ГЎЗАЛБЕГИМ: «Ой тушиб келяпти»

 

003Гўзал Бегим  Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида   туғилган. Ўзбекистон Миллий университетинининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. 2001-2003-йилларда Москвадаги М.Горкий номидаги олий адабиёт курсида таълим олган. Шоиранинг «Сукунат жараиги» (1998), «Учаётган япроқ сояси» (2002), “Шабада қирғоғи” номли шеърий китоблари чоп этилган. “Ўзбек модерн шеърияти” (Тошкент, 2003), “Ёшлар китоби” (Тошкент, 2008), “Анор” (Москва, 2008) тўпламларида асарлари эълон қилинган. Шеърлари рус, инглиз ва қозоқ, вьетнам, арман ва бошқа кўплаб тилларига таржима қилинган.                                                                                                                                                                                                                                                               Қайдадир тун сиёҳ кокилин эшар…
Абдували Қутбиддин

Қайдадир овозинг оқар шарқираб
қайдадир гуллайди гулсиз гулзорлар
қайдадир синади чинни сувратинг
қайдадир айрилиб тушар белгилар
қайдадир бармоғим тўла ип узук
қайдадир кипригим учар солланиб
қайдадир ой ҳуркиб ичига туфлар
қайдадир юракка тутгим тирговуч
қайдадир исмингни ҳидлаб тўймайман
қайдадир панд берар умид дарслари
қайдадир кўзинг бор жоннинг рўмоли
қайдадир кўзингсиз кўзикар куртак
қайдадир қуёшнинг ҳовучи бўм-бўш
қайдадир осмон бор сенинг бошингда
қайдадир ер бордир айлана шодлик
қайдадир сочимнинг келар хўрлиги
қайдадир ичиккан ифорни ичгум
қайдадир баҳорнинг эшигин қоқиб
қайдадир кузакка кўнглимни таққум
қайдадир нафасинг соат чиқ-чиқи
қайдадир ойнинг чанг босган юзи
қайдадир кўнглимга қуриб қасрлар
қайдадир юракка тутдинг ҳассалар
қайдадир қайдадир қайдадир…

***********************************

Қарғиш қарғаб турар бўғзимда мени
юрагимга қарар кўзи қизариб
ерга тушиб турган қора кўзимни
сўзимни қонаган лаблари
бармоғимни ортга қайтаётган
тирноғимни синиққан сувда
сочларимдан тўзғиб қочган шуълани
ҳовридан қайтмаган қора ёзларни
ёвқур умидларни
ёр пушаймонни
пиёлада ичмай қўйилган куйни
нолани
титроқни
нафратни
сўнгги урфдаги
ортига қайрилган инжа ғуборни
сени кўраётган кўргиликни
сени кўрмаётган қудуқни
етиб келмаётган тахир тўлқинни
лабларимда пишган қатиқни
ва ёнбошлаб кетган шодликни
сени
соянгни
атрофида айланган нурни
сендаги
ўзимни
қарғаб кетаяпман

*************************

Хато қилдим
Кафтларимга қараб
Сиёҳин осмонга сачратар оқшом
Юрагини уҳ-уҳлаб
Ойнага тутади сабо
Чалкашди баҳорнинг ташрифи
Қушлар кўзимга осмон келтирди
Хато қилди қушлар
Хато қилди осмон

Хато қилдим
Пешонамни ушлаб
Чизиқ тортди гуллар дилимда
Йиғламоқчи бўлсам
Кулмоқчи бўлсам
Товушлар силкиниб ўтди бўғзимдан
Хато қилди гуллар
Қирмиз оҳанглар

Хато қилдим кўзимни очиб
Пичирлайди ғамнинг қуйқаси
Ичимда осма баргли кўприклар
Силкинди
Рангларнинг яшил парвози
Пешонам – тун қисмат
Овозим – қоя
Хато қилди ранглар
Мовий чайқалиб

Хато қилдим
Деразамни очиб
Хўрсиниб-хўрсиниб учди дарпарда
Тошлардан қимтиниб турган қизғалдоқ
Бирпасга ёприлар хонамга ҳаво
Қовжирар мусаффо ифорлар
Хато қилди гулнинг кулгучи

Хато қилдим
Киприкларимда
Товланаётган пушти харита
Юрагимдан тегиб қайтаверади
Овозимга чўккан ёқут қайиқлар

******************************

Ой тушиб келяпти
юрагимнинг изи ёмғирли шодлик
Сен ва Менинг оралиғида
туйғуларга қурилган кўприк
шивирлайди
“Мана мен келдим”
Ой тушиб келяпти
бўсағамда ойли қадамлар
овозимда солланиб турар
тун кўрфазин кечаётган соғинч
кўзларимнинг чўққиларида
у ёқдан бу ёққа ўтаётган илинж
пичирлайди
“Мана мен келдим”
Ой тушиб келяпти
Бўсағамда турибди мана
ҳаводаги мовий чизиқлар
йўқлик теграсида айланаверар
музга дўнган битта олов сўз
“Мана мен келдим”

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *