Хосият БОБОМУРОДОВА: Онам йўқлигини билдинг-а, шамол?..

Қолиб кетманг қиз юртида

…Шундай қилиб, Алпомиш йўлга отланди. Барчинни излаб бормаса бўлмас. Унга етказмаса, бу йўллар йўлмас, уни тутқазмаса бу қўллар қўлмас. Ҳуши бошидан учиб, Барчинсиз кундан кечиб, уйни айланиб, йўлга шайланиб турган эди, учибми, қўнибми, бир қуш ўтгандай бўлди. Қараса, ёлғиз синглиси – Қалдирғоч. У акасига бир сўз деб турган экан:

Борар бўлсангиз чечамга,
Йўлларингиз оқ бўлсин.
Барчиной деб юрганлар кўп,
Алпомиши тоқ, бўлсин.

Муштипарман, эртаю кеч,
Йўлингизга қарайман.
Боболардан мерос орни,
Ака, сиздан сўрайман.

Ғолиб чоқда қўлингизни
Яловчилар кўп бўлар.
Борса хатар йўлингизда
Таловчилар кўп бўлар.

Ақлингизга кўз тилайман,
Кўрсин яхши-ёмонни.
Сабрингизнинг чўнг тоши
Айирсин дон-сомонни.

Аёл сизни жоним деса,
Жонни беринг жон ака.
Бор меҳрингиз, сўнгги бурда
Нонни беринг жон ака.

У бошида ардоқласа,
Оёғига бош қўйинг.
Ул ўзини бағишласа,
Ундан ортиқроқ суйинг.

Суяверинг жон қадар,
Аммо иймон қадармас.
Қалбни беринг, берманг эркни,
Иймонсиз ошиқ ёрмас.

Барчиной деб ўздан кечинг,
Кечманг бироқ, юрт, элдан.
Қўлингизни беринг қўлга,
Номусни берманг қўлдан.
Зар тиласа бераверинг,
Етмаса тунни сотинг.
Мол-мулк, қўй-қўзидан
Тўққизмас, ўнни сотинг.

Йигит деган чарчамайди,
Кундузга тунни сотинг.
Етмай қолса, пули кўпга
Розиман, мени сотинг.

Сотманг, аммо еримизни,
Қувонч, сурурни сотманг.
Яланғоч қолсангиз ҳам,
Ака, ғурурни сотманг.

Ишқ йўлида ғаним кўпдир,
Баридан ғолиб келинг.
Қолиб кетманг қиз юртида
Янгамни олиб келинг

********************************

ШАМОЛ

Ҳар гал сочларимни силаган шамол,
Бугун битта қўймай тўзғитиб кетди.
Безовта кўнглимнинг асрорларини,
Хазон баргларидай изғитиб кетди.

Ҳамма булутларни ҳайдаб бошимга,
Ёмғирларни узоқ-узоқ бўзлатди.
Хоналарга бирма-бир кириб,
Бир қадрдон изни излатди.

Ногоҳ қуюн бўлиб осмонга ўрлаб,
Уюштирди тоза юракларимни.
Қўлларимдан юлиб, юлқилаб кетди,
Маҳзун шеър битилган варақларимни.

Холимни бир бора кўрмадинг сўраб,
Эгилган қаддимни қилавердинг дол.
Сен ҳам рақибларга қўшилиб кетдинг,
Онам йўқлигини билдинг-а, шамол?..

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *