Ҳаёт – муаллим, ҳаёт – фалсафа!

Ҳаёт жозибадор, яшаш қизиқарли. Олдда олам ажойиботларини кашф этиш зарурати, бурчи, завқ ва сурури турибди. Бу йўлда умрни биздан аввалроқ таниган устозларга, ҳаёт мураббийларига эҳтиёжимиз катта.

Хулласи калом, “Yosh kuch” меҳмони – фалсафа фанлари доктори Виктор Алимасов.

– Устоз, фалсафа ёшларга нима учун керак?

– Ким бўлсам экан, нималар қилганида киши бахтли, омадли яшайди, умрнинг моҳияти нимада, деган азалий саволларга жавоб изламайдиган ўспирин-ёш топилмайди. Бундай саволлар ҳаёт фалсафасининг ибтидоси, ёш ақлнинг илк метафизик мушоҳадаларидир. Демак, фалсафага мойиллик онгли инсонга хос хислат, юқоридаги саволларга жавоб излаш орқали у одам ва олам, шахс ва жамият муносабатларига дуч келади. Ўз қалбида, онгида шакллантирган идеалга, тасаввурга мувофиқ ижтимоий борлиқни ўзгартиришга, такомиллаштиришга интилади. Мана, фалсафа ҳаёт чорраҳасида турган ёш ақлга нима учун керак.

– Баъзан фалсафани сафсата деб атайдиганлар ҳам топилади. Файласуф тадқиқотчиларнинг асарларидаги мавҳум тушунчалар, сўз ўйинлари, ақлу идрокни чалғитувчи, таъбирингизча, “гегелона мавҳум иборалар” фалсафа айрим кишиларнинг­гина машғулоти, уни ҳамма ҳам тушунавермайди, деган қарашни шакллантиргандир балки…

– Фалсафани айрим шахсларгина идрок этади, файласуфлар сирли, илоҳий сифатларга эга кишилар, улар борлиқни тўғри англайдилар, шунинг учун кишиларни, жамиятни адолатли бошқаришлари мумкин, деган фикр Платон давридан бери мавжуд. Фалсафани илмий изланишларга йўналтирган Аристотелдан кейин у метафизик мушоҳадалар, хос кишилар, тадқиқотчилар тушунадиган, ўз лингвистикаси, тамойиллари, объект ва предмети, атамаларига эга тор соҳага айланди. Бора-бора, файласуф-тадқиқотчилар сўз ўйинларига, тавтологияга шундай берилишдики, айтилмоқчи бўлган фикрнинг боши қаердаю охири қаерда тополмайсиз. Жумлалар ғализлигидан, табиий равишда, фалсафа сафсата экан-да, деган хулосага борасиз. Фикри ғализнинг сўзи ғализ. Файласуфлар олдин фикрлаш санъатини эгаллаши зарур…

Инглиз файласуфи Карл Поппер: “Ҳамма киши файласуф, бироқ кимдир кўпроқ, кимдир камроқ файласуф”, деган. Мен бу фикрга қўшиламан. Инсон онгли мавжудот сифатида ҳаёт, ижтимоий борлиқдаги тартиблар, уларнинг моҳияти, адолатли ёки адолатсизлиги, ўзаро муносабатларнинг яхши ёки ёмонлиги, оламнинг тузилиши, кишилар хатти-ҳаракатларига йўналиш бераётган сирли куч ҳақида ўйга берилади, демак, у – файласуф! Кимдир бу саволларга жавоб топади, кимдир беором изланади, топган жавобларига тасдиқ излайди, ён-атрофдагилар билан баҳс-мунозарага киришади, энг муҳими, ақлу тафаккурини чархлайди. Ақлу идрокини чархлаш – фикрлаш санъати, у шундай ижод турики, кишининг бутун борлиғига, умр мазмунига айланади. Бу ўринда Суқрот, Сенека, Ибн Халлож, Бруно, Акосто каби минглаб илм-фан фидойиларининг фожиали қисматини мисол келтириш мумкин. Улар инсон ақлу идроки қанчалар қудратли куч экани, илм-фан, ҳақу ҳақиқат излаш фақат инсонга хос фазилат эканининг тасдиғидир. “Фикрлаяпман, демак, мавжудман” (Декарт).

– Бизда миллий фалсафани такомиллаштиришга қодир мутахассислар йўқ, фалсафага оид дарсликлар асосан рус тилидаги асарларни такрорламоқда, деган танқидий фикрлар бор…

– Бунинг учун эски ёндашувлардан, ком­­пиляциялар тўқишдек ғайриилмий анъанадан воз кечиш зарур. Бизда дадил фикрлайдиган, борни бор, йўқни йўқ, деб айтишга, ёзишга журъатли, “бутунни” (Платон) ва “универсум”ни (Хосе Ортега-и Гассе) бор зиддиятлари билан идрок этадиган мутахассисларга эҳтиёж катта. Илмий унвон ва даражаларга эга, ҳатто ўзини фалсафада “титан” деб биладиганлар ҳам бор-у, лекин ўқувчи ақлу тафаккурини ва қалбини бойитадиган, фикрлашга, изланишга ундайдиган бирор нарса йўқ ҳисоби. Мазкур “титан”лар матбуот­даги фикрларга мутахассис сифатида муносабат билдириши, баҳс-музокарага киришиб миллий фалсафанинг яратилишига ҳисса қўшиши зарур.

Соҳа тараққиёти учун эмпирик манбаларнинг ўзи етарли эмас, фан методологияси зарур. У илмий бўлиши керак. Ушбу илмийлик қаерда, кимнинг асарида, методология талабларига жавоб берадиган қайси қарашларида шакллантирилган? Беруний ундай деган, Ибн Сино бундай, Форобий – “Шарқ Арастуси” ё “Иккинчи муаллим” сингари китоблардан китобларга кўчаётган таърифлар билан миллий фалсафани яратиб бўлмайди. Бу эскича, ўта жўн, замонавий илм-фан талабларига жавоб бермайдиган, ўз замонасига хос ёндашувдир. Шунинг учун илм-фан, маданият тарихидан яхши хабардор, мавжуд эмпирик манбаларни замонавий ёндашувлар синтезидан ўтказишга қодир интеллектуал кучлар керак. Биз фан методологиясини (айниқса, миллий фалсафага тааллуқлисини) яратиш ҳақида ўйлашимиз керак. “Титан”лар бор, аммо титан фикрлар йўқ. Мана, муаммо қаерда…

– Танқид қилиш осон… Нега ўзингиз бу борада ташаббус кўрсатмаяпсиз?

– Ҳа, танқид қилиш осон. Эсингизда турсин, фалсафа ўзини ўзи танқид қилиб ривожланади. Бирорта илм-фан соҳасида бундай ёндашувни кўрмайсиз.

Мени бошқа муаммолар қизиқтиради, масалан, ижод, айниқса, бадиий ижод фалсафаси. Инсон қалби ва руҳидаги сенситив, рефлексив кечинмалар, уларнинг ижодий фаолиятда объективлашиши мавзулари. Шарқ поэтик ижоди – фалсафа учун бебаҳо, беадад мавзу.

Кўплар донишманд деб билдилар ўзни,
Худонинг зотидан очдилар сўзни.
Ҳеч қайси билолмай азал сирларин,
Алжираб, валжираб юмдилар кўзни.

Умар Хайёмнинг рубоийларида фалсафа излаётган жами саволларга жавоб мужассам! Буюк Навоийнинг инсон ва ҳаёт фалсафаси академик Воҳид Зоҳидовнинг 1961 йили чоп этилган “Мир идей и образов Навои” монографиясида тадқиқ этилган. Қарангки, Зоҳидовдан кейин бирорта файласуф Навоий фалсафасини, ҳа, Навоийнинг инсон ва ҳаёт фалсафасини ўрганмаган. Ўта ҳайратли ҳол! Шундай экан, миллий фалсафани яратиш ҳақида бирор нима дейиш мушкул. Аълам бобомизнинг “Ситтаи зарурия” (Олти зарурий қасида) асари одам ва олам ҳақидаги фалсафий мушоҳадалар тўпламидир. “Ажабо, – деб ёзади Навоий. – қара, сенга теккан бу тор макон шундай кенгки, унинг бўшлиғи фазонинг ўзи! Янада ажойиброғи, ундан сенга ранжу азоб етиши билан бирга, чархдан юз ғаму осмондан минг жафолар ёғилади”. Барча донишмандларни лол қолдирган, изтиробли ўйларга етаклаган “бевафо, сералам дунё”ни Навоий ана шундай тасвирлаган. Бу серҳикмат қасидалар тўпламисиз миллий фалсафани тасаввур этиш қийин.

– Замонавий фалсафий таълимотлардан яхши хабардор, дадил, эркин фикрлашга қодир мутахассислар кўринмаётган бўлса ҳам… ёшларимиз ниманидир ўрганяпти-ку?!

– Мераб Мапардашвилининг “Файласуф эртаю кеч донишмандлик қилавермайди”, деган сўзи эсимга тушди. Тўғри-да, файласуф ҳам тирик жон, ўзи, оиласи, фарзандлари, турмуши ҳақида қайғуради, азият чекади. Тафаккур ҳам ана шу ҳаёт икир-чикирларидан чеккада кечмайди, шаклланмайди. Ҳатто махсус машғулотлардан кўра турмуш ташвишлари кишини серфикр, донишманд қилади. Шопенгауэр “Киши қирқ ёшгача романлар ёзади (яшайди, азият тортади, ҳаёт заҳматларида тобланади), кейин уларга изоҳлар битади (яъни ҳаётий тажрибасини, чеккан заҳматларини қалбидан ўтказиб умумлаштиради, фалсафий хулосаларга келади)”, деган. Шундай экан, ёшлар аввал ҳаёт чиғириқларидан ўтиши, турмуш заҳматларини, яхшилик ва ёмонлик нималигини, қоқилиш ва қайта оёққа туриш завқ-шавқини тотиб кўришлари лозим. Рудакий айтганидек, “Агар кимга ҳаёт бермаса таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим”.

Китоб ўқиш, интернетдан ахборотлар йиғиш, таърифу модемларни ёдлаш билан файласуф бўлолмайсиз. Тафаккурни чархлайдиган нарса – фикр излаш. Беором фикр излаш!

– Ахир, фикр излаш барчамизга инъом этилган хислат-ку! Нега ҳаммамиз, масалан, Суқротдек ёки Форобийдек файласуф эмасмиз?

– Саволингиз тагидаги фикрни англадим. Ҳамма фикрлашга мойил, аммо файласуф деб аталадиган ақл эгалари кам демоқчисиз.

– Худди шундай. Нега?

– Ҳар бир даврнинг ўз суқротлари ва форобийлари бор. Диахрон алоқаларсиз фалсафа илм сифатида ҳам, донишмандлик сифатида ҳам унут бўларди. Саййид Муҳаммад Ҳотамийнинг ёзишича, халқ, давлат ва бошқарув ҳақида фикр юритиш Ислом оламида Форобий томонидан бошланган бўлиб, афсус­ки, унинг ўлими билан ниҳоясига етган: Форобий фикрлари Платон ва Аристотелникидек утопия бўлса-да, ҳар ҳолда, у ислом фалсафасида халқ, давлатни бошқариш ҳақида илк бор дадил, ошкора мулоҳаза юритган алломадир. Демак, ҳақиқат излаш (Гегель “Фалсафа ҳақу ҳақиқат шоҳлигида мавжуд”, деган), бошига қандай кулфатлар тушмасин, эзгуликни, адолатни улуғлаб, ёвузликни, зўравонликни дадил, очиқ қоралаш файласуфнинг қисматидир. Таълим даргоҳлари пештоқига юнон файласуфларининг “Ўз ақлингдан фойдаланишга журъат эт”, деган шиорини ёзиб қўйгим келади. Ўз ақлидан руҳи эркин ва эркин яшаш ягона илоҳий неъмат эканини биладиган кишигина фойдаланади. Эркин фикрлаш завқи ҳатто яшаш завқидан кучли. “Ҳақу ҳақиқатни излашга журъат этиш ақлу тафаккур қудратига ишониш фалсафа билан шуғулланишнинг биринчи шартидир”. Бу ҳам Гегелнинг фикри. Демак, инсон, айниқса, ёшлар эркин фикрлашга журъатли бўлишлари керак.

– Фалсафа билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳат берасиз? Унинг алоҳида йўллари, усуллари борми?

– Ҳа, бор. Фалсафа ҳақу ҳақиқат излаш илми, ҳақиқатни эса тилёғламалик, санохонлик, маддоҳлик билан топиб бўлмайди. У фидойиликни, жасоратни талаб этади. Фалсафа билан ён-атрофдагиларнинг бефарқлигидан, таъна-дашномларидан, ҳатто ўз даврасидан қувилишдан қўрқмайдиган, юраги ҳар қандай туҳматларга, қийинчилик ва йўқсизликка бардош беришга шай киши шуғуллангани маъқул.

Руҳ дунё машаққатларини ўз машаққатлари сифатида қабул қилишга тайёр бўлиши зарур. Агар гўдак ёки маҳбубанинг мусаффо кулгиси сизни шод этмаса, очликдан мадад, ёрдам сўраб чўзилган гадо қўли қалбингизни ларзага солмаса, минглаб, миллионлаб кишилар ҳаққидан уриб яшаётганлар ғирромлиги сизда нафрат уйғотмаса, хуллас, ҳақу ҳақиқатни қарор топтиришга журъат­ингиз етмаса, илм-фанга, айниқса, фалсафага кирмай қўя қолинг.

Сўзамолликдан ҳам, сўзамолдан ҳам қочинг. Пифагор издошларидан етти йил оғзига тош солиб юришни талаб қилган. Бу бежиз эмас. Ўрнида фикрлаб, сермағиз гапиришни ўрганинг. Ёзаётганингизда ҳам шундай қилинг. Аввал фикр изланг, кейин ёзинг, гапиринг. Кам ёзинг, кам гапиринг, лекин сермазмун ёзинг, сермағиз гапиринг.

Ҳаёт фалсафаси бошқа, фалсафа илми бошқа; биринчиси кенг, энг муҳими. Кейингиси сизни тайёр қолипга солиб қўяди, тайёр таърифлардан бошқасини тан олмайди. Мераб Мапардашвили “Файласуф бўлиш учун фалсафа факультетига эмас, файласуф олдига бориш даркор”, деб таъкидлайди. Фалсафани мафтункор ва матонатли, ақлу тафаккурий изланиш­лар соҳасига айлантирганлар фалсафа факультетини битирган эмас (бу ўта таажжубли ҳол!), балки ҳаёт фалсафасини билганлардир. Демак, ­­­ҳаёт –­­ ­муаллим, ҳаёт – фалсафа!

Ҳаётдан ҳикмат тополмаган фалсафа дарслигидан сабоқ ололмайди.

Вақт – илоҳий неъмат. Уни дуч келган нарсаларга сарфламаслик даркор. Вақтингизни ўғирлайдиганлардан қочинг. Беҳуда кетган вақт руҳингизга озор етказади, ўй-фикрдан чалғитади. Руҳи безовта, ўй-фик­ри чалғиган киши илм, фалсафа билан шуғулланолмайди.

Изланишда изчил бўлинг. Билганингизни эмас, билмаганингизни изланг. Зарурини ёзинг, фойдалисини гапиринг.

Адашишдан қўрқманг, фақат изланишингиз ва топганингиз ўзингизники бўлсин. Агар сизни тўғри англашга замондошларингиз ожизлик қилса, келажак сизни тўғри баҳолай олади.

Ўзингизга идеал қидиринг, яшашга, изланиш ва яратишга ундовчи шиор топинг. Ушбу идеал ва шиор мудом кўз олдингизда турсин. Файласуф бўлмоқчимисиз, уларни бетакрор руҳ ва қалб эгаси, ҳақу ҳақиқат излашда матонат, ибрат кўрсатган ақлу тафаккур эгасидан қидиринг. Бироқ идеалга муте бўлиб, чекланиб қолманг, унинг ишини давом эттиришга, иложи борича, ундан ўзишга интилинг.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *