Ҳолва деган билан оғиз чучимайди ёхуд қоғозда қолаётган қарорлар

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари ўтган 9 ойда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бошқа социал-ижтимоий масалалар юзасидан 520 та депутатлик сўрови юборди. Депутатлик гуруҳи йиғилишларида 253 марта мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилди. Сессиялар муҳокамасига 30 та таклиф киритилиб, 14 та масала юзасидан маҳаллий вакиллик органларининг қарори қабул қилинди.

Бироқ айрим сессия қарорлари қоғозда қолиб кетаётганини ҳам айтиш ўринли. Масалан, Миришкор туманида ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш мақсадида 2010-2011 йилларда “Осиё тараққиёт” банкининг имтиёзли кредит ҳисобига 2 та тоза ичимлик суви сақлаш ҳовузлари қурилиши керак эди. Бу орқали Қурама ва Найистон маҳаллаларида яшаётган аҳолининг ичимлик сув таъминоти изга тушиши режалаштирилганди. Аммо иншоотлар қурилди-ю, негадир ишга тушмади. O‘zLiDeP депутатлари мазкур муаммони ўрганиб, иншоотни ишга тушириш ҳақида Халқ депутатлари Миришкор туман Кенгаши сессиясининг қарорини чиқартиришди.

– Сессия қароридан сўнг мазкур ҳудудда яшаётган аҳоли бироз енгил тортганди, – дейди Халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Бешбой Шарипов. – Ушбу сув иншоотларининг ишга туширилиши нафақат Қурама ва Найистон, балки Айзобод ва Булуч маҳаллалари, Жейнов қишлоғида яшаётган аҳолига ичимлик сув етказиш беришни яхшиларди. Бундан ташқари, 6 та янги иш ўрнини яратарди. Афсуски, иншоотларнинг ишга тушишини интизор бўлиб кутаётган одамларнинг орзуси ҳалигача рўёбга чиққани йўқ.

Шаҳрисабз шаҳрини қайта қуриш ва реконструкция қилиш даврида бешта маҳалланинг ичимлик сув тармоқлари бузиб ташланган эди. Шаҳарда таъмирлаш ишлари якунланганига анча бўлди. Аммо бешта маҳалла аҳолиси ичимлик сувидан мусуво бўлди. Сайловчилар мазкур масалага ижобий ечим топишда амалий ёрдам беришни сўраб, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига мурожаат қилишди. Мурожаатга асосан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши сессиясига тумандаги Қўшҳовуз, Зингирон, Қозигузар, Заргарлик ва Хазара маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласини олиб киришди. Қисқа фурсатда мазкур муаммони бартараф этиш юзасидан туман Кенгашининг қарори қабул қилинди. Бироқ орадан уч ой ўтса ҳамки, амалий ишдан дарак йўқ…

Афсуски, бу каби мисолларни яна ўнлаб келтириш мумкин. Ижро ҳокимиятининг сансалорлиги, ишга панжа ортидан қараш, вакиллик органлари қарорини менсимаслик каби ҳолатлар мазкур муаммоларнинг бош омилидир. Ўйлаймизки, мутасадди идоралар юқоридаги муаммоларга тез орада ечим топишади. Зотан, вакиллик органларининг қарори халқимиз хоҳиш иродасининг амалий ифодасидир.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизматиhttp://uzlidep.uz/uzc

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *