Қаердасиз, ёлғончи «фаришта»лар?

Гулнора Каримова… Юлдузларни жам қилган “Асрлар садоси”, муҳташам, саховатли “Фонд Форум”, кўзни қамаштиргувчи Guli бренди…

Гулнора Каримова… У кимларнидир бахтиёр қилди – зотан, опанинг қалби поклигига, одамларга эзгулик улашмоқчи эканига астойдил ишонар эдик. Балки соддадиллик қилгандирмиз, балки бошқачадир… Бугун у ҳақида тамиздан йироқ сўзлар кўпайди. Ўртада халқ лол – ахир бу оилага, хусусан, Гулнорага адоқсиз ҳурмат-эҳтиром, чексиз меҳр билан яшаган ҳам биз эмасмидик?..

Қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақола ҳам ана шундай қарама-қарши ўйлар таъсирида ёзилган бўлиб, унда олчоқ ва иккиюзламачи қарсакбозларга қарата айтилган изтиробли сўзлар бор.

Гулнора Каримова… Албатта, жазонинг муқаррарлиги тамойили мавжуд. Бунга ҳеч ким қарши чиқолмайди. Истак ва умид шулки, бу куннинг мадҳиябозлари, меҳрсотар кимсалар вазиятдан хулоса чиқарадилар…

Таҳририят

 ****

Ўтган ҳафтанинг энг муҳим, энг шов-шувли янгилиги бош прокуратуранинг Гулнора Каримованинг жиноятлари акс этган ахбороти бўлди. Ҳамма Googoosha томонидан давлат ва халққа етказилган зарар кўламидан ҳайратга тушди, унинг триллионлаб сўм ҳамда миллиардлаб долларлари, дунёнинг турли бурчакларига сочиб юборилган ҳадсиз бойликлари ҳисобига нималар қилиш мумкинлиги эринмай ҳисоблаб чиқилди.

Энди буларнинг бирортаси янгилик эмас. Гап бошқа томонда. Гулнора Каримова деярли ўн йилдан ортиқ юртимиз сиёсати, маданияти ва энди бемалол айтиш мумкинки иқтисодида салмоқли роль ўйнади. У томонидан асос солингани таъкидланган жамғармалар йирик лойиҳаларни амалга оширди, “опа”нинг ўзи мунтазам диққат марказида бўлди. Табиийки у ёлғиз эмасди: машҳурман деганнинг деярли ҳаммаси Гулнора Каримованинг атрофида айланди, ёнида турди, уни мунтазам мадҳ этиб яшади.

“Опаники” дея ҳазиллашиб айтилган бизнес ҳам гуллаб яшнади, “опа”нинг даврасида олиниб қолинган суратлар хонанинг тўридан жой эгаллади, унинг бирор лойиҳасида қатнашиб қолганлар анча вақт кўкрак кериб юрдилар.

Чархи кажрафтор эканда. Биринчи Президентимиз нақадар принципиал одам эканлиги мана шу нуқтада ҳам намоён бўлади. У қуюшқондан чиққан ҳар қандай одам сингари ўз қизини ҳам аяб ўтирмади. Гулнора Каримованинг бизнес империяси бир лаҳзада қулади ва унинг ўзи йўқликка юз тутди. Бу орада биринчи президентимиздан айрилдик, бутун халқ мотам тутди. Ўшанда кўпчилигимиз ҳайрон бўлгандик: “Опа”нинг қандай гуноҳи бор эканки ҳатто отасини сўнгги йўлга кузатишга ҳам рухсат берилмаса?..

Сўнгги маълумотлар бу саволга ҳам ойдинлик киритди.

Бўлар иш бўлди, буёғи синди, энди ҳамма жўровоз бўлиб кечагина кўкларга кўтарилган “опа”ни ёмонлашга тушиб кетди. Майли, бунга ҳам етарли асос бордир.

Лекин кечагина унинг соясига салом берганлар, нафосати, назокатини куйлаганлар (бошқа жиҳатини билмадиму, лекин менимча ҳам айнан мана шу томонлама “опа” ҳавас қилгулик эди), ақлу-заковатини шиғирга солиб мувашшаҳлар битганлар, рангтасвирда суратига жон киргизиб юборганлар, гирён айланиб сибизғаю ғижжакни ингратганлар, ҳар бир лойиҳасидан ҳайратга тушиб, кўзларига ёш олганлар, шаҳарнинг марказида йўллар тўсилиб уюштирилган чопағонликда қорин силкитиб югурганлар, бизнесига чанг солишини шараф билганлар, кимдир андак танқид қилиб қўйса, кўксини қалқон қилмоққа шай бўлганлар, қаёқдасиз? “Опа”нгиз фақат от устидалигида “ОПА” эдими, ҳоли вой бўлганда қочмоғу, лаб бурмоқми ишингиз?

Э қойилман сизга!

Маддоҳликнинг салбий жиҳати мана шу ҳолатда яққол намоён бўлади. Аминман, бирортангизга “Мақтамасанг, кўкка кўтармасанг калланг кетади!” деган шарт қўйилмаган. Ўша пайт ҳам ялтоқланишни ҳаддан ошираётганингиз тўғрисида шивирлаганлар бўлган, лекин сиз уларни талаб ташлагансиз. Энг қизиғи, сиз бугун ўша кунларингиздан хижолат ҳам эмассиз. Ҳаттоки депутатлар йилларни беҳуда ўтказиб юборганларини тан олиб, баёнот берганларида ҳам сиз жимсиз. Не тонгки, кўзингизга қуёш кўринган валинеъматингиз бугун шу куйга тушганида узоқдан бўлсада, бир бор ҳол сўрашга ярамайсиз, тарафини олмоқни ўзингизга эп билмайсиз!

Сиз бугун атрофида ялтоқланиб айланмоқ учун ўзингизга янги устун қидирмоқдасиз. Тез орада топасиз ҳам, балки топгандирсиз ҳам. Чунки бу сизсиз! Ўша ўшасиз!

Аброр ЗОҲИДОВ,

журналист.

3 комментария

  1. Уведомление: hordiq.uz

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *