Ҳокимларга таклиф: блоггерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйинг!

Ушбу заминни севувчи, ушбу юртнинг келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир киши учун ўта масъулиятли давр келди. Катта потенциалга эга бўла туриб кўплаб соҳаларда юзинчи ўринларда қолиб кетган жонажон Ватанимизга хизмат қилиб, уни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш, яқин келажакда Ватанимизни юқори – ярқираган ўринларда кўриш учун хизмат қиладиган пайт келди. Бу жараёнда сиз – ҳурматли ҳокимларнинг роли каттадир.

Аммо юртни обод қилишдек улкан иш кўпчиликнинг уриниши билангина амалга ошади. Бундан бошқа йўл йўқ. Тарқоқ омма мақомидан ЖАМИЯТ мақомига кўтарилган халқларгина бугун юқори натижаларга эришишаяпти, номлари бутун дунё бўйлаб янграяпти.

Шунинг учун ҳам бизга ҳозир ҳар бир иш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз – долзарб вазифамиздир. Кўпчилик бўлиб камчиликларни излаб топиб ошкор этиш, ечими устидан бош қотириш — ривожланиш жараёнининг ажралмас қисми ва омилидир.

Масалан, яхши натижаларга эришиш учун ҳар бир иш бошқарувчига яхши ҳамкор керак. Шундай эмасми? Лавозим, маошу имтиёзлар учун эмас, балки беминнат, фақатгина шу заминни севгани учун уринадиган ҳамкорлар керак.

Таклиф:

Ҳокимлар блоггерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйсалар, айни муддао бўлади. Ҳар бир ҳоким ўз ҳудудида яшайдиган жонкуяр блоггерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйса, улар ёрдамида жойлардаги камчиликларни билиш, ўрганиш, таҳлил қилишни йўлга қўйса, камчиликларнинг ечимини излашда уларнинг фикрларидан фойдаланса – ўта зўр иш бўларди. Нега? Чунки блоггер бир нарсага эришиш учун эмас, балки аксар ҳолда ҳаётдаги камчиликларни кўриб ачинганидан, жони ачишганидан блоггер бўлади. Унга биров блоггерлиги учун бир сўм бермайди.

Сиз азизлар, ҳокимларнинг, ишонган тоғингиз – лавозимдагилар эса кўпинча сизларнинг кўзингизга чанг сепиш билан оворадирлар. Кўпларининг қалбларида на Ватан тушунчаси, на Эл тушунчаси жой олган – лавозим бўлса бўлди. Хос уларга ишониб иш қилсангиз, айтарли бирон натижага эришишингиз ўта мушкул. Мансаб “жонивор” кишини аксар ҳолда қолипига солиб, ўзига (Ватанга эмас) хизмат қиладиган қилиб қўяди. Натижада киши МАНСАБ учун ёлғонга ҳам, бошқа нарсага ҳам тайёр бўлиб қолади. Шу сабабдан ҳам ривожланган дунёда “мансаб” тушунчаси “жамоат назорати” тушунчаси билан доим ёнма-ён тилга олинади. Худди бу тушунчалар бир-бирига ёпишиб қолгандек.

Шунинг учун ходимларингизнинг тузук ишлашлари учун ҳам жамоат назорати сизларга ўта қўл келади. Блоггерлар билан ҳамкорлик қилишингиз ўзингиз учун ҳам, Эл учун ҳам, Ватан учун ҳам фойдали бўлади, иншааллоҳ. Зеро ходимларингиз айни кўзингизни шамғалатган нарсада блоггер сизнинг кўз ойнагингизни артиб, тозалаб, кўзларингизни очиб қўйиши мумкин. Сизнинг кўзингиз ўткирлиги эса – ҳаммамизнинг фойдамиз!

Муҳаммад Шакур

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *