Халқаро пресс-клуб атрофидаги миш-мишлар: ким қандай фикрда?

Халқаро пресс-клуб атрофида турли миш-мишлар болалаб кетгач, ижтимоий тармоқларда ватандошларимиз орасида ҳам бу мавзу кенг муҳокама қилинмоқда. Халқаро пресс-клуб ва унинг бошловчиси Шерзод Қудратхўжаевга аслида нималар бўлган? Нима учун бу кўрсатув жонли эфирда намоиш этилмайди? Шерзод Қудратхўжаев бош вазир томондан қаттиқ танқидларга учрагани ростми? Афсуски, ҳамон бу ҳақда ишончли, аниқ маълумотга эга эмасмиз… Қуйида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Фейсбукдаги ўз саҳифаларида ёзиб ўтган бир қанча фикр-мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Демак, бошладик!

Саййид Ислом (Фейсбук фаол фойдаланувчиси):

«Бир одамни қамашибди. Қамоқ эса ўзгача экан. У қамоқни ҳар бир хонасида турли хил қийноқлар бўлар экан. Маҳбусга «танла», дейишибди. Биринчи хонага қараса, дубинка билан уришаётган экан. Иккинчи хонада — маҳбусларни оёғидан осиб қўйишган экан. Учинчи хонада — оперлар тепкилашаётган эмиш. Тўрттинчи хонага қараса, маҳбуслар ботқоқлик устида, кўрпачаларни солиб, бири сигарет чеккан, иккинчиси рақс тушган, учинчиси оёқни узатиб ётиб, телевизор кўраётган эмиш. Маҳбус шошганича «мана, мана шу хона», дебди. Хонага кириб, сигаретни энди тутатаман деса, хонадаги «смотрящий» келиб: «Перекур» тугади! Қани, тезда ҳамма калласини ботқоққа тиқсин-чи!», деган экан.

Бир оз қўпол латифа бўлса ҳам, бугунги кунимизга мос тушади. «Перекур» давомида бир оз тоза ҳаводан нафас олдик. Гапириб олдик. 25 йил давомида йиғилиб қолган дардларимизни тўкиб-солдик. «Перекур” тамом, жаноблар!»

Жамшид Ниёзов («Жамият» газетаси муҳаррири, Tafsilot.uz сайти раҳбари):

«Бошгинамга ағнаган катта тоғлар, алвидо,
Мен кетарман ҳасратланиб, руҳи соғлар, алвидо!
Бу дунёнинг шўришига, навниҳоллар, тебранинг
Эслироқ боғбони йўқ қолди боғлар, алвидо!

Анвар Сатторов / тарихчи
«Шайтанат» / Тоҳир Малик»

Санжар Саид (блоггер, Sanjarsaid.uz сайти раҳбари ҳамда fayzbog.uz сайти ижодкори):

«Демократия, сўз эркинлигига йўл очилдию ҳоким, вазир деган чиновникларнинг обрўси қолмади. Одамлар улардан аввалгидай қўрқмай қўяпти, ҳоким бўлсанг ўзингга, менинг муаммомни ҳал қил, деяпти, қаёқдаги журналистчалар, блогерчалар ва ижтимоий тармоқда кун ўтказаётган мишиқилар уларга нима қилиш кераклиги ҳақида ақл ўргатаяпти. Умрида салқингина кабинетдан чиқмаган, айшу ишрат, базму жамшидларда юрган, бир ишораси билан хоҳлаган нарсаси олдида муҳайё бўлишига ўрганган амал, курси қуллари оломон измига осонгина бўйин эгармиди?! Аслооо!!! Шунча йиллар давомида тўплаган қудрати, шон-шавкати, иззат-нафси бунга йўл қўймайди.»

Мусанниф Адҳам (Фейсбук фаол фойдаланувчиси):

«Шерзод Қудратхўжаев эфирда шевада гапириши, баъзи ўринларда ҳаддидан ошиб кетиши, ижтимоий тармоқлардаги танқидларга бетоқат бўлиши мумкин. Лекин ҳозирги вазиятда барча расмий ва норасмий оммавий ахборот воситалари ходимлари, эркин фикрли кишилар унинг ҳимоясига чиқиши лозим.

Чунки бундай босимларга ўз вақтида қаршилик қилинмаса, сўз эркинлиги қайтадан бўғилади, эндигина бағрига шамол тегаётган матбуот яна 25 йилга уйқуга кетади.

Шерзод Қудратхўжаев ва унинг Халқаро пресс-клубини ёқлаб Фейсбукда битта пост ёзсангиз ҳам ўз самарасини беради.»

Баходирхон Элибоев (журналист):

«Очиғи, Халқаро Пресс Клубга танқидий ёндошдим. 17 августдаги статусимда кичкина тош отиб қўйгандим ҳам. Стратегияси ёқмаганди.
Лекин Шерзод Қудратхўжаев шахсига эътирозим йўқ эди. Ҳатто, приватда Фарғона каналини туристик каналга айлантириш ғоясини ҳам таклиф қилгандим. Зўр проект деб маъқуллагандилар. Лекин бугунга келиб бир журналист ҳамкасбимга бўлган зарбадан қаттиқ ранжидим. Алам қиларлиси «Президент командаси»га зарба бўлганида ва ҳозирча жаноб Президент бу воқеага муносабат билдирмаганида. Бироз журналистик этика бузилгандир балки, ҳар ҳолда, ҳокимлар билан суҳбатда бошқачароқ услуб танланса бўларди. Шундай бўлганда ҳам секингина тушунтирилса бўларди. Омма олдида жазавага тушмасдан, бир чеккага тортиб, тушинтириб қўйилса етарди. Озгина тактика ўзгарарди, бироқ жонлилик давом этарди.»

Алп Арслон (блоггер)

«Мен Шерзод Қудратхўжаев тарафидаман. ОАВ ва телевидения шаффоф ва кимнидир танқид қилишдан қўрқмаслиги керак.
Масъул шахслар тарафидан эса халқ манфати йўлида ошкора иш олиб бораётган ОАВ ва телевидениядаги журналистларга босим ўтказилмаслиги керак.
Ўша масъул шахслар юрт равнақи йўлида хизмат қилаётган журналистга босим ўтказгунча, ўзининг ишлари билан шуғуллансин ва одамларнинг анчадан бери йиғилиб келаётган муаммоларини ижобий ҳал қилиш билан шуғулланишсин. Журналистларни эса тек қўйишсин. Чунки журналистларнинг аксарияти ўз ишини билиб қилаяпти ва озгина бўлса ҳам юрт равнақига ҳисса қўшишга ҳаракат қилаяпти.»

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (журналист):

«Бир эртак бўларди. Болалигимизда роса қизиқиб ўқирдик.

Подшоҳга ёлғон ёқади. Бошқача айтганда, ёлғонга бошқоронғи. Қаршисида тинимсиз ёлғон гапириб кўнглини хушлашларини истайди. Шартга кўра, омон қолиш учун одам тинмай ёлғон тўқиши керак. Сўзига битта тўғри гап аралашса, ўлади…

Эсларингиздами? Оммавий ахборот воситаларимиз нақ чорак асрдан бери вазифасини сидқидилдан уддалаб, тилидан адашмай ёлғон тўқиб келаётган эди. Битта тўғри аралашиб кетди шекилли, дарров ўлимга фармон чиқди-я!

Дима Қаюм (Фейсбук фаол фойдаланувчиси):

«Ёлғоннинг ёлғонлигини, ёлғончиларнинг ёлғончи эканини билдириб қўйган шижоатли инсонларни қўллаб қувватлашимиз бизнинг ўзимизга фойдадир!»

Муслим Мирзажонов (блоггер, fayzbog.uz сайти ижодкори):

«- Ака, борган сари кучайиб кетяпти-ку! Нима қилай?
— Ёп клапанни!!

Сувчилар суҳбати»

Бугунчалик шу. Кўриб турганингиздек, бу ҳолат жуда кўпчиликнинг тинчини бузди. Халқ хавотирда: «сўз эркинлиги» бир йил ўтмасдан буғилгани ростми? Умид қиламизки, бу миш-мишлар ўз тасдиғини топмайди ва тез орада Халқаро пресс-клуб янги-янги «теша тегмаган» мавзуларда танқидий-таҳлилий чиқишларини ўз мухлисларига намоиш этади.

7 комментариев

  1. assalomu alaykum fayzbog’ sayti ijodkorlari. Bu saytga gap yo’q. Demokratik sayt. temur aka telegramga kirmayapsiz. press klubning jonli efiri to’xtatilganidan judayam xafa bo’ldim. umid qilaman yana jonli efir tiklanadi

  2. sherzod qudratxo’jaevni qo’llab quvvatlash kerak. tvittirda xeshtikmi yoki pititsya qilish kerakmi. Haqiqat bukulishi mumkun lekin sinmaydi. Yaratgan egam hammasini hisob kitob qilib qo’yibdi. Nasib qilsa hammasi o’rniga tushadi.

  3. Хозиргина Узбекистон-24 каналида Халкаро пресс клубнинг Автотест хакида курсатуви берилди,мени ажаблантирган жавоб Шерзод Кудратхужаевнинг ижтимоий сохаларда бериб борилаетган фикр-мулохазалар хеч кандай таъсир доирасига эга эмас деганлари булди .

  4. Хозиргина Узбекистон-24 каналида Халкаро пресс клубнинг Автотест хакида курсатуви берилди,мени ажаблантирган жавоб Шерзод Кудратхужаевнинг ижтимоий сохаларда бериб борилаетган фикр-мулохазалар хеч кандай таъсир доирасига эга эмас деганлари булди .

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *