.
Филиал директори нима қилишини билмай, ахийри ходимларни маслаҳатга чақирди. Ўзаро музокарадан сўнг ишни мутахассисга беришга келишилди.
Туман бош меъмори бинони бўяш лойиҳасини филиал директорига кўрсата туриб, изоҳ берди:
– Бино тўрт хил рангда бўлади. Эшик ва ромлар оққа бўялади. Бинонинг ост ва уст қисмига эни бир метр қилиб узунасига қизғиш ранг берилади. Девор эса яшил ва кулранг бўлади. Маъқулми?
Филиал директори меъморнинг ранг танлаганига, танлаганда ҳам тўртта раҳбарнинг дидига мос ранг топганига қойил қоларкан, келгусида ҳар қандай ишни фақат мутахассисга беришни ўйлади ва бу фикрдан фавқулотда кайфияти кўтарилди.

 

http://sharqyulduzi.uz дан олинди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *