Ҳозир ёки ҳеч қачон — халқ сифатида жипслашиш вақти келди!

Биродарларим – мусулмон умматига четдан туриб қарадим, қарадим, бир муддат қарадим ва… эндиликка келиб, бир оғиз гапирмасам бўлмайди, деган қарорга келдим. Ўқувчи “нега энди четдан?” – деб сўраши мумкин. Негаки, кўпчилик ичидамасман – бир жойда ўтираман – юролмайман.

Facebook сабаб атрофда бўлаётганларни зимдан кузатишимга имкон пайдо бўлди. Қолаверса шу матоҳ орқали масофавий танишлар орттирдим, баъзи кишилар билан бевосита танишдим, ҳамда… ўз фикр-мулоҳазаларимни билдира бошладим.

Энди ўша айтмоқчи бўлганим гапларга кўчаман. Четдан туриб кузатишим кўп-кўп ачинишимга сабаб бўлди. Нега? Чунки…

Биринчидан, аҳли мусулмон бир-бирига БИРОДАР эканлигини тақа-тақ унутган, деган ҳис менинг онгимни тақа-тақ маҳв этди… Бу унутиш бошни қаттиқ бир жойга уриб олиш эвазига содир бўлган унутишга ўхшайди. Шу даражадаги унутиш! Ичида руҳи борлигини унутиб қўйиш даражасига етиб қолган бани одам цивилизациясини эс-ҳушига келтириб қўйишдек вазифаси бор бўлган уммат ҳозирга келиб бир-бирига БИРОДАР эканлигини унутиб қўйибди…

Аммо, камина ожизнинг умид алангасига анчайин сув сепиб қўйган нарса шу бўлдики, илмли кишилар ўртасида ҳам биродарлик алоқалар риштаси “шамоллаб қолиш” мақомида экан… Миллат бошига минг йилда бир марта келадиган имконият айни келиб турганда “сеники-меники” қилиш, қисиниш, юз буриштириш, ноз-карашма қилиш ва бошқа “ниш”ларни ҳис этдим… Бир оила бўлиб ҳаракат қилиш, бир мушт бўлиб жаҳолатнинг белини маърифат ила синдириш фурсати тўлов сўрамай ўзи нозил бўлиб турганда майда-чуйдаланиш – буниси нима энди?

Иккинчидан, аҳли иймон биродарларимнинг МУҲИМ нарсаларни чеккада чанг бостириб қўйиб, айни ҳолатда муҳим бўлмаган нарсаларни “кўзга суртиб” эътиборини қилишлари – ачиниш учун яна битта сабаб. Масалан, ижтимоий тармоқдаги юзаки, ҳиссий нарса ҳақидаги “пост” икки юзта “лайк” олади, иқтисодий жараёнлар таҳлилига бағишлангани эса – бўм-бўш. Уларни хос ўзгалар қизғин муҳокама этяптилар – аҳли ибодат эмас. Гўёки иқтисодий конъюнктура ва қонуниятлар ҳозирда биз хоҳлагандек ҳолатдаю, биз энди бу мавзудан «бемалол»миз… Янги илмий кашфиётлар ўзгаларнинг ўткир нигоҳи остида, аҳли иймон эса кўпинча ўзаро тортишувлар ёхуд латифа тўқиш ила овора. Бу эса, масалан, ўсиб келаётган зурриёдимиз онгига тўғридан-тўғри жўнатилаётган салбий ўрнакдир – тортишувчи ва латифа тўқувчи яна битта авлод юзага келиши учун “саъй-ҳаракатдир”…

***
Оқсаган уммат ўз танасидаги оқсаб турган жойини билмаслиги – илдам ҳаракатнинг мутлақ душманидир. Нега, дейсизми? Оқсоқ одам оёғини даволамасдан туриб бирор манзилга етганини биласизми?… Биз шу аҳволдамиз!

Ҳозирда бир соатлик маърузанинг камида ярим соати болаларни ҳар тарафлама юқори савияли кишилар қилиб тарбиялашга бағишланмоғи керак. ҲАР ТАРАФЛАМА ЮҚОРИ САВИЯЛИ ҚИЛИБ. ЭРТАМИЗ учун бугун қиладиган ишларимизнинг энг долзарбларидан бу. Эртага ҳар бир соҳага иймон-ихлос аҳли фарзандлари – ИЙМОН ила юқори савиядаги мутахассисликни ўзида жамлаган зурриёд келсагина ҳолимиз тубдан ўзгаради. Бўлмаса – йўқ!

Бундай авлодни тарбиялаш иши бугунги кунда аҳли ибодат учун мутлақ трендга айланмоғи керак. Ҳа, айнан шу иш бизлар учун, такрорлашдан ийманмайман, мутлақ трендга айланиши керак. Зеро, фақатгина атроф дунёни борича – объектив тасаввур этадиган иймони бутун авлод вужудга келсагина, биз тиз чўккан ҳолатимиздан туришимиз мумкин бўлади. Бўлмаса – йўқ.

***
Ҳар бир оқсаган жойимизни кўра билмоғимиз керак. Зеро бу тузалишимизнинг бошланғич омилидир. Кўра билишни эплаганимиздан сўнг кейинги иш – ишларнинг пухта режасини тузиш бўлади. Воқелигимиз – бўлаётган ўзгаришлар буни зиммамизга юкламоқда.

Биз ўша – ёшу қариси ёппасига илм олувчи миллат мақомини қайтаришимиз керак. Бойлик тўплаш ва тўй қилишни ҳаёт мазмунига айлантириш нечоғлик хунук эканлигини, илм олиш эса барча (моддий ва маънавий) яхшиликларни жалб қилувчи эканлигини барча замонавий имкониятларни ишга солиб оммага сингдиришимиз лозим. Воқелигимиз – бўлаётган ўзгаришлар буни зиммамизга юкламоқда.

***
Бирлашганни бўри емас. Аҳли ибодат зиёлилар бир жамоат ташкилотига (ассоциациясига) бирлашиб, ижтимоий лойиҳалар устида ишламоғи лозим. Имкониятларни жамлаб, юқори эстетик кўринишдаги мультимедия маҳсулотларини таёрлаб, оддий Исломий ҳақиқатларни аҳолига етказиш устида ишлаши лозим. Воқелигимиз – бўлаётган ўзгаришлар буни зиммамизга юкламоқда.

***
Аминманки, устоз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ шу фурсатда ҳаёт бўлганларида бу ишларнинг устида ўзлари бош-қош бўлардилар. Аммо Робб таоло мазкур масъулиятни ҳаммамизнинг зиммамизга бўлиб ташлашни ирода этибди… У киши орамизда эмаслар. Томошабин ёхуд иш бажарувчи эмас, балки ҳар биримиз масъулиятни тўла зиммасига олган, дину Ислом йўлидаги – нур йўлидаги бирликларга айланмоғимизни Аллоҳ таоло истаган бўлса не ажаб! Қиёматда шу мақомда, жасорат эгалари ёнида туришимизни истаган бўлса не ажаб! Шараф бермоқни истаётган бўлса не ажаб!?

Воқелигимиз – бўлаётган ўзгаришларнинг аҳамиятини ҳали ҳеч биримиз тўлиқ англаганимиз йўқ. Дераза ортида юз бераётган, мўъжизанинг бўйи келиб турган воқеликнинг ишораларга бой пойига пояндоз ташлай олаётганимиз йўқ.

***
Янги кун ҳаракатларнинг янги концепциясини ишлаб чиқмоқни талаб этмоқда. Зеро ҳаракатларнинг тартибга муҳтожлиги бордир. Амалга оширилаётган маърифий ишлар янги босқичга чиқмоғи, ягона режага асосланмоғи керак. Бу ишларда миллатнинг аксар қисмининг илмий даражасини, савиясини ҳисобга олмоқ лозим бўлади. Маърифий тадбирлар тор доирадан чиқиб, кенг оммани қамрамови – миқёси бениҳоя кенгаймоғи лозимдир. Воқелигимиз – бўлаётган ўзгаришлар буни зиммамизга юкламоқда.

Исломий ҳақиқатлардан йироқ бўлган омма халққа Исломни таълим беришнинг набавий услуби борлигини унутмаслик керак. Яъни нубувватнинг биринчи ярми қалбларда тавҳиднинг ўрнашишига бағишланганини унутмаслик керак. Бошланғич босқичда ҳатто қабрлар зиёратидан қайтарилгани – маърифий ишлар қай йўсинда боришининг буюк бир намунаси, ишорасидир (умуммиллат миқёсида биз ҳозир ўшандай ҳолатдамиз).

Ҳолатнинг ҳисобини қилмасдан илм тарқатиш аслида илм тарқатиш эмаслиги, катта масъулиятсизлик эканлиги ҳақиқати қатъият ила барчага етказилмоғи лозим. Тавҳид илмининг аҳамиятини билмайдиганлар, тавҳидсиз ҳар бир нарса ўз маъносини йўқотишини ҳис этмайдиганлар, зиё тарқатишнинг набавий услуби ва ҳақиқатини англамайдиганлар ваъз ишларидан четлатилмоғи лозимдир. Воқелигимиз – ҳолатимиз буни зиммамизга юкламоқда.

***
Маърифий тадбирлар, мультимедия маҳсулотлари биринчи босқичда Ислом ҳақиқатининг хос асосий тушунчаларини тушунтиришга бағишланмоғи лозим. Роббиси ким эканлигини ҳали билмай юрганга намозни ўргатиш маъносиз ишдир. Зоҳир дунёдан ташқари ғайбий дунё борлигини ҳали билмайдиганга гуноҳ тушунчасининг асл ҳақиқатини тушунтириб беришнинг имкони йўқ. Латиф дунё ҳақида тушунчаси йўққа пора олишнинг зарарини тушунтириш бефойда.

Ислом ҳақиқатини тўла овозда гапириш имкониятининг пайдо бўлиши улкан ишларни зиммамизга юклайди. Аммо бу ишнинг барча нозик тарафларини ҳисобга олмоқни, сабр ила ҳар бир босқични босиб ўтишни ҳам шарт қилади.

***
Бугунликда давлат идораларини номуносиб ходимлардан тозалаш иши қанчалик аҳамият бериб амалга оширилаётган бўлса, ваъз этиш, илм тарқатиш соҳасига ҳам муносиб, зиё улашиш тартиб-тадрижини яхши биладиганларни жалб қилиб, пала-партишликка йўл қўядиганларни четлатиш шунчалик, балки ундан-да зарур ишдир. Илм фақат омма ва шахснинг маънавий мақомини юқорилатгандагина илм бўлишини, омма ҳолини эътиборга олмасдан “мендан нари” қабилида тартибсиз тарқатилган “зиё” эса кони зарар эканлигини англайдиган том маънодаги аҳли илм кишиларни таqёрламоқ ва масъул ўринларга қўймоқни вазият зиммамизга юкламоқда. Бу ишларни қилишда, таъбир жоиз бўлса, “Мирзиёев услубини” қўллаш керак бўлади – халқ учун, Ислом учун (бошқа нарса учун эмас) жон куйдирадиган кадрларни кўтариш керак бўлади.

Ҳар бир ижобий ишларда аҳли мўмин ўрнак бўлиши кераклиги шунчаки гапга айланиб қолмаслиги керак. Ислоҳотлар кетаётган пайта айнан аҳли ибодат ислоҳотларнинг авангардида – биринчи сафида туриши айни адолатдир. Бу эса аввало ўзни тузатишимиз ила бўлади. “Ўзгаларга ўрнак бўла олаяпмизми?” – деган саволни ўзимизга рўй-рост беришимиз билан бўлади…

***
Ўта масъулиятли даврни бошдан кечиряпмиз. Бу масъулият – шундоқ олдимизга келиб турган шарафимизни бой бериб қўймаслик масъулиятидир. Ҳар биримизнинг хос ва уммат ўлароқ оммавий масъулиятимиздир.

Шарафни бой бермайлик!

Муҳаммад Шакур

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *