Ҳикмат Абдураҳмонов: Ҳайдовчилар малакасини ошириш — Йилнинг энг абсурд қарори!

Яқинда нашримиз 2018 йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситасига ҳайдовчилик қиладиган шахслар икки йилда бир маротаба малака ошириш амалиётини ўташи лозим бўлгани ҳақида маълум қилганди.

Ҳужжатда белгиланишича, дарсларни ўтказиш бугунги кунда мамлакатда энг илғор таълим тизимига эга Avtotest компаниясига топширилган.

Бу янгилик кўп баҳс-мунозаларларга сабаб бўлди. Жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқдалар.

Эътиборингизга Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси кузатув кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмоновнинг бу мавзудаги мулоҳазаларини ҳавола этамиз.

Юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситасига ҳайдовчилик қиладиган шахсларнинг мунтазам малака ошириб бориши белгилаб қўйилгани ва бунда биргина ўқув муассасасининг тайинлангани кўп саволлар туғилишига сабаб бўлди.

Биринчидан, айнан  юридик шахслар ҳайдовчилари томонидан  ўлим билан тугайдиган ва, умуман, йўл-транспорт ҳодисаси кўпроқ содир этилаётганини тасдиқловчи статистика маълумотлари қани?

Иккинчидан, агар шундай статистика маълумотлари бўлганда ҳам ҳам, бир нарса ҳисобга олинганми: юридик шахслар ҳайдовчилари касб тақозоси туфайли кўчада кўп юришгани туфайли ҳам улар иштирокида ЙТҲ кўпроқ бўлиши мумкинлиги ҳисобга олинганми? Зеро улар, уйдан–ишга, ишдан–уйга қатнайдиган оддий ҳайдовчилардан фарқли ўлароқ, юридик шахслар ҳайдовчилари курьерлик, логистика ва бошқалар сингари ўз вазифаларини бажаради-ку!

Учинчидан, мободо ушбу муаммо шу даражада йирик ёки муҳим экан, нега ушбу масала оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмади, муҳокама қилинмади? Нега ижтимоий сўровлар, тадқиқотлар ўтказилмади? Ваҳоланки, демократик жамиятларда у ёки бу қонунлар, қарорлар парламентда, оммавий ахборот воситаларида, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида кенг муҳокама қилинади, баҳс-мунозарадан ўтиши лозим.

Тўртинчидан, юрган йўлига чақадиган бўлсак, қайтанги юридик шахслар ҳайдовчилари нисбатан камроқ ЙТҲ содир этади, деб ўйлайман. Чунки улар учун транспорт воситаси ҳашамат эмас, балки ҳар кунлик вазифа, пул топиш манбаи. Бундан ташқари, юридик шахслар транспорт воситасини ҳаваскор ҳайдовчиларга эмас, асосан малакалироқ ҳайдовчиларга ишониб топширади.

Бешинчидан, нега бундай катта ҳажмдаги иш битта ташкилотга “ишониб” топширилаяпти? Агар у энг супер технология ва кадрларга эга бўлса ҳам, монополияга қарши курашиш орган қаерга қараяпти? Нега очиқ тендер ўтказилмади? Нега юридик шахслар ҳайдовчисига малака ошириш муассасасини ўзи танлаш ҳуқуқи берилмади?

Ростини айтсам, буни йилнинг энг абсурд қарори, деб ҳисоблайман!

Манба: “Kommersant.uz”

5 комментариев

  1. Барча юридик шахсларга тегишли автомобиль хайдовчилари малака ошириши керак деган карор нотугри куйилга. Хозирда куп холатларда юш га тегишли автомобилларни хайдаб юрган хайдовчилар уша юш ни тасисчиси еки эгаси хисобланади. Яхшиси пассажир хамда юк ташиш билан шугулланадиган хайдовчиларни малаксини ошириш максадга якинрок буларди менимча.

    1. СОДДА ВА ТУГРИ ФИКР. Лекин карорни тайёрлаган «илмлик»лар бизни бу тугри мулохазамизни «хазм» кила олишмайди деб хавфдаман.

  2. Raqobat to’girisidagi qonunning mazmun-mohiyatiga hali antimonopoliya organlari ozlari yahshi kirishishmagan, holbuki bu organ hozirgi bosqichda Har bir me’yoriy hujjatning ekspertizasini raqobatni cheklovchi omillarni chuqur tahlil qilib keyi uz roziligini berishi zarur.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *