Хайрулло ҲАМИДОВ: КЕЧИРИНГ, ОНА!

Ёшликдан топдим мен гўзал тарбият,
Қошимда қалбингиз эрур парвона.
Афсус қилолмадим тузук бир хизмат,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Саройларда шеърлар ўқиб халқимга,
Ўзимни кўрсатсам бўларди ёна.
Лек сўнгги лаҳзада ғамгин қалбимга
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Кўрдим, не ҳофизни ғамгин куйлатган
Шоирлар шоҳларга бўлмиш ҳамхона,
Лайча ит мисоли думин ўйнатган
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Тентираб айниган муҳитда сассиз,
Сизга фақат ташвиш бердим мардона.
Энди қасрларда яшай олмассиз,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Мунис қўлингизда гулмас, қадоқлар …
Мендан кўрганингиз фақат ғамхона,
Мен дея отамнинг сочида оқлар,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Бошқалар сингари ғурурланмассиз,
Эҳтимол, дардингиз тўлмиш ҳар ёна,
Бир кулинг, дўстларим ичида ёлғиз
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Қўлимдан тортқилар ўзига шуҳрат,
Зайлига юргизмоқ истар замона.
Шунда ҳам Аллоҳга ҳамд бўлсин фақат,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Йиғламанг, сиз мағрур дунёга боқинг,
Ҳеч ким билмас ҳали кимда тантана.
Қувноқ сувратларим барини ёқинг,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Энди воз кечолмам асло бу ҳисдан
Гарчи дунё эрур бир меҳмонхона.
Нетай, шу таълимни олганман Сиздан
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

4 комментария

  1. Сен ХАКни таниган асл бандасан. ОНАНГ учун хаксан чин арзандасан. Ишингга, гапингга куп хайрихохлар. Янада купайсин мард ХАЙРУЛЛОХлар!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *