Хира пашша (масал-ҳикоя)

У нуфузли журналга бугунги кун мавзусида ҳикоя ёзишга ваъда бериб қўйди. Буюртма билан ҳикоя ёзиб бўларканми? Кулгули… камига ҳаво тандирдай қизиб турган кунларда. Нимаям қиларди, ижодини энди бошлаган йиллари биринчи ҳикоясини босиб, уни машҳурлик майдонига олиб чиққан журналнинг илтимосини рад қилолмади.

Ақлли кишилар тоғу тошларга, дарёю сойларга, сиҳатгоҳларга жўнаворишган. Чўнтаги саёзроқлар уйларида совутгичларни ёқволиб хон тахлит қилиб ётвоган. Совутгичга кучи етмаганлари хоналарига кўллатиб сув сепиб, деразаларига бувиларининг каттакон катак жун рўмолини тўсиб – салқинлатиб дам олишяпти. У эса энди ваъдага вафо деб… «Сизнинг битта асарингиз журналимиз обунасини камида мингтага кўтаради”, деган ёқимли гапдан кейин ёзмасанг ҳам ёзворасан-да!

Мана қоғоз, тўрт хил рангли ручка, елпиғич, Олтиариқнинг суви… Қайси мавзуда ёзиш керак? Замонавий бўлиши шарт эмиш! Замонавий деганини тушунармикан ўша жўжахўроз муҳаррир! Замонавий… Одам савдоси, терроризм, экстремизм, спид, фоҳишабозлик … Йўқ, булар замон қиёфасини белгилламайди. Фермерлар, бунёдкорлар, қўшма корхоналар… Мана буларни ҳар қандай нашриёт жон деб олади. Бир зумда кино ҳам қилишади.

У ширин хаёллар билан “Бунёдкор қизча” деб сарлавҳа қўйди. Йўқ! Дарров ўчириб, ёнига “Америкалик келин”деб ёзди. Ана! Тортадиган, ейишли сарлавҳа бўлди. Ручка аста-секин сатрлараро йўрғалай бошлади. Шунда тепадами, хонанинг нариги бурчагидами пашша ғинғиллади. Бир зум ёзишдан тўхтаб, диққатини ўша – овоз чиққан томонга қаратди. “Визз…” Овоз кучайди-ю, пашша кўринмади. Роса диққат билан қаради – йўқ. Яна ручка сатрлараро юра бошлади… “Визз…” Яна тўхтади, қаради –йўқ. Ёза бошлади. “Визз…” Бу гал сал яқинроқдан эшитилди. Қараб тополмади. Ўрнидан туриб чироқни ёқди, дераза пардаларини очди: хонага аланга ёпирилиб киргандай бўлди, пашша овози тинди.
У энди хаёлини жамлашга уринди, иложи йўқ. Яна! Пашшани яхшилаб сўкишга оғиз жуфтлади-ю… “Ижод – илоҳий иш. Унга ҳар хил бепарда гап-сўзларни аралаштириб бўлмайди. Ке, биттагина пашша экан, юрса юрибди-да, униям Оллоҳ яша, деб яратган, ундаям жон, нафс, орзу-армонлари бордир. Битта пашша одамни нимаям қила оларди…” Ўзининг тасаллиси ўзига таъсир қилдими, визиллаш унга эшитилмагандай, асаби тинчлангандай бўлди-ю, барибир ручка қимирламади.

“Йигит Америкага грант орқали ўқишга борди, у ерда оқ танли америкалик қиз билан кўнгиллашиб қолишди…” Яна тўхтади, юраги куйиб сувдан бир пиёла ичди, чанқоғи босилмай, яна ичди, дарров терлаб дастрўмолини қидирди, атрофида йўқ. Ўрнидан туришга мажбур бўлди. У ер-бу ерни қараб, охири шифонердан топди. Эшигини қаттиқроқ ёпган эди, тепасидан шарақ этиб пашшакалтак тушди. Оғир эмасми (онаси раҳматли эски калишининг тагини беҳи новдасига бойлаб 1-2 та пашшакалтак ясаб қўярди, бу “касб” ўғлигаям мерос қолган), овози кучлироқ чиқиб, ғира-шира хонада сал чўчигандай бўлди, қўлига пашшакалтакни олди. Калтакни кўрганми ё бошқа жойга учиб кетганми, пашшанинг ўзиям йўқ, овозиям эшитилмасди.

«Уфф»лаб хонтахта ёнига ўтирди. Яна ручкани олиб ёза кетди. “Қизнинг ота- онаси узоқ –кунчиқар мамлакатга ёлғизгина дилбандини берворгиси келмади…” “Визз…” “Ке, хона катта бўлса, жўхоридай келиб-келмайдиган биттагина пашша сиғар шу катта хонага! У келиб, менинг қўлимдан ушлаб ёзма, деяптими?” “Визз…” “Йигит билан қиз қаттиқ аҳду паймон қилишди…” “Визз…” Пашша тепадан пастга тушди, гиламнинг оқ гулига қўнди, кўзга яққол кўринди: каттагина экан. Орқа оёқларини кўтариб, қанотларини қисиб ё пардоз қилди, ё ифлос жойга қўнган оёқларини қанотлари билан тозалади. Ёзувчининг жиғига тегиш учун бир нималар қилди. Кўзи шу томонда. “Қўлингдан нима келишини бир кўрай-чи!” –дегандай бақрайиб турибди. Туришидан урғочиси бўлса керак, эркаги бунчалик беҳаё, сурбет бўлмайди: индамай келиб, ейдиганини еб, қолдирадиган қора ҳолини тўкиб кетаверади. Бунақа нағмалар урғочисидан чиқади.

Энди унинг хаёли Америкадан зув этиб пашшаю яна бошқа зараркунандаларга кўчди. “Битта пашша умрида неча марта, неча дона туғаркан? Қиладиган иши йўқ айрим олимлар шу хира пашшани замонавий, данғиллама уйларга эркагу урғочисини жуфт-жуфт қилиб қамаб олиб (айтишга ҳам уяласан… Э… шунақа қилиб-да!) Тоза текширибди, нимага эришибди денг: битта қора пашша бор-йўғи 15-30 кун умр кўраркан. Шу умр давомида 2-4 кун ичида 100-150 та тухум қўйиб, мавсумда 8-10 авлод яшаб ўтаркан. Энг қизиғини эшитинг: битта урғочи пашша авлоди 5 миллиардга етаркан. Ие, қизиқ?! Одам икки-уч йилда биттадан туғиб (Хитойда биттадан ортиқ туғишни таъқиқлаб хам қўйишган), умри давомида икки-учтагина бола орттиргандаям ер шарига сиғмай кетяпти. Бу пашша деганлари бундай тезликда кўпайса… Ўҳўў… яна уларнинг хилма-хил турлари шунақаям кўпки…”

“Визз…” Бу овозни эшитди-ю хонага нима учун киргани, нима сабабдан иши юришмай тургани ва унинг айбдори шу пашша эканини эслаб “Ҳў, падарингга лаънат! ” деди-ю, бувисидан мерос пашшакалтакни қўлига олди. Пашша гиламнинг оқ гулига 3-4 та қора холчани ташлаб жўнаб қолганди. “Биттагина шу пашшани ўлдирсам, эртага туғилажак ўн минглаб пашшазодаларни, ундан кейин туғиладиган миллионлаб пашшаваччалар дунёга келишининг олдини оламан!” У хонани бир айланиб чиқди, пашшакалтакни ғувуллатиб боши атрофида айлантириб ҳам қўйди… Йўқ!

Яна оғир хўрсиниб хонтахта ёнига чўкди, қўлига ручкани олди-ю, ёзолмади, яна сувдан ичди. Шифтга бир тикилиб, илҳом парисини қидиргандай бўлиб туриб қолди. Давом этди. “Йигит Ўзбекистоннинг гўзал боғлари, дарёлари, кўлларини кўз-кўз қилувчи видеотасмаларни бир куни кечки ўтиришда қизнинг оила аъзоларига кўрсатди…” “Визз…” Энди пашша ҳаддидан ошди: нақ хонтахтанинг нариги бурчагига қўниб, кўзини унга тикиб қолди. У пашшакалтакни шахт билан олиб, бор кучи билан пашшани урди, пашша ғув этиб учиб кетди. Аччиқ устида пашшакалтакни ёнбошидан ушлаган экан, мўлжалга уролмади. Қоғозлари ҳар томонга сочилиб кетди. Ўзиям шапалоқ пашшага текканда минг бўлакка бўлиниб кетарди-да. Асабийлашиб қоғозларни анчагача бетма-бет тахлолмай турди. Сувдан яна бир ичиб, ручкани қўлига олди. Ўзини қўлга олай дейди-ю ҳеч ҳовуридан тушолмайди.

Нега биттагина пашша шунча асаббузарликка сабаб бўляпти? Пашша асосий айбдорми ё бошқа сабаб ҳам борми? Ҳа, бошқа сабаблар ҳам бор. Аввало бир неча ойдан бери ҳеч нарса ёзолмади, бу – бир. Ҳаво жуда исиб кетди, бу – икки, пашша бу – уч! Демак, асосий айбдор пашша эмас. “Ке, шу пашшани унутай, уям истаган ерида юраверсин”.

Ручкани олди, иш юришиб кетди… “Визз …” Пашша бу гал бошига қўнди. Ёзяпти-ю ўйлашдан чалғиди… Хаёлини ҳикоя эмас, пашша эгаллади. “Бошимни, аниқроғини дўппимни еб қўймайди-ку, ҳол қўйсаям дўппим қоралиги учун билинмайди,” – кўнглини ўзича таскин топтирди, асаби тинчлангандай бўлди. Ўзининг топқирлигидан ғурурланиб ҳам қўйди. Ҳақиқатдан ҳам тўғри-да, ҳар бир арзимас пашшага аччиқ қилиб… “Визз…” Бу гал пашша пешонасига қўнди. “Адабини ейди, пешонамнинг шўрини ялаб, тиришиб ўлади.” Ўзининг ҳазили ўзига нашъа қилди. “Визз…” Бу гал бурнига қўнди, қитиғини келтирди. Энди ҳаддидан ошдиёв. “Худо яратганми, уволми, увол эмасми — ўзидан кўрсин!” Унинг бу галги аҳди қатъий эди. Энди жим қотиб турди. Нима қиларкан? Пашша бурнининг у катагига, бу катагига тумшуғини тиқди, сўрадиган, ялайдиган суюқлик тополмади. Унинг акса ургиси келди, ўзини аранг тутиб қолди.

Диққатини қаттиқ йўналтирганидан оғзини очиб турганини билмай қолди. Оғзидан оз-моз суюқлик оққандай бўлди. Бу орада пашша ўрмалаб оғзига тушди. Тушди-ю оғиз шиддат билан ёпилди, пашша ҳам шахт билан қочмоқчи бўлди. Аммо… инсон барибир ғолиб келди: пашшанинг битта оёғидан қимчиб қолди. Пашша жон ҳолатида визиллади… энди кеч бўлганди. Ёзувчи уни қўлига олиб томоша қила бошлади. Бир оёғи синган жонивор ёлворгандай термулиб, ўзини ҳар томонга уради, яна жим тикилиб қолади. “Жоон ака, Худо хайрингизни берсин, илҳом париси сизни ҳеч тарк этмасин, ижодингиз гуллаб-яшнасин, мухлисларингиз пашшалардан ҳам кўп бўлсин. Бутун авлодимга тайинлайман, сизнинг хонадонингизга қадам босишмайди, мени қўйворсангиз бас.”

Ёзувчи не азоблар билан бошлаган ҳикояси чиройли якун топса ҳам бунчалик ҳузур қилмасди. Ҳозир эса қўлга тушган пашшани ҳузурланиб томоша қиларди. Ниҳоят мағрур қадам ташлаб ташқарига – битта камфораси доимо ёниб турадиган газ плитаси ёнига борди. Аввал қанотини тутди, ёнганини сезмай ҳам қолди: худди аввалдан қаноти бўлмагандай. Оёқлари, танаси ҳам бир зумда жизғанак бўлиб жўхоридай қорайиб қолди.

Пашшаям тугади, бугунги кун ҳам тугади, тугагандаям самарасиз тугади. Самарасиз деганимиз ҳикоя ёзилмагани учунми ё пашша ўлгани учунми? Нима бўлгандаям ёзувчимиз битта эмас, 5 миллиард пашшани бир зумда ўлдирди қўйди.

Пашша ўлгир ҳам келиб-келиб шу ёзувчига ёпишмай, ўзларининг аждодларидан қолган мерос – ҳамма ҳар куни 5-6 марта борадиган жойга қўнса, олам гулистон бўларди.

Муҳаммад Содиқ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *