ХОРАЗМДА Тадбиркорни емаган сомсасига пул тўлашга мажбурлашяпти

 

Мақсад тадбиркорни синдиришми?
(ёхуд хоразмлик икки тадбиркор тадбиркор бўлганидан афсусланаётганлги хусусида)

— Президентимиз Ш. Мирзиёев иккита иш ўрни яратган тадбиркорни сизлаш лозимлиги, уларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги хусусида кўп ва хўп гапиради. Бироқ Хоразмда прокуратура ва суд органлари Юртбошимизнинг гапларини ё умуман тингламайдилар, ёки эшитсаларда мағзини чақмайдилар. Мен 14 нафар ишсиз юрган ёшларни бирлаштириб, уларни доимий даромад манбаига эга бўлишларига имкон яратдим, аммо халқим ва давлатимга баҳоли қудрат фойдам тегиши мақсадида амалга ошираётган тадбиркорлик фаолиятимга якун ясаш ҳақида ўйланиб қолдим. Гап шундаки Урганч туман прокурорининг юз (!) миллион сўмлик ҳомийлик қилиш тўғрисидаги таклифини рад қилганимдан сўнг, менга нисбатан турли тўқима, асоссиз айбловлар билан жиноят иши очилди. Оқибатда мен таназзул ёқасига келиб қолдим. На биринчи босқич суд жараёнида, на апелляцияда бизнинг дардимизни, асосли далилларимизни умуман инобатга олишмади. Энди ягона умидим Олий суддан, у ерда ҳам адолат тикланмаса, тадбиркорлик фаолиятимга якун ясашга мажбур бўламан, 14 нафар оила доимий даромадидан айрилади. Менимча бундай ҳолат фақат Хоразмда бўлиши мумкин, негаки бизда баъзи кимсалар тадбиркорни сизлаш нарида турсин, уни оёқ учида кўрсатиш одатий ҳолга айлангандек. Шу боисдан ҳам вилоятимиз бошқа вилоятлардан ривожланиш борасида бирмунча орқада қолаётгани ҳам рост, — дея куйинади “Агро темир қурилиш сервис” хусусий корхонаси раҳбари Шуҳрат Ҳақимов

Суд учун қайси ҳужжат мумкин?

Журналистик суриштирув чоғида “Агро темир қурилиш сервис” хусусий корхонаси раҳбари Шуҳрат Ҳақимов ва “Ихтиро” илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш хусусий фирмаси лойиҳа бош муҳандиси Шуҳрат Муҳаммадиев ҳамда бошқаларга нисбатан кўриб чиқилган жиноят иши жараёнида, негадир ҳеч қаерда давлат рўйхатидан ўтмаган хомаки жорий таъмирлаш сметаси асосий ҳужжат сифатида қаралади ва энг қизиғи ушбу ҳеч қандай юридик кучга эга бўлмаган ҳужжатни алмаштириш ҳамда сохталаштириш билан боғлиқ айбловлар эълон қилинган. Қуруқ гап бўлмаслиги учун “жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими”дан иқтибос келтирамиз
“Ш. Ҳакимов, акаси К. Ҳакимов ва “Ихтиро” илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш хусусий фирмаси лойиҳа бош муҳандиси Шуҳрат Муҳаммадиевлар олдиндан тил бириктириб, 2017 йил март апрель ойида акаси К. Ҳакимов орқали Урганч туман ғазначилик бўлимида сақланаётган давлатдан пул ажратилишига асос бўлган Урганч туманидаги 3-умумтаълим мактаби директори ўринбосари С. Тангриберганов томонидан имзоланиб, муҳрланган 155.214.546 сўмлик смета ҳужжатларини 50.819.534 сўмлик маблағини ўзлаштириш мақсадида 161.808.542 сўмлик таъмирлаш ишларини тўлиқ бажарилмаслиги назарда тутилган Ш. Муҳаммадиев томонидан имзоланиб, “Ихтиро” илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш хусусий муҳри босилиб, буюртмачи мактаб томонидан имзоланмаган ва муҳр босилмаган, чоғида “Агро темир қурилиш сервис” хусусий корхонаси билан Урганч туманидаги 3 сонли умумтаълим мактаби ўртасидаги 28.10.2016 йилда тузилган шартномада кўрсатилган муайян мажбуриятдан озод этадиган, яъни мактаб спорт залини таъмирлаш ишларини тўлиқ бажариш мажбуриятидан озод этадиган сохта расмий лойиҳа смета ҳужжати билан алмаштириб, Урганч туман ғазначилик бўлимида сақланаётган давлатдан пул ажратилишига асос бўлган Урганч туманидаги 3-умумтаълим мактаби директори ўринбосари С. Тангриберганов томонидан имзоланиб, муҳрланган 155.214.546 сўмлик смета ҳужжатларини асл нусхасини ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда яширган” дейилган жойи бот бот такрорланади. Ҳукмнинг ушбу қисми терговчининг айблов хулосасидаги 4-бетидаги 2-қисмининг айнан ўзи. Имловий хатолар ва гапларни кетма кетлигини айнан бир хиллигига эътибор берсак, судъяларнинг ушбу ишга кандай ёндашганини англаш осон!

Ҳолбуки Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси Хоразм вилоят давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси бош мутахасиси биз билан қилган суҳбат жараёнида айтишига кўра Урганч туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабининг спорт залини мукаммал таъмирлаш ишлари икки босқичдан иборат молиялаштириш назарда тутилган бўлиб, биринчи босқичдаги ишларни амалга ошириш учун 2016 йил 10 октябрдаги №1261-09-2016 рақамли эксперт хулосасига кўра 161.808.542 сўм, иккинчи босқичга 2017 йил 16 июндаги №1261-09-2016/2 рақамли эксперт хулосасига кўра 155.061.500 сўмлик маблағ ажратилиши тавсия этилган. Энг қизиғи ушбу экспертиза хулосаларини олиш учун айнан буюртмачи, яъни 3-сонли умумтаълим мактаб “Давархитектқурилиш” қўмитаси Хоразм вилоят давлат экспертизаси ҳудудий бошқармасига хат билан мурожаат этиши лозим. Шунга қарамай, тергов ва суд жараёнларида мактаб директорининг “мукаммал таъмирлашдан, айниқса икки босқичли таъмирлашдан умуман бехабарлигини айтиб, тадбиркорларга қарши берган кўрсатмалари терговчи томонидан ҳам, судъя томонидан ҳам инобатга олинади. Бироқ тадбиркорлар томонидан тақдим қилган “Давархитектқурилиш” қўмитаси Хоразм вилоят давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси берилган ҳужжатлар номаълум сабабларга кўра рад этилади.
Ваҳоланки “корхона, бино ва иншоотларни капитал қурилиши лойиҳа-ҳужжатларининг таркиби, ишлаб чиқилиши, маъқулланиши ва тасдиқланиши тартиби”нинг 5.1 бандида келтирилганидек белгиланган тартибда “Давархитектқурилиш” қўмитаси Хоразм вилоят давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси томонидан берилган ижобий хулосаси бўйича тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари объект қурилишига рухсатнома берилиши учун асос бўлади ва юридик кучга эга ҳужжат ҳисобланади. Бироқ бу қоидани на терговчи, на иккала босқичдаги судья жаноблари умуман инобатга олмайди. Улар ҳадеб негадир юридик кучга эга бўлмаган хомаки жорий таъмирлашнинг смета ҳужжати атрофида ўралашиб қоладилар. Жуда қизиқ ҳолат бу тасодифан янглишиш натижасими ёки кимнингдир буюртмасини бажаришга интилишми?

“Ёмаган сомсага пул тўлашга мажбурлашяпти”

— Ўзингиз эътибор беринг бизга ажратилган жами 148 миллион сўмдан жами 146,4 миллион сўмни гўёки мақсадсиз сарфлашда ўзлаштириб юборишда айблашди. Энг қизиғи 1985 йилда ишлаб чиқилган ПНКЛ 3х12 типдаги 16 та яроқсиз плиталарни демонтаж пайтида яроқсиз ҳолатга келтирди деган айблов билан 51,5 миллион сўмни икки маротаба ҳисоблашди, бундан ташқари тупроқ ва қурилиш чиқиндиларидан иборат қатламни керамзит деб ҳисоблаб 12,6 миллион сўмни, 1,1 миллион сўмли металл конструкция бўёқларини, 0,6 миллион сўмлик грунтовка, 26,7 миллион сўмлик профнастил, 2,9 миллион сўмлик болт ва гайкаларни мақсадсиз ишлатиб давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказиш билан боғлик жиноятда айбланишимга кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмайман. Менинг айбим эртага бировнинг устига қулаб тушишини олдини олиш мақсадида яроқсиз бўлган плиталарни демонтаж қилиб, ўрнига енгил типдаги мустаҳкам металл конструкциядан томни ёпганимми? Демонтаж қилинган плиталарни биронтасини ҳам бировга сотган бўлмасам, ҳанузгача мактаб ҳовлисида турибди. Мен бу гапларни терговчи Бунёд Давлетовга айтганимда сен энди тамом бўлдинг, сенинг ишингни бошида вилоят прокурорининг биринчи ўринбосарининг шахсан ўзи турибди, қанча деса тўлашга мажбурсан, деб қўрқитиб қўйди.
Менингдек тадбиркорларни орқасида Президент турибди, қонун турибди, адолат барибир тантана қилади! Мен лойиҳа-сметадан чекланиб бирор иш қилганим йўқ, зарар кўрсамда зиммамга олган мажбуриятимни тўлиқ бажардим, ҳаттоки ҳомийлик сифатида ортиқча 10 миллион сўмлик қўшимча ишларни сметадан ташқари бажарганман, виждоним тоза. Энди нима бўлса пешонамдан майли, Хоразмда тадбиркорларнинг оёқ ости қилинаётгани алам қилади. Айбим бўлса исботлашсин, қонуний, адолатли жазо тайинлашсин! Бироқ очиқдан-очиқ туҳмат қилмасинлар. Емаган сомсам учун пул тўлашга мажбурлашмасин! — дея дардини дастон қилади биз билан суҳбатда Шуҳрат Ҳакимов.

Кўрганимга ишонайми, эшитганимга?

Ушбу жиноят ишини ўрганиш жойида очиғи хулоса чиқаришга анча қийналдим сабаби кўзим билан кўрганларим билан жиноят ишидаги ҳужжатларни ўрганганим орасидаги тафовут осмон билан ерча. Энг ажабланарлиси Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Хоразм вилоят бўлинмасини давлат суд эксперти Хамид Сапаевнинг 2018 йил 7 февралдаги 08/16 сонли етказилган зарар ва бажарилмаган ишлар аниқлаш жараёнида “Бажарилган қурилиш монтаж ишларига назорат ўлчови ўтказиш тартиби”нинг 3-банди талабларига хилоф равишда ўтказилганлиги, ҳамда жорий таъмирлаш смета ҳужжатлари ва мукаммал таъмирлаш смета ҳужжатларини солиштириш орқали зарарни аниқлаш қонунда белгиланмаганлиги хусусидаги хулосаси судъялар томонидан аҳамиятсиз деб топилиши, бу ерда бошқа гап борлигига ишора қилгандай фикримча. Акс ҳолда юридик кучга эга ва давлат идораси томонидан рўйхатга олинган мукаммал таъмирлаш лойиҳа-сметасини қўра била туриб, тергов ва суд органлари томонидан уни сохтага чиқарилиши, ҳеч қандай юридик кучга эга бўлмаган, асл нусхаси йўқ бўлган қандайдир жорий таъмирлаш хомаки смета ҳужжатини айблов жараёнидаги энг асосий ва муҳим ҳужжатга айлантирилиши бу ишда адолат бош мезонга айланмагандай. Сўнгги нуқтани эса Олий суд қўяди. Биз фақат ўз фикримизни билдирдик, холос.

Давлатназар Рўзметов,  журналист

манба SARHAD.UZ сайти

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *