Ҳеч нарса қилмасдан миллионлар ишлаш: Нега Google ва Facebook бекорчиларга ҳақ тўлайди?

InsiderPro нашри ўз иқтидорини ўзи учун манфаатли сотишга эришиб, ҳаётини ажойиб тарзда йўлга қўйган миллионерлар ҳақида ҳикоя қилади.

Ёзнинг қуёшли тонгларидан бирида Facebook’да ишлайдиган муҳандислардан бири ишга бориш учун уйғонди, бироқ кутилмаганда ўзини ёмон ҳис қилди ва кўнгли айниди. «Касал бўлиб қолдим деб ўйладим», — дея хотирлайди у.

Бироқ бу вирус ёки овқатдан заҳарланиш эмасди. У шунчаки ишга бориш фикридан ўзини ёмон ҳис қила бошлади.

Бу муҳандис асосан акциялар ҳисобига йилига 1 миллион доллар даромад қилар ва 35 кишига яқин жамоани бошқарарди. Facebook’даги бир неча йиллик фаолиятидан сўнг у тинкаси қурийдиган даражага келди. У шуғулланадиган лойиҳа сиёсат билан боғлиқ эди, шунинг учун у бунга катта куч сарфлашга мажбур эди.

Бизнинг қаҳрамонимиз жуда ҳолдан тойган бўлса-да, ҳаммасини ташлаб, ишдан бўшай олмасди. Унинг акциялари даромад келтирар ва бунинг учун солиқлар тўлаш керак эди.

Бироқ кўнгли айнигандан сўнг муҳандис уйда қолишга қарор қилди. Куни бўйи. Бутунлай. Ва у уни ишдан бўшатмасликларини билар эди.

Чунки ишга бормаслик ғояси умуман олганда унинг бошлиғига тегишли эди.

Бир кун аввал муҳандис раҳбариятига олти ойдан сўнг ишдан кетмоқчи эканлигини маълум қилди. У йилнинг қолган қисмини жорий лойиҳаларни тугатишга сарфлаш, янгиларини олмаслик, йил охирида акциялар опционидан фойдаланиб, солиқларни тўлаш учун пул ишлашни режалаштирди.

«Биз раҳбаримиз билан бу мавзуда кўп суҳбатлашдик. Кўпинча кетишга яқин вазиятда эдим. Бироқ бу сафар ҳаммаси жиддий эди. Лойиҳани мантиқий якунига етказиб, кетмоқчи эдим. Шундай қилсам тўғридек туюлди. Шунда у (раҳбар) менга уйда қолишим мумкинлигини айтди», — деб эслайди муҳандис.

Муҳандис раҳбари уни шу заҳоти ишдан бўшатди деган ўйда, ваҳимага тушди, бироқ раҳбари уни тинчлантирди.

«Шунчаки ишга келма, — дея таклиф қилди у муҳандисга. — Сен ҳолдан тойгансан, дам олишинг керак. Асосийси, ҳеч кимга ҳеч нарсани айтма. Шунда ҳамма сени бошқа жамоада ишлаяпти деб ўйлайди».

Дастлаб бу ғоя қаҳрамонимизга маъқул келмади. «Ҳеч қачон бунга рози бўлмасдим. Ҳақиқатан ҳам бошқа жамоага ўтишга тайёр эдим. Бироқ кўнглим айниган ўша тонг фикримни ўзгартирди», — дейди у.

Шундай қилиб, ҳалол ва меҳнатсевар инсон Кремний водийсининг махфий (бироқ ҳаммага маълум) «Моцион ва опцион» клубига кирди.

Барчага маълум Кремний водийсининг махфий клуби

«Моцион ва опцион» — бу компания ходими, одатда муҳандис, енгил (ёки умуман ҳеч қандай) иш билан шуғулланади, тўлиқ мукофотлар ва компания акциялари опционини олган ҳолда компания ходими ҳисобланишда давом этади. Катта стажга эга муҳандисга бундай опционлар маошдан кўпроқ даромад келтиради.

Муҳандис «моцион ва опцион» режимига ўтгандан сўнг у иш вақтини технологик конференциялар бўйича сафарлар билан тўлдиради, кўнгил очиш учун дастурлаштиради, ижтимоий тармоқларда дўстлари билан мулоқот қилади ва кейинги карьерасини ўйлаб чиқади.

Ҳикоямиз қаҳрамони вақт ўтиши билан унинг раҳбари жимликни сақлаши эвазига: у лойиҳаси билан боғлиқ муаммоларни тарқатмаслиги, балки пул ҳақида ўйламасдан, келажаги билан шуғулланиши эвазига унга «моцион ва опцион»ни таклиф қилганлигини тушуниб етди.

Business Insider бу қандай режим эканлигидан хабардор бир неча киши билан суҳбат уюштирди. Улардан баъзилари бу клубнинг аъзолари эди. Бошқалари бундай кишиларни фаол ишга қайтаришга уринган кадрлар бўйича менежерлар эди. Уларнинг кўпчилиги  «моцион ва опцион» эълон қилинмаса-да, уларнинг компаниялари учун одатий амалиёт эканлигини тан олган. Ўзларининг доирасида бундай одамлар «бекорчилар» деб аталади.

Уларнинг ҳаёт тарзи юқори технология соҳасида ишловчи ва ишда тунгача қолиб кетувчи кўпчилик кишиларникига тамоман қарама-қарши.

Муҳандис турли сабабларга кўра бекорчига айланиб қолиши мумкин.

Outreach стартапининг Сиэтлдаги раҳбари Мэнни Медина баррикаданинг ҳар иккала томонида бўлиб кўрган. У бир мунча вақт бекорчи бўлган бўлса, кейинроқ Microsoft’да ишлаб, бу технологик гигант бундай ходимларни қандай ишлатишининг гувоҳи бўлди. Бундан ташқари, унинг ўзи ҳам ўз стартапига дам олишдаги бундай муҳандисларнинг баъзиларини жалб этишга уринган.

Мединанинг сўзларига қараганда, у карьерасининг бошидаёқ, магистратурада таҳсил олган ва дастурий таъминот ишлаб чиқарган пайтда ана шундай юқори ҳақ тўланувчи бекорчи ҳолатида бўлган.  У лойиҳасини келишилган муддатдан бир неча ой олдин якунлаган ва компанияни ўқишни тугатгандан кейин тарк этиши ҳақида раҳбариятни огоҳлантирган.

«Иш куним 11 да бошланар эди ва унинг катта қисмини ошхонада ўтказар эдим. Улар менга янги ишланмалар билан шуғулланишимга рухсат бермас, чунки мен яратишим мумкин бўлган ҳар қандай нарсадан бошқа одамлар фойдаланиши мумкин эди. Бироқ янги ходимларни иш жараёни билан таништиришим учун доим яқин атрофда бўлишим керак эди», — деб эслайди у.

«Сиз иқтидорли муҳандисга ўз соҳасида ишлаш имконини берасиз, шу билан бирга рақобатчиларга уни сиздан тортиб олиш имконини бермайсиз, — дейди у. — Бу жуда тўғри ёндашув, ўзига хос ҳимоя чораси».

Бошқа компанияларда гап эҳтиёт чораси ҳақида эмас, балки ўрнини ҳеч ким боса олмайдиган одамга айланиш ҳақида боради.

Масалан, Facebook’да «дискрецион акциялар» деб аталувчи махфий бонус дастури мавжуд. Бу ҳақда компаниянинг ана шундай тўловини олган собиқ ходимларидан бири ҳикоя қилган.

Дастурнинг маъноси шундаки, компания муҳандисга қиймати юз минглаб долларни ташкил этувчи чекловли акцияларни тақдим этади. Бу яхши иш бажарилганлиги учун хайрлашув совғасидир. Бу, шунингдек, у компанияни тарк этмаслигини таъминлайди.

«Улар жуда ақлли кишилар, — ҳикоя қилади манба, — ва улар ишни тарк этмайди. Улар 40 ёшга ҳам кирмаган ва йилига миллионлаб доллар даромад қилади. Улар қолган муҳандислар каби кўп меҳнат қилишга мажбур эмас. Биз уларни одатий бекорчи деб ҳисоблаймиз».

Ўн карралик муҳандис

Бекорчиликнинг бошқа кўриниши Водийда «ўн карралик муҳандис» номи билан машҳур. Бундай муҳандис оддий одам учун ўн соат талаб қилинувчи ишни бир соатда бажара олиши ҳақида миш-мишлар тарқалган. Улардан баъзилари ҳақиқий доҳий. Бошқалари унчалик ақлли бўлмаслиги мумкин, бироқ тизим қандай барпо этилганлигини батафсил билади.

«Кишилар у ёки бу соҳада узоқ вақт ишлаганда биринчи қарашдан англаш қийин бўлган қимматли кўникмаларга эга бўлиши мумкин, — дейди Facebook собиқ бекорчи-муҳандиси. — Уларни лойиҳани созлаш учун охирги дақиқада чақириш мумкин».

Google ҳамда мотион ва опцион ҳақидаги ҳазил

Бекорчиликнинг яна бир кўриниши компанияларнинг катта стажга эга бўлган ходимларидир. Улар ўз позициясини сақлаб қолиш учун аввалгидек куч бериб ишлаши шарт эмас.

Барча манбалар бекорчиларнинг бундай шакли Google’да кенг тарқалганлигини бир овоздан тасдиқлайди.

«Google’даги кўпчилик дўстларим кунига 4 соат ишлайди, — дея ҳикоя қилади бир муҳандис. — Улар катта муҳандислар ва кўп ишлашга мажбур эмас. Улар тизимни жуда яхши тушунади ва қачон ишга бор кучи билан киришиш кераклигини билади. Улар муҳандис ва ўз ишлаш циклини энг яхши тарзда ташкил этишга эришган».

«Ҳаёт ажойиб, таътилда зўр ҳордиқ чиқардим, ишга қачон хоҳласам қайтаман»

Google X — истиқболли технологиялар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи, Alphabet холдинги таркибидаги компания, Кремний водийсида бекорчилар қўриқхонаси номига эга.

«Google X’да бюджет масаласи бизни умуман ташвишлантирмайди. Муҳандислар 250 дан 600 минг долларгача олади, бироқ ҳеч ким уларга босим ўтказмайди. Бу стартапга ўхшайди, бироқ бутунлай эмас. Бу ниҳоясиз молиялаштириладиган стартапдир», — дейди компания муҳандисларидан бири.

«Маълум бир вақтдан бошлаб Google сизга шунчалик кўп тўлай бошлайдики, бу даражага етганингиздан сўнг тер тўкиб ишлашда давом этишнинг маъноси йўқ. Ҳаёт ажойиб, таътилда зўр ҳордиқ чиқардим, ишга қачон хоҳласам қайтаман», — дейди Google X муҳандисларидан бири.

Ишга ҳар куни келинг ва ўйнанг

Муҳандис «моцион ва опцион» режимида узоқ муддат ёки қисқа муддат бўлиши мумкин, бироқ, қоида тариқасида у ҳар куни офисда бўлиши лозим.

«Сиз жисмоний жиҳатдан ишда бўлишингиз керак, — дея ҳикоя қилади Google собиқ менежери. — Бироқ Google’да турли кўнгилочар машғулотлар шунчалик кўпки, ишга келиш фақат ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Сиз соатлаб турли ўйинлар ўйнашингиз, шинам кафега ланчга бориш истаги пайдо бўлиши, кечки олтида тренажёр залида пайдо бўлишингиз ёки бошқа кампусга бориб, Slice Cafe’да шарбат ичишингиз мумкин. Якунида бор-йўғи олти соат ишлаган бўласиз».

Google ходимларига турли кўнгилочар машғулотларни таклиф қилувчи ягона юқори технологик компания эмас. Facebook’да маърузалар ўқилади, бундан ташқари, у ерда дурадгорлик устахонаси ва видеоўйинлар учун зал бор. Oracle’да пляж волейболи учун майдонча ва бассейн мавжуд. Microsoft’да — футбол майдони ва крикет учун майдонча, Xbox ўйин приставкалари ва спа-комплекс. Шундай бўлгач бекорчи муҳандислар ҳамма жойда етарли.

Манба: “Daryo.uz”/Insider Pro

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *