Хитой таълим тизимига бир назар: Тартиб ва масъулият муваффақияти

  • Аҳолининг саводхонлик даражаси қишлоқ жойларда 1500 иероглиф, шаҳар ҳудудида эса 2000 иероглифни билиши билан белгиланади.
  • 1949-йилга қадар мамлакат аҳолисининг 80 фоизи саводсиз бўлган. 2008-йилга келиб катталар ўртасида бу кўрсаткич 3,5 фоизга камайди. Ҳозирда Хитой ёшлари (15-24 ёшлилар) нинг 99 фоизи ҳарф танийди.
  • Ҳар йили мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 1,9 фоизи таълим учун йўналтирилади.
  • Сўнгги ўн йилликда Хитойда коллежлар сони икки баробар, талабалар сони эса беш баробарга ортди.
  • Хитой таълим системаси Америка таълим системаси асосида ташкил этилган.
  • Хитойда болаларга икки ёшидан бошлаб таълим берила бошланади.
  • Биринчи синфнинг биринчи чорагида ўқувчи 400 иероглифни таниши шарт.
  • Хитой фуқароси бошланғич таълимга тўққиз ёшгача қабул қилиниши мумкин.
  • Хитойда бошланғич синф ўқувчиларининг давомати Таълим вазирлиги томонидан назоратга олинган.
  • 1980-йилларга қадар Хитойда бирорта хусусий мактаб бўлмаган. Бугун улар сони 70 мингтага етган.
  • Айни вақтда мактаб битирувчиларининг 60 фоизи олий таълим муассасаларига ихтиёрий ҳужжат топширади. 1980-йилда бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этган.
  • Ҳозирда Хитойда 2000 та олий ўқув юрти (университет ва коллеж) мавжуд бўлиб, уларда 2 миллиондан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
  • Америка университетларидаги чет эллик талабалар орасида хитойликлар рекорд қайд этган (127 мингдан ортиқ). Хитойда эса америкалик талабалар сони 14 мингтага етади, холос.
  • Мамлакатда 1 200 000 ИТ мутахассиси фаолият юритади, шунингдек, ҳар йили техника соҳасида 400 000 кадр етишиб чиқади. Хитой ИТ мутахассислари сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради (ундан сўнг Ҳиндистон ва АҚШ).
  • Хитойда 12 мингта юридик фирма ва 300 та ҳуқуқ мактаби мавжуд бўлиб, айни пайтда 170 мингга яқин ҳуқуқшунос бу соҳада хизмат қилмоқда.
  • 30 мингта ташкилот ва компанияда махсус инглиз тили курслари мавжуд. Беш йил оралиғида (2005–2010-йиллар) мазкур “таълим бозори” икки баробарга кўпайди, ундан тушаётган фойда йилига 3,1 миллиард долларни ташкил этади.
  • Дунёнинг турли нуқталарида 40 миллионга яқин хитойлик талаба таҳсил олмоқда. Хитойлик талабаларни асосан, Япония ва Жанубий Кореяда учратиш мумкин.

 

Юқоридаги фактлар 1949-йилга қадар 500 миллион фуқароси саводсиз бўлган мамлакатнинг бугунги таълим тизимидаги муваффақиятларидан сўзлайди. Аҳоли ўртасида саводхонликни ошириш муаммоси кенг кўламда бепул мактаблар очиш билан ҳал қилинди. Ҳозирда мамлакатнинг 90 фоизи ҳудудида мажбурий бошланғич таълим йўлга қўйилган, ўқишни аро йўлда ташлаб кетувчиларга қаттиқ чора кўрилади. Хитой мақолида “Муносиб устоз топиш мушкул, муносиб ўқувчига эга бўлиш эса юз карра машаққатли” деганларича бор. Муносиб бўлиш учун хитойликлар ҳатто боғча ёшидан бир неча фанлардан репетиторларда ўқишади. Мамлакатдаги таълим тизими кучли рақобат ва энг юқори натижага эришишга қаратилгани сабаб хитойликлар бир умр босимда ўқишга, ишлашга, яшашга ўрганадилар. Олти яшар бола мактабга кириш учун тест кўринишидаги ўзининг илк имтиҳонини топширади ва ўн икки ёшигача бошланғич таълимни эгаллашади. Олтинчи синфни тамомлагач, Хитой ўқувчилари имтиҳон топширадилар, бу – бошланғич таълимдан ўрта таълимга ўтиш босқичи ҳисобланади. Уч йиллик ўрта таълим мобайнида кунига 6-7 та фан ўқитилади. Борди-ю имтиҳондан ўтолмаса, бу ўрта таълимдан, олий ўқув юртидан-у барқарор ишдан умид қолмади дегани. Бугунги тараққиётини тартиб-интизом соясида кўрган Чин мамлакатида тартибсизлик шафқатсиз жазоланиши табиий. Ўн иккита дарсни сабабсиз қолдириш мактаб ўқувчисини таълимдан мосуво қилади.

Хитой Халқ Республикасида олий ўқув юртларига кириш учун ягона давлат имтиҳони ўтказилади. Қишлоқ ва шаҳар мактабларининг таълим даражасидаги тенгсизлик инобатга олиниб, имтиҳон саволлари ҳудудга кўра алоҳида ишлаб чиқилади. Бир талаба ўрнига 200-300 абитуриентнинг курашиши мазкур имтиҳоннинг жуда катта босим остида ўтишига сабаб бўлади. Натижада кўпчилик хитой ўқувчилари хорижда олий таълимни давом эттиришни афзал биладилар. Ўз юртида талабалик бахтига эришган фуқаро йилига соҳасига қараб 300-700 доллар миқдорида кредит тўлайди. Талаба таълим учун давлатдан қарз олиши ва олий ўқув юртини тамомлагач, уни қайтариш имконига эга. “Истасанг қишлоққа агроном бўлиб бор-да, қарзни хизматинг билан тўла. Истасанг савдо соҳасига кир-у, кредитни давлатга қайтар.” Бу йўл – аҳолини моддий қийинчиликдан қутқариш учун ўйлаб топилган асосий чора. Мамлакатда олий ўқув муассасалари нафақат ёшлар, алоҳида катта ёшлилар учун ҳам мавжуд бўлиб, улар ёшидан қатъи назар танлаган соҳаси бўйича ўқиш имкониятига эгалар. Бундан икки минг йил аввал хитой файласуфи Конфутсий айтганидек, устознинг олий бурчи ҳақиқатни ёйиш, маҳоратни ошириш ва тушунтиришдир. Замонавий Хитой олий таълим тизими мана шу уч тамойил асосида иш кўради: адолат, юқори сифат ва диверсификатсия. Хитой ёшларидаги таълимга масъулият, тартибга риоя этиш ва биринчи бўлишга интилиш уларнинг ёшлигидан қон-қонига сингдирилган. Бу одат эндиликда фазилатга, фазилат эса характерга айланиб, бутун дунё хитой миллатининг қиёфасини Масъулият, Тартиб ва Ғалаба тимсолида кўра бошлади.

 

Севара АЛИЖОНОВА

 

“Sog‘lom avlod uchun” журнали, 2015-12

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *