Ҳеч нарсани билмаслигимизни билдик…

12 январь куни Ўзбекистон президенти матбуот хизмати қошида журналистлар учун илк бор пресс-ҳолл ташкил этилди. Бу лойиҳа орқали журналистлар билан қарорлар ва қонунлар, президент фаолиятини ёритишда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган эди.

«Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга йўналтирилган дастурларни шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида»ги матбуот анжумани 12 январь соат 16:00 да Президент Матбуот хизматининг Facebook тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Унда Бош вазир ўринбосари Сухроб Рустамович Холмурадов матбуот вакиллари саволларига жавоб қайтарди.

Ушбу пресс-ҳоллни одамлар турлича талқин қилишди. Кимгадир саволлар ёқмади, кимгадир жавоблар, айримлар Бош вазир ўринбосари бошдан охиргача рус тилида сўзлашганидан шикоят қилишди.

Мен бугун Бош вазир ўринбосарининг айтиб ўтилган сўзларини талқин қилмоқчиман. Энг аввало шуни алоҳида қайд этишим керакки, Сухроб Холмуродовнинг саволларга берган жавобларини тинглар эканман, менда қандайдир умидсизлик пайдо бўлди. Ўйлайманки, бундай фикрга келган якка ўзим эмасман. Президент таъбири билан айтганда, халқ кўнглида кичкинагина умиднинг пайдо бўлиши ҳам шак-шубҳасиз катта ютуқдир. Аммо, ўша куни шу умид учқунлари яна пасайиб кетди, десам янглишмаган бўламан…

Сабабини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Келинг, аввало пресс-ҳолл давомида кўтарилган энг долзарб масалаларнинг учлигини ҳисоблаб чиқайлик: булар — инвестиция, туризм ва АЭС.

Биринчи масала: Хориж инвестицияси мамлакатимизга қачон киради?

Бош вазир ўринбосари жаноб Сухроб Рустамович журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарар экан, уни айнан мана шу савол роса қийнагани очиқ намоён бўлди. Бош вазир ўринбосари ҳам бу саволга қайта-қайта жавоб беришдан қийналди чоғи, охири халқ тушуниши учун соддароқ қилиб тушунтиришга киришди (бу «тушунтирилиш» рус тилида бўлганлиги алоҳида масала). Мен ҳам шу ўринда мақолада кўп кераксиз сўзларни ишлатмай, соддароқ қилиб, «халқ оғзаки ижоди»дан фойдаланган ҳолда ёзиб ўтмоқчиман.

Демак, инвестиция масаласида тушунганларим: биз ҳали қаердан инвестиция киришини ҳам, ким киритишини ҳам, қачон киритишини ҳам билмаймиз. Нега? Чунки биз ҳали инвестицияни қабул қилишга тайёр эмасмиз. Хориж инвестицияларни қабул қилиш учун, энг аввало, «бу ишлардан ўзимиз айнан нимани исташимизни билишимиз керак» экан. Жаноб Бош вазир ўринбосарининг айтиши бўйича, биз ҳали ҳеч нарсани билмас эканмиз. Ваҳоланки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бизга хориж инвестициялари жуда муҳим эканлигини, бугунги кунда бу замон талаби, иқтисодиётимизни ривожлантириш йўлида амалга оширилиши зарур бўлган энг устувор масалалардан бири эканлигини бот-бот таъкидлаб келмоқдалар. Хўш, Бош вазир ўринбосари бу талабни бажариши учун… йўқ-йўқ, бу талабни бажаришга ҳали йўл бўлсин, ушбу оддий ҳақиқатни англаб етиши ва шунга яраша режаларни тузиб чиқиши учун унга яна қанча вақт талаб этилади? Бевосита шу иш билан шуғулланиши керак бўлган амалдор бугун омма олдида «бу ишлардан ўзимиз айнан нимани исташимизни билишимиз керак»лигини таъкидлаётгани ғалати эмасми?

Иккинчи масала: туризмни ривожлантириш

Туризм ҳақида саволлар берилар экан, жаноб Сухроб Рустамович ҳеч иккиланмай, уялмай ва қўрқмай ўша инвестиция ҳақидаги саволларга берилган жавобларга ўхшаш гапларини такрор сўзлаб берди. Яъни, бу масала бўйича ҳам керакли ишлар амалга ошириляпти, аммо туристлар оқимини вужудга келтириш ва бу оқимга дош бера олишга ҳали тайёр эмас эканммз. Нега? Чунки бунинг йўлида қатор меҳмонхоналар, асосан тунда ишлайдиган замонавий кафе ва ресторанлар, дам олиш масканлари барпо этилмаган. Улар қачон барпо этилади, ким барпо этади, қанча пул талаб этилади — бу ҳақда ҳам лом-мим дейилмади. Сабаби яна ўша — бу масалалар бўйича ҳам аниқ бир режа йўқ. Жаноб Холмурадов таъкидлашича, биз БАА, Сингапур, Жанубий Корея ва Туркия давлатлари билан туризмни ривожлантириш масаласи бўйича маслаҳатлашиб чиқишимиз керак экан. Буни ким ва қачон маслаҳат қилиши эса, «давлат сири» бўлиб қолди.

Учинчи масала: АЭС қачон қурилади ва у бизларга нима учун керак?

Ушбу савол ҳам берилдики, Бош вазир ўринбосари иккиланиб, иштиёқсиз, зў-ў-ў-рға жавоб қайтаришга киришди. Унинг айтиши бўйича, бизга қанча электр қуввати кераклигини ҳам билмас эканмиз. Нега? Чунки ҳали аниқ бирор бир маълумот йўқ. Яъни, юртимизга қанча компаниялар киришини ва қайси вилоятларга, қайси хонадонларга қанчадан чироқни тақсимлаб чиқиш кераклигини аниқ билмаймиз. Қачон буни билиб олиш мумкинлиги ҳамда ким ва қачон вилоятлардаги хонадонларда чироқ танқислигини ҳисоблаб чиқиши кераклиги ҳақида ҳам, табиийки, айтилмади.

Бир сўз билан айтганда, биз ўша куни ҳеч нарсани билмаслигимизни билиб олдик. Конференциядан менга ёққани фақатгина берилган саволлар ва учрашув бошловчининг “соядаги одамлар” даври тугаганлиги ва эндиликда бу каби матбуот анжуманлари тез-тез ташкилланиб туришини таъкидлагани бўлди. Афсуски, жавоблардан қониқмадим. Ушбу матбуот анжуманида биз ҳали ҳеч нарсага тайёр эмаслигимиз очиқ-ойдин айтилди. Ё бу ҳақиқат, ёки Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси РАҲБАРИ Сухроб Холмуродов масъулиятсизликка йўл қўйиб, конференцияга умуман тайёргарлик кўрмасдан чиққан. Нима бўлган тақдирда ҳам бир нарсага ишончим комил — бундай матбуот анжуманини зинҳор хорижликларга кўрсатмаслик керак! Зеро, бу каби бўшбодоқлик ва масъулиятсизлик «ҳиди» келаётган юртга хорижий инвесторлар жиддий қарашмайди.

Тасаввур қилинг, биз тўй қилмоқчимиз. Аммо куёв ҳам, келин ҳам ким бўлиши ноаниқ, шу билан биргаликда тўй кунини ва тўйхонани белгилламаганмиз, унинг устига тўйга пулимиз ҳам йўқ. «Лекин тўйимиз дунёни ларзага солади, Худо хоҳласа», деб қуруқ хомхаёл билан яшаяпмиз.

Хуллас, ҳали кўп ва хўп ишлашимиз керакка ўхшайди. Бунинг йўлида мен Президентимиз ва унинг жамоасига фақат ва фақат омадлар тилаб қоламан. Илоҳим, улар анчадан буён халқимизни қийнаётган долзарб муаммоларни ҳал этишсин ва шунда умрлари охиригача 32 миллионли халқнинг дуоларини олиб яшасинлар! Омийн!

Темурмалик Тожидинзода

20 комментариев

  1. Билмаслигини тан олишхам мардлик лекин узбек тилини билмаслиги чаток экан хамкорбанк ва миллийбанкларни юкорилиши таминлагани хисобга олиб хозирги ишини хам тезда юкори чукига олиб чикади факат вакт керак хали янги ташкил топган вазирлик

  2. «Хуллас, ҳали кўп ва хўп ишлашимиз керакка ўхшайди. Бунинг йўлида мен Президентимиз ва унинг жамоасига фақат ва фақат омадлар тилаб қоламан. Илоҳим, улар анчадан буён халқимизни қийнаётган долзарб муаммоларни ҳал этишсин ва шунда умрлари охиригача 32 миллионли халқнинг дуоларини олиб яшасинлар! Омийн!»- ўзбекчани билмайдиган, эртага нима қилишини билмайдиган вазир шу жамоадан эмасми?

  3. To’y qilish to’g’risidagi qiyoslash gapni joyiga uribsizlar. Qoil. Juda ko’p sohada islohatlar shunday quruq gaplar. Boshlashadi, zo‘r bo’lishi kerak deyiladi lekin o’zlari bilishmaydi qanday zo‘r qilish kerakligini.

  4. Кайси тилда гапиришнинг нима ахамияти бор, бу мажлисдан еки бу ноаникликлардан халка фойда булмаса!!!…журналистлар ейворгандир аллакачон бу мужмал гапларни!!!…Хамма ерда Президентимиз бош булиб туришлари керак -микан? Ана халос….

  5. Ozbekoston xali bunaqa togridan togri efirlarga, istalgan jurnalislarning istagan savollariga javob beriwga ancha bor. Daje Rossiyadayam xammasi oldinda tayorlangan boladi. Bu bechara Suxrob Xolmurodovni pod udar quyib xalqni oldida warmanda qilb quyiwdi. bu xam odam tuwuninglar

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *