Humo Arena – янги муз саройининг лойиҳаси намойиш этилди (фото)

Humo Arena трибунаси 12,5 минг томошабинга мўлжалланган. Жанубий Кореянинг Heerim Architects компанияси Тошкентда кўп функцияли Humo Arena муз саройини қураяпти.

Эскизларга кўра, бино замонавий хай-тек услубида шиша ва металлдан қурилади, деб хабар берди Sputnik. Энергия жиҳатидан “ақлли” ва яшил технологиялар ҳам четда қолмайди. Янги комплекс ўзида замонавий меъморий ечимлар, илғор технология ва миллий меъморчилик анъаналарини мужассамлаштиради. Бинога бежиз Humo Arena деб ном берилмаган, барчамизга маълум, Ҳумо қуши азалдан бахт тимсоли сифатида таърифланади.

Компания вакилларининг сўзига кўра, мажмуанинг асосий муз аренасида 12 500 та томошабин ўрни бўлади, қўшимчасида 300 та ўрин, шунингдек 200 та автомобиль сиғимига эга парковка ҳамда болалар учун тематик парк ва бир нечта ресторан қурилади.

“Муз саройини кўп функцияли деб эътироф этилишининг сабаби – бу ерда хоккей, шорт-трек, фигурали учиш, бокс, баскетбол, волейбол, концерт чиқишлари ташкил этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашганини эътиборга олган ҳолда, мажмуа 9 баллик ер силкинишларига дош бера оладиган қилиб қурилади”,— деб изоҳ беришди Heerim Architectsда.

Қайд этиш лозим, компания Ўзбекистондаги бошқа йирик лойиҳада хам иштирок этмоқда. Янги Тошкент аэропорт терминалининг дизайн лойиҳасини айнан шу компания ишлаб чиққан. Лойиҳа бир муддатга тўхтатилган эди, бироқ яқинда МАК вакиллари унинг тикланишини ва шу мақсадда Ўзбекистон делегацияси Жанубий Кореяга ташриф буюришини таъкидлади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *