Хонтахта сиёсатчилар баҳси: чиройли авторақамлар савдоси керакми?

Эшитдингизми, учта еттилик машина рақами нақд 81 млн сўмга сотилибди! Барча бекорчилар бир бўлиб эрмак қилишга арзийдиган мавзу экан. Келинглар, бугунги кўрсатувимизни шу мавзуга бағишлаймиз. Демак, ҳар доимгидек тўрт гуруҳга ажраламиз. Бир томон арзимас рақам учун шунча пул сарфлайдиганларни ёмонлаймиз, бу тарафдагилар эса давлат ғазнасига пулдорлар чўнтагидан тушаётган пулларни ёқлаймиз.

Учинчи тарафдагилар “Донолар дунёни кузатурлар жим” клубининг фахрий аъзолари ҳисобланишади. Уларнинг борлигига эътибор берманг, борлигини билдиришмайди ҳам: фақат кузатиш ва муносабат билдирмаслик бобида тенгсиз мутахассислар ҳисобланишади. Кўпчилиги кўпни кўрганлардан. Уларнинг сукутида жуда кўп ҳикмат бор. Агар ҳаддингиздан ошадиган бўлсангиз, секингина шахсий почтангизга бу ҳақда шипшитиб, огоҳлантириб қўйишлари мумкин холос. Тўртинчи томондагилар эса таклиф қилинмаганлар.

Қадрли дўстлар, бугунги баҳсимизга барча фанлар бўйича барча унвонларга эга хонтахта сиёсатчиларни таклиф этганмиз. Улар ҳар қандай мавзуда баҳс юритиш бўйича устаси фарангларнинг бир қанча авлодларига устозлик қилган таниқли беҳурмат шахслар ҳисобланади. Шунингдек, троллар, маскали-маскасизлар, питначилар, қулоқлар, томоқлар, чўп ўйнатувчилар, ҳамма-ҳамма кўрсатув ҳақида ўз фикрларини билдиришлари, жим ўтиришлари, уриш-жанжал келтириб чиқаришлари мумкин, бизга фарқи йўқ.

Лекин бир гап. Сизлардан илтимос, бир-биримизни ҳурмат қилайлик, нима деётганимизга қулоқ тутайлик, ҳиссиётларга берилмасдан, сўкмасдан, асосли фикрларни, аниқ далилларни ўртага ташлайлик. Бировнинг устидан кулиш йўқ! Ҳар ким ўз фикрини айтиш ҳуқуқига эга, гарчи нотўғри бўлса ҳам. Фикрларни муҳокама қилайлик, фикр билдирганларни эмас. Ҳаммаси тушунарлими? Хуллас, бошладик!

Эшмирза: Ахир арзимаган рақам учун шунча пул сарфлаш инсофданми? Бу пулни оддий ўқитувчи, оддий шифокор беш йил ишлаб ҳам тополмаслиги мумкин? Давлат қаерга қараяпти, фалон пулга рақам сотиб оладиганларни бир текшириш керак, балки ўғирлик қилиб топгандир, давлат, халқни пулини талон-тарож қилгандир, пора олгандир. Порталга ёзиш керак!

Тошмирза: Жа-а унчаликмас-э. Биринчидан, бу қонуний иш, ҳеч ким билиб туриб бошини кундага қўймайди. Тадбиркорлик қилиб топгандир. Топган пулини нимага сарфлаш унинг шахсий иши, ҳеч кимнинг аралашиш, ақл ўргатишга ҳаққи йўқ. Унинг устига шу пайтгача бунақа рақамлар ими-жимида кимларгадир пулланар, маблағ амалдорлар, ўртакашлар билан бўлиб олинарди. Шу пуллар ундан кўра давлат хазинасига тушгани яхши эмасми?

Назармат: Нима ҳақда гаплашаётганингизни билмадиму, лекин эшитдингларми, Тошкентда битта машина номери саксон миллион сўмга сотилибди, ўн минг доллара! Бу пулга, биласиларми, мен нималар олардим…

Нозир: Барча ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда бу табиий ҳолат. Масалан, 2008 йилда Бирлашган Араб Амирликларида 1 рақамли автомобиль рақами 14,2 млн долларга сотилиб, Гиннеснинг Рекордлар китобига киритилган. 2012 йилда Австралияда “Facbk” кўринишидаги авторақам эса Тай Тран томонидан 1,2 млн долларга сотиб олинган. Рим Папаси Иоан Павел II га тегишли бўлган “VIP 1” авторақами Британияда Роман Абромович томонидан 500 минг долларга сотиб олинган. Бу каби мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

Р.Т: Қуроллар бор, кимга қурол керак?…

Санжар Саид

Фото: Новости Узбекистана

3 комментария

  1. Бу ракамларли хайдовчилар кучада авторитет буса керакда деб уйлаганлар каттик адашади мени назаримда неча пулга олганини хам ёзиб куйиши керак . Аския килгани зурда. Шунча пулга 3 та кизни эрга берворса булади нима дедингиз , кули юка ночор одамга берса оиласи бутун умр дуо килса керак .Шундогам ГАИ курса вооо демайдику ёки чест барармиди, оддий мисол ижтимоий тармокларда хаста касал беморлар жуда пулга мухтож шуларга сарфласа Халк куриб воооо дейиши мумкин хам савоб булади.

  2. МРО ходимларига пора эвазига ракам олгандан кура, давлатимиз газнасига тушса нимаси емон. ракам эгасига келсак у пулини каерга ишлатиши узини шахсий иши. Балки у инсон эхсон хам килар. Ватандошлар биз бозор шароитида яшаетганимизни унутмайлик.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *